Ҳикоя: Эски йилнинг иқрори

0

Тўра безатилган арча қаршисидан чиқди-ю, шифокорнинг совуққонлик билан айтган гапи ёдига тушди. Шу тобда арча ҳам, эрталабдан буён ёғаётган қор ҳам кўзига балодай кўринди. Вужудида оғриқ турди. Бу оғриқ эркакнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Қор дунёни қанчалик оқликка буркаган бўлса, Тўранинг кўнглини шунча зимистон қилганди. Арчанинг ялт-юлт этаётган чироғи ҳам кўзига ёмон кўринди. Ён-атрофдаги одамлар эса ундан фарқли ўлароқ ниҳоятда шодон эди. Бундан Тўранинг хўрлиги келди. Шу онда ўша шифокорни топиб хумордан чиққунча дўппослашга ҳам тайёр эди. Тағин у ўша сўзни беихтиёр такрорлади: «Узоғи билан уч йил!»

Тўра ўшанда шифокор қабулига борганди. Тиббий кўрик натижалари чиққач, дўхтир эркакни хонасига чақирди. Шифокор негадир Тўрага эмас, ташқарида ёғаётган қорга термилганча сўз бошлади:

— Сизда хасталик бошланғич босқичида. — Агар вақтида даволансангиз, ҳаммаси ўрнига тушиб кетади. Фақат бунинг учун операцияга рози бўлишингиз керак…

Тўра «операция» сўзини эшитиб бирдан сергак тортди. Кўз олди қоронғилашди ва:

— Шунчалик жиддийми?! — деди.

— Ошқозон оғришини бир-икки таблетка билан даволаса бўлади, деб эътибор бермаймиз, — деди шифокор унга ҳолатни тушунтириб. — Лекин сизда бу жиддий тус олган. Агар ҳозир жарроҳлик йўли билан хасталик даволанмаса, кейин кеч бўлиши мумкин…

— Агар бунга… операцияга рози бўлмасам…

Тўранинг овози титраб чиқди. Шифокор эса уйқудан уйғонгандек бирдан сергак тортди. Кўзини деразадан олиб, беморга боқди. Энди бояги паришонликнинг мутлақ акси ўлароқ кескин оҳангда:

— Узоғи билан уч йил! — деди. — Айтганимдай сизда хасталикнинг бошланиши. Бахтингизга бундан ўз вақтида хабар топдингиз…

— Бахт?! — Тўра шундай дея чинқириб юборди. — Бу қандай бемаънилик?!

— Ўзингизни босинг! — шифокор овозини бир парда баландлатиб, таҳдид оҳангида сўз қотди. — Нега бунча ношукрсиз?! Дунёга яхшилаб қараб олинг, сиздан аҳволи оғир одамлар ҳам бор. Хасталикнинг ўз вақтида аён бўлгани ва уни даволаш мумкинлиги сиз учун бахт эмасми?

Бу гаплардан сўнг Тўра шаштидан тушди. Сал демаса, мушт кўтариб шифокорнинг ёқасидан олмоқчи эди. Энди у ғамгин оҳангда:

— Ўзига шукр, дейман. Лекин операция деганингиз яхшимас-да, дўхтир, — деди.

Шифокор Тўрага операциянинг унчалик қўрқинчли эмаслиги, буни шу шифохонада ишлайдиган малакали жарроҳлар бажаришини тушунтирди. Лекин Тўра шифокорнинг кейинги гапларини эшитмади. Хаёли олис-олисларга олиб кетди. Кимдир унга: «Операциядан чиққан бемор ўзига кела бошлагач, қандай гапни сўрасанг, наркоз таъсирида фақат рост гапирар экан», деган эди. Шу боис Тўра шифокордан «операция» сўзини эшитиб, қўрқиб кетди ва ўзига ўзи: «Йўқ, бунга ўлсам ҳам рози бўлмайман», деди қатъият ила.

«Ахир ҳақиқатни гапириб бўлар эканми? Ундан кўра ўлиб кетавергани яхши. Майли, у бор гапни айтиб, тирик қолди, ҳам дейлик, кейин-чи, кейин нима бўлади?» Тўра бу ҳақида ўйлашга ҳам қўрқади. Дастлаб хотини ундан юз ўгиради. Кейин болалари… Эҳтимол, улар отасини тушунар, аммо, барибир, онасининг сўзидан ўта олмаслиги мумкин. Ҳа, шундай бўлади. Бунга шубҳа йўқ! Ахир улар ўз манфаатини ўйлайдиган мана шу Тўра ва Гулзоданинг болалари. Улардан ўтиб қаерга ҳам борарди?..

— Сизга нима бўлди? — эркакнинг хаёлини шифокорнинг саволи бузди. — Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади…

— Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? — Тўра шундай деди-ю, бу гапидан ўзи афсусланди.

Ахир дўхтирдан нима деб сўрайди?

— Ҳа, бемалол сўранг…

— Операциядан олдин наркоз бериладими? — деди Тўра зўрға тили айланиб.

Унинг гапини ўзича тушунган шифокор:

— Албатта! — деди. — Бусиз бўлмайди, ахир. Наркоз берамиз, сиз ухлаганингиздан кейин операцияни бошлаймиз. Сизга ҳеч нарса билинмайди.

— Кейин-чи?

— А, кўрмагандай бўлиб кетасиз, — деди дўхтир қувноқ оҳангда.

— Наркоз таъсирида одам билиб-билмай гапириб юбориши ростми? — деди Тўра сири фош бўлиб қолишидан чўчигандек паст оҳангда.

— Ҳа, энди одам уйқуда ҳам гапиради-ку, шундай ҳолатлар бўлиб туради. Аммо ҳаммада ҳам эмас. Кўпчилик кимдир атай савол берса, гапиради. Буни нега сўраяпсиз?

— Ўзим, шунчаки, одам нима биландир ўзини чалғитиши керак-ку.

Тўра шундай деди-да, ҳар дарди ичидан ташқарига чиқди. Демак, бу гаплар рост экан. Йўқ, операция қилдирмайди. Гулзода атайлаб гапга солади. Ўзи шундоқ ҳам шубҳаланиб юрибди.

Тўра бежиз хавотир олаётгани йўқ эди. У оддий оиланинг фарзанди. Аммо у ҳам бошқалар қатори яхши яшашни, беҳисоб бойлиги бўлишни истарди. Шу боис у илк муҳаббатини ҳам унутиб Гулзодага уйланди. Ўзи истагандек бой-бадавлат бўлди. Лекин… бахтни бойлик билан ўлчаб бўлмаслигини жуда кеч англаб етди. Унга доим нимадир етишмаётгандек эди. Ҳаётдан ҳам кўнгли тўлмасди. Сабаб эса оддий — оилавий бахти тўкис бўлмади. Гулзода Тўрани ҳам доғда қолдирадиган даражада ҳисоб-китобни ўрнига қўядиганлар хилидан чиқди. У отасидан қоладиган меросни ўзининг номига хатлаб олди. Шу боис агар оилага дарз кетадиган бўлса, Тўра ҳеч вақосиз қолади. Гулзода буни ҳам қонуний йўл билан расмийлаштириб қўйганди. Аёлининг бу йўсин иш тутиши Тўрани баттар азоблади. Эркакнинг кўнглида қасос олиш истаги кучайиб борарди. Аммо буни қандай қилишни билмасди. Тўра аввалига қайнотасини авраб кўрди. Бу иш берса, васиятномани ўзгартириш мумкин эди. Лекин Тўра кутгандай бўлмади. Икки орада қайнотасининг ҳам кўнглига шубҳа солгани қолди. Шундан сўнг Тўра оғир аҳволда ётган қайнотасининг ёнидан кетмайдиган одат чиқарди. Қандай бўлмасин Зариф ака қизи Гулзодага бор гапни айтиб қўймаслиги шарт эди. Айни сабаб туфайли Тўра бирдан меҳрибон куёвга айланганди. Қайсидир куни Зариф акага қарайдиган ҳамшира унга томчидори улади-ю:

— Сиз шу ерда бўлсангиз, қараб туринг, зарур ишим бор эди, ҳозир қайтаман, — деди.

Тўра хўп дегандек бош чайқади. Ҳамшира шошиб чиқиб кетди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас қайтиб келганида беморнинг аҳволи оғирлашганди. Ҳамширанинг юраги орқага тортиб кетди. Тўра эса ўтирган жойида бошини орқага ташлаб, кўзини юмиб олганди. У ҳамширанинг дод-фиғонидан сўнг бошини кўтариб атрофга аланглади ва:

— Тинчликми? Нега бунча бақирасиз?» — деди.

Ҳамшира нима дейишни билмай йиғлаб юборди.

Эртаси куни Зариф акани сўнгги манзилга кузатиишди. Ҳамма қайғуда эди. Фақат Тўра ич-ичидан қувонарди. Гулзоданинг ғамгин қиёфаси ва ўзининг кечаги қилмиши уни ғоят шодлантирганди. Аммо кўп ўтмай бу қувонч ўрнини киши билмас дард эгаллади. Тўра виждон азоби нима эканини шундан сўнг англаб етганди. Лекин энди кеч. Энди томчидорига қўшилиб кетаётган ҳаво пуфакчасини тўхтатиб қолиш имкони йўқ эди ва Зариф ака аллақачон бу дунёни тарк этганди.

* * *

— Сизга нима бўлди?

Тўра рўпарасида турган сотувчига қаради. Кейин орқасида ялт-юлт қилиб турган арчага боқиб:

— Ҳеч нарса, — деди сотувчи йигит барча сирини билиб қолишидан чўчигандек. — Уйга боришим керак…

Тўра кейинги гапни нега ва қандай айтганини ҳам пайқамади. У шу кетишда Гулзоданинг ёнига борди. Энди Тўра учун ҳақиқатни айтиш қўрқинчли эмасди. Мана бу оппоқ қор ва Янги йил унинг умри тобора қисқариб бораётганини эслатиб турган пайтда ҳеч нарса кўзига кўринмасди, ахир.

Тўра хотинига бор ҳақиқатни — қайнотасининг ўлимига ҳам, ҳамширанинг ноҳақ айбланишига ҳам ўзи сабабчи эканини рўй-рост айтди. Гулзода эрини диққат билан тинглаб тураркан:

— Буни ўша вақтдаёқ билганман, — деди. — Дадам мени огоҳлантирганди. Лекин сизга бўлган муҳаббатим сабаб…

Аёл бошқа бир оғиз ҳам сўз айтолмади. Тўра эса оғир юкдан халос бўлгандай ўрнидан турди ва:

— Қилмишимга яраша жазо олишим шарт, — деди қатъий оҳангда.

Сўнг бир-бир қадам босиб ташқарига чиқди. Бу вақтда осмон Янги йил, янги ҳаёт остонасига оппоқ ун элаётганди…

КЕЛДИЁР