СНАЙПЕР… (5-қисм)

0

 

* * *

 

Хотиржам, гуноҳи кам инсон тонгни бўлакча қарши олади. У мусаффо ҳаво, этни бироз жунжиктирувчи шабада, дарахтларнинг бир-биридан заррин япроқларидан ҳам баҳра олишни билади. Ҳеч нарсани ўйламайди, қайғурмайди, фақат эзгу режалар тузиб, эзгулик кўчаси томон талпинади.

Қўлига тутқазиб кетилган бир даста пул бўй йигитнинг хаёлини буткул ўғирлаб қўйганди. Уйқудан уйғониб ҳам Мирсоли ёстиқ остидаги пулларни шоша-пиша қўлига олди ва кўксига маҳкам босди.

— Мен шу кунгача сизларни танимасдим, — овоз чиқариб сўзланарди у. — Лекин юрагимнинг тубида албатта танишиш ниятим бор эди. Бир кунмас бир кун сизлар менгаям ошно бўлишларингизга ишонардим. Мана, бир қисмингиз кўксимдасиз. Сиз… Жуда жозибали ва сеҳрли экансиз. Илгари ҳис қилмас эканман. Демак, аҳмоқ эканман. Майли, энди биз айрилмаймиз, қариндош-уруғингизни етаклаб Саша крутойнинг бағрига кираверасиз, ҳи-ҳи-ҳи-и!!!

Бе, бу дунё ўзи шунақа. Кимдир ўлиши, яна кимдир шунинг ҳисобига яхши яшаши лозим. Шундай экан, нимадан қўрқаман? Бир бошга бир ўлим-да!..

Пулларни ҳидлаб, уларга сўзланиб борлиғини унутаёзган Мирсолини эшикнинг безовта тақиллаши ҳушёр торттирди.

— Ана келди, — шивирлади Мирсоли телбаларча пулларга еб қўйгудек тикилиб. — Бугун қолган қариндошларингиз билан ҳам танишаман. Ҳаммаларинг биргалашиб менинг ҳаётимни гулзорга айлантирасиз. Қани, сизлар ёстиқ остига беркиниб туринглар, мен эшикни очаман!..

— Хўш, мерган, — Дима ичкарига кириб эшикни тамбаларкан, Мирсолига маъноли тикилди. — Тайёрмисан биринчи ишга?

— Албатта тайёрман, — керилиб мушакларини Димага кўз-кўз қилди Мирсоли. — Сурат қани? Сен обориб қўясанми айтилган ерга?

— Ҳовлиқма, ўзингни босвол, — танбеҳ берган бўлди Дима қовоқ уйиб. — Олдин суратни кўр, фикрла, каллангни ишлат, режа туз, мабодо юрагинг титраётган бўлса, ул-бул ичиб сал бўшашвол.

— Менга ҳадеб ақл ўргатаверишинг ёқмаяпти!

Берилган бир даста пул Мирсолини янада дадиллантириб қўйганди. Ҳатто Димага ҳам овозини кўтаришга жазм эта олди. Аммо Дима бундай совуққон муносабатга эътибор бермади. Ёки сир бой бергиси келмади. Пешонасини тириштирганча киссасидан бир дона сурат олиб Мирсолига тутқазди.

— Мана шуни бугун тинчитишинг керак!..

Мирсоли суратга кўзи тушди-ю, аввалига ишонқирамади, «хато кўрдиммикан?», деган хаёлда яна тикилди. Йўқ, адашмаганди. Суратда… Ҳа, худди ўша аёл, уни манавилар билан таништирган, нафақат иш, балки меҳрини дариғ тутмаган Наталья кулимсираб турарди.

— Ш-шуними? — сўради тутилиб Димадан. — Р-ростданми? Адашмадингларми?

— Ҳўв, йигит, бизникилар ҳеч қачон адашишмайди. — деди Дима совуққонлик билан Мирсолига сирли тикилиб қараркан. — Ҳеч қачон адашишмайди.

— Ахир… Бу…

— Биламиз, бу ўша сенинг тутинган опанг. Лекин бир нарсани билвол, у аёл бизнинг душманимиз. Душманни эса йўқ қилиш керак. Хўш, нега жим бўп қолдинг? Ишлайсанми ўзи-йўқми?

Мирсоли бир неча ўн сония каловланган кўйи туриб қолди. Нима қилишни, қандай жавоб қайтаришни билмай гарангсиди. Хаёлан Натальяни винтовкадан нишонга олиб кўрди, ўқ узди, Наталья ерга қулади, ҳаммаёқ қора қонга бўялди. Одамлар, ўткинчилар ерда узала тушиб ётган аёлни кўтариб қаергадир олиб кириб кетди…

— Ахир, қанақасига? — ниҳоят ўзини ҳийла қўлга олиб дадил сўрашга жазм этди Мирсоли. — Бунақасини келишмагандик-ку!..

— Крутойлигингга негадир шубҳа қила бошладим, — деди Дима қўл силтаб. — Сенга кеча берилган пулларни санаганмидинг?

— Ҳ-ҳа, — жавоб қилди Мирсоли беихтиёр киссасига қўл юбориб. — Санаганман.

— Бу ишни қойиллатсанг, яна шунақа дастадан иккитаси берилади. Шуниям биласанми?..

Шайтони лаин бир зумда Мирсолининг юрагига чанг солди. Икки даста пул дарагини эшитган йигит гапни калта қилди.

— Бўпти, олиб бор ўша айтилган жойга! Шошилайлик!

— Мана бу бошқа гап, ошна, — Дима Мирсолининг елкасига шапатилай-шапатилай йўлга отланди. — Қани, кетдик бўлмаса, қолган гапларни йўлда тушунтираман!..

 

* * *

 

Манзил худди детектив фильмлардаги каби шаҳардан четроқда экан. Дима тўрт қаватли бинолардан бири рўпарасига етганда, машинани тўхтатди ва лом-мим демай пастга тушди. Мирсоли эса индамай ўтираверди. Ташқарида қиладиган муҳим иши борми деб ўйлаб пастга тушибоқ сигарет тутатишга тутинган Димага зимдан қараганча сукутга толди. Аммо сукут узоққа чўзилмади. Дима негадир асабийлашиб, қўлидаги сигаретни четга ирғитди-да, қўли билан «туш» ишорасини қилди.

Мирсоли тушди.

— Бинони кўряпсанми? — сўради ўнгдаги иморатга ишора қилиб. — Кўряпсанми дедим?

— Кўрмасман-ку, — Мирсоли жаҳли чиқиб уни жеркиб берди. — Хўш, нима бўпти? Шуми манзил?

— Ҳа, бу бино ЖЭК ники. Шу иморатнинг томида, шифер остида сен учун ҳамма нарса тахт қилиб қўйилган. Тахминан бир соат ичида опанг келиб ҳов анави банкка киради. Кўздан қочирмагин! Жой жуда қулай. Бемалол бошиними, юрагиними мўлжалга олаверасан.

— Бўлдими? Пул-чи?..

Дима кутилмаган саволни эшитиб афтини бужмайтирди ва оғир хўрсиниб олди.

— Қанақа пул? — сўради бетоқатланиб. — Тушунмадим?!.

— Қанақа бўларди? Иш учун бериладиган пул. Ё дарров эсингдан чиқдими?

— Ҳўв, мерган, — деди Дима атрофга ўғринча қараб олиб. — Пул ишдан кейин берилади. Олдин қотириб қўйгин ишни, ана ундан кейин сўра!

— Бўпти, том очиқми ишқилиб?

— Том очиқ, ҳозир бу бинода ит ҳам йўқ. Шошил, мерган, шошил! Айтганча, мелисалар хитланадиган бўлса, биз сени, сен бизни танимаймиз, уқдингми? Яхшиси, қочиб қол, акс ҳолда аҳволинг оғир бўлади. Бизнинг ишда ҳеч ким бир-бирини мелисалардан ҳимоя қилмайди. Ҳамма ўзи учун жавоб беради. Сотсанг, сени ернинг тагидан бўлсаям топволамиз.

— Бўпти, ёш боламасман. Кўришгунча!

Дима шоша-пиша машинага ўтириб жўнаб кетгач, Мирсоли аста бино ичкарисига кирди.

 

* * *

 

Умри бино бўлиб бу тахлит ишларга қўл урмаган одам, шубҳасиз, довдирайди. Буни ўзгаларга сездирмаса-да, кўкси портлагудек даражада титрашга, қўрқишга, ҳадиксирашга мажбур бўлади. Мирсоли ҳам айни паллада щундай ҳолатни бошидан кечираётганди. Томга чиқиб қўлига ялтираган винтовкани оларкан, даҳшатга тушар, тиззалари дағ-дағ титрарди.

«Қўлга тушсам, нима бўлашимни тасаввур қиламан, — ўйларди у бинога қарама қарши тарафда қад кўтарган банкдан кўз узмай. — Мелисалар уриб майиб қип ташлашса керак. Шерикларингни айтасан деб қисталанг қилишади. Мен айтмайман. Ана ундан кейин қийноқлар яна давом эттирилади. Нима қилсам экан? Шу ишни қилмасам, тирикчилигим ўтмай қоладими? Қочворсам, анави нусхалар мени қайдан топарди… Йўқ, бу менга тўғри келмайди. Бошладимми, тамом, охиригача бораман. Ким бериб қўяди даста-даста пулларни? Ҳеч ким. Ими-жимида ишлаб, мелисанинг қўлига тушмай юрсам, мендан зўри, бойи бўлмайди. Ўзимни босволишим керак. Тақдирга тан беришни ўрганишим шарт. Бу ер энамнинг иссиқ кўрпаси эмас, бегона юрт. Ўзимга пишиқ-пухта бўлаверишим зарур. Фақат… Ҳа, майли, бошга тушганни кўз кўрар. Нима бўлса бўлар. Пулни нақд беришса, алдашмаса бас. Бе, алдаб кўришсин-чи, нима қиларканман…»

То винтовкани ҳозирлаб, ўқлаб, мўлжалдаги нуқтани дурбин ёрдамида чамалаб-чамалаб олгунча, ҳақиқатан Натальянинг машинаси банк рўпарасига келиб тўхтади.

«Бу қанжиқлар аниқ вақтни қайдан билишган? — кўнглидан ўтказди Мирсоли асабий лаб тишлаган кўйи машинадан кўз узмай. — Агентураси зўр ишларкан-да! Ифлослар-эй, қанийди шуларданам зўр бўлиб кетиб ҳаммасини ер тишлатсам. Ҳа, буларни ўлдирса арзийди. Ўлдирган одам савобгаям қолса ажабмас! Лекин… Натальяни… Йўқ, бундай қила олмайман…»

Мирсоли винтовкани аста бир четга қўйди-да, киссасидаги Натальянинг суратини олди.

«Шундай аёлни отиб ташлаш… Ахир, у менга биринчи бўлиб меҳр кўрсатди бегона юртда. Ҳатто фамилиямниям сўраб ўтирмади. Қандайдир хомкаллалардан сумкасини олиб берганим эвазига қанча яхшилик қилди. Энди мен уни отиб ташлашим керакми? Нега? Қайсидир сассиқ пулларни деб-а? Ўша пулларни оз бўлса-да, уям бериб эди-ку! Мен шунчалар тубанманми? Яхшилик қилган одамга милтиқ кўтараманми? Йўқ, унақаси кетмайди. Ўлдирмайман Натальяни. Гапим гап. Анавиларга эса тупураман. Эпини топсам, битта-битта тинчитаман. Қани, орқамдан қувлаб кўришсин-чи! Тупурдим пулларигаям! Яхшиси… Ҳа, шундай қиламан, шундай… Орқага қайтиш йўқ! Крутой, бўшашма! Бу номниям худди шу аёл ўйлаб топганди сенга. Паст кетма бунчалик. Олға бос, олға!..»

Сўнгги лаҳзаларда миясини кемирган хаёллар Мирсолини ниҳоят оёққа турғазди. У винтовкани қайта йиғиб сумкага солди-ю, қўл силтаганча пастга йўл олди…

 

* * *

 

Катта кўчага чиқиб машинага яқинлашмай туриб, банк ичкарисидан Наталья ҳам чиқиб келди. Мирсолини кўрди-ю, кўзлари чақнаб, беихтиёр жилмайди.

— Сиз?.. — ҳануз кўзларига ишонмай Мирсолининг икки елкасидан маҳкам сиқиб олди у. — Қаердан келдингиз? Иш билан юрибсизми? Нега индамайсиз? Нимага хафақонсиз? Тинчликми?..

— Опа, майлими бугун сизникига кетсам? — сўради Мирсоли қовоғини уйиб, эҳтиёт шарт атрофга аланглаб. — Жудаям керак. Сизга айтадиган гапларим бор.

— Вой, шуниям сўраб ўтирасизми? — деди Наталья бирдан хорғин тортиб. — Юринг, ҳозироқ уйга борамиз! Янги ишингизни ювамиз. Розимисиз?

— Розиман, — деди Мирсоли иложи борича сир бой бермасликка тиришиб. — Қанча тез борсак, шунча яхши.

— Кетдик!..

Наталья уйга етгунча миқ этмади. Ора-сирада нимадандир хавотирланаётган, нуқул ташқарига аланглашни канда қилмаётган Мирсолига кўз қирини ташлаш билан чекланди. Ичкарига кириб, дарвозани қулфлагач, хонага киришгачгина Мирсолини сиқувга олди.

— Сезиб турибман, — деди Наталья паст овозда. — Нимадир бўлган. Ким биландир ё муштлашгансиз, ё ундан баттарроқ воқеа рўй берган. Айтинг, нима бўлди?

Мирсоли бир неча дақиқа каловланди. Гапни нимадан бошлашни билмай гарангсиди. Охири бир қарорга келиб чўнтагидаги бир даста пулни чиқарди-да, стол устига сочиб юборди.

— Буларни кўряпсизми? — деди Натальяга алам аралаш термилиб. — Опа, кўряпсизми?

— Ҳ-ҳа, кўряпман, — деди Наталья елка қисиб. — Бу пулларни ким берди сизга? Анча пул-ку бу!..

— Ҳамма гап шунда, анча пул, — деди Мирсоли бошини чангаллаб. — Лекин пулларнинг қаердан келганини, нима учун берилганини билсангиз, нима дер экансиз?

— Тезроқ гапирсангиз-чи, — дафъатан бетоқланиб стол устидаги графиндан стаканга сув қуйиб бир кўтаришда ичиб юборди-ю, Мирсолининг ёқасига ёпишди Наталья. — Биласиз-ку, юрагим кўтара олмайди. Нима бўлди ўзи?..

— Хафа бўлманг-у, мени ишга олган ўша танишларингиз душманингиз экан.

— Нима? Валерами? Ё Димами?

— Опа, менданам яхшироқ биласиз-ку улар кимнингдир югурдагилигини! Улар кимнинг хизматини қилса, ўша сизнинг душманингиз экан.

— Буни қаердан билдингиз?

— Мени олдин синаб кўришди, кейин эса қандайдир квартирага жойлаштиришди. Бир кун маза қилиб дам олдим. Эртасига эса Валерангиз Димани эргаштириб келди. Қўлимга мана бу сассиқ пулларни берди-ю, бировни ўлдиришим кераклигини айтди. Айтганча, бу аванс экан. Қолганини иш битгандан кейин оларканман. Хўш, улар кимни ўлдиришимни буюришди сизнингча?..

— Ўзингиз айтинг, — деди Наталья Мирсолига маъноли боқиб. — Ким экани ўша шўрлик?

— У… Сиз, — Мирсоли ер чизган кўйи шивирлади. — Сиз эдингиз, опа, сиз! Мана, суратингизниям беришганди. Кўринг, бу суратингиз кимда бориди?..

Наталья Мирсоли тутқазган суратни қўлига оларкан, даҳшатданми, ҳаяжонданми, беихтиёр титраб кетди. Бир неча ўн сония суратга титроқ аралаш тикилиб бош чайқади.

— Ахир… Бўлиши мумкинмас! Қ-қандай қилиб?.. Сизга мени ўлдириш учун… Ишонгим келмаяпти…

— Афсуски, бу ҳақиқат, — деди Мирсоли оҳиста ўрнидан туриб. — Агар уларнинг сўзига кирсам, ҳозир… Кечирасиз-у, бу ерда ўтирмасдингиз.

— Нега айтганларини қилмадингиз? Улар сизга бир даста пул берибди, ўлдирсангиз…

— Жим бўлинг, опа! Наҳотки, мени шунчалик пасткаш деб ўйласангиз?

— Ахир, энди у ярамаслар сизнинг изингизга тушишади-ку! Қўрқмайсизми?

— Йўқ, қўрқмайман!

— Ундай қилманг! Ҳали ёшсиз. У зўравонлар кўпчилик, сиз эса ёлғизсиз. Сиз беркинишингиз керак тезроқ. Бу ерни билишади ҳаммаси. Ҳализамон етиб келишлари ҳеч гапмас. Илтимос, гапимга киринг, беркининг. Бу ўйин жуда қалтис. Пул учун ўша маразлар ҳеч кимни аяб ўтиришмайди. Беркининг! Агар мени ҳурмат қилсангиз, тез ўзингизни панага олинг!

— Сизни ёлғиз қолдиролмайман! — деди Мирсоли тишларини ғижирлатиб. — Барибир изингизга тушишади. Сиз…

— Мендан хавотир олманг! Мен эртага тонгда бошқа давлатга учиб кетаман. Сиз яширинсангиз, менам дугоналаримдан биронтасиникига бориб тунайман. Юкларимни поезд контейнерига жойлаб бўлганман. Бир кеча минг кечамас. Шошилинг!..

Мирсоли қаршилик қила олмади. Натальяга бир неча дақиқа тек қараб тургач, бош силкита-силкита уйдан чиқиб кетди.

У катта кўча томон кетиб борарди-ю, юраги ғаш эди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

 

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here