СНАЙПЕР… (6-қисм)

0

 

* * *

 

Мирсоли барибир катта кўча бўйлаб бемалол юришга чўчиди. Муштлашишданмас, қайсидир пана-пастқамдан туриб отиб ташлашлари мумкинлигини ўйлаб домларни оралаганча дуч келган томонга қараб юрди. Чамаси икки чақиримча йўл босгач, таққа тўхтади ва киссасига қўл солди. Киришаётганда Наталья уй эшигини очиши учун калитларини берганди. Шу кўйи калитлар киссасида қолиб кетган экан.

«Эҳ, — дея афтини бужмайтириб атрофга аланглади у. — Энди нима қилдим? Бошқа калити бўлмаса, Наталья опа роса хуноб бўлади-ку эртага! Қайтсаммикан? Топиб бора оламанми келган йўлимни? Топаман. Шу баҳонада ундан хабар олиб ҳам қайтаман. Бусиз бўлмайди. Терс ўгирилиб кетворсам, номардлик бўлади…»

То Натальянинг уйини тусмоллаб топиб боргунча бир соатча вақт ўтиб қолди. Мирсоли негадир юраги увишгандек қимтиниб ичкарига кирди. Ичкарига кириладиган эшик қия очиқ эди.

«Уйни йиғиштиряпти шекилли опа, — тахмин қилди Мирсоли аста ичкарига қадам қўяркан. — Калитини қўлига топширсам, роса хурсанд бўлса керак…»

— Опа, — дея залга ўтди Мирсоли. — Ҳов опа! Қаердасиз?..

Жавоб бўлмади.

— Ие, нега жавоб бермайди? Ухлаб қолганми нима бало?..

Шундай деб ётоқ эшигини очди…

Не кўз билан кўрсинки, полда Наталья қонга беланиб ётар, чап қўли билан тўппончани чангаллаб олганди.

— Опа, кўзингизни очинг, опа! — Мирсоли жонҳолатда жасадни чалқанча ётқизди. Ётқизди-ю, ҳаммасини тушунди. Наталья аллақачон жон таслим қилиб бўлганди.

— Аблаҳла-ар! — беихтиёр бақириб юборди Мирсоли. — Қонхўр, газандалар! Бу аёл сенларга нима ёмонлик қилганди?.. Нега кетдим ўзи, нега? Бирпас шошмасам ўлиб қолармидим?.. Энди нима қиламан? Нима қилиш керак? «Тез ёрдам» чақирайми? Ҳа, шундай қиламан! Шошилиш керак!..

«Сен каллангни ишлат, — дафъатан ички овоз Мирсолини тўхтатди. — Дўхтирларни чақирсанг, улар мелиса билан бирга келишади. Ҳозир мурданинг ёнида сендан бўлак ҳеч ким йўқ. Тўппонча тайёр далил. Дардингни бировга айтолмай қоласан. Шартта қўлларингни қайиришади-ю, олиб кетишади. Яхшиси, туёғингни шиқиллат бу ердан обрўйинг борида. Ундан кўра Натальянинг қотилларини бекитиқча, ими-жимида жазола! Натальянинг руҳиям шод бўлади…»

Бу овоз Мирсолини оёққа турғазди. У қўлларини мушт қилганча ташқарига йўл олди. Айни чоғда гўё кўзлари ёруғ дунёни кўрмас, карахт банда каби қадам ташларди. Шу кўйи Натальянинг машинаси моторига ўт қўйди-да, газни босди. Бахтга қарши дарвозадан чиққандаёқ қарама-қарши тарафдан бегона машина ўқдек учиб келиб йўлига кўндаланг бўлди. Мирсоли жонҳолатда тормозни босиб, калитни терс буради-ю, жаҳл аралаш машинадан тушди. Хаёлида бир фикр уймаларди.

«Булар ўшалар! Хабар олишга келишган! Ҳозир ҳаммасини ўлдираман!..»

Ундай бўлиб чиқмади. Пастга тушгани ҳамоно юзларига қора ниқоб кийиб, қўлларида автоматлар тутган тўрт барзанги қўлларини қайириб, бошини машина капотига босди.

— Оёқларингни кер! — қичқирди орқадан кимдир. — Нима дедим? Кер дедим оёқларингни!

— С-сизлар кимсизлар? — шу аҳволда ҳам сўрашга жазм этди Мирсоли. — Нега менга ёпишиб олдингиз?

— Бўлимга боргин, ўша ерда биласан кимлигимизни! — деди яна орқадан келган овоз эгаси. — Одам ўлдиришни кўрсатиб қўямиз сенга!

Шундагина Мирсоли барзангилар милиционерлар эканини англади ва қалбининг бир четини надомат туйғуси чулғади.

— Илтимос, бир соатга мени қўйворинглар, — дея силтаниб милиционерлар қўлидан халос бўлишга уринди Мирсоли. — М-мен ҳеч кимни ўлдирмадим, ишонинглар! Ўша… Қотилларни топишим керак! Қўйворинглар!

— Машинага юкланглар буни! — буюрди кимдир. — Тезроқ олиб борайлик бу нусхани! Ана, «Тез ёрдами»ям ниҳоят етиб келди! Прокуратурадагилар ухлаяпти чоғи, қораси кўрина қолмаяпти.

— Бизга нима, ака? — деди Мирсолининг қўлларини қайирганча машина томон судрай бошлаган милиционер. — Келишса, ўз ишини қилаверишади. Биз мушукдай пойлаб ўтирмаймиз-ку уларни!

— Бўпти, кетдик! Ҳали бир дунё иш бор!..

 

* * *

 

Қотилликда гумон қилинган одамга милиция бўлимида ҳам, «СИЗО»да ҳам муносабат ўта совуқ кечади. Агар Мирсоли каби «катта»ларни ўлдириб қўйишса, уларнинг тақдири ҳам ўта чалкаш бўлиши тайин эди. Бироқ бу «саҳна» негадир бошқача тус олди. Мирсолини бир кишилик камерада сақлашар, у фақат суд жараёни бошланадиган кунни кутишга маҳкум, дунё лаззатидан, келажагидан буткул умидини узганди. Тасаввурига қамоқ ҳаётигина тобора қаттиқ ўрнашиб борарди…

Орадан ўн беш кунча вақт ўтгач, негадир камерага фуқаро кийимидаги, салобатли, қовоқлари уйилган, тақа мўйлов бир эркак кириб келди. Эркакнинг кўриниши спорт билан мунтазам шуғулланишини яққол кўрсатиб турарди.

— Мен полковник Ивановман, — дея ўзини таништирди у. — Сенинг ишинг билан бугундан бошлаб мен шуғулланаман. Хўш, ҳамкорлик қиласанми? Терговга ёрдам берасанми?..

Барча эзгуликларга аллақачон терс ўгирилиб улгурган Мирсоли полковникка ҳиссиз боққан ҳолда елка қисди.

— Б-билмадим…

— Биласан, — деди полковник Мирсолига айёрона боқиб. — Сен балони биласан. Бизга жиноятчилар тўдасини топиб берасан. Эвазига…

Полковникнинг сўнгги сўзини эшитиб, Мирсоли ўзи сезмаган ҳолда бирдан жонланди. Қалбининг туб-тубида номаълум умид чўғи йилтиллагандек бўлди.

У захил юзли полковникка умидвор нигоҳларини қадади.

— Ҳа, давоми қизиқ-а? — сўради полковник совуқ кулимсираб. — Айтдим-ку, сен балосан, бало! Майли, давом этаман… Хуллас, агар бизга ўша тўдани топиб берсанг, барчасини қўлга олсак, сени озод этаман. Буям ҳаммасимас. Эшитишимча, сен армияга боришдан қочиб юрибсан. Қолаверса, қишлоғингда бир балони бошлаб буёқларга қочворгансан. Ё адашдимми?

Мирсоли қалбан, хаёлан, руҳан қаршисидаги милиционерга аллақачон тан бериб бўлганди. Нима дейишни билмай, гарангсиб, каловланди.

— Мен… Ҳалиги…

— Чайналма! — кутилмаганда дўқ аралаш сўз қотди полковник. — Бизни аҳмоқ деб ўйлармидинг? Бегона шаҳарга келволиб, қаёқдаги маразларга аралашиб юрсанг, милиция билмайдими? Билади. Биз ер остида илон қимирласа биламиз. Хўп, гапингни айт, ёрдам берасанми ё турмага жўнатворайми? Мана, сени қамашим учун ҳамма далиллар етарли бўлиб турибди. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат… Сен аблаҳ, ўзбошимчанинг айбдор эмаслигини биламан. Сенгамас, уйдаги муштипар онангга ачинаман. У шўрлик болам қаерда экан деб зор йиғлаётгандир… Гапир, ит!..

— Розиман, — деди ниҳоят Мирсоли полковник билан баҳслашиш бефойдалигига кўзи етиб. — Топиб бераман ҳаммасини!..

— Мана бу эркакча гап бўлди, — полковник кафтларини бир-бирига ишқалаганча камерада уёқдан буёққа юриб сўзини давом эттирди. — Жиноятчилар тутилса, бас, сен озодсан. Армиянгниям, юртингдаги мелисалар масаласиниям ҳал қиламиз. Оббо тирранча-ей!..

Полковник шоша-пиша киссасидан телефонини олиб кимгадир қўнғироқ қила бошлади…

 

* * *

 

… Кўзи илинибди чоғи, кўз ўнгида онаси пайдо бўлибди. Нуқул қарғанар, ҳўнг-ҳўнг йиғлармиш. Мирсоли эса тош қотган кўйи ер чизар, сукут сақлашдан нарига ўта олмасмиш…

Шу маҳал кимнингдир бўғиқ товушидан уйғониб кетди.

Шу заҳоти кўз ўнгида она қишлоғи, ариқ бўйида аскардек саф тортган мирзатераклар, поёнсиз пахта пайкаллари намоён бўлди.

— Мана, қишлоғингизгаям кириб келдик, — деди тепакал ҳайдовчи кулиб. — Роса чарчаганакансиз шекилли-а, ука? Йўл бўйи фақат ухладингиз-а, вей!..

Мирсолининг қулоғига гап кирмасди. У кечаги жиноятчилар тўдасини қўлга олиш операцияси, Натальянинг бошига етган каллакесарларнинг ҳар бирини хаёлидан ўтказар, бу ўйларга онасининг маҳзун қиёфаси, келин кўйлакдаги Зарина аралашиб, кўнглига баттар ғашлик ўрларди.

«Афсус, — кўнглидан ўтказди у лаб тишлаб. — Мерганман деб кўксимга урдим. «Крутой» деган лақабгаям эга чиқдим. Озми-кўпми, танилдим. Мерганлигимни икки-уч, балки, ўн-ўн беш киши билдиям. Аммо муҳаббатда мерганлик қила олмаганим алам қилади-да! Бир қизнинг юрагини аниқ нишонга ололмадим-у!.. Афсус…»

Бир муддат шундай чалкаш хаёллар гирдобида ўтиргач, тўсатдан сергакланиб, икки тиззасига шапатилади-да, ҳайдовчининг елкасидан тутиб бор овозда қичқирди:

— Ака, ашуланинг зўрини бақиртириб қўйинг! Ватанга келдим, ахир! Ҳаммаси яхши бўлади!

 

* * *

 

Мирсоли атайин машинани қишлоққа кираверишда тўхтатди. Ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қилгач, майда-чуйдалар солинган сумкасини елкага илган кўйи икки юзи кенг пахта далаларидан иборат йўл бўйлаб уйи томон жадаллади…

Ҳар олдинга қадам ташлаганда, кўз ўнгида гоҳ онасининг маҳзун чеҳраси, гоҳ қовоқ уйганча чақалоғини бағрига босиб аллалаётган Зарина намоён бўлаверди.

«У ярамас Содиқдан туғиб олгани аниқ, — ўйларди Мирсоли лаб тишлаб. — Қишлоққа келганимни эшитса, бахтини кўз-кўз қилиш учун кўчада пайдо бўлади. Буни биламан. «Мана, кўрдингми, эримни ўлдиролмадинг, сен ким бўпсанки, зўрлик қилсанг?!», демоқчидек мешқорин эриниям етаклаб олса ажабмас!..»

Аммо муюлишга етганда, Мирсоли буткул бошқа манзарани кўриб, таққа тўхтади.

Уларнинг уйи қаршисига узун курсилар териб чиқилибди. Курсиларда беш-олти баронас тўн кийган эркаклар бош эгган ҳолда ўтиришарди.

«Йўқ, — кўнглидан ўтказди Мирсоли беихтиёр кўксида титроқ туйиб. — Бўлиши мумкинмас! Энам… Энам… Ахир…»

Кўнгли олдиндан мудҳиш ҳолатни англаб, Мирсоли уйи томон югуриб кетди.

Дарвозага яқинлашгани ҳамоно курсида тизилиб ўтирганлар баравар ўринларидан туришди. Барчалари бир-бирларига ҳайрат аралаш қараб-қараб олиш билан чекланишди.

— Нима бўлди? — бор овозда бақириб эркакларни бир-бир силкитиб саволга тутарди Мирсоли. — Энам қани? Нимага бунақа ўтирибсизлар? Нима бўлди-и?..

Биринчи бўлиб унга ён қўшниси Жаббор ака яқинлашди-да, икки елкасидан маҳкам сиқиб олди.

— Қайларда тентираб юрибсан, бола фақир? — шивирлаб сўради Жаббор ака. — Энанг раҳматли…

— Йў-ўқ!!! — Мирсоли жонҳолатда Жаббор аканинг қўлларини елкасидан олиб ташлади-да, ҳовлига чопди. — Эна-а-а!!! Мен келдим, эна-а!!! Қайдасиз?..

Ҳовлининг айвон тарафидаги айлантириб тутилган оқ мато ортида ўтирган амма-холалар, қўшни аёллар кутилмаган ҳайқириқни эшитибоқ. Мирсоли томон чопа келишди. Шу заҳоти аёллар орасида йиғи-сиғи бошланди. Тўнғич холаси Фазилат ая Мирсолининг қаршисида турган кўйи айтиб-айтиб йиғларди.

— Вой, ёлғизини кўролмай кетган, жон опа-ам! Ана, Мирсолингиз келди, опа, келди! Сизни соғиниб келди ўғлингиз!..

Соғинч, алам, армон Мирсолини тиз чўкишга мажбур этганди. У бир жумлани такрорлаганча ўксиб-ўксиб йиғларди.

— Мени кечиринг, эна! Сизни ёлғиз ташлаб кетган ўзбошимча аблаҳ болангизни кечири-инг!!!

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча орадан бир ярим ой ўтди. Онасининг қирқидан сўнг Мирсоли ҳовли қанчалар қадрдон бўлмасин, бу ерда бир сония ҳам қолишни хоҳламасди. Тўғри, Заринанинг Содиққа тегмагани, ҳануз уни кутиб яшаётганидан хабар топди. Барча ҳақиқатлардан огоҳ бўлди. Аммо ички алам Мирсолига сира тинчлик бермасди. Йўқ, бир хаёли кўзларини чирт юмиб азалий муҳаббатига қайта бош эггиси, ширин хотираларга бой ўтмишни ортга қайтаргиси келарди. Афсуски, кўнглига сиғмасди. Икки хаёли ўзга юртларда кезар, ўша ёқларга кетса, айрилиқ ўти сўнишига негадир ишонарди.

«Энди барибир бу ерларда йўлимга кўз тикадиган, қадримга етадиган одам йўқ, — ўйларди у. — Зарина эса… Кўрамиз, қанча вақт кута оларкин, кўрамиз!.. Ҳа, мен оддий одам эмасман энди. Уёқларда кимсан «Саша Крутой» бўлиб юрганман. Қишлоқдагилар буни тушунардими. Тушунмайди. Демак, ризқимни ўша ёқлардан излашим керак. Ростакамига зўр бўлиб, обрў-эътибор билан қишлоққа ажабтовур машиналарда кириб келишга нима етсин! Каллани ишлатишим керак. Қандай бўлмасин, ўша ниятларга етмасам бўлмайди…»

Мирсоли кўзланган манзилга самолётда етиб олишни маъқул кўрди. Кўрибсизки, уч-тўрт соат ичида яна ўша сершовқин шаҳарда ҳозир бўлди. Энди бир-икки кун меҳмонхонада тунаса, йўлини топиб олса бўлади. Ҳарқалай, Дима кабилар бўлмаса-да, бу шаҳарда уни бошқа «жиддий шахс»лар ҳам таниши турган гап. Суриштирса, кузатса, иш ҳам, йўл ҳам топилади.

Ният эса Мирсолини узоқ кутдирмади. Аэропортдан чиқаверишда, ёнгинасига ярқираган хориж машинаси келиб тўхтади.

Авввалига Мирсоли эътибор бермаганди. «Иши бўлса, шу ерда тўхтагандир», деган ўйда йўлида давом этишга тутинди. Лекин машина чўзиб-чўзиб сигнал чалгач, тўхтаб, ортга ўгирилди. Ҳақиқатан, ҳайдовчи уни чорларди.

— Тинчликми? — ойнадан бош суқиб сўради ўзидан уч-тўрт ёш катта, ингичка мўйловли ҳайдовчига совуқ боқиб. — Нима бўлди?

— Сиз «Саша Крутой»сиз-а? — мулойимлик билан сўради ҳайдовчи. — Адашмадимми?

— «Ваабще-то», адашмадингиз, — деди Мирсоли бироз сергакланиб. — Нимайди?

— Илтимос, машинага ўтиринг, гап бор, — деди ҳайдовчи эпчиллик билан эшикни очиб. — Ўтираверинг!

Мирсоли елка қисиб истар-истамас, машинага ўтирди ва дарҳол эшикни ёпиб, ойнани кўтарди.

— Менинг исмим Василий, — ўзини таништирди ҳайдовчи. — Оддий қилиб Вася деяверсангиз ҳам бўлади.

— Вася, мени қайдан танийсиз? — эҳтиёт шарт савол ташлади Мирсоли. — Сизни… Очиғи таниёлмадим. Бирор ерда ўтирганмидик? Улфатчилик қилганмидик?

— Йўғ-э, — деди Вася ўнғайсизланиб. — Сиздай одамлар билан ҳали улфатчилик қилиш бахти насиб этмаган. Биз… Оддий ҳайдовчи бўлсак…

— Унда менинг бу шаҳарга келишимни қайдан билдингиз? Ким самолётнинг аниқ қўниш пайтини айтди? Ким сизни буёққа жўнатди?

— Бунисини манзилга етгандан кейин айтаман, — деди Вася совуқ кулимсираб. — Ишонаманки, ҳаммаси яхши бўлади.

Бу гапдан сўнг Мирсоли ҳайдовчига ортиқ савол бериб ўтиришни истамади. Бу гал ҳам бегона юртларда кўча кезмаслигини, ишсиз қолмаслигини, сарсонгарчиликка юз тутмаслигини кўнгли сезган каби кўзларини юмди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit