Ҳикоя: Янги йил муҳаббати

0

Қорнинг ёғишига қараб кўнглим анча ёзилди. Қор шунчалар чиройли ёғардики!.. Қоронғи тунни ёритган кўча чироқлари ёғдуси остида живирлаб, бирин-кетин тушаётган қор парчаларидан-да беғуборроқ нима бор экан-а, бу оламда?! Бетакрор!..

— Нималарни ўйлаб қолдинг?

Эримнинг овозидан сесканиб тушдим ва секин бошимни бурсам, у қаҳвасини роҳат ила ҳўплаш билан овора. Яна дераза ортидаги гўзаликка ўгирилдим.

— Қор жуда чиройли ёғяпти!

— Ёққани яхши бўлди, акс ҳолда, қуёшли декабрь ҳаммани касал қиларди.

Унинг акси деразадан шундоққина кўриниб турибди. Дарҳақиқат, баъзи инсонлар шундай яратилган. Уларнинг ҳислари керакли жойда ҳеч ишламайди-ю, емак-ичмакка ўхшаган майда масалаларда жуда нозик. Эҳтимол, шундай яшаш осонроқдир…

— Биз уларни ногоҳ эзамиз, кўнглимизни хушлаш учун янчиб, минг кўйга соламиз, отамиз… Улар эса жим, унсиз, кўзимизни қувнатишда давом этаверади!

— Ким? — деди эрим бошини, ниҳоят, қаҳвадан кўтариб.

— Қор парчалари…

— Оббо, нима экан дебман, а! — эрим беозор кулди. — Жуда қизиқсан-да!

— Аслида, сиз қизиқсиз, султоним, — деб қўйдим мен ҳам мийиғида жилмайиб.

Турмуш ўртоғим иккимиз буткул бошқа дунёларга мансубмиз. Унинг овқатни иштаҳа билан ейишини, жон таслим қилиб аллақачон қоврилиб бўлган жўжаларни эркалашини, кўнгилочар кўрсатувларни кўраётганда буралиб қолгунча кулишини ҳеч тушуна олмайман. Ўз навбатида, у ҳам япроқларни ҳидлашимни, ёмғирларга қўшилиб куйлашим ва ой нуридан завқланишим сабабини англаб ета олмайди. Балки, барча жуфтликлар ҳам айнан биз каби ҳаёт кечирар, ким билсин?! Нима бўлганда ҳам биз бир-биримиздан норози эмасмиз. Ўртамизда ўта сокин, ҳар ҳолда мен ҳозирча ишончли, деб билган муносабат йўқ эмас.

— Ойи-и-и…

Болаларим! Улар менинг қуёшларим! Бир ўғил ва бир қизимиз эрим иккимиз ҳар қанча фарқли бўлсак-да, ўртамиздаги кўприк. Мен томон югуриб келишаркан, кўзларидаги муҳаббат ва қувончдан барча ғамларим унутилади. Аламли хаёлларимдан бир зумга чалғиб, уларни бағримга босаман.

— Ойи, Янги йил арчасини қачон безатамиз?

— Дада, Янги йил учун мушаклар олиб келасизми?

— Ялтироқ совғалар ҳам бўладими?

— Йўқ, ўғлим мушакбозликка ҳали ёшлик қиласизлар, ялтироқ совғалар, албатта, бўлади, — болаларини жонидан зиёд кўрган эрим уларни қитиқлаб кулдиришга тушди.

Бу манзара ташқаридаги қор парчаларидан-да чиройли ва мен учун севимли. Айниқса, мен бир пайтлар болалар уйининг панжаралари ортидан туриб орзу қилган манзара! Етимлик дарди билан улғайган инсон учун бахтиёр оила манзарасидан-да гўзалроқ ҳеч нарса йўқ бўлса керак. Эсимда, ақлимни таниган дамларим бир аёл менинг ҳузуримга Янги йил куни келарди. Қора кўзойнагини ечиб, қўлларимдан тутарди, кўз ёшлари ҳўл қилган лаблари билан ўпарди ва ширинлик ёки ўйинчоқни тутқазарди-ю, кетарди. Мен эса «Бу меҳрибон аёл бунча яхши бўлмаса», дея ҳаяжонга берилар, фақат уни кўриш учунгина байрамларни интизор кутардим. Кейинчалик билсам, у онам экан. Туғибоқ, ташлаб кетган, виждон азобиданми, билмайман, жилла қурса байрамларда эслаб турган, кейинчалик ҳатто Янги йил кунида ҳам келмай кетган онам!

Она! Бу жарангдор сўзнинг маъноси нима ўзи? Она!

Жимжимадор таърифларни, бу зот сиймосига бағишлаб айтилган баландпарвоз гапларни кўп эшитганман. Лекин… лекин ҳис этмаганман. Қачонки, ўзим фарзандларимни қўлга олгач, уларнинг нақадар азиз эканини тушунгач, нималарнидир англашга уриндим. Уларга бутун меҳримни бердим. Бироқ ўзим бу меҳр таъмини тотмадим, англамадим!

Эртаси куни қор тинди. Ҳамма ер оппоқ, қадам ташласанг панжаларинг кўмилади. Янги йил байрамига бир ҳафта қолгани учун эрим иккимиз шошиб қолганмиз.

— Биринчи ўринда дўконга бориб, бозорлик қилишимиз керак. Балиқ, қўй гўшти, салатлар учун масаллиқлар, кейин мева-чевани ҳам кўпроқ олишимиз шарт!

Эрим доимгидай ҳамма ишни емакдан бошлайди. У Янги йил дастурхони учун олиниши керак бўлган нарсалар рўйхатига қараб, ёзилмаган нарсалар кўп эканини астойдил куюниб гапирарди. Бир томондан эримнинг бу ҳаракатлари ўзига ярашар, беғубор кўзларида шундан ўзга ташвиш кўринмаслиги ҳам кулгили эди.

— Шунча нарсани нима қиламиз, ахир ғорга кетмаяпмиз-ку?! — дедим кулгидан ўзимни тўхтата олмай.

— Буларнинг бари керак, олмасак, уят бўлади! — эрим дўкон расталаридаги кўзига чиройли кўринган ҳамма нарсани судраб бораётган саватчамга соларди. — Қара, мевалар, шарбатлар, ширинликлар ҳам ўз навбатида жуда керак.

Бошқа ҳеч қайси байрамда одамлар дастурхон учун шунча харажат қилмаса керак. Нафақат эрим, балки атрофдагилар ҳам саватларини тўлдириб олганига қараганда, дўкондаги ягона ғалати одам бу мен эдим. Чиндан ҳам, мен азалдан қорин гадоси эмасман. Ҳатто ўша аёл ҳам менга ширинлик олиб келишини истамас, унинг ўрнига эсдалик учун бирор нарса кутардим. «Ўша аёл»… Мен «онам» сўзини ишлатишга ўзимни мажбурлашим шарт. Бироқ…

Она бўлиш, бу мақомга лойиқ кўрилиш фақат тўққиз ойлик ҳомилани кўтариш ва ҳар байрамда бир йўқлаб қўйиш ортидан келадиган мартаба эмас-ку! Она бўлиш бу не-не бедор кунлар, уйқусиз кечалар, қийинчиликларга тўла умр дегани-ку! Нима учун мен у аёлга шундай улуғ мақомни осонликча беришим керак?! Ичимдаги бу ғалаёнга сабаб меҳрсиз ўтган болалик алами эканини жуда яхши биламан. Дўкондан уйга қайтганимизда, эшигимиз олдида қандайдир нотаниш одам ҳужжатларни титкилаб турарди. Машинасининг эшигини унча-мунчага қаттиқ ёпмайдиган эрим бу сафар мени қўрқитди. У ҳаяжон таъсирида ҳатто кавшаниб келаётган олмасини ҳам ерга ташлади.

— Нега келдингиз? Юринг, четга ўтайлик…

Эрим бегона кимсанинг қўлидан тортқилаб четга ўтди. Кейин:

— Сен уйга киравер, нарсаларни ҳозир ўзим олиб кираман, — деди менга.

Индамай уйга кирдим-у, лекин эрим келиши билан тинч қўймадим.

— Хўп, яхши, — деди эрим охири чуқур хўрсиниб. — Айтаман! Хуллас, ойингнинг дараги чиқди, мен уни топишга уриниб кўрай, дегандим.

— Ойим?!

— Илтимос, фақат ҳаяжонланма!

— Сиз, сиз… — титроқ сабабли гапимни йўқотиб қўйдим. — Қандай ҳаддингиз сиғди? Мен сиздан буни сўрамагандим, мен буни истамагандим!..

— Бу нима деганинг, — деди эрим азбаройи жавобимдан саросимага тушиб, — жаҳлинг чиқдими? Хурсанд бўласан, деб ўйлагандим, Янги йилга сенга совға бўлсин деб…

— Ундан кўра бир қути шоколад берсангиз яхши эди! — қўлимга илинган ширинликни олиб, эрим томон ирғитарканман, овозим борича бақирдим.

Хонамга югурдим. Эрим бечора эса ортимдан «Сен ҳиссиётларингни бундай нарсаларга алмашмасдинг-ку, ахир!» деб болаларча ҳайрон бўлиб қолди.

Ҳа, мен ҳиссиётларни доим — ақлимни таниганимдан буён барча нарсалардан устун кўрдим. Моддиятни эмас, хаёлотни танладим. Чунки фақат хаёлот оламидагина биз етишишни истаган онларимизга эриша оламиз. Бармоқларимни очиб илк саноқни ўрганаётган кезларим ҳам мен учун ҳиссиётлар муҳимроқ эди. Ўша аёлни кутардим. У билан ярим соатга ҳам бормайдиган суҳбатларимизга интиқ бўлардим. Ўзимча ҳар сафар ўша аёл сўзларидан бир маъно топар ва бу мен учун улкан хазина ҳисобланар, кейинги дийдорга кўз тикардим. Инсонлар фарзанди учун жонидан-да кечишга тайёр бир онда, мен ўз онамнинг «аямай» вақт топиб ҳузуримга келиб туришини юқори баҳолардим. Ёмон гумонлардан, дунёнинг зулматларидан бехабар гўдак эдим. Улғайгачгина бари қийинлашди. Олдинлари онасизликни фақат меҳрсизликда деб юрдим. Катта бўлгач эса оғриқни туйдим. Бу оғриқ кераксизликдан келган бир сарқит эканимни англатувчи аламли оғриқ эди. Энди эса мен бу аёл билан учрашганда, байрамона шукуҳда уни уйимда меҳмон қилишим керакми?! Ўттиз йиллик азобларимни унутайми? Асло!

Эрталабгача эримга қовоқ-тумшуқ қилиб юрдим. У эса шаштидан қайтмаган. Энди очиқчасига қидирув ишларини кимлар биландир муҳокама қилар, менинг қовоқ уюшларимга парво ҳам қилмасди.

— Дадажон, Янги йил дастурхони учун фақат икки хил овқат қиламизми? — деди қизим арча ясатарканмиз аввал дадасига кейин менга қараб. — Ойим шундай деди.

— Ие, байрам байрамдай бўлсин-да қизим, мен ўзим балиқ ҳам пишириб бераман! — эрим катта янгиликни эълон қилгандай хурсандчиликдан қизимни кўтариб олди.

— Кабоб ҳам пишириб берасизми? — гапга қўшилди ўғилчам кўзлари ёниб.

— Болаларни ҳам ўзингизга ўхшатиб қўйганингизни қаранг, — охири гапириб юбордим чиройимни очмай. — Болалар, Янги йил байрамидан кейин ҳам ҳаёт бор, насиб қилса! Бунча дадангизга ўхшаб фақат овқат деяверасиз, тавба-тавба!

— Кабоб ҳам бўлади, торт ҳам олиб келамиз, балиқ ҳам пиширамиз! — эрим ўғлимни ҳам кўтариб куларкан, атрофимда гир айланарди. — Муҳими, ойингиз дадангизга гапирди!

Кулиб юбордим. Чиндан ҳам эрим жуда самимий инсон. Овқатдан бошқа дарди йўқдай кўринса-да, бахтим учун ҳамма нарса қилишга уринади. Худди оналардак! Жуда кулгили гап бўлди-да: «Худди оналардек».

* * *

31 декабрь.

Биз байрам учун шаймиз. Ҳовли ва уй ичкарисига эрим иккимиз ял-ял ёнувчи чироқларни илиб чиқдик. Арчамиз ҳам жуда чиройли ясатилди. Қорнинг гупиллаб ёғишини айтмайсизми?! Таърифга тил ожиз! Бугун кўчада тўла оқлик ҳукмрон. Болаларим эримга қўшилиб, бошига Қорбобонинг қалпоғини кийиб олишган, мен тайёрлаган совғаларни очишга сабри чидамаяпти. Хуллас, барча қатори биз ҳам соат миллари ўн икки бўлишини кутяпмиз. Шу он бирдан эшик тақиллади. Ишонсангиз, эшикнинг тақиллашидан олдин юрагимнинг дукиллашини эшитдим ва сесканиб кетдим!

— Марҳамат, кираверинглар, сизларни кутаётгандим!

Эрим кимлар биландир қуюқ саломлашар, мен эса келган меҳмонларнинг овозини ошхонадан тинглаяпман. Сабрим чидамади.

«Наҳотки бу овоз…» дея ҳаяжонланганча остонага югурдим.

У жуда қариб кетибди. Юзини узуқ-юлуқ ажинлар қоплаган, бошига ўралган шарф пала-партиш, қадди эгик, бироқ кўзлари… Инсон кўзлари доим уни сотади. Мен уни танидим. Бу менинг…

— Нега қараб қолдинг? Келсанг-чи, меҳмонларни ичкарига бошла!

Эримдан аразлайдиган ҳолим йўқ. Тилим айланмайди, оёқларимни сезмай уларга яқинлашдим. Улар деганим ёшроқ қиз ва…

— Ҳалиги… мен бу аёлнинг қаровчисиман. Сиз билан телефон орқали гаплашгандик-ку. Мени қўшиб юборишди.

— Сизларга ҳам осон эмас. Байрамда ҳам иш. Ҳечқиси йўқ, биз билан нишонлайсиз.. Хотинимга аҳамият берманг, у бироз…

«Эрим ва қизнинг гапидан англаб турибманки, бу аёл қаровчига муҳтож… Ҳа, у ҳозир қанчалик нотавон бўлмасин, қанчалар ожиз кўринмасин, менинг онам эмас. Бир аёл, холос. Мен уни кечирмайман, кечирмайман!»

Шу тоб аёлнинг нигоҳи менга қадалди. Боядан бери ердан ниманидир излаётган, саросимали, пирпираб турган кўзлар менга тик боқди.

— Сиз… сиз менинг онаммисиз?

«У нима деди? Ҳазиллашяптими? Устимдан куляптими? Нима ҳақи бор?»

— О, наҳот мени ойимнинг ёнига олиб келдингиз? Ойижон!

Аёл мен англамай қолган дақиқалар ичида ёнимга яқинлашди ва қаттиқ қучоқлаб олди. У шунчалар йиғлардики! Мени шунчалар қаттиқ бағрига босгандики! Мен бу қайноқ қучоқни неча йиллар кутдим, а?! Аммо кутиб, базўр етишган бу меҳр ҳам ақлсизликдан… У руҳий касал эди.

— Азизам, — деди эрим кўзларимдан оққан ёшларга ўкиниб қараркан, — онанг руҳий касал экан. Неча йиллардан буён…

Бағримга ёш боладай бошини қўйган аёл товонимгача мени эритиб юборганини кимдир ҳис эта олса эди. Ҳислар, биз ишонган ҳислар шунчалар тез ўзгариши мумкинки! Мен бутун вужудим-ла бу аёлга нисбатан меҳрни, заррача аламсиз бунёд бўлаётган севгини туярдим. Тарқоқ хаёлларимни соат ўн иккига урилган бонг ва болаларимнинг «Янги йил кирди-и-и!» деган ҳайқириғи бузди.

— Сиз менинг онамсиз, шундайми, онамсиз-а? Байрамда онангга олиб борамиз дейишганди. Сиз менинг онамсиз-а?!

— Ҳ-ҳа! — дедим қувонч ва изтироб ёшларим таъмини туйганча онамни бағримга қаттиқ босиб. — Мен сизнинг она қизингизман, она қизингизман! Ойижон!

Моҳигул
ДИЁРХЎЖАЕВА

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here