Хоразмда пахта йиғим-теримига одамларни жўнатган отрядлар етакчилари маошини ҳануз ололмаяпти…

0

 

Хоразм вилояти Шовот туманига отрядлар тузиб, одамларни пахта йиғим-теримига жалб этган етакчилар ўз маошларини ҳануз олишмаганидан шикоят қилишмоқда. Уларнинг айтишича, дастлаб «Шовот текстил» корхонаси билан шартномалар тузилган. Шартномага кўра, отрядлар етакчилари ўз маошларини ўтган йили олишлари лозим эди. Аммо корхона раҳбарлари ҳамон уларга қуруқ ваъда беришдан нарига ўтишмаяпти.

— Биз маҳаллалар раислари, посбонлари, аёллар иши бўйича маҳалла фаоллари икки ой давомида пахта йиғим теримига одам йиғиб, уларни отрядларга жипслаган ҳолда пахта далаларига жўнатганмиз, — дейишмоқда отрядлар етакчилари. — Одамларга ялинганмиз, керак бўлса, ҳар тарафлама ёрдам берганмиз. Бир сўз билан айтганда, ишлаганмиз. Пахта ўз вақтида йиғиб-териб олиниши учун жон олиб жон берганмиз. Биз «Шовот текстил» корхонаси билан қонуний тарзда шартнома тузганмиз. Аммо пахта мавсуми тугагач, корхона раҳбарлари бизга маош тўлашдан қоча бошлашди. Ҳозирга қадар фақат қуруқ ваъда беришдан нарига ўтишмаяпти. Улар билан охирги марта учрашиб гаплашганимизда, корхона раҳбарлари маошларимизни пластик карточкага янги йил арафасида ташлаб беришни ваъда қилишганди. Аммо яна бу ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Ваҳоланки, биз ўтган йил 20 сентябридан то 10 ноябрга қадар пахтада бўлганмиз. Шартномага кўра, корхона раҳбарлари териб берилган 80 тонна пахта учун бизга 1, 5 миллион сўмдан маош тўлаши лозим эди. Ҳар бир келишувдагидан ортиқ тонна пахта учун биз 50 минг сўмдан қўшимча ҳақ олишимиз керак эди. Баъзи отрядлар етакчилари 2, 5 миллион сўмдан маош олиши зарур эди. Лекин маош ҳалиям қўлимизга тегмади…

Шовот туманидаги маҳалла посбонларидан бири айтдики, корхонадагилар маошни 7 январда беришлари керак бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 5 сентябрида республика бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида пахта йиғим терими масаласига бағишлаб ўтказилган мажлисда айтилгандики, Ўзбекистонда 2018 йилги пахта йиғим терими учун жами 26, 467 та отрядлар тузилади. Отрядлар таркибида 2 миллион 639 минг киши бўлади. Уларнинг барчаси пахта теримида фаол иштирок этади.

Ўшанда бош вазир отрядлар етакчилари сифатида маҳаллар раислари ёки бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам фаолият юритиши мумкинлигини айтиб ўтган.

— Бунинг учун хоҳловчилар, — деганди бош вазир. — Асосий иш жойидан таътил олиши ва меҳнат вазирлигининг жойлардаги бошқармалари билан шартномалар тузиши лозим бўлади…

Отрядлар етакчиларининг маошлари эса 2-3 миллион сўм атрофида бўлиши алоҳида белгилаб қўйилганди.

ca-news. org

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit