Эксперт фикри: ўқувчиларга дарс пайтида телефондан фойдаланишга рухсат бериш керак

1

Педагогика фанлари номзоди, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг филология факультети доценти Шаҳло Йўлдошева дарс жараёнида мобил телефонлардан фойдаланишни ва мобил телефонлар ҳамда турли гаджетларни мақсадли қўллашни тезлаштиришни таклиф қилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида тегишли хабар Есимхан Канаатов томонидан эълон қилинди.

Мақолада айтилишича, мамлакатнинг иқтисодий ҳаёти, барча соҳаларга рақамли технологияларни татбиқ қилиш бўйича ислоҳотлар ва илғор технологиялар, табиийки, таълим соҳасини четлаб ўтиши мумкин эмас. Аксинча рақамли иқтисодиёт асосини кадрлар ва таълим ташкил қилади.

«Шундай экан, рақамли Ўзбекистон келажаги ҳозирда мактаб партасида ўтирган болаларимиз, ёшларимиз қўлидадир. Албатта, улар рақамли иқтисодиётни бошқара оладиган, тараққий эттирадиган даражада сифатли ва замонавий билимга эга бўлса, келажагимиз буюк бўлади, рақамли Ўзбекистон хавфсизлиги таъминланади», – дейилади мақолада.

Муаллифнинг ёзишича, умумтаълим мактабларида таълимни рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш келажакда ўз самарасини беради.

«Мутахассислар таъкидлаётганидек, нафақат информатика, балки умумтаълим мактаблари ўқув режасидаги барча фанларни ўқитишда рақамли технологияларни татбиқ қилишни жадаллаштириш узоқни кўзлаб амалга оширилаётган режаларнинг рўёбга чиқиш суръатини оширади», – дейилади мақолада.

Шунингдек, маърифатнинг, тараққиётнинг мухолифлари бўлгани, ҳар қандай янгиликни жорий қилишда қаршиликлар, зиддиятларга дуч келингани каби рақамли технологияларни таълимга олиб киришда ҳам бир-бирини истисно қилаётган ҳолатлар кўзга ташланади. Жумладан, рақамли таълимни жорий қилишда бу яққол намоён бўлмоқда:

1. Рақамли технологияларни таълимнинг қуйи бўғинларидан бошлаб татбиқ қилишга таълим муассасалари, хусусан, мактабларнинг моддий таъминоти жавоб бера
олмаслиги.
2. Фан ўқитувчиларининг рақамли технологияларни таълим жараёнига олиб киришдан кўра анъанавийликни қулай ва осон деб ҳисоблаши.
3. Умумтаълим фанларидан электрон адабиётларнинг етарли эмаслиги.
4. Компьютер ва турли гаджетларнинг инсон саломатлиги, руҳиятига салбий таъсири, ўқувчиларнинг медиамаданияти, “телеавлод” тушунчаси кабилар.

Мақолада айтилишича, мультимедиа воситалари билан мактабларни тўлиқ жиҳозлашни қўл қовуштириб кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аслида бу ишни тўла якунлаш имконсиз ҳам. Қолаверса, компьютер технологиялари ва рақамли технологиялар кун сайин янгиланмоқда, такомиллашмоқда.

«Шунинг учун аксарият мамлакатларда қўлланилаётганлиги каби ўқувчиларнинг гаджетларидан фойдаланиш тажрибасини қўллаш мумкин. Афсуски, ўқувчиларнинг қўл телефонларидан фойдаланиш таълим муассасаси ҳудудида, айниқса, дарс жараёнида тақиқланиши бўйича тегишли вазирликларнинг буйруқлари бунга монелик қилади», – дейди муаллиф.

Билдирилишича, буни тақиқлаш бир томонлама қарордир. Аксинча, ўқувчиларнинг мобиль телефонлари ва турли гаджетлардан мақсадли фойдаланишига эришиш бўйича ишларни жонлантириш зарур.

«Аксарият ҳолларда анъанавий методиканинг ўзи ноўрин фойдаланилганлиги, бу ҳолат эса деярли “занглаган” ўқитиш методикасини пайдо қилганлигини ҳам тан олиш керак. Аввало, “занглаган” методикани “ярқиратиш, жилолантириш”, унинг афзалликларини қайта намоён қилиш, иккинчидан, педагогик ва рақамли технологияларга мурожаат қилиш зарур», – дейилади мақолада.

Қайд этилишича, интернетда рус тилини ўрганиш учун яратилган электрон луғатлар, видеодарслар, электрон дафтарлар, мобиль иловалар бор.

«Узлуксиз таълим тизими таълимнинг сифат даражасини юқори кўтаришдек машаққатли даврни бошидан кечирмоқда. Буни амалга оширишда анъанавий таълим ва рақамли технологияларни аралаш қўллаш ўз ҳаётини буйруқ ва кўрсатмалар асосида эмас, балки ўз тафаккури ва юрак амрига кўра қура оладиган ёшларга таълим-тарбия бериш воситасига айланиши муқаррар», – дейди муаллиф.

Билдирилишича, рақамли таълим технологиялари билан рақамли иқтисодиёт пойдеворини бунёд қилишга педагоглар масъулдир.

1 ТА ФИКР

  1. Яхши фикрмас чунки узбек ешлари хали бунга тайермас ахмоклар доцентмиш канака фикралайди булара кейин укитувчиларниниукитувчиларни ер бн битти килиб тепиб юришадию укувчилар ха деса хакким бор деп дарсхам колиб кетади, узи шундокхам суз эркинлиги деп айтилмаган килинмаган хакорат колмади укитувчига нисбатан шу пайтгача болганмиди укитувчини урган укувчилар??? Бундок уйлап иш кисаларингчи чалла муллалар

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here