СНАЙПЕР… (8-қисм)

0

 

* * *

 

Мирсоли ички ишлар бўлими ертўласидаги алоҳида камерага киргач, соқчи эшикни ташқаридан шарақлатиб ёпди-ю, шу заҳоти қадам товушлари узоқлашди. У камеранинг шўр босган деворларига аянчли тикилганча бошини чангаллаб олди. Шу тобда юрагига қил сиғмас, қилиб қўйган ишларидан афсус чекарди. Аксига олгандек, камеранинг бетонланган поли бўйлаб каттакон сувараклар чопқиллай бошлаганини кўрди. Тўғри, қишлоқда ҳам суваракларни кўп учратган. Аммо бу қадар каттаконига рўбарў бўлмаганди. Сувараклар шунчаки чопмас, қандайдир ёқимсиз товуш чиқарган кўйи чопқилларди.

«Нималар қилиб қўйдим? — тишларини ғижирлатганча ўйга толди Мирсоли. — Нега шу юртга қайтдим? Нимага бошимни яна балога гирифтор қилдим? Ким мени қувганди? Кимга аччиқ қилдим-у кимдан ўч олмоқчи бўлдим? Эҳ, зўравонлардан, шу кўчада изғиб юрувчи маразлардан қанчалар нафратлана бошлаганимни билишсайди! Нима учун шу кўчани танладим? Унинг нимаси бошимни айлантирди? Ҳа-а, зўр бўлишни, ҳамма мендан қўрқишини хоҳлагандим! Хўш, шуми зўрлигим? Нимани қойиллатдим? Кимнинг оғирини енгил қилдим? Кимнинг корига ярадим? Қайси бир ҳалол яшайдиган одамга кўмакчи бўлдим? Йўқ, ҳеч бир қойил қолдирадиган иш қилмадим. Аксинча, онам шўрлик менинг доғимда ўлиб кетди. Қариндош-уруғлар менга ола қарайдиган бўлди. Заринанинг нафратига учрадим. Содиққа ўхшаган пулдорлар орқаваротдан устимдан кула бошлашди. Шуми зўрлигим, шуми? Мана, эрта-индин қўлларимга кишан уриб «СИЗО» га олиб боришади. Ҳаммаси тағин бошидан бошланади. У ерда қандай кулфатлар кутаётгани тушимгаям кирмаган. Мелисалар ишониб топширган ишни эплайманми-йўқми, буям қоронғи. Бунинг ўрнига аристонлар ўзимни бирёқли қилиб ташлашса-чи? Ким менга куяди? Ким мени қидириб топади-ю, дафн этади? Наҳотки, жасадим итларга ем бўлиб кетса? Ҳа, аниқ биламан. Сезиб турибман. Анави мелисалар, прокурорлар ҳам қўл силтаб кетишади. Ҳеч нарса кўрмагандай, ҳеч нарса бўлмагандай ишлашда давом этаверишади. Олис ўлкадан келган Мирсолининг ўлиб кетиши, ўлиги хор бўлиши уларни сира қизиқтирмайди. Чунки улар барчаси ўз фойдасига ишлашни хуш кўради. Мен машина уриб кетган дайди ит каби қолиб кетавераман. Йўқ, бундай бўлмаслиги керак. Мен қандай бўлмасин бу кўчадан чиқишим, ўз қишлоғимга бориб жон бечорачилигимни қилиб юраверишим лозим. Майли, дўкондор устимдан кулсин, Зарина мени оёқ учида кўрсатсин, маҳалладагилар бир умр мендан хавфсираб яшасин. Асосийси, хавфдан узоқ бўламан, ҳар сонияда жон ҳовучлаб яшамайман… Ҳа, шу иш охирига етса, бас, бу ишларни йиғиштираман. Ими-жимида қишлоғимга жўнайман. Керакмас менга зўрлик!..»

Мирсоли азбаройи асабийлашганиданми, ўзини идора эта олмаган ҳолда даст ўрнидан турди-да, қаршисидан ғизиллаб ўтиб кетаётган каттакон суваракни оёқлари билан эзғилай-эзғилай, бор овозда қичқирди:

— Керакмас менга зўрлик! Керакма-ас!!!

 

* * *

 

Бўз йигит жаҳл отига минса, еру кўк ларзага келади. Қалбига алам жойлашиб олса, сувлар тескари оқар паллага киради. Йигит шунчалар кенг, поёнсиз дунёга сиғмай қолади. Ғазаб ин қурган муштларидан гўё учқун сачраб, вужуд-вужудига қадар куйдира бошлайди.

Мирсоли милиция бўлими ертўласидаги камерада бир ҳафтадан зиёд яшаб, бўлари бўлаёзганди. Ҳар сонияда бағрини надомат, алам, нафрат ўти куйдирар, ўзини қўярга жой тополмасди. Аламлар хезланган маҳал ўчини бетон пол-у супадан оларди. Ўзбошимчаларча тутган йўлидан қайтишга имкон йўқлигини ҳис этгани сайин нафаси бўғилар, наздида ҳаёт тугаб бораётгандек, энди ҳеч қачон мана шу тўрт девордан бўлак ҳеч нарса ҳамроҳ бўла олмайдигандек туюларди.

Роппа-роса саккиз кун деганда эрталаб камера эшиги очилиб, соқчилар ҳамроҳлигида подполковник кириб келди. Унинг юзларида табассум зоҳир эди.

Тушкунлик гирдобига деярли ғарқ бўлаёзган Мирсоли ҳеч нарса бўлмагандек истар-истамас ўрнидан қўзғалди-да, подполковникка савол назари билан совуқ боқди.

— Мана, кутилган лаҳзалар яқин, — деди подполковник кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Ҳозироқ «СИЗО»га жўнайсан. Кетишингдан олдин баъзи нарсаларни сенга тайинлаб қўйишим керак. Тайёрмисан?

Мирсоли индамай елка қисди.

— Сен танишишинг зарур бўлган одамнинг исми Тимофей, — деди подполковник. — Ёши олтмишдан ошган. Лақаби «Большой». Нега бунақа десанг, жа гавдали, бесўнақай мараз. Қариб қолган бўлсаям, кучи кўп ярамаснинг. Шунинг учун муомала қилганда эҳтиёт бўлгин. Умуман, сенам чаккимассан-у, эҳтиёт шарт айтиб қўяпман-да! Нега бўшашасан, йигит? Қўрқяпсанми?

Мирсоли унинг сўнгги саволи ёқинқирамай, бирдан қовоғини уйди-ю, ер чизган ҳолатда тўнғиллади:

— Мен фақат худодан қўрқаман!

— Жуда яхши. Унда Худо сенга ёр бўлсин! Айтиб қўяй, бизга уни тўлиқ тутиб бермагунча, турмадан чиқмайсан. Ўйлаб иш қил, ҳар кимнинг гапига ишониб, ғўрлик қилиб қўйма! Шу ишингга қараб ўзингнинг тақдиринг ҳам ҳал бўлади. Ёшлик қилиб бировларнинг ноғорасига ўйнаб қўймагин!

— Мен тайёрман, — деди Мирсоли тезроқ камерадан очиқ ҳавога чиқиш иштиёқида ёниб. — Ҳамма гапингизни тушундим. Сиз айтгандай иш тутаман!

— Жуда соз! Қани, йўлга унда! Акаларинг сени олиб бориб қўйишади. Қўрқма, турмадагилар огоҳлантирилган. Ҳеч ким сенга қаттиқ гапирмайди.

Мирсоли ўргатилганидек ҳақиқий маҳбуслар каби икки қўлини орқага олган кўйи бош эгганча соқчиларнинг олдига тушди.

 

* * *

 

Милиция бўлимида кўрганлари хамир учидан патир эканига Мирсоли «СИЗО» ҳовлисига келиб тушгандан сўнг амин бўлди. Машина тўхтайдиган ерда уч нафар соқчи қўлларида қурол тутган ҳолда шай туришар, уларнинг бири овчарка ит ҳам етаклаб олганди. Мирсоли машинадан тушгани ҳамоно ит унга қараб вовиллай бошлади. Соқчилар эса одатга кўра, Мирсолини чарм таёқ таъқибида ичкарига ҳайдашмади. Аксинча ҳар бир буйруқни мулойим ва хотиржам оҳангда тилга кўчириш билан чекланишди. Ичкаридаги навбатчилик қисмида ҳам ҳеч ким Мирсолига ола қарамади. Турткилаб, калтакламади. Қоида бўйича шошилинч кийимларини пайпаслаган бўлишди-ю, камерага олиб киришди. Прокурор айтганидек, уни бир кишилик камерага қамашди. Бу ер ҳарқалай милиция бўлимидагидан анча шинам экан. Панжарали дераза остига каравот қўйилибди. Каравотнинг оёқ узатиладиган тарафига оппоқ чойшаблар ташланибди.

Соқчилар эшикни ташқаридан ёпгач, Мирсоли чойшабни яхшилаб ёйди-да, ўзига ўрин тўшади.

— Бу ер одам яшаса бўладиган экан-ку, — деди овоз чиқариб. — Сувараклар ҳам кўринмаяпти. Сассиқ ҳид ҳам йўққа ўхшайди. Буёғи нима бўларкан? Тимофей ўғрибоши деганлари қандай одам экан? Прокурор уни совуққон деганди. Одамгарчилиги бордир, ахир!?. Ё унақамасмикан? Қандай тил топишар эканман-у, қай йўл билан уни гапиртирарканман? Худо билади. Ҳа, майли, дам олай-чи, бир гап бўлар! Қамоқларигаям, ўғрибошиларигаям тупурдим! Шунақа дейман-у, чўзиб нима қилдим? Ҳозир ўша ишини қойиллатсам нима бўлади? Бу тўрт девори ичида қачонгача ўтираман?..

Шундай деб Мирсоли эшикка яқин борди-да, бор овозда бақирди:

— Соқчи! Эшикни оч!

Эшикдан узоқлашиб улгурмай, соқчи эшикни очиб ичкарига мўралади.

— Нима гап?

— Менинг прокуроримни чақириб бермайсизми?

— Қайси прокурор?

— Навбатчилик қисмидагилардан сўрасангиз, айтишади. Айтинг-ки, мен ишни ҳозироқ бошламоқчиман! Фақат тезроқ, илтимос! Янги ғоя пайдо бўлди!

— Бўпти, кут! Шовқин солма!

 

* * *

 

Орадан тахминан ярим соат, қирқ дақиқа ўтиб, худди ўша подполковник камерага кирди. Унинг кайфи чоғ эди. Кирибоқ каравотнинг бир четига ўтирди-да, Мирсолига ҳазиллашди.

— Ҳа, «Крутой жаноблари», биз фақирларни йўқлатибсиз? Тинчликми? Қандай хизмат кўрсатайлик?

— Жа унчаликмасдир, ўртоқ начайлик, — деди Мирсоли бироз хижолат тортиб. — Одамни бунақа ноқулай аҳволга солиб қўйманг-да энди!

— Йўғ-э, — деди подполковник пича жиддийлашган бўлиб. — Хижолат бўлдиларми? Негадир ишонгим келмайди.

— Короче, мен ҳозироқ ишни бошласам девдим, — мақсадга кўчди Мирсоли. — Қанча тез тугатсам, шунча тез чиқаман-ку манави ерлардан! Тўғрими?

— Тўғри, — деди подполковник. — Фақат… Шошилмаяпсанмикан? Бугун тиниқиб ухласанг, қиладиган ишларингни каллангда пишитсанг, қандай бўларкин?

— Аллақачон пишитиб бўлганман. Бошласам, ёмон бўлмасди.

— Шунақами? Хўш, ишни нимадан бошламоқчисан?

— Мени ўша Тимофейга яқинроқ аристонларнинг камерасига олиб киришса, улар орқали ўғрибошига яқинлашишим мумкиндай туюляпти. Ҳар ҳолда аҳмоқмасдир мени дарров ёнига чақириб? Ё адашяпманми?

— Йўқ, — Мирсолига қаттиқроқ тикилиб жавоб қилди подполковник. — Калланг энди ишлай бошлабди. Жуда тўғри ўйлабсан. Тимофей жа эҳтиёткор одам. Унча-мунча аристонни камерасига чақиравермайди. У манаман деган бойвачча бўлсаям, олдин суриштиради, ўрганади. Хўп, бугун сени бир камерага олиб киришади. Ўша ерда ўғрибошининг ҳамтовоқларидан бири билан танишасан. Исмини эслаб қол. Жора. Лақаби «каллакесар».

— Одам сўйганми?

— Бунчалик қўпол гапларни гапирма-да, — совуқ кулимсираб дарича томонга бош бурди подполковник. — Бўйнида бир нечта қотиллик жинояти осилиб турибди. Умуман, жуда совуққон ва жиддий аристон. Феъли ўта оғир. Сал нарсага тутоқиб кетаверади. У билан тил топишишнинг ўзи бўлмайди. Уқдингми?

— Уқдим.

— Уддалайсанми?

— Уддалайман.

— Майли, омадингни берсин!

Подполковник чиқиб кетди. Мирсоли эса хаёлан, руҳан янги учрашувга тайёргарлик кўра бошлади.

 

* * *

 

Тахминан эллик дақиқа ўтгач, камера эшиги қайтадан очилиб, остонада таниш соқчи ҳозир бўлди.

— Қўлларингни орқага қилиб, йўлакка чиқ, — буюрди у Мирсолига. — Энди деворга ўгирил! Жуда яхши. Қани, олдинга юр!..

Милиция бўлимига илк бор тушгандан бери Мирсоли бу тахлит буйруқларни деярли ёд олган, жаҳли ҳам чиқмай қўйганди. Итоат билан олдинга қараб юрди. Чамаси ўнтача камерадан ўтгач, соқчининг қайта буйруғи жаранглади:

— Тўхта, деворга ўгирил!

Соқчи ўнгдаги камера эшигини очди-да, буюрди:

— Ичкарига кир!

Камерада уч аристон бор эди. Мирсоли ўртадагисини дарров таниди. Подполковник таърифлаганидек қорача, кенг елкали, билаклари игнали ёзувларга тўлалиги учун ҳам таниди. Қолганларининг бўйи ундан пастроқ, икки четда қисиниброқ туришидан «каллакесар»га тобелиги кўриниб турарди.

— Ў, кимни олиб киришди камерамизга, — дея биринчи бўлиб «каллакесар» унга пешвоз чиқди. Хожасига ёқиш учунми, қолганлари ҳам беўхшов кулиб олдинга юришди. — Вей, биласанларми бу ким?

Югурдак маҳбуслар «каллакесар»га атайин савол назари билан бақрайганча боқишди.

— Бу «Крутой»нинг ўзгинаси, — давом этди «каллакесар» икки қўлини ёнбошига ёйиб. — Ўша мараз ментнинг ҳаётига шу бола нуқта қўйган. Аммо… Негадир ёшга ўхшаяпсан, ука! Наҳотки, шу ёшда полковникдай каттаконларни ўлдира оладиган кучга эга бўлсанг? Хўш, нима дейсан?

— Мен қилган ишим ҳақида пул берган одамга ҳисоб бериб бўлганман, — хотиржам жавоб қайтарди Мирсоли. — Энди сизга ҳисоб беришим шарт бўлмаса керак.

— Тўғри, — деди «каллакесар» бош қашиб. — Буни тушунамиз. Фақат… Манави акаларинг билан бизгаям қандай ўлдирганингни кўрсатиб берасанмикан деб ўйловдик. Ё…

— Яна такрорлайман. Мен ўзимга тегишли сирларни бировлар билан баҳам кўрмайман.

— Майли, ука, — «каллакесар» бир қадам ортга тисланди-да, бурчакдаги каравотларнинг пасткисига ишора қилди. — Қани, ҳов анави каравотга ўтир, ука! Бир мириқиб суҳбатлашамиз! Айтганча… Бизнинг камерага гаплашайми сениям. Бирга-бирга яшардик-а?

— Буни ҳатто «Большой» оғамиз ҳам гаплашолмаслигини яхши биласиз. — деди Мирсоли норози лаб тишлаб. — Биласиз-ку, ментлар мендан боплаб ўч олмоқчи. Шунинг учун ҳам камерангизга кирувдим.

— Шунақами? Ифлослар! — «Каллакесар» муштларини тугиб қаршисидаги икки аристонга хўмрайиб олди. — Ихтиёр менда бўлса, бу баччағарларнинг калласидан минора қурдирардим. Афсуски, иложи йўқ. Майли, ука, бизнинг кўчалардаям байрам бўлади, албатта. Мана кўрасан. Мендан нима ёрдам керак, «Крутой»? Битта-биттадан чақириб шу ментларнинг адабини берайликми? Хоҳлайсанми?

— Йўқ, — деди Мирсоли бош чайқаб. — Калтак еявериб пишиб кетганман. Буниси нима бўлибди? Жонимни олишармиди? Олиб бўпти! Оға, сиздан илтимос, мени «Большой» билан учраштирсангиз! Уёқдалигимда жуда муҳим гап айтиб юборишганди. Шуни у кишининг ўзига етказмасам бўлмайди.

— Тушунаман, — «Каллакесар» беихтиёр ўрнидан турди-да, иккинчи қаватдаги каравотнинг темир тутқичини сиқимлади. — Оғамиз хурсанд бўлади. Лекин… У одам ҳам менга ўхшаб қандай ўлдирганингни кўрсатишингни хоҳлаб қолса-чи? Унда нима қиласан? Сирларинг… Ҳалигидай…

— Буёғини вақт кўрсатади. Сиз учраштириб қўйсангиз бас.

— Гап йўқ, — деди «каллакесар». — Учраштириш бўлса, учраштириш-да! Эртага кечқурун тайёргарлигингни кўриб тур! Фақат… Соат «ўн» дан кейин қиламиз бу ишни. Анави бошлиқчалари кетиб олишса, югурдакларини бир амаллаб кўндирамиз.

— Башарти, пул керак бўлса…

— Вей, ука, унақа дема, — «каллакесар» бош чайқаганча Мирсолининг тепасига яқинлашди. — Сен бизнинг қаҳрамонимизсан. Ҳали «братва»лар раҳматини айтишади сенга. Ҳа-а, сен жуда катта иш қилгансан. Худди ўша аблаҳ «Большой» оғамизнинг кушандаси эди. Мана, энди нима бўлди? Қаро ерга кирди-қўйди. Бунисини ўйламаган-да мент!..

— Майли, унда мен борай, — Мирсоли аста ўрнидан қўзғалди. — Тағин…

— Хўп, ука, бу гал киришингни билмай қолдик. Кейинги гал албатта бу ишингни нишонлаймиз! Кирасанми яна биз фақирларнинг кулбасига!

Шундай деб «каллакесар» маъноли тиржайди ва шерикларига қараб қўйди.

— Сиз фақирмассиз, — деди Мирсоли сира сир бой бермай. — Уёқда обрўйингиз қандайлигини жуда яхши билиб олганман. Сизга ўхшаган «мужик»лар билан ҳар қандай «братва» фахрланса арзийди.

— Раҳмат, ука, бопладинг, — деди «каллакесар». — Сен билан ака-ука бўлиб қоламиз. Ҳа-а, насиб бўлса, ҳали биргалашиб бунақа ментларнинг кўпини қулатамиз.

— Майли, эртагача хайр унда!

Мирсоли бориб камера эшигини тепди. Шу ондаёқ эшик шарақлаб очилиб қаршисида соқчи пайдо бўлди.

Мирсоли камерадагилар билан худди қадрдонлар каби қучоқ очиб хайрлашди. Кетаётиб сездики, «каллакесар» ҳам, ёнидагилар ҳам унга қойил қолишди.

 

* * *

 

Мирсоли жуда яхши ҳис этарди. Эндиги «учрашув» кечагисидан анча жиддий ва нозик кечади. Негаки, «Большой» деганлари умрини ўғирлик кўчасига бағишлаган, кўплаб бегуноҳларнинг ёстиғини қуритишда қўли бор, ҳаёти деярли қамоқларда кечган, унча-мунча гапга ишониб, унча-мунчасига ён бериб қўя қолмайдиган қари тулкилардан бири. Мирсолини ҳам ўз тегирмонига солиб, ғалвирдан ўтказиши тайин. Шу сабабли у эртаси куни то кечга қадар ҳам хаёлан, ҳам руҳан тайёрланди. Гўё ўта жиддий имтиҳонга тайёргарлик кўраётган ўсмирдек ўй ва шубҳаларнинг барча кўчасига кириб чиқди. Билганича Яратганга илтижо қилди. Ишларига ривож сўради, ўз паноҳида асрашини тилаб худога ёлворди…

Ниҳоят, кутилган лаҳзалар яқинлашиб, тунги соат ўн иккига яқин камерага соқчи кирди.

— Сени ҳозир ўғрибошининг камерасига олиб кираман, — деди соқчи. — Фақат қовун тушириб юрмагин! Билиб қўй, бирор кор-ҳол бўлса, адабингни ейсан! Менга гап тегадиган иш қилиб юрмагин! Олдиндан огоҳлантириб қўйяпман!

— Ока, — деди Мирсоли ўзини босишга уриниб. — Аслида шу иш билан бу ерга келганимни айтишганми сизга?

— Айтишган, — соқчи сир бой бермай, қовоқ уйган ҳолда жавоб қайтарди. — Бирибир огоҳлантириб қўйиш менинг вазифам, йигит!

— Тушундим, — деди Мирсоли. — Ҳеч қандай ёмон иш бўлмайди. Ўша аристоннинг суҳбатини олсам бас. Тезроқ ишни битириб, шу ерлардан чиқиб кетсам дейман. Жонга тегди-ку!

— Бўпти, қўлни орқага қилиб, йўлакка чиққач, деворга ўгирил!

— Биламан! — Мирсоли аста йўлакка чиқди-да, қоидага кўра, деворга ўгирилиб, навбатдаги буйруқни кута бошлади.

— Юр, энди, — буюрди соқчи камера эшигини қулфлаб бўлгач ўғринча атрофга аланглаб. — Бугунги ишимизни ҳеч ким билмаслиги керак. Эсингда бўлсин!

— Хўп бўлади!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit