Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров устидан суд жараёни бошланди

0

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров устидан суд жараёни бошланди.

Қонунчиликка мувофиқ, давлат сири ёки қонун билан ҳимояланувчи бошқа сирларни сақлаш зарурати бўлса, суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказишга рухсат берилади.

«Мазкур жиноят иши ёпиқ тарзда тергов қилинган. Ҳозирда жиноят иши суд юрисдикциясида. Жамоатчиликка қай тарзда маълумот бериш масаласини суд ҳал қилади», — деди Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова.

Cуд жараёни душанба куни 10:00 да жиноят иши доирасидаги барча судланувчилар устидан бошланган. Келгуси суд мажлиси 9 январь куни бўлиб ўтади.

Рашиджон Қодиров 2018 йилнинг февралида ҳибсга олинган эди. Жиноят кодексининг 165, 205 ва 210-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ёзда иш бўйича 24 кишига айблов эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.