ТУҒМАС ХОТИН ҚИССАСИ… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

***

 

 

Манзура эри Бобурни ишга кузатгач, балконга чиқди. Ташқарида куз. Уй атрофидаги дарахтлар аллақачон барг ташлабди. Узоқ-яқиндаги машиналар шовқинини айтмаса, деярли жимжитлик ҳукмрон…

У халатининг ёқасини асабий ғижимлаб, бир нуқтага тикилганча узоқ ўтириб қолди. Хаёлига нималар келиб кетмади. Беш йиллик умрини чамалаб чиқди…

Афсус. Ҳеч нарса ўзгармади. Ҳаммаси ўша-ўша. Эрининг чексиз муҳаббати-ю, эркалаб суйишларини ҳисобга олмаса, ҳаётида қизиқарли ўтган куннинг ўзи йўқ… Айниқса, қайнонасининг ёқимсиз қарашларини эсласа…

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглагандай бўлди-ю, Манзура югуриб йўлакка чиқди ва эшикни очди. Яна қайнонаси Меҳри опа экан.

— Вой, нега қоққан қозиқдай туриб қолдингиз, келин? — ҳали ичкарига кирмасдан ўдағайлаб берди у. — Қўлимдаги манави савилни олмайсизми?.. Вой тавба! Вой тавба!..

Манзура ҳар гал қайнонаси билан рўбарў бўлганда негадир ўзини йўқотиб қўяверади. Билмайди. Ҳарчанд мағрур бўлишга уринмасин, барибир довдираб қолаверади…

— Ассалому алайкум, ойижон! Яхши келдингизми?..

Манзура шоша-пиша қайнонанинг қўлидан халтани олди-да, ошхонага йўналди. Стол устига халтани қўйгач, бир муддат нима қилишни билмай тек туриб қолди. Бу орада Меҳри опа аллақачон меҳмонхонадаги диванда ястаниб ўтирарди.

— Чой дамланг, келин! — ўтирган ерида бақирди у. — Буёққа келаман деб уйда нонуштаям қилганим йўқ…

Манзура югуриб-елиб чой дамлади. Хонтахтага ширинликлар келтириб қўйди.

— Бобур ишдами? — дея сўради Меҳри опа келинига ер остидан ўқрайиб тикиларкан.

— Ҳа, ойижон, ишда.

— Ҳм-м… Сиз-чи?

— М-мен?.. Мен уйдаман…

— Ие, қачонгача уйда ястаниб ўтирасиз ёш нарса? Йиғлаб қоладиган болангиз бўлмаса… Битта ўғлимнинг топганига қараб…

Манзура кутилмаганда ўрнидан туриб югурганча ошхонага чиқиб кетди. Қайнонасининг шу биргина гапи юрагини тешиб ўтаёзди…

Бошқаларга ўхшаб гапириб-гапириб ташлаёлмаганидан ўксинди.

— Ҳой келин, буёққа киринг!.. — ўтирган ерида қичқирди Меҳри опа. — Қани киринг-чи!..

Нимаям қилсин? Бу аёлнинг не-не гапларини эшитмади. Ҳаммасига чидади. Чидаёлмай кетган маҳалларда онасига айтиб енгил тортди…

Эҳ, Бобур акасини севмаганда…

Манзура эри кўз олдига келгач, бироз ўзини босди ва яна меҳмонхонага кирди.

— Нима бало, келин, гапим ёқмадими дейман? — пиёладаги чойни қайта-қайта ҳўпларкан, тепасида тик турган Манзурага ўқрайди қайнона. — Мен доим ҳақиқатни гапираман. Ўғлим шўрликнинг тенгқурлари аллақачон боласига суннат қилди. Ҳадемай ўғил уйлашсаям ажабмас…

— Мен нима қилай, ойижон?..

— Нима қилай?.. Э, туғинг!.. Беш йилдан бери Бобурим қийналиб кетди.

— Ихтиёр менда бўлганда аллақачон туғардим.

— Кимда бўлмаса ўша ихтиёр-а?.. Мендами?

— Кимда эканини жуда яхши биласиз.

— Ие, тилингиз чиқиб қоптими? Ҳой келинпошша, сизнинг гапиргилигингиз йўқ, тузукми?!. Олдин икки-учта болани туғиб ташланг, ана ундан кейин тилингизни бир қарич қилинг!..

Манзура бу тахлит дашномларни илгари ҳам кўп эшитган бўлса-да, бу сафаргиси жон-жонидан ўтиб кетди. Боши ғувиллаб, лаблари асабий титради.

— Менга қаранг, — деди биринчи маротаба қайнонасининг кўзларига тик боқиб. — Менга ҳадеб таъна қилаверманг, хўпми?!. Зўр бўлсангиз, ана, ўғлингиз… Бошқасини олиб беринг! Менам кўчада қолган эмасман…

— Нима?

Меҳри опа кутилмаган гапларни эшитиб беихтиёр ўрнидан туриб кетди. — Нима дединг, қанжиқ?.. Сен ҳали менинг кимлигимни билмас экансан… Ҳали ўғлим келсин, шу гапинг учун қўйдириб, қиз боласини қўйнига солиб қўймасам, Меҳри отимни бошқа қўяман… Вой мараз-эй!.. Вой мегажин-эй!..

— Олиб бер, сассиқ кампир, олиб бер!.. —Манзура йиғлаганча ётоққа кириб олиб кийимларини йиғиштириш асносида алам билан сўзланарди. — Сен бировларнинг уйини бузиб ўрганиб қолгансан… Олиб беравер!..

Хўрланиш, таъналарга ортиқ чидай олмаган Манзура энг керакли кийимларини бир сумкага солиб индамай уйдан чиқиб кетди…

 

***

 

 

Меҳри опа шу сафар ростакамига ғазаб отига минганди. Манзура кетгач, ўзича ичкариларни йиғиштирган бўлди-да, квартирани ёпиб йўлга отланди.

— Мен ҳали сенга кўрсатиб қўяман, жувонмарг! — дея ўзича то бекатга етгунча жавраб борди. — Анави Зулхумор фолбинга бориб ўғлимни сендан совитмасам, қутулмайман шекилли…

Меҳри опа ёши олтмишдан ошган бўлса-да, ҳали кучдан қолмаган. Сочига битта оқ ҳам ораламаган. Пиёда юриш деса, унча-мунчани ортда қолдиради.

Автобусга чиқишниям унутиб Қорақамишдан то Қорасаройгача пиёда кетди. Фолбиннинг уйи ўша томонда эди. Маҳаллаларни оралаб тўппа-тўғри Зулхумор фолбинникини топиб борди.

Дарвозада беш-олтита ўзига ўхшаган кампирлар туришган экан. Ҳовлига кириб бир бурчакка қўйилган ўриндиқлардан бирига ўтириб навбат кута бошлади…

Ниҳоят бошқалар кириб-чиқиб, Меҳри опага навбат етди. Қайнона бошидаги рўмолини ияги билан қўшиб бойлади-да, ясама инқиллаганча фолбин ўтирган хонага кириб борди.

Зулхумор фолбин қирқлардан ошган жувон эди. Кўзлари ўйнаб турарди. Аммо мижозга тик қараб гапирмасди.

— Келинг, опоқи, — дея ўрнидан туриб кўришди у. — Қани, тўрга ўтинг!..

— Раҳмат, айланай, менга мана шу пойгак ҳам бўлаверади…

Меҳри опа пойгакка чўкиб фотиҳага қўл очди.

— Омин, илоё ёмонларнинг юзини тескари қилсин!..

— Хўш, опоқи, нима иш билан келдингиз?

— Менми?..

Меҳри опа секин ташқарига кўз ташлаб олгач, давом этди.

— Мен… Э, бир келиним бор. Беш йилдан бери ўғлимнинг бошини айлантириб юрибди. Туғмайди ярамас. Ўғлим бечоранинг бўлса умри ўтиб кетяпти. Ўзингиз тушунасиз-ку, маҳалла-кўй деган нарсалар бор… Қолаверса, биттагина фарзандим. Мениям невара кўриб, тўйлар қилгим келади…

— Тушунаман, ўргилай, тушунаман!.. Келинниям бошлаб келмабсиз-да!..

— Ие, уни бошимга ураманми?.. Менга ўғлимни ўша мегажиндан совутиб берсангиз деб келгандим, айланай!.. Болажонимни бошқасига уйлантириб қўймасам бўлмайди.

— Ўғлингиз яхши кўрадими ўша… Келинингизни?..

— Ҳамма гап шунда-да, айланай!.. Яхши кўрмай ҳар бало бўлсин бу ёшлар. Эртасини ўйламайди… Бугуни ўтса бўлди буларга.

Зулхумор фолбин бироз ўйланиб қолди. Меҳри опа унга ер остидан тикилиб қараркан, бу жимликнинг сабабини англагандай бўлди.

— Сўраганингизни бераман, жон синглим! — деди қўлидаги катмонни ғижимлаб. — Пулдан қочадиган аёлмасман.

— Гап пулдамас, опоқи… Кейин гап-сўз кўпаймасмикан деб қўрқаман.

— Сиз қўрқманг! Мана мен турибман! Ўзим ҳаммасига балогардонман…

— Бўпти, нимаям дердим?.. Ҳозир…

Зулхумор ичкари хонага кириб, у ердан қоғоз-қалам олиб чиқди. Ўзича қандайдир дуоларни ўқиб қоғозга номаълум сўзларни ёзиб чиқди. Ундан сўнг қўлига оқ ип олди. Яна пичирлаб дуо ўқий-ўқий, бир қарич ипни айлантира-айлантира тугиб чиқди.

— Мана бу “банд”ни ўғлингизнинг кийими ичига билдирмай тақиб қўясиз! — дея икки учи, ўртаси тугун қилинган ипни Меҳри опага тутқазди фолбин. — Чўнтагига солиб қўйсангиз ҳам ҳеч нарса қилмайди. Лекин сездириб қўйманг!.. Манави “эзиб ички”… Буни билдирмасдан ўғлингизнинг овқатига соласиз. Овқатга қўшиб ичиб юбориши керак… Худо хоҳласа, ичиши билан таъсирини сезасиз, ўргилай!..

Меҳри опа шоша-пиша уларни чўнтагига жойлади-да, катмон ковлай бошлади. Ичидан беш-олтита беш мингталик чиқариб фолбинга узатди.

— Айланиб кетай, насиб бўлса, албатта тўйга айтаман сизни. Ўзингиз бош бўласиз…

— Айтганингиз келсин!..

 

***

 

 

Бобур бугун ҳар кунгидан эртароқ уйга қайтди. Йўл-йўлакай дўконга кириб Манзура ёқтирадиган шоколаддан бир қутисини олди. Сўнгра машинасини елдирганча уйга жўнади…

— Ие, ойи, ассалому алайкум! — эшик очилиб остонада ойисини кўрган Бобурнинг чеҳраси ёришди. — Яхши келдингизми?

— Худога шукр, болам! Ўзинг чарчамай келдингми?

Бобур ичкарига кирибоқ Манзурани қидира бошлади.

— Ойи, келинингиз кўринмайди?

— Э, отини атама ўшанинг! Уйига кетиб қолди аразлаб.

— Нимага? Бекордан-бекорга-я?

— Менминан уришди.

— Йўғ-э!.. Манзура-я?

— Ҳа, худди ўша… Жа бир қарич экан тили…

Бобур тундлашиб йўлакдаги стулга ўтириб қолди. Бир муддат сукут сақлагач, беихтиёр ўрнидан туриб эгнига костюмини илди.

— Ойи, мен бориб уни олиб келаман.

— Йўқ, буёққа кир! — ўғлининг йўлини тўсди Меҳри опа. — Мени десанг ялиниб бормайсан.

— Нега энди, ойи?

— Керак бўлса ўзи келади.

— Ойи…

— Кир ичкарига! Ишдан чарчаб келгансан. Сенга ўзинг яхши кўрадиган лағмон пишириб қўйдим. Бир коса ичгин!..

— Ойи, келинингизни олиб келмасам бўлмайди…

Бобур қанчалик мағрур бўлмасин, барибир онасининг раъйига қарши иш тутолмасди. Билмайди… Умрида бирор марта ҳам Меҳри опанинг юзига тик қараб гапирган эмас… Лекин… Манзура-чи?..

— Авлодимда ҳали ҳеч ким хотиннинг кетидан ялиниб борганмас. — деди Меҳри опа. — Ўт ичкарига! Овқатинг совиб қолади…

— Бўпти, — итоаткорона ошхонага қараб юрди Бобур. — Овқатни ичаман-у, жўнайман…

— Бекорларни бештасини ебсан, бола!.. Қани, уйдан қимирлаб кўргин…

Дуо ёзилган қоғоз аллақачон овқатга аралашиб бўлганди. Меҳри опа ўғлининг ошхонадалигидан фойдаланиб йўлакдаги шкафни очди ва костюми чўнтагига бандни жойлаб қўйди. Шундан кейингина секин ошхонага ўтди.

— Уф-ф… — деди оғир хўрсиниб Бобурнинг рўпарасига чўкаркан. — Қачон одамларга ўхшаб неварамни кўтари-иб юрарканман-а?.. Бу қисир сигир ҳали-вери туғмайди… Сен аҳмоқ бўлсанг, кетидан югурганинг-югурган…

— Нима қилай, ойи, югурмай? — Бобур овқатдан бўшаган косани бир четга суриб Меҳри опага ўгирилди. — Манзурага қолса аллақачон туғарди… Ҳа энди… Худо бериб қолар, намунча шошилавермасангиз?

— Ие, беш йил умринг ўтиб кетди, болам!.. Сен тенгилар аллақачон тўй кўрди… Мундоқ танангга ўйлайсанми-йўқми?

— Тўйнинг эрта-кечи йўқ.

— Бекорларни айтибсан. Мениям бойлаб бериб қўйгани йўқ… Гап тамом. Қўясан ўша қанжиқни!..

— Нима?

— Бошқасига уйланасан.

— Ҳечам-да!

— Кўрасан, сен қўймасанг, ўзим бориб жавобини бериб келаман…

Бобур индамади. Зарда билан хонасига кириб каравотга ётиб олди.

“Ухлашини кутаман.  — хаёлидан ўтказди у. — Барибир олиб келмасам бўлмайди… Эҳ, Манзура… Нега менга аввал қўнғироқ қилмади? Индамай кетворгани-чи?.. Мен тирик эдим-ку! Нимага ўйламади?.. Ҳа, ойим бўлар-бўлмас гапларни гапириб хафа қилган бўлса керак. Бўлмаса унча-мунчага кетадиган эмасди… Уф-ф… Жонимгаям тегиб кетди ўзи… Нима қилсам бўлади-а? Буниси онам бўлса, унисини севсам… Бошим қотиб кетди-ку!.. Худойим, нима қилай? Қандай йўл тутсам тўғри бўлади?.. Э, ўлиб кетишмайдими?.. Ҳозир бораман-да, тўйгунимча ичаман…”

Бобур даст ўрнидан туриб йўлакка чиқди. Меҳри опа ваннахонада экан. Эгнига костюмини илди-да, ташқарига ўзини урди…

 

***

 

 

Манзура уйига келиб ҳам тинчимади. Ойиси Тўлғонойнинг юпатишлари ҳам кўзига кўринмади. Каравотга бурканиб олганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Тақдирига лаънатлар ўқиди…

—Ойи, нега мен шунақа туғилганман? — дерди тепасида йиғлаб турган ойисининг қўлларини юзига босиб. — Нега мен таъналар эшитиб яшашим керак?.. Бошқалардан қаерим кам?

— Қўй, болам, куйинаверма! — дерди Тўлғоной қизининг сочларини силаб. — Сени шунчалик хўрлаган бўлишса, бормай қўяқол! Эрсиз қолиб кетмассан…

— Бобур акам-чи? У кишида нима гуноҳ?

— Э, гапирма ўшани!.. Эркак бўлса, битта онасини йўлга олволарди аллақачон. Сени хўрлатиб қўймасди…

— У киши билмайди.

— Мана, қоронғи тушганига бир соатдан ошди. Ишдан келгандир. Йўқлигингни кўргандир. Онаси билан гаплашгандир… Оилам деса келарди-да, шу пайтгача!..

— Келади Бобур акам, мана кўрасиз, келади!..

— Келганда кўрамиз.

Тўлғоной зарда билан ташқарига чиқиб кетди. Манзура ёлғиз қолди. Эрининг эрталабки кулиб хайрлашгани кўз олдига келди. У чиқиб кетаётганда Манзура негадир костюмидан тортиб, сира қўйиб юборгиси келмаганди. Наҳотки, сезган бўлса? Наҳотки ҳаммаси тугади? Энди улар бирга бўла олишмайдими?.. Ҳа, онаси қўймайди. Қарши гапира олмайди Бобур акаси… Демак, севгигаям бунчалик қаттиқ ишониб юбориш нотўғри экан-да!.. Шунчаки гап экан-да!.. Тўғри-да, агар севса келарди. Оёғини қўлига олиб келарди. Келмади-ку мана!..

Шу тобда Манзуранинг миясида қаттиқ оғриқ турди. Кўнгли ағдарилиб ваннахонага югурди. Лекин… Етиб боролмади… Икки-уч қадам босган ҳам эдики, беихтиёр боши айланиб полга юзтубан йиқилди…

 

***

 

 

Бобур ташқарига чиқиб машинасини ўт олдирди-да, бар томон йўл солди.

— Худога шукр-эй, — деди ўзига ўзи кулимсираб. — Ғурбатхонадан чиқиб олдимки, буёғи зўр бўлади…

Шу пайт йўлда бир қиз қўл кўтарди. Бобур тўхташни ҳам, тўхтамасликни ҳам билмай иккиланиб қолди. Машина эса, тобора қизга яқинлашиб келарди.

“Нима қилсам экан? — кўнглидан ўтказди у. — Тўхтасамми, тўхтамасамми?.. Бечора қоронғида ёлғиз қолиб кетган шекилли. Тўхтай қолай, савоб бўлар…”

Машина рўпарасига келиб тўхтаган заҳоти, қиз бошини ойнадан ичкарига тиқиб сўради.

— Чилонзорга обориб қўйинг, ака!..

— Бўпти, ўтиринг!..

Қиз ўтирди. Машина ўрнидан қўзғалди. Бобур секин ойнадан қизга тикилиб қаради. Келишган, бўянишни ҳам ўрнига қўяркан.

“Ярим соат вақт кетаркан… — ўйлади Бобур. — Олиб бориб ташлайман-у, кейин барга кириб бироз ўтираман…”

— Вақтингиз қанақа? — кутилмаганда сўраб қолди қиз.

— Нимайди?

— Сиқилган кўринасиз… Бугун менинг туғилган куним…

— Табриклайман… Нима демоқчисиз?

— Агар вақтингиз бўлса, туғилган кунимни биргаликда нишонласак девдим…

— Шерик йўқми?

Бобур ўзи берган саволдан ўзи уялиб кетди.

— Демоқчиманки, сиз ҳам ёлғизмисиз?

— Ҳа…

Қиз бошини эгиб бирпас жим қолди.

— Ўлғизман… Севган йигитим ташлаб кетди…

— Шунақа денг?.. Қаранг-а, тақдиримиз ўхшаш экан…

— Сизниям ташлаб кетдими?

— Шунақа десаям бўлади…

— Унда… Меникига кириб бирга нишонласак, нима дейсиз?..

— Кафега борсак-чи? — сўради Бобур.

— М-майли…

Шайтон ҳамиша одам билан ёнма-ён юриши худди шу ерда маълум бўлиб қолди. Бобурнинг ҳам хаёли бузилди. Қизга билинтирмайгина назар ташлаб оларкан, шу кечани ҳеч қандай ғам-андуҳларсиз ўтказгиси келди.

“Дунёда аёл биттамиди? — йўл-йўлакай хаёлидан кечган ўйлар уни янада жонлантирарди. — Ташлаб кетди деб аза очишим керакми? Агар севса, мени кутиб турарди. Ў қўнғироқ қилиб маслаҳат сўрарди… Энди ўзидан кўрсин…”

Бобур машинани Чилонзор яқинидаги кафелардан бири ёнида тўхтатди. Ичкарига киришди. Қизнинг исми Мадина экан. Биринчи қадаҳни танишганлари учун олишди. Кейингиси икковлари ҳам бахтли бўлишлари учун кўтарилди… Хуллас, анча ўтириб қолишди. Мадина ҳам, Бобур ҳам ширакайф бўлиб қолишди…

— Хўш, Бобур ака, энди қаерга борамиз? — сўради қиз кулимсираб. Бобур жавоб бериш ўрнига қизнинг белидан қучоқлади.

— Ҳали айтдинг-ку, сеникига борамиз!

— Бўпти, кетдик!..

Машина ўрнидан жилди. Бобур машинани ҳар доим деярли ҳушёр ҳолда бошқарарди. Бу кеча таваккал қилди. Оёқлари газга қаттиқроқ тиралди. “Тико” елдек учиб шаҳар кўчалари бўйлаб кета бошлади…

Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Аввал йўлидан қора мушук ўтди. Бобур пайқамади. Юз метрлар юргандан сўнг кутилмаганда ён кўчадан бир “Нексия” учиб катта йўлга чиқди… Тормозлар чийиллади…

Афсуски… Бобур вақтида тезликни пасайтиришга улгурмади. Кўз очиб юмгунча икки машина тўқнашиб кетди…

 

***

 

 

Манзура кўзини очиб атрофга қаради. Негадир ерда эмас, ҳавода муаллақ турар, теварак бўм-бўш, кимсасиз эди. Фақат аҳён-аҳёнда қандайдир беўхшов, бесўнақай қушларгина ҳов наридан учиб ўтиб қоларди…

У бир муддат иккиланиб турди. Ерга тушмоқчи бўлди. Лекин ўртадаги муаллақлик уни пастлашга қўймади.

— Мен қаердаман ўзи ? — оҳиста шивирлади Манзура. — Нега ҳаммаёқ жимжит?.. Қанақа шаҳар ўзи бу ер?.. Одамлар қани? Ерга кириб кетишганми нима бало?.. Нимага ерга туша олмаяпман?.. Ў ўлганманми?.. Йўқ, ўлмаганман. Ўлганимда бу ерларда юрмаган бўлардим… Ҳойнаҳой, туш кўраётган бўлсам керак…

Манзура оёқларини олдинга чўзди.

Ҳа, қимирлаяпти. Юра оляпти. Гарчи ҳавода бўлса-да, ҳарқалай оёқдан қолмабди…

Қани, нарироқ борсин-чи, балки биронта одам кўриниб қолар. Ўшандан сўраб кўради…

Манзура оёқларини олдинга чўзган сари тезроқ учарди. Шу кўйи беш-олти чақиримлар нари борди. Бир маҳал ўзидан бир чақиримча нарида бир гўдак… Ҳа, оққа ўралган гўдак кўринди. У ҳам Манзурага ўхшаб ҳавода муаллақ турар, жажжи қўлчалари билан нотаниш аёлни ўзига чорларди.

— Ие, бу нимаси бўлди?..

У тезроқ учиб гўдакка яқинлаша борди. Аммо эллик метрлар қолганда чақалоқ қоча бошлади.

— Ҳой, бола, тўхтасанг-чи!.. Кимсан ўзи?.. Нега мени чақириб қўйиб, ўзинг қочиб кетяпсан?..

Бола тўхтамади. Қўлларини баъзи-баъзида силкитиб қўйганча, олдинга интилаверди. Қизиқиши ортган Манзура ҳам унинг кетидан қолмади. Шу кўйи ўн чақиримлар йўл босишди. Шу пайт ерда… Ҳа, аниқ кўрди… Ерда Бобур акасининг жасади кўринди… Ўнида мажақланган машинаси ҳам ётарди…

Манзуранинг жон-пони чиқиб кетди… Нима қилишни билмай бақириб юборди. Бироқ овози чиқмади…

Бобурнинг ўлганини юраги сезиб, пастламоқчи бўлди. Барибир фойдаси бўлмади… Бола эса, ҳамон қўл силкитиб, уни олдинга чорларди…

Манзура узоқ уринишлардан сўнг ҳеч нарсага эриша олмагач, йиғлай-йиғлай боланинг ортидан учишга мажбур бўлди…

— Нега Бобур акам бу ерда ўлиб ётибди? — ўзига ўзи савол берарди йўл-йўлакай. — Унга нима бўлган ўзи?.. Бу ерлар қаер ўзи?.. Ҳой бола!.. Тўхтасанг-чи!.. Нимага мендан қочяпсан? Кимсан?..

— Ўзига келяпти! Ўзига келяпти!.. Палатани бўшатинглар!..

Манзура эслай олмайди… Боланинг кетидан бориб қайсидир кўприк остидан учиб ўтди ҳамки, кўз олдида оқ кийган одамлар пайдо бўлди… Кўзларини каттароқ очишга уринди. Очилмади… Фақат ғира-шира оқ кийган кишиларнигина кўра олди…

— Мен қаердаман? — зўрға пичирлади Манзура.

— Сиз касалхонадасиз, синглим!.. Бемалол кўзингизни очаверинг, қўрқманг!.. Ҳамма балолар ортда қолди!..

Манзура яна бир ҳаракат билан кўзларини каттароқ очишга уриниб кўрди. Бу сафар уддалади. Тепасида ойиси Тўлғоной йиғлаб турганини кўрди.

— Ойижон… Менга нима бўлди?..

— Сиқилма, болажоним, сенга сиқилиш мумкинмас!..

— Нимага, ойи?..

Тўлғоной ўкириб йиғлаганча ташқарига чиқиб кетди. Манзура ҳолсизлиги боис унчалик фаҳмлай олмади.

— Айтинглар, Бобур акам қани? — сўради ҳамширадан.

— Синглим, сиқилманг! Аксинча хурсанд бўлишингиз лозим.

— Нимага?

— Чунки сиз она бўляпсиз. Ҳомиладорсиз…

— Нима?..

Манзуранинг кўзлари катта-катта очилиб ўрнидан турмоқчи бўлди. Лекин ҳамшира елкасидан босиб қолди.

— Ҳозирча мумкинмас… Ўтиб дам олишингиз керак… Икки кунлик “кома”дан чиқдингиз…

— Бобур акам…

— У киши келади… Эртага албатта келади…

Орадан икки кун ўтгач, Манзура касалхонадан чиқди. Бироқ ҳомиладорлиги унга татимади…

Бобур аварияга учраб ҳалок бўлибди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

 

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here