Энди бир клуб иккинчисига икки нафардан ортиқ футболчисини ижарага бера олмайди

0

Илгари ижарага берилган футболчи собиқ жамоасига қарши ўйинга туширилмас эди, энди эса ундай бўлмайди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси янги мавсум олдидан ички чемпионатда рақобатни янада кучайтириш мақсадида регламентнинг бир қатор бандларига ўзгартириш киритди.

Унга кўра, мамлакат футбол клублари ички чемпионатда иштирок этаётган бошқа клубга бундан кейин икки нафардан ортиқ футболчини ижарага бера олмайди. Бир клубнинг аввалгидек уч ёки ундан ортиқ футболчисини ижара асосида рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган клублар мутасаддилари ҳам бу ҳақда билишлари лозим.

Авваллари асосий таркибдан жой ололмаётган футболчиларни бошқа клубларга истаганча ижарага бериш ҳоллари кўп учрар эди. Бунда биринчи навбатда, иқтисодий манфаат кўзда тутилган бўлса, иккинчидан, мавсум давомида рўй бериши белгиланган ўзаро иккита ўйинда айнан ижарадаги футболчилар расмий клубига қарши майдонга туширилмас эди. Энди эса ижарага берилган футболчилар ўзлари биринчи шартнома тузган клубга қарши ҳар қандай футбол учрашувида майдонга тушиш ҳуқуқига эга бўлишади. Мабодо икки клуб ўртасидаги шартномаларда бу ҳолат алоҳида кўзда тутилган бўлса, у ўз кучини йўқотади ёки шартноманинг айнан шу бандига ўзгартириш киритилади.

Шунингдек, 2019 йилги мавсумда Суперлига ва Про-лиганинг “А” гуруҳи вакиллари учун легионер футболчилар лимити 4+1 сифатида белгиланмоқда. Бунда тўрт нафар дунёнинг исталган давлатидан, бир нафари эса албатта, Осиё қитъасидан бўлиши кўзда тутилган. Про-лиганинг “Б” гуруҳидаги жамоалар эса 2+1 кўринишида легионер футболчилар билан шартнома имзолаши мумкин.

 

uza.uz