Ҳикоя: «Жаннат менинг уйимда»

0

Печканинг олови ўчиб қолган, шекилли, уй жудаям совиб кетибди. Икки қават кўрпа остида ётган бўлсам ҳам бўронда қолган мушукдек дир-дир титрайман. Момом чўян печкага ўтин қалайди. Намиққан ўтин ёнаман дегунча, уй тутунга тўлади. Димоғим ачишиб, томоғимни қириб-қириб йўталаман. Ҳали уйқуга тўймаган бўлсам-да, кўзимни  очаман. Бош томонимдаги деворга осилган беҳиларнинг иси иштаҳамни очиб юборади.

— Момо, беҳи ейман…

— Тонг азонлаб беҳи есанг, қорнинг оғриб қолади, қулуним. Ҳали замон олиб берарман.

Икки дона беҳини мендан қизғангани учун момомни ёмон кўриб кетаман.

Бирдан кеча учқунлай бошлаган қор эсимга тушиб, шошиб дераза ёнига келаман. Тахта ромлари эскириб кетган деразанинг ойналари елвизакка ҳам шақирлайдиган бўлиб қолган. Энг тепасидаги синган кўзига сув қоғоз уриб қўйганмиз. Бир шу кўзини ҳисобга олмаса, қолганлари иссиқдан терлаб кетган пешонага ўхшайди.

— Момо, нега ойналар терлаб кетган? Ҳамма совуқдан ваража қилиб ётган бўлса…

— Ҳамма нарсага етган ақлинг шу ерга келганда оқсабди-да, а, маҳмадона?! Ташқари совуқ, ичкари иссиқ. Икки хил ҳароратга чидолмаган ойнанинг хўрлиги келиб турибди. Ҳозир печкани гуриллатиб ёқсам, йиғлаб юбориши аниқ.

— Тавба, жонсиз нарсалар ҳам йиғларканми? Мен энди катта бола бўлиб қолдим, бунақа ёлғонларни укаларимга айтиб беринг.

Момом беозоргина кулиб қўяди. Эшик ёнига солинган бўйра устида пахта чигитлаб ўтирган момомга қараб, айтган гапларимга афсусланаман. Шунча наштарли гапларимга биргина жилмайиши билан жавоб қайтарадиган бундай момо фақат менда бўлса керак, деб ўйлаб қоламан. Бир зумда ҳаммаси эсимдан чиқиб, кафтим билан ойна юзидаги ёшни артаман. Ҳовлимиз оппоқ бўлиб кўринади! Кўзларимга ишонмай, дераза токчасига уюлиб қолган қорни ушлаб кўраман. Дарров бир сиқимини юмалоқлаб, Қорбобо ясашга тушаман.

— Ҳозир ҳаммаёқни сув қиласан, аввал юзингни юв, чойингни ич, кейин қор ўйнайверасан, — деди момом ва  секингина қулоғимни бураб қўяди.

Чой ичганим билан ичимга тушармиди? Тезроқ Ғани билан Эшматни чақирсам-у, маза қилиб сирпанчиқ учсам.

Ювинишга илиқ сув тайёрлаш учун печка устидаги човгумни ташқарига ола чиқаман. Момом қор тўлатилган офтобани эшик оғзига қўйган бўлади. Човгумдаги қайноқ сувни офтобага солишим билан нимадир тирс этганини эшитиб қоламан. Бу товуш мен бошига етган  офтобаларнинг ёрилишига ўхшайди. Момом кўриб қолмасидан секин қуённинг расмини соламан, худдики уйга бошқа қайтиб келмайдигандек… Ҳали ғарчи кетмаган этигимни кийиб, кўчага отиламан. Мендан бошқа болаларнинг ҳаммаси ташқарида бўлади. Устим юпунгина.  Пойчамни бураб-бураб этигимнинг қўнжига қистираман.

— Ҳой қиз, қилар ишни қилибсан, кечдим шу офтобадан. Уйга кир, сутчой қилиб бераман.

— Алдайсиз, сутчойни қаёқдан қилардингиз, сигиримиз ҳали туғмаган бўлса…

— Қувлигингдан сенга гап айтиб бўлармиди. Этингни совуқ олмасин, дейман-да, гиргиттон!

Момом энг охирги гапини чин дилдан айтганини биламан. Шу топда қия очиқ дарвозадан мўралабгина турган пари кампирни қаттиқ қучгим келади. Лекин тойинчоқни ким учади? Ана шуниси муаммо-да!

— Момо, гиттаккина ўйнай…

— Ўйна, ўйна, зора ичингдаги оловинг сал пасайса…

Момом мастагининг чўнтагидан бир бурда нон олиб, ариқ бўйида ризқ излаётган қушларга ушоқ сочади-да, уйга кириб кетади.

Момом айтган гапларни муҳокама қилиб, жўраларим мендан узоқлашиб кетганини пайқамай ҳам қоламан. Кетларидан шаталоқ отиб югураман. Кўчамизнинг боши кенгсойга бориб қўшилади. Баҳорда бу ерларни сел ювиб кетади. Шунинг учун бўлса керак, бу ер уйлардан анча пастдай кўринади. Айтишларига қараганда, қишки кенгсой жуда хавфли бўлар эмиш. Томоқдан қийналган бўри борми, тулки борми, хўрак учун шу ерларга уя қазирмиш. Пастлик томон секин йўрғалаб бораётган жўраларимнинг ортидан бориб, «ваххх» дейман. Чумчуқюрак Ғани ҳам, хомсемиз Эшмат ҳам олди-орқасига қарамай қочади. Атрофда мендан бўлак ҳеч зоғ йўқлигини кўргач, аямай қорга пишинтиришади. Бўларим бўлади, лекин уйга қайтишдан кўра бўрининг уясини излаб топиш қизиқроқ туюлади. Кимда-ким бўрининг уясини топса, тўдабоши бўлади. Шунга келишиб олганмиз. Юрагим дов бермаётган бўлса-да, ҳамманинг олдида ўзимни ботир қилиб кўрсатиш учун сафнинг олдига тушиб илдамлайман. Оёғим бирор қияликдан сирпангудай бўлса, ўзимни худди бўрининг уясига тушиб кетаётгандек сезаман. Қўрқаётганимни билдириб қўймаслик учун ёнимдагиларга қарамасликка ҳаракат қиламан. Қишлоқдан анча узоқлаб кетамиз. Онда-сонда ниманингдир чўзиб улиганини эшитиб, кўзларимиз олазарак бўлиб бир-биримизга қараймиз. Кун ёруғ бўлса ҳам, кўнглимиз қоронғи… Оқлик ва сукунат чўмган бийдай далада қора қарғанинг қағиллашидан бўлак сас йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, яна йўлда давом этамиз. Ўнгга ҳам, чапга ҳам қаролмайман, худдики қарасам, ён тарафимда оч бўрилар тўдаси пайдо бўладигандек. Шу пайтда кўзим кулранг шарпани илғайди. Қочай десам, номим қўрқоққа чиқади, қочмай десам, уйга қайтмаслигим аниқ. Олдимдан чиққан бўри изларини кўриб, шубҳаларим ўринли эканлигига амин бўламан.

— Кечиринг мени, моможон! Улоғиб кетиш нима эканини энди тушундим!..

Хаёлимдан тинмай уларни ҳуда-беҳудага ранжитганим ўтаверади. Қаршимиздан чиққан ўра бизни тамоман саросимага солиб қўяди. Иннинг оғзи майин тупроқ билан ўралган, демак, яқинда қазилган. Кўзим илғаган кулранг шарпа шу иннинг эгаси эканлиги аниқ. Қорнинг ғичирлашидан кутилмаган меҳмон келганини пайқаган бўриваччалар инидан секин мўралайди. Аммо сира бўри боласига ўхшамайди. Эшмат хомсемизнинг айтишича, бу юмронқозиқнинг ини эмиш. Кўнглим хотиржам тортади. Ҳалиги шарпани ҳам бироз унутгандек бўламан. Тўдабоши бўлиш осон эмаслигини ўнг кўнглим билан ўйлаб улгурмай, чап ёнимдан тишлари сўйлоқ, тирноғи ўроқ, эти паҳмоқ катта кулранг бўри менга қараб ташланганини пайқаб қоламан. Шундан сўнг кўзимни Холиқ чўпоннинг ўтовида очаман. Чоғроққина ўтовда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор. Гир айлантириб илиб қўйилган сархил меваларни кўриб, сўлагим оқади. Эрталабдан буён туз тотмаганим, юрагим озганини ҳис қиламан. Бурним остида турган аччиқ исли  рўмолчадан кўнглим озади. Жўраларим мени ўлиб қолади, деб ўйлаганидан ҳеч бири қатордан қолмай тепамда тизилиб туради.

— Хайрият-эй, кўзини очди. Биз эса сени ўлиб қолди, деб ўйладик…

— Сен бўри деб ўйлаганинг Ғанининг ити эди-ку. Сафимизга келиб қўшилганини пайқамадинг ҳам.

— У ёқ-бу ёғига қараса пайқайди-да…

Болаларнинг чув-чувини Холиқ чўпон бўлади:

— Бўри одамлар яшайдиган жойларда ин қурмайди. Биладики, одам боласи уни ҳам, болаларини ҳам тинч қўймаслигини. Яна улар шу даражада зеҳнли бўлишадики, уясига яқин овулдан ов қилмайди. Бизга ўхшаган чўпонлар хонумонига ўт қўйишини билгани учун бошқа маконнинг қўйларини бўғизлашади, ўзлариникини эса қўриқлашади. Тағин ҳам ким билади дейсизлар, эҳтимол, фақат бизнинг тоғлардаги бўрилар шундайдир.

Ўтовнинг эшиги очилиб, эшик оғзига тутиб қўйилган гиламчани кимдир қиялатади. Ҳали тўла гавдаси кўринмаган бўлса-да, у момом эканини биламан. Кенгсойгача отда келган одамнинг ўпкаси оғзига тиқилади-ку, момом қандай етиб келгани ёлғиз Худога аён. Югуриб чиқиб совуқдан учиб-қўниб турган озғин елкаларини қучаман. Қорга тўлган калишларини кўриб ичим яхлайди. Мунгдан киртайган қароғларига қараб «Бошқа улоқмайман, моможон!» дейман. Қадоқ, аммо қайноқ қўллар юзимни силайди. Момо ва набира елкалашиб уйга қайтамиз. Мен уйга жаннатни бошлаб кетаётгандек бўламан. Момом бор уй мен учун Ердаги жаннатга ўхшаб кўринади…

Лобар ҚАНДАҲОРОВА