СНАЙПЕР… (10-қисм)

0

 

* * *

 

Бўлаётган воқеаларнинг барчаси Мирсоли учун худди алақ-жалақ тушдек туюларди. Шунга қарамай, у каравотга ястаниб олганча узоқ ўйлади. Ўғрибошининг муомаласини, айтган гапларини хаёлидан ўтказиб, мулоҳаза қилди. Муносабатлар ҳам, ваъдалар ҳам ҳақиқатга яқиндек туюлди. Подполковник ҳақида ўйлаганда эса бу ҳақиқат учқунлари Мирсолидан узоқлашаверди. Қанча улар томон талпинмасин, учқунлар гўё осмондаги милтиллаб ғойиб бўлган юлдуз янглиғ узоқлашаверди.

«Каллам ишламаяпти, — кўнглидан ўтказди Мирсоли. — Прокурорлар ҳам бойиб кетишни мўлжаллашаркан. Бой эмасми ҳозир? Камида «Жип»да юришади-ку! Нега яна бойигиси келади? Ҳали йўқ пулга шунчалик жўшиб кетяпти. Кейин нима бўлади? Э, худо билади нима бўлишини. Тупурдим ҳаммасига, тупурдим! Ҳаммаси чалкашиб кетди, расво бўлди! Падарига лаънат!..»

Шундай хаёллар оғушида Мирсоли ухлаб қолди. Қанча ухлади, билмайди, камера эшигининг шарақлашидан уйғониб кетди. Соқчи кирибди.

— Қани, бўл тез, — буюрди соқчи паст овозда. — Нарсаларинг қолиб кетмасин!

— Бирор ерга кетишим керакми? — атайин билмасликка олиб сўради Мирсоли. — Тинчликми?

— Ўзингни анқовликка солма, — деди соқчи эҳтиёт шарт қия очиқ эшикдан ташқарига кўз ташлаб олиб. — Ҳаммасидан хабаринг бор-ку! Ишинг тамом бўлди бу ерда! Шаҳарга жўнайсан! Фақат унингни чиқарма! Хитланиб қолишмасин!..

— Хўп бўлади! — Мирсоли кулимсираганча икки қўлини орқага қилган кўйи соқчининг олдига тушди.

— Деворга ўгирил! — буюрди соқчи яна паст овозда йўлакка чиқишгач. Ўзи эса эпчиллик билан камера эшигини ёпди.

— Энди тўғрига юр!

 

* * *

 

Мирсоли ҳайрон эди. Наҳотки, ўғрибоши подполковникнинг айёрона тутган ишларидан бехабар бўлса? Шунчалик содда, гўлмикан? Тумшуғининг остига яширин эшитиш мосламалари ўрнатилса-ю, бехабар қолса! Унда ўғрибошилиги қаерда қолди? Нега?

«Йўқ, бу ерда бошқа бир «ўйин» борга ўхшайди, — ўйлади Мирсоли турма машинасидан шаҳар четроғида тушиб қолгач. — Ментлариям, ўғрибошисиям қанақадир сирлидек туюляпти. Буёғига ҳушёр турмасам бўлмайдиган кўринади. Қизиқ, энди кимга учрашаман-у, қаерга бораман? Подполковник ҳам айтди-қўйди шекилли-да! Мана, ҳадемай шаҳар марказига етаман, ҳалиям жимжитлик. Турма, ўғрибоши билан бўлган суҳбатлар, подполковникнинг ваъдалари, янги иш, квартира… Ҳаммаси беҳудага ўхшайди. Ишқилиб, икки йўл орасида қолмасайдим!..»

Мирсоли икки йўл орасида қолмади. Орқадан ўқдек учиб келган хориж машинаси рўпарасига етганда тўхтади ва ўрта бўйли, аммо мушаклари бўртиб чиққан, юзини ҳуснбузарга ўхшаш алламбалолар қоплаган рус йигити пастга тушиб, Мирсолининг йўлини тўсди.

— Сен кимсан? — худди зўравонлар каби дағдағали оҳангда сўради Мирсоли йигитга еб қўйгудек тикилиб. — Қоч йўлдан!

— Мен Мишаман, — ўзини таништирди йигит машинаси томонга бир қараб олиб. — «Большой» тайинлаган. Ҳозир сени квартирангга олиб боришим керак экан.

— Менинг ҳеч қандай квартирам йўқ, — деди Мирсоли сир бой бермай. — «Большой»инг ким? Унақа одамни танимайман.

— Ҳазилни бас қилсанг-чи, оғайни, — ниҳоят кулимсираб Мирсолига бошдан оёқ разм солди Миша. — Отахон қўнғироғимни кутиб ўтирибди. Сени жойлабоқ унга хабар беришим лозим. Юр, қайсарлик қилма! Ишонсанг, ишим мана бу ердан! Қани, машинага, «Крутой»!..

Сўнгги сўзни эшитгандан кейингина Мирсоли бу йигит ҳақиқатан ўғрибошига тегишли эканига амин бўлди. Ерга чирт этиб тупурди-ю, ярқираган машинага ўтирди. Аммо Миша моторга ўт қўйишга шошилмади. Мирсолига зимдан боқиб, бир неча маротаба бош чайқаб олди-да, яна савол беришга тутинди.

— Бир нарсага ҳайронман, — деди у. — Сен қамоқдан қочдингми? Қочган бўлсанг, нега жудаям хотиржамсан? Одатда қамоқдан қочганлар пана-пастқамларда пусиб яшашарди. Сен бўлсанг, катта, серқатнов йўл четида бамайлахотир юриб кетаётгандинг. Ахир, ментлар сени қидиришаётганини биласан-ку! Нимага беркинмадинг? Нега қўрқмадинг?

Мирсоли унга жавобан кулиб қўйди.

— Мен фақат худодан қўрқаман, — деди ниҳоят жиддийлашиб. — Пешонамга ёзилган ёзуғлардан қоча олмаслигимни жуда яхши биламан. Агар қўлга тушиш пешонамда бўлса, пусиб яшасам ҳам барибир шу иш бўлади. Шундай экан, нима қиламан қўрқиб? Қолаверса, мен «Большой» амакининг қудратига қаттиқ ишонаман. У одам менга пусиб юришни тайинламаган. Демак, бир нимаси бор. Акс ҳолда албатта тайинлаган бўларди. Тушунтира олдимми?

— Қойил! — унга тик қараб сўз қотди Миша. — Сендан худди шу гапларни кутгандим. Ўзимизнинг одам эканингга яна бир карра амин бўлдим, «Крутой»! Хўш, кетдикми?

— Кетдик, Миша, кетдик! Жудаям чарчадим. Дам олишим зарур!

 

* * *

 

Орадан уч кун ўтди. Мирсоли ўзи учун ажратилган квартирада ёлғиз яшар, ўғрибошидан хабар келишини кутарди. Гарчи квартирада дам олиш, кўнгил ёзиш учун барча нарсалар муҳайё бўлса-да, сира хотиржамликка берила олмасди. Биларди, мерган, спортчи, муштлашишда тенгсиз, ҳар қандай манаман деганга арзирли жавоб айта олади. Аммо одам ўлдириш ҳақида ўйлай бошласа, барибир безовталанарди. Юраги орқага тортиб, кўнгли беҳузур бўла бошлагандек туюларди.

— Ҳақиқий киллерлар қандай дўндиришади бу ишни? — ўйларди қовоқ уйиб. — Одам ўлдириш нима бўлгандаям оғир гуноҳ-ку! Мен бўлсам, худди шу гуноҳни танладим. Йўқ, нималар деяпман? Гуноҳ фақат одам ўлдиришмас. Гуноҳларнинг тури кўп дунёда. Ҳар ким ўзи билганича тирикчилик қилади, пул топади. Ана, қанча урушлар бўлган тарихда. Ўшанда ҳам оддий аскарлар душманни қўлида қурол билан ер тишлатган эмасми? Аскарлар ҳам гуноҳга ботганми унда? Мен ўлдиришим лозим бўлган одам ҳам ўша душмандан баттар кимса. Каллакесар, ўғри, жиноятчи, бадбахт. Ундайларнинг бу ҳаётда яшашга ҳақи борми? Йўқ, сира ҳақли эмаслар. Қолаверса, ўғрибоши мени бирдан бойитиб юборишни кўзлабди. Бунинг нимаси ёмон? Камбағал бўлиб туғилдим, шундай яшадим. Энам раҳматли мени боқиш учун даладан келмасди. Тўгараклар, секцияларга қатнашим учун ҳам энам балогардон бўлган, катмонидаги охирги чақаларни бериб бўлсаям ўқитди, шуғуллантирди. Буёғига бойваччалардай кун кечирсам, бунинг нимаси ёмон? Энамнинг қабри тепасига қора мармардан ёдгорлик тоши ўрнатардим, суратини тошнинг ўртасига ўйиб жойлаштирардим. Қабридан ҳар куни хабар олиб, гуллар ўстирадиган одамни ёллардим. Энамнинг ҳақи йўқми шундай ҳурматга? Албатта ҳақи бор. Бу менинг бурчим…

Ярамас, анави подполковникнинг орага суқилгани сира ёқмаяпти-да! Қаердан хитлана қолди, худо билади. Пулнинг ярмисини талаб қиляпти. Булардан қочиб қутулиб ҳам бўлмайди. Дарров қўлларингни кишанлаб турмага тиқади аблаҳлар. Майли, олдин ишни битирай-чи, бир гап бўлар. Пулларнинг ярмини олса, мени қўллаб юрармиш-ку! Кўрамиз-да қандай қўллашини!.. Қизиқ, қанақадир ҳамкорликка шаъма қилди. Қандай иш экан ўзи? Сотқинликмикан? Агар шундай бўлса, бўйнимга пичоқ тирасаям рози бўлмасдим. Сотқинлик қилиб пул топгандан ўлиб кетган яхши…

Шундай хаёллар исканжасида ўтирганда, ташқари эшик безовта тақиллади. Мирсоли дарров сергак тортиб югурганча йўлакка чиқди ва эшикни очди. Миша экан. У ҳар эҳтимолга қарши подъездга ўғринча қараб олди-да, ичкарига ўзини урди.

— Тез отлан, ишни бошлайсан, — деди у пичирлаб. — Бугун «мижоз» электр ташкилотига бораркан. Икки соатдан кейин ўша ерда бўлади. Биз у келиб тўхтайдиган ерга рўпара бинодаги том остини тайёрлаб қўйдик. Қурол ҳам ўша ерда. Ими-жимда ишни битирасан-у, қуён бўласан. Квартирага ўз оёғинг билан етволасан. Қоидаси шунақа. Ментларнинг қўлига тушсанг, сен бизни танимайсан, биз сени.

— Вақт ҳам кечга қараб кетяпти-ку, — деди Мирсоли. — Адашмасам, соат кечки учга яқинлашяпти. Улгурармиканмиз?

— Вақт билан ишинг бўлмасин! «Большой» ҳисоботимни кутиб ўтиради уёқда. Бўлсанг-чи!

 

* * *

 

Киллер жойлашадиган манзил ё кимсасиз боши берк кўча, ёки худди мана шунга ўхшаш турли ёқимсиз ҳидлар таралиб турувчи том ости бўлиб чиқади. Буни Мирсоли илк иш бошлаган кунлардаёқ англаб етган. Винтовкани ҳам иш жойига ташлаб кетишади. Кўчада кимнингдир ҳаётига нуқта қўйиш зарурати туғилса, қуролни киллернинг қўлига, алламбало қутиларга солган ҳолда тутқазишса керак. Мана, бугун ҳам ўша илк кундаги манзара такрорланмоқда. Мирсоли шошилмасдан қўлига бир марта ишлатиладиган қўлқоп кийди. Бу иш қуролда бармоқ излари қолмаслиги учун амалга оширилади. Қўлқоп кийилгач, винтовкани обдон йиғиб, дурбин орқали «объект» пайдо бўлувчи жойни кўздан кечирди. Нишонга олиш учун жуда қулай ер танлашибди. Демак, ҳализамон у умрида қилиб кўрмаган, етти ухлаб тушида кўрмаган ишга қўл уради. Одам ўлдиради. Бир марта тепкини босса-бас, жабрдийда шу заҳоти ерга қулайди. У эса ҳеч нарса бўлмагандек, винтовкани ерга қўяди-ю, жуфтакни ростлайди. Ўтган гал ҳам шундай қилиши лозим эди. Афсуски, сўнгги лаҳзаларда айниди. Ўқ узмасликка қарор қилди. Чунки отиб ўлдириши шарт бўлган одам ўзи нон-тузини тотган аёл эди. Мирсоли қанча ўзини зўрламасин, қалби йўл бермади. Худога айтгани бор экан. Буюртмачилар ғазабидан қутулиб қолди. Аксинча уларнинг адабини берди. Бугун бўлса, ҳарқалай ўша саҳна қайтарилмайди. Сабаби, бу кимсани умрида кўрмаган, у Мирсолига ҳеч ким эмас. Ўғрибошига ўхшаган зўравонлардан бири. Демак, ишни битиради-ю, ортга қайтади…

Қизиқ, одамзод танасига ўқ тегса, қай аҳволга тушаркин? Жони қаттиқ оғриса керак?!. Ўзи-чи? Ўзи не кўйга тушади? Ахир, қондан қўрқарди-ку! Тасодифан қонга кўзи тушса, ҳушидан кетиб қолмасмикан? Йўқ, ундай бўлмайди. Ҳаммаси яхши бўлади…

Орадан бир соатча вақт ўтгач, Мирсоли яна винтовка дурбинидан боқди. Не кўз билан кўрсинки, жабрдийда ўтирган, Миша таърифлаган машина пастқам бино қаршисига келиб тўхтади. Мирсоли шоша-пиша тепкига бармоғини қўйди. Ҳаш-паш дегунча машинадан икки нафар барзанги тушди. Улардан бири эпчиллик билан бориб машинанинг нариги эшигини очди. Ниҳоят баланд бўйли, калбош, тахминан қирқ-қирқ бешлар атрофидаги башанг кийинган эркак пастга тушди. Мирсоли худди шу эркакни ўлдириши лозим эди.

Эркак худди шу томонга юзланганча ёнидагиларга нималарнидир уқтира бошлади. Худди шу паллада Мирсоли эркакнинг бошини мўлжалга олди-да, тепкини босди…

 

* * *

 

Бу Мирсоли учун даҳшатдан-да қўрқинчлироқ манзара эди. Ишни бажаришга бажарди-ю, юраги музлаб кетди. Пешонасини муздек тер босган кўйи гўё карахт кимса каби аранг йўлга чиқиб такси тўхтата олди. Эркак йиқилган жойда бақир-чақирлар кучайгани ҳам, «Тез ёрдам» машинаси сиренасининг шовқини ҳам қулоғига кирмади. Шундай ҳолатда бир амаллаб квартирага келди ва ечинишни ҳам унутиб каравотга ўзини ташлади.

«Мен ваҳший маҳлуқданам жирканчлироқман, — ўйларди Мирсоли ётган ерида. — Мана шу қўлларим билан одам ўлдирдим. Бир бегуноҳнинг умрига зомин бўлдим. Отам, энам нафратланиб яшаган ишга қўл урдим. Уларнинг руҳини чирқиллатдим. Наҳотки, дунё шунчалар тор бўлса? Маразлик қилдим-ку!.. Тўхта, нега бундай деяпман? Ўзим эмасмидим яқин-яқинларда зўрларнинг зўрига айланишни орзулаган? Мен эмасмидим ҳамма мендан қўрқишини хоҳлаган? Нима учун энди афсусланяпман? Зўр бўлиш учун фақат шу кўчага кириш керак. Бусиз ҳеч қачон зўрлар зўрига айланиб қолмайди одам. Ана, агар ўғрибоши ростданам мард бўлса, сўзида туриб бойлигини менга васият қилади. Кўрибсизки, мен бир зумда бадавлат одамга айланаман. Кимсан Мирсоли ёки «Саша Крутой» бўлиб, зўрлар дастурхонига тортинмай, иккиланмай қўл чўза оладиган даражага етаман. Бунинг нимаси ёмон? Агар зўрроқ, кучлироқ бўлмасам, ўша поезд йўли ёнида Содиқ баччағар ҳамтовоқлари билан бирга мени ўлдириб юборарди. Шундай экан, афсусланишга ҳақим йўқ. Олдинга, фақат олдинга қадам босаверишим зарур…»

«Большой» сўзида турди. Шомга яқин квартирага Миша кириб келди.

— Баракалла, «Крутой», — дея Мирсолининг елкасига қоқди Миша. — Ишни жуда қойиллатибсан. Оғамиз ҳам азбаройи қувонганидан бугуноқ сени хурсанд қилишимни буюрди. Ажойиб одам-да оғамиз! Ҳеч қачон ваъдасидан қайтмайди.

— Хўш, қандай хурсанд қиларкансан? — сўради Мирсоли атайин. — Хурсанд бўлишга арзийдими ўзи?

Миша сезилар-сезилмас энсасини қотириб қўйди-да, киссасидан калит ва қандайдир тўртбурчак буюмни чиқариб Мирсолига узатди.

— Бу ўғрибошининг сенга берган ваъдаси, — деди Миша. — Манависи банк карточкаси. Карточкада ячейка коди ва рақами бор. Калит билан ўша рақамдаги қутини очасан. Табриклайман, мерган! Сен кимсан «Большой»нинг ишончига кирдинг. Энди ошиғинг олчи бўлади!..

Мирсоли буюмларни қўлига олиб улгурмай, Мишанинг телефони жиринглай бошлади.

— Ана, топширдимми-йўқми, текшириб кўришмоқчи, — деди Миша телефонни қулоғига тутаркан. — Чўнтакка ур буларни, бойвачча! Алё! Ҳа, мен! Нима? Қ-қачон? Қ-қандай қилиб? Нега?..

Миша шу сўзларни тилига кўчирди-ю, бўшашганча диванга ўтириб қолди. Мирсоли унинг ранги пахтадек оқариб кетганини кўрди.

— Тинчликми? — Мишанинг ёнига ўтириб безовта оҳангда сўради Мирсоли. — Нима бўлди? Гапирсанг-чи! Нега рангинг оқариб кетди? Гапир!

Миша иложи борича ўзини босишга уринарди-ю, асабийлик туйғусини сира жиловлай олмасди.

— Тамом! — деди икки бошини кафтлари орасига олганча ер чизиб Миша. — Тамом ҳаммаси, тамом!

— Вей, намунча қон бўляпсан? Менга айт нима гаплигини! Балки ёрдамим тегиб қолар-а? Гапирсанг-чи, хумпар!

Миша илкис бошини кўтарди-да, Мирсолига совуқ тикилиб шивирлади:

— «Большой» ўзини осиб қўйибди!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here