СНАЙПЕР… (9-қисм)

0

 

* * *

 

Узун йўлак бўйлаб кетиб бораркан, негадир Мирсолининг руҳидан раҳматли онаси ўтгандек туюлди. Бу мавҳум манзара бир неча сониягина намоён бўлди. Шундоқ кўз ўнгида ўша муштипар она сиймоси ҳозир бўлди-ю, «Болам, қўлингни қонга бўяма!», деди ва дарров ғойиб бўлди. Фақат ўзигагина маълум бу воқеа Мирсолининг кўнглига баттар ғашлик солиб, қадамларини оғирлаштиргандек бўлди. Аммо у қаердалиги, не юмуш туфайли турмага тушганини унутмаслиги, акс ҳолда бошига не кўргиликлар тушиши муқаррарлигини ҳар лаҳзада идрок этиб туриши шартлигини биларди. Шунинг учун миқ этмай, то соқчи тўхташ ҳақида буйруқ бермагунча йўлида давом этди. Йўлак охирига етгач, буйруқ қулоқлари остида жаранглади.

— Тўхта! Деворга ўгирил!

Мирсоли тушундики, ўнгдаги камерага киради. Камера ташқаридан қараганда, бошқаларидан умуман фарқланмасди. Ҳатто алоҳида соқчи ҳам қўйилмаган. Бошқа камералар каби ним қоронғи йўлакка яшил бўёқларини кўз-кўзлаб турибди.

Соқчи камера эшигини очди-да, Мирсолини ичкарига имлади.

— Киравер! Мен чақирмагунча чиқмайсан!

Мирсоли бир марта чуқур хўрсинди-да, аста ичкарига қадам қўйди.

Ҳа, фарқнинг зўри худди шу ичкарида экан. Биринчидан, камера анча кенг, дарча остига каттакон музлаткич, унинг ёнидаги чиройли, бежирим стол устига телевизор жойланган. Чап тарафга эса диван, қарама-қарши тарафга каравот қўйилган. Умуман, камера бир қарашда одмигина меҳмонхона номерини ҳам эслатиб юборарди.

Кирибоқ диванда оёқларини чалиштирганча ўтириб, нимадир ичаётган аристонга кўзи тушди. Унинг ёши олтмишдан ошган, соқол қўйган худди ўша «Большой» деганлари эди.

— Ҳа, келдингми, мерган? — ўтирган ерида совуққонлик билан савол ташлади аристон. — Хўш, нега қаққайиб қолдинг? Ўтир диванга!

Мирсоли иккиланиброқ бориб диван четига чўкди.

— Сен экансан-да, полковникни ер тишлатган-а? — сўрашда давом этди «Большой» Мирсолига шубҳали нигоҳларини тикиб. — Қани, айтиб бер-чи! Қандай қойиллатдинг бу ишни?

Мирсоли сўз бошлашга шошилмади. Ер остидан аристонга боқиб, обдон кузатди. Ўзича унинг руҳиятини ўрганмоқчи бўлди. Бироқ бу ишни амалга оширишнинг сира имкони йўқ эди. Ўғрибошининг чеҳраси шу қадар сирли эдики, Мирсоли каби бўз йигит бу сирни очишга ожиз қолаверди.

— Нега индамай қолдинг? — сўради ўғрибоши сал дағаллашиб. — Нимага келдинг олдимга унда? Мени кузатиш учунми?

— Амаки, хафа бўлманг-у, — ниҳоят тилга кирди Мирсоли. — Мен ўз сирларимни ҳеч кимга раво кўрмайман. Одатим шунақа?

— Ҳа-а, шунақами? Жа пишиқ-пухта экансан-ку-а? Қойил! Биласанми, сени кўрдим-у, негадир юрагимда шубҳа уйғонди. Ахир, сендай бир ёшгина йигит полковникдақа катта охурдан ем ейдиган баччағарни қандай ўлдириши мумкин?

— Билмадим… Ишим шунақа. Мени шундай ўргатишган.

— Шунақа дегин? — ўғрибоши ҳануз шубҳалар денгизида сузган кўйи Мирсолини саволга тутишда давом этди. — Менинг йигитларим киллер малладан келган дейишганди. Бунга нима дейсан? Сен қорача экансан. Қани, шуни тушунтириб бер-чи!

— Биринчидан, — Мирсоли бўш келмай ёлғонлар тўқишдан тўхтамаган ҳолда дадил жавоб қайтарди. — Сизнинг йигитларингиз билан қоронғида учрашганман. Иккинчидан, мен «капишўн»дайдим. Менинг малладан келганимни қандай билишибди улар? Юзимни яхши кўрмаган бўлишса…

— Гапинг тўғри, — деди ўғрибоши норози тиржайиш қилиб. — Буни айтишувди… Умуман, ҳақсан. Сенга ишондим. Баракалла, ўғлим, баракалла! Текширувдан жуда яхши ўтдинг.

— Бунақа синовларга дуч келавериб пишиб кетганман, амаки, — деди Мирсоли жиддий оҳангда. — Шундай экан… Шубҳаларингиз беҳуда!

— Раҳмат, ўғлим, бир нарсани тушуниб ол, бизнинг ишда минг марта чамалаб, бир бор кесилади. Усталаримиз шуни миямизга қуйишган.

— Буниям биламан.

— Ана, энди дастурхонга қара, — ўғрибоши беихтиёр чеҳраси очилиб, хонтахта устидаги коньяк тўла шишага қўл узатди. — Сен билан ҳозир охирги ишингни ювамиз.

— Мен ичмайман, узр, — деди Мирсоли бош чайқаб. — Фақат хафа бўлманг, амаки, умримда ичмаганман.

— Жуда яхши қиласан ичмай. Бу баччағар одамни йўлдан чиқаради. Биз энди… Ҳалигидай ўрганиб қолганмиз. Майли, манави мевалардан ол унда! Мен сендай тўғрисўз, ботир йигит учун бир қадаҳ оламан.

Шундай деб ўғрибоши қадаҳлардан бирига яримлатиб коньяк қуйди ва бир кўтаришда сипқорди.

— Ўғлим, — деди бир муддат бош эгганча сукут сақлагач у. — Кўриб турибсан, сен-у биз яхши жойдамасмиз. Мени-ку, қўй, умрим шу ярамас ерларда ўтди. Очиғи, мен озодликдагидан кўра бу ерда ўзимни тетик ҳис қиламан. Аммо сенинг турмада ўтиришинг менга сира ёқмаяпти. Айниқса, кушандаларимдан бирини тинчитиб берган йигит турмада ўтирса, менга алам қилади. Йўқ, сен зудлик билан бу ердан чиқиб кетишинг керак. Керак ҳам эмас, шарт, ўғлим! Оти ўчсин турмаларининг!

— Афсуски, кеч бўлди, — деди Мирсоли ер чизиб. — Ғишт қолипдан кўчиб бўлган.

— Кўчмаган. Бу ишни бизга қўйиб бер! Ие, шундай йигитни турмадан чиқариб ололмасам, нима қилиб ўғрибоши бўлиб юрибман. Нега ўғрибошилар тожини кийганман ўзи? Йўқ, бу ишни эрталабгача уддаламасак бўлмайди.

Мирсоли тушундики, гап буткул бошқа мавзуга бурилиб кетмоқда. Агар шошилмаса, прокурорнинг топшириғини бажара олмайди. Бу дегани, турмадан чиқиши яна ортга сурилади. Билади, прокурор то ишни қойиллатмагунча озодликка чиқармайди. Шошилиши керак…

— Амаки, умуман, ўша полковник сизга нима ёмонлик қилувди. Шунақа аблаҳмиди?

— Буни қўйиб тур, — ўғрибоши мавзуни ўзгартиришга шошилмасди. — Ким бўлсаям, ўз бошини еди. Сен гапларимни яхшилаб эшит. Уқдингми?

— Уқдим, — деди бўшашиб Мирсоли. — Гапираверинг!

— Кўриб турибсанки, мен қариб қолдим. Мана шу кўчага кириб, оила қуриш-у, фарзанд орттиришданам воз кечганман. Нима қилай? Бизнинг ишда талаб шундай қўйилади. Ўғрибоши тожини кийиш учун инсон мана шу икки нарсадан кечиши шарт. Буёқда эса, бир дунё бойлик орттирдим. Хўш, у бойликни кимга ташлаб кетаман? Гўримга елкалаб кетолмайман-ку! Тўғрими?

— Тўғри.

— Мен ҳозир ўйлаб туриб бир қарорга келдим. Биласанми қанақа қарорга келдим?

— Йўқ, билмайман, — елка қисди Мирсоли.

— Ўша бойликларимни сенга хатлаб бергим келди.

— Менга? Нега?

— Ахир, сен менга яхшилик қилдинг. Қолаверса, жуда ёқиб қолдинг. Кўнглимдагидай йигит экансан. Хуллас, гап битта. Бор пулларим катта бир банкда ётибди. Ўшаларни сенга хатлаб берсам, жуда тўғри бўлади. Худо хоҳласа, сен билан ҳали кўп суҳбатлашамиз, фойдали ишлар қиламиз. Нима дейсан?

— Ҳайронман, — деди кутилмаган таклифга ишонқирамай Мирсоли. — Умуман…

— Ўйланма, биламан, ишонгинг келмаяпти. Бу феълингам менга маъқул. Ўзим ҳам дуч келган одамга ишониб кетавермайман. Олдин яхшилаб суриштираман. Аммо сен сира гумонсирама. Мен шу ёшга кириб ҳали бировга айтган гапимни қайтиб олмаганман.

— Ахир…

— Бунинг учун яна бир иш қиласан. Аниқроғи, шартимни бажарасан. Шунда юрагингдаги шубҳалар тарқайди.

— Қанақа шарт, амаки?

— Уёқда яна бир душманим бор. Ўша аблаҳ мени сотиб қаматтирди. Биласан, бизда сотқинлар кечирилмайди. Ўша аблаҳни тинчитасан. Ишон, ўша куниёқ васиятномага имзо қўяман, сен маза қилиб яшайверасан.

— Ахир, мен қамоқдаман-ку, — деди Мирсоли тарвузи қўлтиғи тушган одамдек бўшашиб. — Қандай қилиб…

— Бу ишни менга қўйиб бер. Эртага тонг ёришиши билан қочқин уюштирамиз. Сени шаҳарга иш билан чиқадиган машинага ўтқазиб, қоғоз қутилар ичига беркитиб қўйишади. Гап тамом! Бориб тайёргарлигингни кўр!

— Амаки…

— Айтдим-ку, бу менинг қарорим, ўғлим! Қарорим муҳокама қилинмайди! Бор!

Мирсоли бўшашганча ташқарига йўл олди. Шу паллада у ўғрибоши ваъда қилган пуллар, қочқин ҳақида ўйламаётганди. Бу нарсалар тасаввурига ҳам сиғмасди. Полковник билан бўладиган учрашув кўнгилсиз кечиши мумкинлигини кўз олдига келтиргани сайин юраги ғаш тортар, қисматига лаънатлар ўқирди.

 

* * *

 

— Нега мендан омад юз ўгира бошлади? — камерада ўтирганча ич-этини ерди Мирсоли. — Подполковникнинг топшириғини бажара олмадим. Энди у мени турмадан озод этмайди. Жаҳли чиқса, бўйнимга анави қотилликни қўяди-ю, ишимни судга ошириб юборади. Кейин эса… Манави ердагилар орасида кун ўтказишга мажбур бўламан. Келажагим йўққа чиқади. Ҳеч кимга кераксиз бир кимсага айланаман. Нега бундай бўляпти? Наҳотки, шунчалар ношуд бўлсам-а? Жонимга тегиб кетди-ку ҳаммаси! Нима учун бу ерларга қайтиб келдим? Мени ҳеч ким уйимдан қувмаганди-ку! Кимга аччиқ қилдим? Кимга ўзимни кўрсатишни хоҳладим? Содиққами? Ё Заринагами? Хўш, энди нима бўлади? Қамалганимни эшитишса, устимдан кулишмайдими? Ўлиб кетганим яхши эмасми бировларга масхара бўлгандан?..

Бир маҳал камера эшиги очилди-ю, ичкарига подполковник кирди. Соқчи эса эшикни ташқаридан ёпди. Мирсоли ҳеч нарсани тушунмасди. Вақт тонгга яқинлаб қолган. Наҳотки, подполковник шу пайтгача турмада қолиб кетган бўлса? Демак, кутган, пойлаган экан-да!.. Тамом, ҳозир бошлайди дийдиёсини. Ҳойнаҳой, қўрқитишга тушса керак. Бу аниқ. Уни ношуддан олиб ношудга солади. Қотиллик жиноятини эслатади. Неки алами бўлса, ҳозир тўкиб солади…

Мирсоли бир неча ўн сониялар ичида худди шундай ўйлардан азобланишга улгурган ва ер остидан подполковникка боқарди.

— Хўш, қаҳрамон, кайфиятлар қалай? — подполковник Мирсолига яқинлашиб, кўзларига сирли боқди. — Ўғрибоши билан яқиндан танишиб олдингми? Нега индамай қолдинг? Оғзингга толқон солганмисан? Ё бирор гап бўлдими?

— Йўғ-э, тинчлик, — деди Мирсоли гапни нимадан бошлашни билмай. — Шунчаки…

— Бопладинг, — унинг елкасига қоқди подполковник. — Ишни мен ўйлаганданам яхши уддаладинг. Қойиллатдинг!

— Сиз… Қаердан эшитдингиз? — сўради Мирсоли ҳайрон бўлиб. — У ердан ҳозиргина чиқдим-ку! Ҳалиги…

Подполковник унга жавобан кулиб қўйди.

— Тўғри, сен билмайсан, — деди ниҳоят бир муддат сукут сақлагач. — Биз ўғрибошининг камерасига махсус эшитиш мосламасини ўрнатганмиз. Буни олдиндан билишинг шарт эмасди. Умуман, менга маъқул. «Большой» лаққа тушди. У қопқонда. Баракалла, жуда эҳтиёткор ва устамон экансан.

Мирсоли ҳануз ҳайрон эди. Подполковникнинг гапларини алам ва нафрат ҳосиласи дея ўйларди. Шу сабабли ўта эҳтиёткорлик билан, паст овозда эҳтиёт шарт сўрашга жазм этди.

— Энди мени… Турмада қолдирасизми?

— Нима? — подполковник ҳайрат аралаш Мирсолига тикилди. — Ёқиб қолдими турмада ўтириш?

— Й-йў-ўқ, — дея бош қашишга тушди Мирсоли. — Шунчаки… Сўрадим-да!

— Ахир, сен ишни қойиллатдинг. Шундай экан, нега турмада қолдиришим керак. Сенга айтганман, сўз берганман. Мен ўз сўзида турадиган одамман.

— Унда… Мен кетаверайми?

— Шошилма, — ер чизган кўйи ўнг қўлини олдинга чўзди подполковник. — Адашмасам, ўғрибоши сенга янги буюртма берди, аниқроғи, шарт қўйди. Бунданам хабарим бор. Хўш, бажарасанми шартни? Бор бойлигини сенга васият қилмоқчи. Шундай имкониятни қўлдан бермассан-а?

— Билмадим, — дея юзини дарича тарафга бурди Мирсоли. — Мен унақанги эртакларга ишонавермайман.

— Бекор қиласан, аслида ҳар замонда бўлсаям, эртакларга ишониб туриш лозим. Чунки эртакларнинг замирида ҳақиқат яширин бўлади.

— У менга шарт қўйди. Жуда оғир шарт қўйди. Бу иш…

— Ўзингни жа фаришта кўрсатишга уринма, — деди подполковник жиддий тортиб. — Ўшанақа нусхалар билан ош-қатиқ бўлиб юргансан. Озми-кўпми тузини тотгансан.

— Мен ундай қилмадим, — соддаларча жавоб қилди Мирсоли. — Туҳмат қиляпсиз.

— Майли, ҳозир тортишишнинг мавриди эмас. Хуллас, ўғрибошининг айтганини қиласан. Мен у маразнинг қанча бойлиги борлигини аниқ билмасам-да, тахмин қиламан. Катта бойлик тўплагани аниқ. Ҳа, сенга ваъда қилинган пул жуда кўп, йигит. Бунга шубҳам йўқ. У бойликлар катта бир банкдаги ячейкада сақланаркан. Бунданам хабар топдим. Демак, ўғрибоши овора бўлиб васиятнома ёзиб ўтирмайди. Айтганини қилсанг, инсофи бўлса, қўлингга банк карточкаси билан ўша ячейка калитини тутқазади. Кўрибсанки, банкка бориб ҳужжатингни ва ўша калит-у карточкани кўрсатсанг, бас, бойликлар сеники. Шунақа нарсаларданам хабардормисан ё билмайсанми?

— Сира банкка ишим тушмаган, — деди Мирсоли ўнғайсизланиб. — Бизнинг уйда… Пуллар энамнинг қутисида турарди.

— Ҳа-а, тушунаман. Майли, йигит кишига бундай омад ҳар доим ҳам келавермайди. Омадинг чопибдими, отни қамчилаб қол, чавандоз. Фақат айтиб қўяй, бойликни арра қиламиз.

— Нима? — кутилмаган гапни эшитиб, Мирсоли сергакланди. — Арра?..

— Ҳа, йигит, — айёрона кўз қисиб қўйди подполковник. — Сен нима деб ўйловдинг? Ўғрибошининг меросхўри ёлғиз ўзим деб ўйловдингми? Хато қиласан. Пулларни ўртасидан бўламиз-у, икки ёққа тарқаламиз. Эвазига сенга ўғрибоши тайинлаган кимсани тинчитишинг учун имкон яратиб бераман. Йўлларинг очиқ бўлади. Хўш, розимисан?

Мирсоли милиция ходими, яна кимсан подполковник бундай таклиф киритишини етти ухлаб тушида кўрмаганди. Саросималаниб қолди. «Мени синаб кўрмоқчими бу?» деган хаёлда подполковникка зимдан назар солди. Унинг кўзлари чақнар, юзларида ҳам синов аломатлари сезилмасди.

«Ҳа-а, энди ҳаётни тушунгандай бўляпман, — кўнглидан ўтказди Мирсоли жавоб қайтаришга шошилмай. — Шундай катта лавозимли одам мен билан ҳали қўлга кирмаган пулларни бўлишмоқчи. Ўзи бу дунёда тоза одамнинг ўзи йўқ экан-да! Подполковниклар шундай деб турса, мен нима қилай? Ҳойнаҳой, ўша кимдир ўлдириб кетган полковник ҳам пул туфайли ер тишлаган бўлса керак. Булар ҳам катта пул кетидан қувиб юраркан-да! Қизиқ, ҳозир рози бўлсам, муомаласи ўзгарармикан? Менга худди ака-укалардай муносабатда бўла бошлармикан? Осмондан келишни бас қилармикан? Кейинчалик-чи? Йўқ, ўғрибоши айтган кимсани ўлдиришим учун имкон яратиб бермоқчи. Наҳотки, буларнинг барини ҳеч ким суриштирмаса? Булар қамалмасдан озодликда бемалол ишлаб юраверадими? Нега? Башарти мени ўлдириб юборсаям, ҳеч нарса қилмас экан-да бунга? Худойим, кимларнинг орасига тушиб қолдим-а? Шундай иккиюзламачилик, даҳшатларни орзу қилганмидим ҳали?..»

— Хўш, нега жим бўп қолдинг? — орадаги сукутни бузиб, подполковник тилга кирди. — Ўйлаяпсанми? Ё қўрқиб кетдингми? Э, қўрқма, ўша бойликнинг ярмиям бутун умрингга етади, қаҳрамон. Бардам бўл!

— Ахир… Мен одам ўлдиришим керак-ку! Сиз шунга тек қараб турасизми? Э, йў-ўқ, ишонмайман! Ҳойнаҳой, мени текшириб кўрмоқчисиз.

— Вей, тирранча, — подполковник кутилмаганда жиддий тортиб, Мирсолининг иягига чанг солди. — Текширадиган бўлсам, сен билан ади-бади айтишиб ўтирмасдим. Турмада энангни учқўрғондан кўри-иб ўтираверардинг. Сенинг фойдангни кўзлаб айтяпман.

— Барибир сиз милиционерсиз-ку! Мен одам ўлдирсам…

— Ўша нусхани сен ўлдирмасанг, ўзиникилар барибир тинчитворишади. Умуман, бир мараз ўлса, осмон узилиб ерга тушмайди. Каллакесарлар биттага камаяди, холос. Сен, йигит, қўрқма, мен бор эканман, сенга жинам урмайди. Ўғрибоши тайинлаганидай ишни битирасан-у, пулни оласан.

— Кейин-чи? Сиз-чи?..

— Ана ундан кейин иккаламиз пулни арра қиламиз. Сен бўлсанг, янги ишга ўтасан.

— Янги иш? Қ-қанақа иш? Тағин одам ўлдиришми?

— Йўқ, — деди подполковник совуқ тиржайиб. — Буниси доимий ва ҳийла енгилроқ бўлади. Қўй, у хусусда ишларни битиргандан кейин гаплашамиз. Қисқаси, сен кўчада қолмайсан. Турмагаям тушмайсан. Бизга «агент»лик қиласан. Ҳов, билиб қўй, прокуратура билан яқин бўлсанг, ҳеч қачон дар қолмайсан. Шуни хом каллангга яхшилаб қуйиб ол!

— Менинг каллам хом эмас.

— Ҳазиллашдим.

— Хўп, ишни нимадан бошлай? Қачон киришай?

— Шошилма! Ҳовлиқма! Ўғрибоши тайинлади-ку, эрта тонгда ўша юк машинасидаги қутилар ичига сени яшириб қўйишади. Шу тахлит гўё турмадан қочасан. Шундай, очиқчасига чиқиб кетишинг ҳам мумкин эди. Аммо ўғрибоши мен билан тилинг бирлигини билмаслиги керак. Акс ҳолда режаларимиз йўққа чиқади. У нима деса шуни бажар! Зинҳор унга сўз қайтара кўрма! Яна такрорлайман, сенга ваъда қилинган пуллар ҳазилакам эмас. Сен билан биз жуда бойиб кетамиз. Уқдингми?

— Уқдим.

— Бўпти, энди мен борай. Сен бемалол ишни давом эттиравер! Ўзим сени қидириб топаман. Ҳеч нарсани ўйлама. Икки хаёлинг ўғрибошининг ишини битириб, пулини олишда бўлсин!

— Хўп бўлади!

Подполковник Мирсолининг қўлини сиқиб, бир муддат кўзларига тик боқиб турди-да, чиқиб кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit