«ДАДА, ОЙИМ ҚЎЛИМНИ СИНДИРМОҚЧИ!..»

0

 

— Ёши улуғларимиз ҳеч бир гапни, ҳикматни бежизга айтишмаган. Лекин даврлар ўтиши, одамларнинг феъл-атвори, яшаш тарзи ўзгариб бориши билан ҳикматларимиз ҳам эскираётгандек назаримда.

Кичкина фарзандим уч ёшга тўлди. Билмаган нарсаси йўқ. Оилада ҳаммамизнинг овунчоғимиз, кимнинг кайфияти ёмон бўлса, у билан ўйнайди. Бирпасда қилиқлари, гаплари билан ҳаммага хушкайфият улашади. Ёмони шундаки, эркалатганимиз сари ёмон қилиқлари кўпайиб кетяпти. Тартибга чақириш учун дакки берсам, дадасига «Ойим урди, қўлингни синдираман деди», дебди. Хўжайинимнинг берган танбеҳи ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. «Кимлар бир тирноққа зор. Сен эса болани урасан, бу ҳам етмагандек «Қўлингни уриб синдираман», дебсан. Тарбияни сендан оладиган бўлса, бориб турган жоҳил бўлади бу бола!» Ана холос, уларнинг гапидан ҳангу манг бўлиб қолдим. Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон эканини айтганимда, дадамиз ҳам ҳайрон қолди. Демак, ота-боболаримиз айтган «Бола алдашни билмайди, у ёлғон гапирмайди», деган ҳикматлари бугун учун амал қилмас экан-да. Ёки илгари болалар жуда содда, беғубор бўлишганми? Бугунги технологиялар асри фарзандларимиздан беғуборликни тортиб оляптимикин?

Хуллас, нима дейишга ҳам лолман. Ҳали тиззамга ҳам бўйлашмаган боламдан эшитаётган гаплардан баъзида уялиб ҳам кетаман. Ота-она тарбияга қаттиқ турмаса, эртага фарзандини тартибга чақиролмайдиган бўлиб қоларкан…

РЎЗИГУЛ

Шоҳимардон

 

Ҳордиқ газетасидан олинди