«ҲАЙ-ҲАЙ ТВ». ЭРТАНГИ ТЕЛЕДАСТУРЛАР… (Иккинчи қисм)

0

 

04: 00 да: Ойпарастлар учун «Осмондаги ойимдан, томорқадаги лойимдан» кўрсатуви;

05: 00 да: Фарғона водийси нонвойлари фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Устоз-шогирд» туркумидан «Ўв, тандирни қизитмабсан-ку, қизиталоқ! Бир уриб чалпак қип қўяйми?» деб номланган телефильм эфирга узатилади;

06: 30 да: Кўп хотинли эркаклар учун «Император» кўрсатуви;

08: 00 дан 10: 00 гача танаффус;

10: 00 да: Сувоқчиларга бағишланган «Гар андаванг соз бўлса…» кўрсатуви намойиш этилади;

11: 00 да: Қашшоқ ва юрак касалига йўлиққанлар талабига кўра, «Эшиклар ёпилади, кейинги меҳмон газчилармиш» кўрсатувини томоша қиласиз;

12: 45 да: Жамият учун иллат ҳисобланмиш фоҳишабозликка қарши кураш доирасидаги «Тунги капалак — бу арвоҳ капалак» кўрсатуви;

13: 45 дан 18: 00 гача профилактика;

18: 00 да: Ҳаваскор шоира Ойбегим Қуёшбек қизи ўзининг «Ҳм-м… Савил-эй» деб номланган янги шеърини шеърият мухлисларига ҳавола этади;

18: 30 да: Қандли диабет хасталигини бартараф этиш масаласига бағишланган «Шакарим» кўрсатуви эфирга чиқади. Кўрсатувда тиббиёт фанлари номзоди Асалхон Орзуқиловна иштирок этади;

19: 30 да: «Сиз уй ҳайвонларини севасизми?» кўрсатувини томоша қилинг. Кўрсатувни хорижлик етук мутахассис Ким Сен Ит хоним олиб боради;

20: 30 да: «Сувараклардан қандай қутулай?..» Бу кўрсатувда етук мутахассис Стас Саранчаевнинг қимматли маслаҳатларини тинглайсиз.

22: 00 да: Отарчилар ҳаётига бағишланган «Томсувоққа хушим йўқ» таҳлилий кўрсатувини эътиборингизга ҳавола этамиз. Кўрсатув давомида айнан отарчиларимизнинг жонли қўшиқларидан ҳам тинглаш бахтига мушарраф бўласиз.

01: 00 да: Уйқусизлик касалига йўлиққанлар учун «Хайрли тонг, хайрли тонг ва яна хайрли тонг… Ёки Олимтой, қўрадаги қўйлар нечтайкан?» ҳажвий тележурналимизни мириқиб томоша қилинг.

Олимжон ҲАЙИТ