Ҳикоя: Фожиага айланган рашк

0

Толибжон (қаҳрамонларнинг исм-фамилиялари шартли равишда ўзгартирилган) оила қурганида 23 ёшли йигит эди. Ота-онаси оламдан ўтиб кетгани, яшашга алоҳида уй-жойи бўлмагани учун ичкуёвликни ихтиёр қилди. Бунинг ҳаммасига Насибанинг чиройли кўзлари сабаб бўлди.

Толибжон қизни жудаям яхши кўрарди. Шу боис қайнонаси қўйган ҳамма шартга рози бўлди. Тўй ҳам ўтди. Севган қизининг висолига етишиб, бахтдан сармаст эди Толибжон. Лекин севги-муҳаббат билан қорин тўйдириб бўладими? Оила қуриб, фарзандли бўлгандан сўнг эркак кишининг зиммасига катта масъулият юкланади. Қўлида ҳеч қандай ҳунари ёки касб-кори бўлмагани учун Толибжон ҳам пул топиш мақсадида Россияга жўнаб кетди. У ерда икки йил меҳнат қилиб, рўзғорини тебратди.

Уйга қайтган йигит таниш-билишларидан ёмон хабар эшитди. Эмишки, аёли у йўқлигида бошқа эркакни топиб олибди. Насиба банкда ишлайдиган Дониёр исмли эркак билан учрашиб юрганмиш. Бу гап Толибжонни ақлдан оздирай деди. Қандай қилиб севган аёли, фарзандларининг онаси унга хиёнат қилади? Нима учун? Ундан қандай хато ўтди? Бу саволлар йигитга тинчлик бермасди. У аёли қолиб, ўзидан ҳам нафратлана бошлади. Насиба туман нотариал идорасида ишлар эди. Балки, Толибжон ҳам топарман-тутарман бўлганида хотини бундай йўлни танламасмиди. Демак, Насиба уни эр сифатида назарига илмади, шу боис банкда ишлайдиган бойвачча эркак билан топишиб олган. Бу ўйлар Толибжоннинг миясида кеча-кундуз айланаверди. Уйда ҳар куни жанжал. Насибанинг ҳам бу ғалвалардан тоқати тоқ бўлди. Аёл айбсиз эканини, ҳаётида бошқа одам йўқлигини исботлашга ҳаракат қиларди. Толибжон ҳам аёлини севганлиги учун бу гап-сўзлар шунчаки туҳмат эканлигига ўзини ишонтирмоқчи бўлди. Аммо кунларнинг бирида Толибжон хотинини ана ўша эркакнинг машинасида кўрди. Ана шундан кейин Насиба билан ортиқ яшай олмаслигини тушуниб, уйдан кетди.

Бу орада уларнинг иккинчи фарзанди ҳам дунёга келди. Толибжон оиласидан алоҳида яшаётган бўлса-да, алам ва нафрат билан хотинини тақиб қилишдан тўхтатмас эди. Имкон топди дегунча Насибани пойлаб ишхонасига борар ёки уйига келар, аёлни ким биландир тутиб олиш пайида бўларди. Шу тариқа орадан икки йилча вақт ўтди.

Ўша куни ҳам бозордан чиқиб келаётган Толибжоннинг ногаҳон хотини — Насибага кўзи тушди. Аёл оқ рангли «Нексия»га чиқиб кетди. Буни кўрган Толибжон рашкдан титради. Эркак чўнтагидаги пичоқни ушлаб қўйди-да, шу ерда турган таксичига илтимос қилиб, хотинининг ортидан тушди. Уйига етиб борганида ўша «Нексия» ортига қайтаётган эди. Толибжон машинани тўхтади. Ҳайдовчи қирқ ёшлар атрофидаги келишган, пўрим кийинган йигит эди. Ҳа, бу ўша банкда ишлайдиган Дониёр.

— Ака, хотиним ҳозир сизнинг машинангиздан тушдими? — овозида таҳдид аломати пайдо бўлди йигитнинг.

— Ҳа, Насибахон, билан бир ҳужжат юзасидан кўришишимиз керак эди. Йўл-йўлакай уни уйига ташлаб қўяй, дедим. Бошқа нарса хаёлингизга келмасин, ука.

— Майли, ака, — овози титради Толибжоннинг. — Ҳозир сиз билан пачаклашиб ўтирмайман. Бу ерда бошқа қорангизни кўрсатманг. Ҳозир кириб хотинимни чавақлайман, кейин эса навбат сизга келади!

Эркак шундай дея шаҳд билан қайнонасининг уйига кириб кетди.

Толибжон ичарига кириб борганида қайнонаси Ҳамида опа ҳовлида куймаланиб юрган эди. Аёл куёвининг важоҳатини кўриб, кўнгли бир ёмонликни сезди. Шу боис Ҳамида опа йигитни яхши гап билан тинчлантиришга уринди.

— Келинг, ўғлим, — куёвига пешвоз чиқди аёл.

— Анави суюқоёқ қизингиз қани?! — ғазабдан титради йигит. — Ҳозир ўйнаши билан келганини ўз кўзим билан кўрдим.

— Қизим уйда, кийимини алиштиряпти, — саросимага тушди она.

— Чақиринг уни, бу ёққа чиқсин. Қани эндиям бегуноҳ эканини исботлаб бера олармикин? Ҳозиргина ўйнашининг ўзи тан олди у билан учрашаётганини.

Бу орада ташқаридаги таҳдидли овозни эшитган Насиба уйдан чиқиб келди. Уни кўриб, Толибжоннинг қўллари мушт бўлиб тугилди:

— Мен сенга ишонмагандим, бугун бузуқ эканлигингни яна бир бор исботладинг! Ўша эркак билан дон олишиб юрганлигинг рост экан!

— Дадаси, нималар деяпсиз? Мен ҳеч ким билан учрашганим йўқ. Буни исботлаб ҳам бераман.

— Сенга мен исботлаб бераман! Ҳозир ўйнашингнинг олдига олиб бораман, сенга исбот керакми?! — Толибжон шундай дея хотини томон ташланди.

Қўрқиб кетган аёл сўрида ўйнаб ўтирган икки фарзанди томонга қочди. Йўл-йўлакай ўзини ҳимоя қилиш учун стол устида турган ошхона пичоғини қўлига олди.

Ғазабдан кўзига ҳеч нима кўринмай қолган йигит хотинининг ортидан етиб, унинг қўлидаги пичоқни ирғитиб юборди. Сўнг ёнида ўзи билан олиб юрган пичоқни чиқариб, хотинига кўрсатди:

— Мен сени огоҳлантирган эдимми? Ким биландир тутиб олсам, шу пичоқ билан чавақлаб ташлайман, деганмидим?! Мана, ўша кун келди!

Шундай дея эр аёлининг чап кўксига қўлидаги пичоқни суқиб олди. Кўксидан жароҳат олган аёл бир неча қадам нарига қочиб, ерга йиқилди…

Насиба воқеа жойида вафот этди. Кўз ўнгида содир бўлган қотилликдан даҳшатга тушган болалар уввос солишди. Ёрдамга кирган қўни-қўшнилар Толибжоннинг қўлидан пичоқни олишди.

Кейин эса тергов, суд… Толибжон Маҳмудов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Икки ва тўрт ёшли гўдак эса ота-онасиз қолди. Улар ҳар куни онасини қўмсаб йиғлайди. Кўз олдиларида содир бўлган машъум воқеа гўдак онгига бир лаҳза бўлса ҳам тинчлик бермайди.

Рашк, шубҳа-гумон бир оилани барбод қилди. Насиба ростдан ҳам хиёнат кўчасига кирган эдими, эрининг рашки ўринлимиди? Буни фақат Аллоҳ билади. Қарс ҳамиша икки қўлдан чиққан. Нима бўлган тақдирда ҳам инсон ўз туйғуларининг қурбонига айланмаслиги лозим. Инсон иродали эканлиги, мулоҳазакорлиги билан инсон. Аёлидан гумон қилган эр ҳаммасини унутиб, янги ҳаёт бошлаши ҳам мумкин эди. Бунга вақти ҳам, имконияти ҳам етарди. Аммо у нотўғри ва охири йўқ йўлни танлади. Бу эса барчамизга сабоқ бўлади, деган фикрдамиз.

Абдупатто ТОШПЎЛАТОВ,
Қўрғонтепа ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант

Нигора МИРОЛИМ қизи,
журналист

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here