Нима учун нарх-наво ошмоқда? Газ қуйиш шохобчаси раҳбари дилидан ўтаётган гаплар

0

Тадбиркор Малика Муродованинг мулоҳазалари:

  • Солиқлар камаймади, аксинча, ошди…
  • 2019 йилнинг 1 январигача иккита турдаги солиқ тўлар эдик. Улар умумий харажатларнинг 21 фоизига тўғри келарди. Энди эса солиқлар сони кўпайди. Ер-мулк, сув, даромад, ҚҚС ва бошқалар. Шу тариқа давлатга тўлайдиган солиғимиз январдан 22 фоизга етди. Ва яна унинг устига 360 сўм ҳам қўшилди.
  • Энг қизиғи, Солиқ қодексидан 237-модда олиб ташланиши ҳисобига биз табиий газ учун икки марта акциз солиғи тўлашга мажбур бўляпмиз.
  • ДСҚ ҳамда Молия вазирлиги газ қуйиш шохобчаларида нархларни оширишга асос йўқ деб ҳисоблаши, Молия вазирлиги алоҳида хабарда нархларни асоссиз оширган газ қуйиш шохобчаларига нисбатан чоралар кўрилишини маълум қилиши – шу тўғримикан?..

* * *

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ҳамкорликда 2 кун давомида республика ҳудудларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида 1 куб газнинг сотилиш нархини ўрганиб жамоатчиликка тақдим этганди. 

Ана шу жараёнда юртимизда 692 газ қуйиш шохобчаси фаолият юритаётганига гувоҳ бўлдик. Маълумотларга кўра, жорий йилда яна 15 шохобча қурилиши учун рухсат берилган. Бироқ, баъзи манбаларда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти мавжуд шохобчаларда ойлик лимит миқдорини 12 фоиздан 17 фоизгача қисқартиргани айтилмоқда. Бу ҳудудлардаги газ қуйиш шохобчаларида нарх-навонинг ўзбошимчалик билан оширишга сабаб бўладими?

Бу ва бошқа бир қатор саволларга пойтахтимиздаги автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаси раҳбари Малика Муродова ўз мулоҳазаларини билдирди.

— Битта шохобчага ойига лимит асосида 300 куб табиий газ берилса, у йигирма ёки йигирма беш кунда сотилади. Қолган кунларда шохобча маҳсулотни икки баробар қимматига харид қилиши керак бўлади. Лимит доирасида бир куб табиий газнинг нархи 800 сўм бўлса, у тугаганда 1600 сўмдан “Ўзтрансгаз”дан харид қиламиз. Бундай нархда ҳеч қандай чеклов йўқ. Истаганча харид қилишингиз мумкин. Лимит қисқаришига эса газнинг экспорт қилинаётгани рўкач қилинмоқда. Ваҳоланки, экспортга 150 долларга сотилади. Биз қўшимча олмоқчи бўлсак, қарийб 200 долларга баҳоланмоқда.

Солиқ қўмитасидан сўрадим. Лимит борлигида ҳар ойда 20 кун 1950, кейин 10 кун 2400 сўмдан сиқилган газ сотсам, кейинги ойнинг бошида яна 1950 сўмдан сотишга ҳақим борми? “Йўқ, битта нархни ушлаш керак”, деган жавобни олдим.

Лимит тугаса, ҳар ойнинг 20-кунидан кейин ёпилишим ёки ҳар ойда ўн ёки 5 кун зарарга ишлашим керак. Мисол учун, ўтган йил ноябрь ойининг 27-санасида лимит тугади. Мен ёпилишим ёки мижозни йўқотмаслик учун нархни ушлаб туришим керак эди. Шунда нима қилай, деган савол билан прокуратурага маслаҳат солдим. Улар тезда вилоят газга телефонограмма беринг дейишди. Уни қабулхонага юбордим. Эртасига кимда лимит ортиб қолган бўлса, сизга қўшиб берамиз, дея қўнғироқ қилишди. Лекин декабрь ойида ҳисоб-фактура олганимда, ўша уч кунда олинган қўшимча маҳсулот учун 1600 сўмдан ҳисоблаб, пул олиб қолишди.

— Демак, нархнинг кескин ошишини сиз лимит камайтирилгани билан изоҳлайсиз ёки яна бошқа сабаблар ҳам борми?

— Лимит билан ёнма-ён солиқ масаласи ҳам турибди. Биз жорий йилнинг 1 январигача иккита — истеъмол ва ягона солиқ тўлар эдик. Улар умумий харажатларнинг 21 фоизига тўғри келарди. Энди эса солиқлар сони кўпайди. Ер-мулк, сув, даромад, ҚҚС ва бошқалар. Шу тариқа давлатга тўлайдиган солиғимиз январдан 22 фоизга етди. Унинг устига 360 сўм ҳам қўшилди. Энг қизиғи, солиқ кодексидан 237-модда олиб ташланиши ҳисобига биз табиий газ учун икки марта акциз солиғи тўлашга мажбур бўляпмиз.

Газнинг нархига келадиган бўлсак, унинг бир куби ҚҚС билан бизга 800 сўмга тушади. Бунда табиий газнинг нархи 567 сўм, 100 сўм акциз ва 133 сўм ҚҚС.

— Наҳотки? Жуда арзон олар экансиз-ку! Қизиқ, унда нега 1900 — 1950 сўмдан сотишни хоҳламайсиз, нима ютқазасиз?

— Шу кунларда бу саволни кўпчилик бермоқда. Энди ҳисоблаб кўринг. Январь ойида “Ўзтрансгаз” менга 300 куб лимит берди. Уни 20 кунда сотаман. 21-кундан газни 1600 сўмга оламан. Шу куни газнинг нархи бирдан ошади. Чунки мен 1600 сўмдан газ олиб, устига акциз солиғини қўшсам, 1960 сўм бўлади. Қандай қилиб 1950 сўмдан сотаман?

— Хўп. Шундай ҳам дейлик, лекин 2100–2200 сўмдан сотиш инсофсизликдай, назаримда. Ахир сиз йигирма кун газнинг бир кубини ҚҚСни ҳисобламаганда 667 сўмдан оляпсиз-ку?

— Оддий мисол. Мато олиб, тикувчига борсангиз, либос учун қўшимча безак воситалари ва иш ҳақига тўлайсиз. Шунда олинган мато 200 минг сўм бўлса, тайёр либос ҳолида 300 минг сўм бўлади. Шунга ўхшаб биз ҳам табиий газни 667 сўмдан олсак-да, уни тўрт марта тозалаб, шунча қуритамиз. Сўнгра тўртта босқичда 2 атмосферадан 200 атмосферагача сиқилади. Ана шу жараёнлардан кейин автотранспорт воситаларига ёқилғи сифатида сотилади. Бизда савдо шохобчаси эмас, маҳсулотни тоннада олиб, литрлаб сотадиган. Аксинча, табиий газни қайта ишлайдиган минизаводмиз. 1 куб табиий газни қайта ишлаш учун камида 700–800 сўм харажат қиламиз. Унга 667 сўм газнинг нархи, 80 – 96 сўмгача электр энергиясининг нархини қўшинг.

Харажатимиз ҚҚС ва акцизсиз 1447 сўмдан 1613 сўмгача етади. Унга 20 фоиз ҚҚС қўшсак, нарх 1736,4 дан 1935,6 сўмга, акциз солиғи 360 сўм қўшилса, 1 куб сиқилган газнинг нархи 2096,4 дан 2295,6 сўмгача боради. Айниқса, куз-қиш мавсумида газ босими билан боғлиқ муаммолар қўшимча энергия истеъмолига ва сиқилган газнинг таннархи ошишига ҳам таъсир қилади.

Энди иш ҳақига келсак. Бизда 25 нафар ишчи бор. Шохобчада тўртта компрессор ишлайди. Уларни ишлатишга камида иккита мутахассис керак. Иккита одам кассада ўтиради. Чунки 24 соат давомида битта одамга ўтириш қийин. Улар смена билан ишлайди. Яна иккита ишчи газ қуйиб туради. Шу тариқа уч сменада 18 ишчи ишлайди. Шунингдек, назорат ўлчов асбоблари мутахассиси, электрик, чилангар уста, муҳандис, ҳисобчи керак. Шохобчаларда портлашлар бўлгандан кейин биз эҳтиёт чораси сифатида битта ходимни эшик олдига қўйишга мажбур бўлдик. Улар кираётган машинанинг газ баллони созлиги, ҳужжатларининг тўғрилигини, вақтида кўрикдан ўтганини текширади.

Яна бир гап. Бизни Ўздавнефтгазинспекция, Саноатконтехназорат, Ёнғин хавфсизлиги, Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзстандарт каби юқори ташкилотлар текширади. Уларнинг йўриқномаларини, талабларини бажариш — бу юқори хавфга эга бўлган объектларнинг вазифаси. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига асосан газ тўлдириш компрессор шохобчалари, ўзимизнинг газ тармоғини, технологик ускуналарни соз ҳолатда сақлаш ва уни ўз ҳисобимиздан таъмирлаш-тиклаш, техник ҳолати, ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарини техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатишимиз керак. Буларга ҳам озмунча харажат кетмайди. Мана шуларнинг ҳаммаси инобатга олинган ҳолда шохобчаларда сиқилган газнинг нархи чиқарилади.

Шундай экан, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожлантирилиб, рақобат эркинлиги биринчи ўринга қўйилган пайтда, ДСҚ ҳамда Молия вазирлиги газ қуйиш шохобчаларида нархларни оширишга асос йўқ деб ҳисоблаши, Молия вазирлиги алоҳида хабарда нархларни асоссиз оширган газ қуйиш шохобчаларига нисбатан чоралар кўрилишини маълум қилиши – шу тўғримикан?..

 

Сайёра Шоева, ЎзА

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here