СНАЙПЕР… (11-қисм)

0

 

* * *

 

«Большой»нинг сирли ўлими Мирсолининг ич-этини эзарди. Гарчи ўғрибоши билан бир мартагина ҳамсуҳбат бўлса-да, унинг тантилиги, одамийлиги, соддадиллигига тан берганди. Худди шу нарса Мирсолини алам оловида куйишга, ўзи кириб қолган боши берк кўчадан, шу кўчадаги яхши-ёмон, жоҳил-ножоҳил кимсалардан нафратланишга мажбур этарди. Аммо на илож? Ҳаёт давом этавераркан. Бир неча соатлик куйинишлар, ўйланишлар, доғланишлар беихтиёр нари чекинди-ю, Мирсоли киссасидаги калит ва банк карточкасини эслаб қолди. Худди ўша банк томон шошилмайгина кетиб бораркан, подполковникнинг шартлари ёдига тушди. Прокурорнинг захил юзи, бироз зардали ва сирли гаплари хаёлида айланиб, афтини бужмайтирди.

«Жа айёр одам экан, — кўнглидан ўтказди у тишларини билинар-билинмас ғижирлатиб. — Пулнинг дарагини билгач, чопонини алмаштирди. Бунгача менга юқорироқдан, менсимай муомала қиларди. Кейин эса дарров ўзгариб, мулойимлашди. Биламан, пулни олгандан кейин тағин ўзгаради. «Ишим битди, эшагим лойдан ўтди», дейди-ю, менга терс ўгирилади. Терс ўгирилмаган тақдирдаям, пайимга тушиши ҳеч гапмас. Тўхта, нега энди у билан пулни арра қилишим керак? Қарзим борми? Менга бу пулларни Худонинг ўзи етказди. Яратганнинг ўзи ўғрибошини инсоф-диёнатга чорлаб, шу эзгуликни дилига солди. Нима учун бу яхшилигини тенг ярмидан бўлиб прокурорга беришим зарур?.. Эҳ, бермасам ҳам тинч қўймайди барибир. Қаёқдаги айбларни бўйнимга қўйиб, турмага тиқиш ҳаракатига тушади. Нима қилсам экан-а? Қочвориб ҳам қутулиб бўлмайди унақалардан. Тўхта, каллам ишлади. Ҳарқалай у банкда қанча пул борлигини аниқ билмас? Банкка кириб пулларни санаб чиқмаган-ку! Ким уни киргазиб қўярди?!. Шундай экан, Мирсоли, каллангни ишлат! Бир марта бахт қуши бошингга қўнибди-ю, уни бировлар билан баҳам кўрасанми? Ҳа, алдайман прокурорни. Пулларнинг қанчалигини билволаман-у, бир қисминигина бераман. Ана шунда сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Ишонаман, прокурор албатта хурсанд бўлади. Ишлаб топмаган-ку бу пулларни! Нега хурсанд бўлмасин? Э, дўпписини осмонга отсин баччағар!..

Мирсоли ўйлаган ўйларидан кўнгли тўлиб, кўкси фахр туйғусига чулғанган кўйи банк ичкарисига кирди.

 

* * *

 

Бекорга хавотирга тушмабди, сиқилмабди, ўйланмабди. Банк ячейкасида қизғиш жомадонни очгандаёқ сал қурса ағдарилиб тушаёзди. Пулларни қайта санаб ўтиришга сира ҳожат йўқ эди. Ўғрибоши пулларнинг устида кичик қоғозча қолдирган экан. Қоғозчага фақат 2, 5 000000 доллар деган ёзув бор эди, холос. Мирсоли бунча пулни тушида ҳам кўрмаган. Ойнаванд девор ортида кутаётган банк ходими тарафга қараб-қараб қўярди-ю, яна жомадон ичидаги пулларга нигоҳини қадарди. Юрагини эса ёввойи ваҳима босар, худди кимдир кира солиб жомадонни тортиб оладигандек туюларди.

«Тушимми, ўнгимми, — ўйларди у. — Бунча пулни нега ўғрибоши менга бериб қўйди? Қайси кароматим учун шундай қилди? Сабаби нимада? Энди нима қиламан? Қандай йўл тутаман? Бу бойликни нимага ишлатаман? Пулдорлар нима қилишади? Ҳа, дўконлар очишади, ёки бировларга қарз бериб устига фоиз олишади. Жуда ғайратлари ошиб-тошса, фабрикалар қуришади. Мен-чи? Нима қиламан? Ҳа-а, подполковникнинг ҳовлиққанича бор экан. Тулкиниям алдайдиган одам экан ярамас. Аммо пулларнинг ярмисини бермайман. Бериб бўпман! Бу пуллар меники, ҳа, фақат меники!.. Топдим, беш юз мингини оламан-да, ярмисини унга бераман. Майли, тиқилиб ўлсин текинхўр! Унақалар текин пулга эга бўлиб ўрганишган. Тешиб чиқмайдими менга деса! Қолганини эса… Ҳа, қолганини шу ерда қолдираман. Ҳозирча 250 минг доллар етиб ортади. Ҳеч кимга пулим кўплигини билдирмайман. Одатдагидай мерганлигимни қилиб юравераман. Шунда тинч бўламан. Бегона юртларда душман кўпайтирмайман. Ҳозир банк ходимига айтаман-у, тамом, жўнайман!..»

Мирсоли беш юз минг долларни қўлидаги халтачага яхшилаб жойлади-да, жомадонни ёпиб қайтадан қутига солди. Сўнгра ойнаванд девор ортида турган ходимни чақириб уқтирди.

— Жомадон қолади шу ерда, — деди у жиддийлик билан. — Фоизига гап йўқ. Мен кафил!

— Албатта, бу сизнинг хоҳишингиз, мижоз, — деди кулиб ходим. — Ҳозир компьютерда ҳисоблаб бераман. Тўлайсиз-қўясиз. Қани, ташқарига марҳамат!..

Тахминан ўн беш дақиқа ичида Мирсоли банк билан ҳисоб-китобни жойига қўйди-ю, истар-истамас такси тўхтатиб подполковник ишлайдиган идорага жўнади…

Шубҳасиз, подполковник у олиб келган пулларни қўлига оларкан, бир муддат Мирсолига айёрона нигоҳларини тикканча тек қолди. Ора-сирада жилмайиб, бош силкиб олди.

— Пул бўлишишда адашмадингми мабодо? — сўради ниҳоят. — Балки камроғини менга беришга аҳд қилгандирсан? Мени алдамоқчи бўлгандирсан-а? Яхшилаб ўйлаб кўр!

— Мен алдоқчиликнинг энасини эмдиролмайман, — деди Мирсоли сира сир бой бермай. — Ота-онам мени тўғрисўзликка ўргатган.

— Бунга шубҳам йўқ, — деди подполковник. — Аммо катта пул манаман деган тўғрисўзниям йўлдан оздиради. Шуни биласанми?

— Ишонмасангиз, каналларингиз орқали текшириб кўришингиз мумкин, — деди Мирсоли хафа бўлган каби қовоқларини уйиб. — Бу иш қўлингиздан келади.

— Ҳа, бўпти, сен ютдинг, — дея подполковник ҳийла чеҳрасини очиб, Мирсолининг елкасига қоқди. — Сенга ишонаман. Лекин… Биласан-ку, касбим шунақа. Ҳаммадан шубҳаланишга ўрганганман. Хўш, энди нима қилмоқчисан?

— Сиз нима маслаҳат берасиз? — саволга савол билан жавоб қайтарди Мирсоли. — Ҳар ҳолда ака-укадай бўп қолдик шекилли?

— Албатта, албатта, — деди подполковник ойнадан ташқарига назар ташлаб. — Сен билан энди ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир, окаси. Шундай экан, бирга ишлаймиз-да-а? Нима дейсан?

— Қанақа иш бермоқчисиз бу сафар?

— Бу сафарми?.. — подполковник бирпас ўйланиб турди-да, ўрнидан турди. — Менга қара, ўша мерганлигингни ташла энди! Унинг ўрнига менга ёрдам бер. Ёрдам берсанг, давлат сени дар қўймайди. Ҳамиша ёнингни олади.

— Нима қилай? Қанақа ёрдам?

— Турмага қайтасан. Аммо доимийгамас. Фақат иш бор пайтида ўша камерангга кириб ўтирасан. Камерангни люкс қилдириб бераман. Ҳамма шароит бўлади.

— Хўп, нима иш қиламан?

— Мана масалан, биттаси бор. Рецидевист. Биласанми бу сўзнинг маънисини?

— Билсам керак, — айёрона кулиб подполковникка боқди Мирсоли. — Айтаверинг!

— Хуллас, шу даюсни яқинда тутиб келишди. Атиги бир ойгина қочқинда юрган-у, учтасини тинчитган. Сира бўйнига олмаяпти ифлос.

— Мен нима қила оламан?

— Сенми? Тушунасан, биз жиноятчини қийнаб, зўрлай олмаймиз. Шафқатсизларча калтаклашгаям ҳақимиз йўқ.

— Мен уни калтаклашим керакми?

— Ҳа-да, баённомага қўл қўйдириб берсанг бас, ҳаммаси жойига тушади. Қўлингдан келади, биламан. Фақат йўқ дема. Бизга ёрдам берсанг, ҳеч қачон ташлаб қўймаймиз. Ишларингга ҳеч ким аралашмайди. Башарти қўлга тушган тақдирингдаям ўзим кафил бўламан. Ё менга ишонмайсанми?

Мирсоли ялт этиб подполковникка тик боқди. Нега бундай қаради, ўзи ҳам пайқамади. Ҳойнаҳой, боплаб алдаганидан подполковник беихтиёр гап очиб қоладигандек туйилдими, сергак тортди. Қошларини чимириб, овозини пасайтирган кўйи зўрға жавоб қила олди.

— Ишонаман.

— Унда рози бўл, ука! Ҳали ёшсан, агар хоҳласанг, келгусида милиция мактабида ўқишингга ёрдам ҳам беришим мумкин. Бу қўлимдан келади.

«Бир камим сенга ҳамкасб бўлишмиди? — кўнглидан ўтказди Мирсоли жавоб беришга шошилмай. — Шунақа бўлгандан калламни олиб ташлай қоларман. Милиция мактабида ўқитармиш. Ўргилдим сендақа тулкилардан! Эҳ, бундан қочиб кетиб бўлмаса. Бир ҳатлаб топволади. Мажбурман-да рози бўлишга! Акс ҳолда ишимга аралашади, орқамдан ҳамтовоқларини жўнатади, қаматишга уринади. Хуллас, нима қилиб бўлмасин, пойимни қирқиш илинжида бўлади. Яхшиси, арқонни узун ташлайман. Калласи борлар шундай йўл тутишади. Уёғи бир гап бўлар. Ваъда беряпти-ку!..»

— Розиман, — деди Мирсоли бошини кўтариб. — Калтаклаш бўлса, калтаклаш-да!

— Жуда соз, — деди подполковник кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Хоҳласанг, яхши гап билан қўл қўйдир! Бу сенинг ишинг! Хуллас, шу ишни боплайсан-у, ана ундан кейин ватанингга бориб дам олиб келасан. Самолётга чиптани ўзим тўғрилайман. Ё соғинмадингми юртингни?

— Нега энди?.. Соғиндим.

— Бўпти, бугун меникида ётиб қол. Эртага биргалашиб турмага жўнаймиз. Маъқулми?

— Маъқул.

— Қўлни ташла, ўғил бола!..

Орадан бир неча дақиқа ўтиб улар подполковникнинг машинасига ўтириб, йўлга тушишди.

 

* * *

 

Бугун турмадаги манзара Мирсолини ҳайратдан ёқа ушлашга мажбурлагудек эди. Соқчилар, назоратчилар унга жилмайиб боқар, ёши улуғлари ҳам қўл бериб худди қадрдонлар каби сўрашиб ўтарди.

«Мени каттаконлардан деб таништиришдими нима бало? — ўйларди у камерага кираркан. — Ҳаммасининг қўли кўксида. Тинчликмикан? Ўҳ-ў, камерани меҳмонхона номериданам ўтказишворибди-ку занғарлар! Телевизор, диван-кресло, душхоналаргача ташкил қилиб ташлашибди Қойил-э! Бошқаларгаям шунақа шароит қилиб беришса бўлмасмикан? Ҳа-а, жиноятчилар ҳаддидан ошиб кетишади-да! «Барибир люкс камерада ўтираман-ку», деб билган қандларини еяверишади. Умуман, бунақа шароит Америкада анчадан бери борлигини эшитувдим. Маҳбуслар шоҳона камераларда ўтиришини айтишганди. Ким билсин? Балки уларда вазият бошқачадир. Худо билади. Асосийси, бу бадбўй жойларда узоқ ушланиб қолмасам бас. Ўзимнинг ишимдан қўймасин! Қизиқ, бой бўлишга бўлдим. Энди қандай бўларкин? Ҳаддимдан ошиб кетмасмиканман? Нима қилсам бўлади? Уйланаймикан? Пулим кўп-ку! Манаман деган қиз жон деб тегади. Ҳа, ҳозирги қизларни яхшилаб таниволдим. Уларни эркакнинг пулигина қизиқтираркан. Майли, қизиқтирсин, аммо эркакни эр ўрнида кўрсин. Гап қайтармасин!.. Йўқ, олдин қишлоққа бораман. Заринанинг уйи ёнидан бир марта «Жип» ҳайдаб ўтмасам, армоним ичимда қолади. Пулдор қанақа бўлишини бир кўриб қўйсин! Ажабмас юраги куйиб кетса. Куяди. Алами келади барибир. Афсусланади. Ҳа, худди шундай қиламан. Подполковникка айтаман, ҳайдовчилик гувоҳномасиниям, машинаниям тўғрилаб беради. Прокурор-ку нима қилгандаям! Бир оғиз гапига машина билан гувоҳномадан дастурхон тузаб олдига қўйишади. Эҳ, тезроқ келсайди ўша кун! Маза қилардим. Айш қилардим, ялло қилардим!..

Ана шундай хаёллар билан кунни ҳам кеч қилди. Соат тахминан кечки ўндан ошганда, камерага башараси таниш назоратчи кирди. Бу ўзидан уч-тўрт ёш катта. Турмадаги маҳбуслар фақат шу назоратчдан чўчиркан. Ҳеч қанақасига у билан тил топишиб бўлмаскан. Ўта жоҳил ва тилига қаттиқ назоратчи экан. Шундай бўлса-да, Мирсолига ҳеч қачон қаттиқ гапирмаган. Аксинча шу назоратчи бошқаларига нисбатан мулойимроқ муомала қилади. Ўзи ҳам спортчи бўлгани боис, Мирсолини ҳурматласа керак…

— Хўш, братишка, — деди назоратчи камерани бошдан оёқ кузатиб олиб. — Камера ёқдими? Камчиликлар йўқми?

— Чидаса бўлади. — деди Мирсоли атайин совуққонлик билан. — Барибир уйда яшаган яхши.

— Тўппа-тўғри, калласи бор одам жиноятга қўл урмайди. Тинчгина уйида ўтиради. Нима дединг?

— Ҳақсиз, брат, — деди Мирсоли ҳам ярим русчалаб. — Худди шундай қилиш керак.

— Янги ишга тайёрмисан? — сўради назоратчи. — Айтганча, танишмабмизам. Кел, танишволайлик! Мен Русланман.

— Мен Саша! — деди Мирсоли назоратчига қўл чўзаркан. — Саша Крутой!

— Фамилиянг шунақами?

Мирсоли дарров тушунди. Назоратчи гапни айлантириб, нималарнидир билиб олмоқчи. Ҳойнаҳой, Мирсолидан ҳам шубҳаланяпти.

— Йўқ, — деди Мирсоли янада совуққон оҳангда. — «Паняткали»лар орасидаги тахаллусим шунақа.

— Ў, сенам ўшаларданмисан? Нега унда турмадамассан?

— Боя айтдим-ку, калласи бор одам тинчгина уйида яшайди.

— Майли, ўзинг биласан, — деди назоратчи асабий лаб тишлаб. — Кароче, ҳозир ишни бошлайсан. Мана баённома. Маҳбуснинг исми Вася. Лақаби «убийца». Маънисини билсанг керак?

— Нима фарқи бор? — деди афтини бужмайтириб. — Менинг ишим лақаб маънисини топишмас-ку! Ё адашдимми?

— Адашмадинг, — деди назоратчи тиржайиш қилиб. — Ёш бўлсангам кўпни кўрганга ўхшайсан. Маладес! Хуллас, мана шу қоғозга имзосини қўйдирасан. Билиб қўй, имзо албатта қўйилиши шарт. Иш яхши битса, «убийца» камида йигирма йил қўшимча муддат олади. Тушунтира олдимми?

— Ҳа, — деди Мирсоли Русланнинг димоғдорона гап оҳанги жонига тега бошлаганини яшира олмай. — Кетдик, тезроқ ишни битирай!

— Юр, қаҳрамон, қанча тез битирсанг, шунча тез кетасан.

 

* * *

 

Маҳбус айтган, таърифлаганларича бор экан. Баланд бўйли, йўғон, бировга қараганда, афти бужмайиб, нафратини ошкор этиб тураркан. Аммо Мирсоли унинг ташқи кўринишидан қўрқиш уёқда турсин, сесканиб ҳам қўймади. Камерага киргандаёқ билдики, «убийца» кучли оғриқни кўтара олмайди. Аниқ нуқтасига зарба тўғри бориб тушса, дарров ён бериши сезилиб турибди.

— Сенми мендай одамни айбига иқрор қиладиган? — сўради ётган ерида маҳбус. — «Большой» ўғирлаган «абшак» пулларини олволиб, кучайиб қолдингми? Кимсан ўзинг?

— Қанақа «абшак»? — сўради Мирсоли маҳбуснинг совуқ муомаласига эътибор бермай. — Тушунмадим.

— Нимани тушунмайсан? «Большой» номардлик қилди. Кўпнинг ҳақини ўғирлаб сенга берворди. «Братва»да алами бўлса, очиқчасига жанг қилиши керак эди. У пулларни турмадаги «братва»ларга сарфлардик. Мана, йўқ. Ўз бошига ўзи етди. Аммо билиб қўй, «Топор» сениям яқин орада топади. Адабингни беради. Обрўйинг борида унга пулларни топшир, бола! Бугун мелисаларнинг тешасини чопиш ниятида менинг олдимга кирганингам қўшимча бўлади. Ўйла, бола, ўйла!..

— «Топор» ким? — сўради Мирсоли сергакланиб. — Қанақа одам?

— Уми? — маҳбус аста ўрнидан қўзғалиб ёнбошлаб олди. — Шаҳарда ҳозир ундан ўтадиган зўр йўқ. Қўлини узатса, ҳаммаёққа етади. Уқдингми, нодон?

— Майли, — деди Мирсоли ҳафсаласи пир бўлиб. — У билан ўзим гаплашаман. Ҳозир ўрнингдан тур яхшиликчасига! Ё белангимисан? Бориб турғазиб қўяйми?

— Кучинг етармикан? Қани, кел, турғаз, тирранча! Келмайсанми?

Мирсоли ҳеч қачон ётган одамни калтаклашга ўрганмаганди. Тепасига яқин борди-да, қўлларини мушт қилди.

— Учгача санайман. Турмасанг, қасамимни бузишга мажбурман!

— Нима? Ҳали сен менга буйруқ берасанми? Сен-а?

Маҳбус жонҳолатда ўрнидан турди-да, Мирсолининг ёқасига қўл юборди. Бироқ улгурмади. Биринчи калла зарбасидан қалқиб каравотга ўтириб қолди. Шу заҳоти бурнидан қон кета бошлади.

— Хўш, эркакка ўхшаб турасанми ўрнингдан-йўқми? — хезланиб сўз қотди Мирсоли. — Сени огоҳлантирдим-ку, турмасанг, қасамимни бузишга мажбур бўламан!

Маҳбус бурнини икки кафти билан чангаллаганча ўрнидан турди. Зарба кучлилигиданми, у Мирсолига тан бериб бўлганди. Шунинг учун ерга энгашган кўйи тўнғиллади.

— Барибир қўл қўймайман қоғозга! Овора бўласан! Ўша мелисаларинг югураверсин!..

Кейинги зарбалар кетма-кет маҳбуснинг бўйни ва елкадан пастроғига йўлланди. «Убийца» чалқанча йиқилиб, ётган ерида типирчилай бошлади.

— Хўш, давом этайми? — сўради Мирсоли унинг тепасига яқинлашиб. — Ишон, кейингилари нариги дунёга жўнатиши аниқ. Наҳотки яшагинг келмаётган бўлсанг?

Маҳбус бу гапларни эшитгани ҳамоно, икки қўлини баланд кўтариб, розилик белгисини берди. Мирсоли дарҳол қўлидаги қоғоз ва ручкани унга тутқазди.

— Бўл тез, — шивирлади у маҳбусга алам аралаш тикилиб. — Сен билан пачакалашишга вақтим йўқ.

Маҳбус мулла минган эшакдек ювош тортиб, ўтирган ҳолда баённомага имзо қўйди ва қайта Мирсолига тутқазди.

— Бу бошқа гап, — деди Мирсоли. — Бўларкан-ку, эркак! «Убийца»ймиш-а тағин! Ҳа, бояги гапингга жавобни эшит. «Топор»ингни албатта ўзим қидириб топаман. Натижасини сенам албатта эшитасан. Эслаб қол, мен «Саша Крутой»ман. Бу ном бир умр эсингдан чиқмасин! «Большой»нинг хунини тўлайди ўша «Топор»инг!

Мирсоли сўнгги бор маҳбусга қараб олди-да, бориб камера эшигини муштлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ