БОСҚИНЧИЛАР ТЎДАСИ… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

Дунёда жиноятнинг ҳам, жиноятчиларнинг ҳам тури кўп. Уларнинг барчаси кўзлаган манфур ишларини ўз услубида хотиржам амалга ошираверади. Аммо оқибатда оғир кунлар бошига тушишини ўйлаб кўрмайди.

Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеада эса жабрланувчи ҳам ашаддий жиноятчи бўлиб чиқди. Бир сўз билан айтганда, «ўғрини қароқчи урди», деганларидек, жиноятчилар бир-бирларига босқин уюштиришибди…

 

* * *

 

Қамалиб чиқиб, узоғи билан бир ойгина озодликда яшашга ва қайтадан жиноятга қўл уриб турмага тушишга кўникиб қолган Роман кайфи ошгач, қаҳвахонадаги курсилардан бирига ястаниб олганча оғиз кўпиртириб улфатларига мақтанарди.

— Вей, мен-чи, оғзидаги ошини бировга олдириб қўядиганлардан эмасман. Мана, кўриб қўйларинг, қорнимда пичоқ излари нечта экан? Кўрдиларингми? Бешта жойимни мана шу қўлларимминан тилиб ташлаганман.

— Нима, жонингдан тўйганмидинг? — улфатлардан бири луқма ташлайди. — Шартми шу ишни қилиш?

— Э, сен нимани тушунардинг? Ҳаёт кўрганмидинг? Бунинг учун ҳақиқий эркак бўлиш керак.

— Мана бу гапни бекор гапирдинг. — кунини шахсий «Жигули»сида таксичилик билан ўтказадиган Савелий ўрнидан туриб кетди. — Нима, биз эркак эмасмизми-а? Эркакмасмизми?

— Мен сенларни назарда тутганим йўқ. — деди ўйламай гапирган гапидан хижолатга тушган Роман. — Нотўғри тушунмаларинг-да!..

— Мундан кейин ўйлаб гапиргин! — қўлини бигиз қилди Савелий. — Бизам сендақаларнинг кўпини кўриб қўйганмиз.

— Кетсам қутуламанми? — чайқалиб ўрнидан туришга чоғланди Роман. — Сиғмай қолдимми давраларингга?

— Ундан нарига ўтиб кетмайсанми? — ғудранди Савелий. — Бор, ана, ҳамтовоғинг келди!..

Ҳақиқатан қаҳвахона рўпарасига келиб тўхтаган «Матиз»дан сочи қириб ташланган, кўзига қора кўзойнак таққан бир йигит тушиб нуқул Романни имлаб чақирарди.

— Иккинчи марта мени улфатчиликка чақиришмагин! — кетаётиб сўзланди Роман. — Шу ичкилик бўлса, уйимдаям ичиб кетавераман.

Бу гапдан кимдир кулди, кимдир ижирғаниб юзини тескари бурди…

 

* * *

 

ІБу Романнинг энг яқин жўраси Гена эди. Муштлашиш деса ўзини томдан ташлайдиганлар хилидан. Ҳеч қачон бадани чандиқсиз қолмайди. Эндигина бир яра битай деганда, қаердадир муштлашиб қўяди-ю, янгисини орттиради.

— Анави «почча»никига боришимиз керак! — деди ерга чирт этиб тупуриб Гена. — Аммамнинг уйига эгалик қилиб ўтиргани етмай, буюмлариниям тагига босиб олибди. Ўша буюмларни машинага юклаймиз-у, бозорда кирганига пуллаймиз.

— Поччанг мелиса чақириб юбормайдими ишқилиб? — сўради Роман. — Тағин…

— У қўрқоқ. — деди Гена. — Юраги дов бермайди. Мени яхши билади.

— Фақат иккаламиз борамизми? Балки, Юра билан Жорани олволармиз?

— Тўғри айтасан. Музлаткич, газ плиталарни машинага ортиш икки кишига оғирлик қилади. Кетдик!..

 

* * *

 

Орадан ярим соатча вақт ўтиб-ўтмай тўрт ҳамтовоқ кўзланган манзилга етиб борди. Юра ва Жора ака-укалар эди. Улар ҳам жиноят кўчасига озми-кўпми кириб кўришган. Ўғирлик, босқинчилик йўли билан пул топишни хуш кўришади.

— Олдин кайф қилиб олсак бўлармиди? — деб қолди кутилмаганда Жора укасига кўз қисиб. — Негадир қуруғини қўмсаяпти одам. Рома, анави танишинг ҳалиям гера сотиб турибдими?

— Ўзбек аёлми? — машинада ўтирган ерида орқага ўгирилиб сўради Роман.

— Бир вақтлар олиб турардик-ку!..

— Ҳа, эсладим… Исми Ойниса… Пихини ёрган нашафурушлардан. Ўлармиди сотмай? Сотади-да!..

— Лекин… Ўшаникига бир кириб ўтсак ёмон бўлмасди. Қизишиб олардик.

— Кирсак кираверамиз-да! — кулди Гена. — Поччаники қочиб кетмайди. Нима дединг, Рома?

— Менга барибир. — деди Роман елка қисиб. — Ҳайда ўшаёққа!..

Гена рулни бошқа кўчага бурди. Ойниса нашафурушнинг уйигача бир-икки чақирим келарди. Етиб келишгач, Роман ёнига Жорани олиб ичкарига йўл олди.

— Сенлар хабардор бўлиб турларинг! — машинадагиларга уқтирди кетаётиб. — Мабодо ишкал бўлиб қолса, тез кирасанлар. Квартираси биринчи қаватда. Шундоқ чапдаги яшил темир эшик.

Вақт хуфтонга яқинлашиб қолган. Ташқарида болаларгина қий-чув қилиб ўйнашар, катталар деярли кўринмасди.

— Чироғи ёниқ экан! — ёнидаги Жорани туртди Роман. — Демак уйида. Менга қара, ўзи… Пулинг борми?..

Жора чўнтакларини пайпаслаб кўрди-да, уф тортди.

— Қарзга бериб турмасмикан?

— Оббо, тағин ялинамизми шу манжалақига?

— Нега ялинарканмиз? Олдин яхшиликча сўраймиз. Ноз қиладиган бўлса…

— Бўлди, топдим! — жонланиб кетди Роман. — Хотиринг жам бўлсин! Ўзим боплайман уни!

 

* * *

 

Эҳтиёт шарт Жора зинада қолди. Роман эса секин бориб эшик қўнғироғи тугмачасини босди. Сал ўтмай, эшик очилди ва семиздан келган, қоратўри, сочлари калта қилиб қирқилган Ойниса пайдо бўлди.

— Қалайсан, жонидан? — тиржайиб аёлга қўл узатди Роман.

— Сен?.. Юз йил бўлди-ёв келмаганингга!.. Қай гўрларда юрибсан ўзи?

— Худди қаерда юришимни билмагандай сўрайсан-а!.. Хўш, ичкарига таклиф қиласанми, ё шу ерда тураверамизми?

— У ким? — Жорага ишора қилиб сўради Ойниса.

— Ким бўларди? Янги мижоз олиб келдим сенга. Уям ўзимиздан.

— Шунақами? Майли, киринглар! — аёл эшикни каттароқ очиб ўзини четга олди.

Киришди. Ичкари жимжит. Афтидан Ойнисадан бўлак ҳеч ким йўқ эди.

— Бизга иккита доза керак бўлиб қолди. — мақсадга ўтди Роман. — Манави ошнамнинг мазаси қочяпти.

— Хўп, пули қани?

— Нима?.. Қанақа пул?.. — Роман тутоқиб Ойнисанинг икки билагидан тутди. — Қарзинг борлигини унутиб қўйдингми?

— Қарз? Ўйлаб гапиряпсанми, Рома?..

Ойнисанинг ранги оқаринқираб лаблари титрай бошлади.

— Турмага кетишимдан олдин юз минг олгандинг-а? Қайтганимдан кейин шу пулга яраша «гера» берасан деб тайинлагандим… Эсладингми?

— — Й-йўқ… Мен сендан қарз олмаганман.

— Оббо нонкўр-эй! — Роман афтини бужмайтириб Ойнисанинг иягини чангаллади. — Ҳали шунақа одатинг ҳам борми?..

— Б-бўпти… Қўлингни торт!.. Майли, қарз олган ҳам бўлай… Аммо… Қарзга «мол» бера олмайман, тушун!

— Берасан! — Роман Ойнисани ёқасидан бўғиб залга олиб кирди ва шоша-пиша чўнтагидан пичоқ чиқариб томоғига тиради. — Ҳозир-чи, юз мингниям берасан, иккита дозаниям қўлимга тутқазасан! Мен ошнамга ваъда бериб қўйганман. Биласан-ку, ваъда берсам, албатта устидан чиқаман. Гапир, берасанми-йўқми?

— М-менда… Ҳозир ҳеч вақо йўқ! — титраб жавоб қилди Ойниса. — Ишонмасанг, уйимни титкилаб кўр!..

— Ҳали шунақами? Мендек одамни алдамоқчимисан?.. Мана сенга, қанжиқ!.. Жора, уйни титкилаб чиқ! Мен бунинг адабини бериб қўяман!..

Роман мушт зарбидан ағдарилиб тушган уй бекасини тепкилай кетди. Жора эса зум ўтмай ётоқдан қўлида бир даста пул, тилла тақинчоқлар ва халтача тўла қора дори билан тиржайганча чиқиб келди.

— Бас қил, ўлдириб қўясан! — Романни билагидан тутиб тўхтатди Жора. — Мана, қара, бир дунё бойлик топдим. Қора дориям анчагина экан.

— Хунаса! — сўкинди Роман полда қонига беланиб ётган Ойнисага алам билан боқиб. — Яхшиликчасига бермасанг, холинг шу бўлади. Кейинги гал ёлғон гапириб асабга тегмайсан! «Сур»дик, Жора!..

 

* * *

 

Эндиги манзил Генанинг поччасиники эди. Йўл-йўлакай ҳаммалари бир дозадан «олиб» кайфларини таранг қилиб олишди. Кетидан пиво ичилди.

— Ана энди бемалол бориб юкларни олиб чиқаверамиз! — деди Гена керилиб. — Поччам қайсарлик қилса-чи, қараб турмаларинг! Мен аралашмайман. Ўзларинг бир ёқли қилиб қўя қоласанлар!

Почча деганлари қориндор, паст бўйли, бошқа бир миллатга мансуб эллик ёшлар атрофидаги эркак эди. Генани кўргач, на салом берди, на бир қарши сўз айтди. «Қўлингдан келганини қилавер!» дегандек индамасдан балконга чиқиб кетди.

— Қани, кўтардик! — чет эл музлаткичини кўрсатиб шерикларини тезлади Гена. — Мана шундан бошлаймиз. Ҳозир юк машинасиям келиб қолиши керак.

Кўз очиб юмгунча барча қўлга илинадиган қимматбаҳо буюмлар ташқарига олиб чиқилди. Гена ҳатто тортмадаги тилла тақинчоқлар-у, кўкимтир пулларгача сумкага тиқиб қўлтиғига қисди.

— Кўрдиларингми, — деди ташқарига чиқишгач. — Почча ғиқ этолмади. Тили қисиқ-да! Бу нарсалар ўзиники эмаслигини билади.

Қирқ дақиқа ичида жиҳозларни юк машинасига юклаб йўлга тушишди. Навбатдаги вазифа шуларнинг ҳаммасини бозорда кетганига пуллаб, ўзаро бўлишиб олишдан иборат эди.

Афсуски…

Ярим йўлга етишганда, орқадан қувиб келган милиция машинаси уларнинг йўлига кўндаланг бўлди.

— Хўш, буларни қаерга олиб кетяпсан? — сўрашди улар Генадан. — Ҳужжатлари борми?

— Қанақа ҳужжат? — ўдағайлай кетди Гена милиционерларга. — Буларнинг ҳаммаси ўзимники, билдиларингми, ўзимники! Кимнинг нима иши бор?..

— Хўп, ҳужжати бўлиши керак-ку!

— Йўқ… Ҳужжатлари йўқолиб кетган.

— Шунақами? У ҳолда машинани милиция бўлимига буришингизга тўғри келади.

Гена бир-икки қаршилик қилишга, милиционерларни кўндиришга уриниб кўрди. Фойдаси бўлмагач, бўшашиб бошқа ҳамтовоқлари билан бирга милиция машинасига ўтирди.

 

ЭСЛАТМА:

 

Ажабланарлиси, Генанинг поччаси билан бир кунда жабрланувчи сифатида босқинчилар устидан милицияга ариза берган Ойниса ҳам охир-оқибат сирлари очилиб, жиноятчига айланди.

Барчалари суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олимжон ҲАЙИТ