СНАЙПЕР… (13-қисм)

0

 

* * *

 

Настя хола ҳаш-паш дегунча қўлида эски бир сурат билан ошхонага чиқиб келди.

— Мана, кўр, шу отангми? — сўради у Мирсолига тик боқиб. — Кўр, яхшилаб қара!

Не кўз билан кўрсинки, суратда отаси кулимсираб турарди. Йигирма беш ёшлар атрофидаги қўлида бир ярим-икки яшар ўғлини кўтариб турган бу одамни Мирсоли дарҳол таниди ва беихтиёр кўзларига ёш қўнди. Юрагининг аллақаери узилиб кетган каби сесканиб Настя холага боқди.

— Ахир… Сиз бу суратни қаердан олдингиз? — сўради у йиғлаб юборишдан базўр ўзини тийиб. — Бу… Суратдаги мен ва отам-ку!

— Энди манавинисини кўр, — Настя хола ўнг қўлидаги беркитиб турган иккинчи суратни Мирсолига тутқазди. Суратда яна бир ярим-икки яшар болакай, отаси… Ва яшил либосда Настя хола турибди. У отасининг елкасига бош қўйган кўйи ўй сурмоқда.

— Бу… Тағин нима? Биз танишмизми? — дудуқланиб Настя холага жавдиради Мирсоли. — Қ-қачонги сурат бу?

— Ҳамма гап шунда, — деди Настя хола ўзини босишга уриниб. — Сени кўрдим-у, кўзимга ўтдай кўриниб кетдинг, болам! Ўз оёғинг билан олдимга келибсан-а, жоним! Бир пайтлар отанг билан яшадик, у ўшанда ҳов анави ёқдаги армияда хизмат қиларди. Орада сен туғилдинг. Аммо… Отанг номардлик қилди. Хизмати битгандан кейин сени ўйнатиб келаман деб кўчага опчиқди-ю, қайтмади. Опкетиб қолибди сени. Мен аҳмоқ манзилиниям сўрамаган эканман. Дугоналар, қариндошлар айтишди, «Топ, қидир болангни», дейишди. Қулоқ солмадим. «Боламнинг ўзи бир кун мени топади», дедим-у, йиғлаб-сиқтаб яшайвердим…

Настя хола шундай деб йиғлаб юборди ва Мирсолининг елкасига осилди.

— Кетма, жон болам энди, кетма! Мен адойи тамом бўламан! Сени зўрға топганимда кетма!..

Мирсоли хаёллари чалкашиб, юраги ўртаниб, Настя холани қандай юпатишни билмай турганда, ташқари эшик тақиллай бошлади. Настя хола апил-тапил кўз ёшларини артди-да, йўлакка юзланди.

— Бирор қўшни шекилли, сен ўтир, дарров қайтаман, болам!

Мирсоли эшикнинг безовта тақиллашини эшитгандаёқ, кўнгли қандайдир нохушликни сезгандек бўлганди. Настя холани икки елкасидан маҳкам сиқиб шивирлади:

— Сиз бошқа хонага кириб туринг! Эшикни ўзим очаман!

— Нега? — унга жавобан шивирлаб сўради Настя хола. — Тинчликми, ўғлим?

— Булар мени қидириб келган бўлиши мумкин! Жим!

Мирсоли аста юриб борди-да, эшикка қулоқ тутиб сўради:

— Ким у?

— Эшикни оч! — ташқаридан эркак кишининг дўриллаган дағдағали товуши келди. — Биламиз, сен Крутойсан! Оч яхшиликчасига! Бўлмаса эшикни бузишга мажбур бўламиз!

— Олдин муддаоингни айт, кейин очаман!

— «Топор»дан сенга салом айтгани келдик! Энди эшитдингми? Оч!

Мирсоли бир муддат ўй суриб, шу орада Настя хола томонга бир қараб олди-да, овозини пасайтириброқ сўз қотди.

— Биламан ҳаммасини! Эшитларинг, ҳозир эшикни очмайман! Уй эгаси оғир касал. «Топор» билан «Пролетар» кўчаси ичкарисидаги эски бино ҳовлисида учрашаман. Бориб айтларинг! Бир соатдан кейин уни ўша ерда кутаман. Сенлар билан пачакилашишга тобим йўқ. Обрўйинг борида тез кетларинг ва гапимни етказларинг!

Овоз эгалари ўзаро нималарнидир гаплашишди. Кейин эса қадам товушлари узоқлашди.

 

* * *

 

Мирсоли бу зўравон билан ҳисоб-китоб қилишнинг ҳам антиқа усулини топганди. Настя холани аранг тинчлантирди-ю, икки соатдан сўнг қайтишга ваъда бериб ташқарига отилди. Қурол худди ўша ўзи айтган ташландиқ бино ичкарисига беркитилганди. Такси тутиб бинога бирпасда етиб борди ва том остидан топиб қўйган ишончли жойга жойлашди. Тек ўтирганча қуролни тайёрлади. Ҳар бир винтини обдон текшириб олди. Билди. «Топор» албатта келади. Пул, алам, ўч оташи уни шу ерга етаклаб келади. Ана шунда… Мирсоли ўзи пухта режалаштирган ишни амалга оширади. Шундагина тинчланади. Хумордан чиқади…

Бу гал ҳам худо ишини осонлаштирди. «Топор» деганлари учта машинада гумашта-ю, қўриқчилари билан бирга бино ҳовлисига кириб келди. Атрофда зоғ учмасди. Бу манзил бегона кўзлардан пана бўлгани сабабли муштумзўрлар, каллакесарлар шу ерни танлашар, ўзларининг қабиҳ амалларини мана шу ҳовли бурчакларида бажариб, яна ҳеч нарса бўлмагандек жўнаб кетишарди.

— Ҳой, она сути оғзидан кетмаган тирранча бой! — қичқирди бўйи икки метрга яқин, курткаси ёқасини кўтариб олган эркак. Худди шунинг ўзи «Топор» эди. — Қанисан? Қўрқиб кетдингми биздан? Қўрқма! Сени кўп қийнамаймиз! Пулни берасан-у, баданчанг чумоли чаққандай бир чимиллайди, тамом! Тинчланасан-қоласан! Чиқавер! Акаларинг раҳмдил! Гўдакларга азоб бериб ўтиришмайди!..

«Топор» ҳайириқларини тўхтатиб, тўрт томонга аланглай бошлаганда, Мирсоли тепкини босди. «Топор» бир метр нарига улоқиб кетди ва ерга чалқанча қулади. Гумашталари эса зир югуриб ўқ отилган жойни қидира бошлашди. Аммо улардан икки нафари ҳожасининг ёнидан жой олди. Шундан кейингина қолганлар ваҳима исканжасида машиналарга ўтирди-ю, мурдаларни-да унутиб, ғойиб бўлди. Орадан беш дақиқача вақт ўтиб, Мирсоли хотиржам пастга тушиб келди. «Топор»нинг жасадига, кетидан қолган мурдаларга ҳиссиз қараб турди.

— Бу дунёда «зўрдан зўр чиқади», деган гап бор, ока, — деди қандайдир мусиқа асбоби ғилофига жойланган қуролнинг уч қисмини чангаллаб. — Мана, ўғрибошининг ўчини олдим. Мард экансан, хунини тўладинг. Энди отагинам гўрида тинч ётади. Қўрқмаларинг, йўл-йўлакай «Тез ёрдам»га хабар бераман. Номард эмасман. Ўликларинг кўчада қолиб кетмайди!..

Шундай деб жадал қадамлар ташлаганча кўчага йўл олди.

 

* * *

 

Қўли қонган беланган одамнинг юриш-туришида ҳам бежолик акс этиб қолади. Мирсоли ўйлашга, фикрлашга, мулоҳаза қилишга ўзида куч, сабр топиб, яна водийга йўл олиш ҳаракатига тушган бўлса-да, милиционерларни кўрганда, ўзини йўқотгандек бўлар, улардан узоқроқ юришга интиларди. Шундай лаҳзаларда подполковникнинг қаноти остида эканлиги ҳам ёдидан чиқиб кетарди.

«Настя холанинг хабари ғалати бўлди, — ўйларди у йўловчи таксида водийга кириб бораркан. — Қанақа она? Нега суратларимиз унинг қўлида турибди? Нима бўлган ўзи? «Онангман» деб туриб олиши ғалати бўлди. Майли, шу баҳонада энамнинг қабрини тағин зиёрат қип келаман. Шунча гуноҳларни бўйнимга илдим, ҳали бу бошланиши бўлса, билмадим, қанча тавба қилиб, худога ёлворарканман. Йўқ, бу нарсаларни ўйламаслигим керак. Мен маразларни ўлдирдим, улар тирик қолса яна қанча одамнинг бошига етишини ёлғиз худо билади. Эна!.. Нега ўрис аёли менга эна бўлади? Қанақасига? Етти ухлаб тушимга кирмаган ишлар бўлиб кетяпти. Агар шундай бўп чиқса, нима қиламан? Қай аҳволга тушаман? Айтганча, Заринанинг қабрини қандай топсам экан? Ҳа, гўристондагилардан сўрайман. Унинг олдига ҳам ўтаман. Сўзсиз ўтираман тепасида… Аҳмоқ қиз, менга билдирмасдан кутгани… Нега ундай қилди? Тушунмайман… Билмайман…»

Мирсоли қишлоққа бормади. Олдин асосий ишни битириш илинжида ёлғиз аммаси Тўфаниса опаникига бурилди. Дарвозасига етгач, ҳайдовчига кутишни тайинлади-да, қўлидаги майда-чуйдалар солинган сумкани қўлтиқлаганча ичкарига кирди. Аммаси ҳовлида кир юваётган экан. Мирсолини кўриб бир муддат бақрайиб қолди.

— Нима, танимадингизми жиянингизни? — кулиб аммасига яқинлашди у. — Ҳов, амма, бу мен!..

— Вой, аммагинанг ўргилсин, — Мирсолининг елкасига осилиб йиғлаб юборди Тўфаниса опа. — Бўйларингдан айланай! Тўғри мени кўришга келдингми, жоним?

— Албатта, — деди Мирсоли қўлидаги сумкани аммасига тутқазиб. — Қани поччам, жиянлар? Ҳеч ким йўқми уйда?

— Поччанг Россияга ишлашга кетган-ку, хабаринг йўқми? Жиянларинг қайгадир чиқишибди. Кеп қолишар. Юр, сўрига ўтир! Ҳозир овқатга уннайман.

— Йўқ, керакмас, — деди Мирсоли бирдан жиддий тортиб. — Кўчада такси кутиб турибди. Кетишим керак. Ҳали қабристонга ўтишим зарур.

— Қўй, қачонийди меникига келганинг, Мирсолижон! Бир дўппи ош дамлай! Акагинамни эсла-аб бирга ош ейлик! Йўқ демагин!

— Кейинги сафар, — деди Мирсоли бетоқатланиб. — Сўрига ўтирайлик, сизда гапим бор.

— Бўпти, юр!

Мирсоли ток остидаги сўрининг бир четига омонатгина чўкиб кўкка боқди. Куз охирлаб қола бошлагани дарахтлар япроқларидан маълум бўлибди. Демак, ҳадемай қиш келади. Шу дарахтлар зил-замбил қорни новдаларида базўр кўтариб, худди Зарина ҳалокатга учраб ҳалок бўлган кунда Мирсоли бош эгган каби бош эгишади. Мана бундай ҳовлида ўтириб чойлашишлар бўлмайди…

— Нима гап? — унинг тинчини бузиб аммаси елкасига қоқди. — Тинчликми?

— Амма, мени яхши кўрасизми? — гапни узоқдан бошлаш илинжида сўради Мирсоли. — Фақат ростингизни айтинг.

— Тавба қилдим, — деди ичига туфлаб Тўфаниса опа. — Бу қанақа савол бўлди, жоним? Яхши кўришимга шубҳа қилармидинг? Вой тавба-а-а!!!

— Йўқ, шубҳа қилмайман. — мақсадга ўтди Мирсоли. — Бир нарсани сўрасам очиғини, ҳақиқатни айтишингизни хоҳлардим.

— Сўрайвер, ўргилай, сўрайвер!

— Менинг энам ким?

— Нима?.. — Тўфаниса опа кутилмаган саволни эшитиб, бироз довдираб қолди. — Энанг? Ким бўларди? Раҳматли Орзи келинойим-да! Ким бўларди?

— Ҳақиқатни айтаман деб ваъда бердингиз-ку! Айтинг энди!..

Тўфаниса опа бошини сарак-сарак қилган кўйи Мирсолидан кўзини олиб қочди. Нимадир демоқчи бўлди-ю, истамади. Аммо Мирсолининг қайсарлигини билгани боис, бирпаслик сукутдан сўнг қайта бошини кўтарди.

— Айтинг, амма, энам ким?!. — уни тезларди Мирсоли. — Менга рост гапни айтинг! Айтмасангиз бўлмайди.

— Биров нимадир дедими? — сўради Тўфаниса опа жавоб беришга шошилмай. — Жоним, ким миянгни заҳарлади?..

— Амма, — деди тиззасига муштлаб Мирсоли. — Россияда Настя хола деган аёл яшаркан. Уни тасодифан кўчада учратиб қолдим. Мени болам деди, амма! Мени таниди у! Ишонмадим. Нарсаларини кўтаришиб уйига олиб боргандим, менга биласизми нимани кўрсатди? Отам раҳматли билан тушган суратларимизни кўрсатди. Бунга нима дейсиз, амма?

Тўфаниса опа яна сукутга толди. Ер чизганча бир неча ўн сония тек ўтириб қолди. Лекин узоқ ўтирмади. Кўзларида ёш ғилтиллаб, Мирсолига жавдираш аралаш боқди.

— Орзи келинойим раҳматли сени ўз боласиданам аъло қилиб боққан, — шивирлади у йиғламсираб. — Шўрлик нуқул қўрқувда яшади. Сенинг боласи эмаслигингни айтиб қўйишмасин деб бир умр оғзимизни пойлаб ўтди.

— Демак, менинг энам у эмас, шундайми?

— Даданг раҳматли сени ўша ёқлардан олиб қочиб келган экан. Орзи келинойим эса туғмас бўлиб чиқди. Пешона-да!.. Шунинг учунми… Сенгинани ер-кўкка ишонмай катта қилди, жоним. Тушунаман, ўша Настя опаям роса куйгандир. Отангдан ранжигандир, қарғагандир. Она-да! Боласини ўғирлаб кетишади-ю, қарғамайдими?!.

Мирсоли бу гаплардан сўнг даст ўрнидан турди.

— Раҳмат сизга, амма, — деди бош эгиб. — Менам аҳмоқ, баттолмасман. Орзи энамни ҳалиям яхши кўраман, соғинаман. Лекин Настя энамниям энди ташлаб қўйишга ҳақим йўқ. Анча қарибди. Бормай қўйишимдан қўрқиб, телефон рақамларимгача олиб қолди. Биламан, кўз тикиб ўтиради йўлимга. Майли, тез кунда бораман. Биласизми, ҳозир мен билан юрсангиз, энам раҳматлининг қабрини зиёрат қилсак. Айтганча…

Мирсоли киссасини ковлаб, бир даста кўкимтир пулларни чиқарди-да, Тўфаниса опага тутқазди. — Мана бу пулларни мени дуо қилиб ишлатасиз, амма! Фақат олмайман деманг. Қаттиқ хафа бўламан.

— Илоё юрган йўлинг бехатар бўлсин! — Тўфаниса опа пулларни аста олиб қайтадан Мирсолининг елкасига бошини қўйди. — Келинойим тирик бўлса…

— Жим, амма! — деди Мирсоли беихтиёр ўпкаси тўлиб. — Ундай деманг! Мана кўрасиз, энамнинг руҳини шод қиламан. Нимаики керак бўлса, ҳаммасини бажараман! Энам раҳматли уёқларда мендан рози бўлса бас. Юринг энди, вақт кетмасин! Ҳали самолётгаям улгуришим керак!..

Тўфаниса опа югурганча ичкари уйга кириб бошига рўмолини танғиди-ю, Мирсолининг олдига тушди.

 

* * *

 

— Эна, мени кечиринг, — онасининг қабри тепасига тиз чўкиб сўз бошлади Мирсоли. — Менинг энам иккиталигини ҳозиргина билдим. Фақат сиз безовталанманг! Сизниям, ўша Настя энамниям яхши кўраман. Сизлар жаннатисизлар, жаннати, эна! Илтимос, изн беринг! Настя энамгаям фарзандлик қилай! Бурчимни адо этай! Ахир, у кишидаям айб йўқ. Мени дунёга келтирибди, оқ сут бериб боқибди, мени йўқотибди, кутибди, йиғлабди, куйибди! Оқ сут берган аёлни ташлаб қўя олмайман-ку! Аммо сизнинг олдингизга албатта келиб тураман. Сизни жуда-жуда яхши кўраман, соғинаман, эна!..

Тўфаниса опа анча нарида эди. Мирсолига халал бериб қўймаслик учун жимгина турар, қайтишини кутарди. Шу маҳал қабрдан нарироқда, тахминан бир ярим метрча юқорида Орзи холанинг сиймоси намоён бўлгандек туюлди. Мирсоли бу сиймони аниқ кўрди. Кўрди-ю, юраги ҳаприқиб даст ўрнидан турди. Ўша томонга юрмоқчи бўлди. Лекин оёқлари ўзига бўйсунмади.

— Сиз… Сизмисиз? — дея олди зўрға. — Т-тирикмисиз, эна?..

— Йўқ! — овоз юқоридан эмас, қабр ичкарисидан эшитилгандек бўлди. — Тирик эмасман, болам! Юрагимни куйдирвординг-ку йиғлайвериб! Йиғламагин! Ўша ўрис энангни ташлама! Меҳр бер, меҳр!..

Товуш тингани ҳамоно юқоридаги сиймо ҳам ғойиб бўлди. Мирсоли эса барибир ўзига кела олмасди. Қўрқибми, ёки ҳайжонланибми, эҳтиёткорона ортга тисланди. Ўзи сезмаган ҳолда билган дуоларини ўқиди ва орқалай-орқалай аммаси ёнига борди.

— Амма, мен… Энамни кўрдим, ҳа, кўрдим! — деди у Тўфаниса опани қучоқлаб. — У билан гаплашдим, гаплашдим!

— Қўй, йиғлама, қўзим, йиғлама, — Мирсолининг елкасини силай-силай юпатарди аммаси. — Худойимнинг қудрати билан сенга кўриниш бергандир-да келинойим! Манавинақанги мармарлар билан гўрини ясатиб қўйганингдан хурсанд бўлиб кетгандир-да! Қоронғи гўри нурга тўлсин илойим!

— Энам ўрис энангни ташлама деди, амма! Мана шу қулоқларим билан эшитдим овозини!

— Бўпти, юр, кетайлик энди, — Мирсолини олдинга етаклади Тўфаниса опа. — Ташлама деган бўлса, ташламагин! Энанг-да уям!

— Бе, амма, — йиғи аралаш сўзланарди ҳануз Мирсоли. — Ташлаш нимаси? Мен Настя энамни кошонага кўчириб ўтаман. Қишлоққаям опкеламан, мана кўрасиз! Энамнинг қабрига опкелиб, гаплаштираман!..

— Ниятингга етказсин, — маҳзун жавоб қилди Тўфаниса опа ичи куйганини сездирмаслик учун мажбуран жилмайиш қилиб. — Сен дунёда энг яхши қондошимсан! Сени худойимнинг ўзи бегона юртларда офатлардан асрасин!..

Мирсоли ўша куниёқ самолётга ўтириб ортга қайтди. Ёш қалби нималар бўлаётганини англаб улгурмаган бўлса-да, ҳаяжонланар, куни кеча одам ўлдирганини, мурдаларга қараб совуқ сўзлаганини, мелисалардан нарилай-нарилай юрганини ҳам унутиб, худди еттинчи осмонда парвоз қилаётган эркин қуш каби тўлқинланишдан тийила олмасди.

Манзилга етгач, таниш квартирага кирди-ю, нарсаларини бир четга ирғитиб, кўзларига ишонмай, ҳайратдан тош қотиб қолган Настя холани маҳкам қучоқлади ва қулоғига шивирлади:

— Энажоним!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ