«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Султон Сулаймон қонунбузар эркакларни қандай жазолаган?..»

0

 

Ўз даврида усмонийлар империяси ўзининг шафқатсиз қонунлари билан дунёга машҳур бўлган. Султон Сулаймон-Қонуний қонун яратишда Ислом талабларидан келиб чиқиб иш тутган. Яъни, шариат қонуни империяда асосий қонун дея ҳисобланган.

Ҳозир ҳам ўрта асрларда яшаган аёллар барча ҳуқуқлардан маҳрум ҳолда умр кечирган деб ҳисоблайди. Лекин бундай эмас. Усмонийлар империясида аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам алоҳида қонунлар мавжуд бўлган. Масалан, эркак хотини билан ажрашиш учун уч марта «ажрашаман» сўзини тилга олса бас, бу жуфтлик ўша лаҳзадан бир-бирига номаҳрам ҳисобланган. Аёл ажрашишда ташаббускор бўлса, қозига мурожаат этиши, яна ажрашиш учун жиддий сабабни кўрсатиши лозим эди. Ҳозир худди шу қонун Саудия Арабистонида амал қилади. Хўп, энди яна усмонийлар империясига қайтсак. Хуллас, эркаклар икки сабаб туфайли султон тарафидан шафқатсизларча жазоланган.

1. Хотинларига тенг муносабатда бўлмаган, улардан қайсисигадир бошқаларига нисбатан камроқ эътибор қаратса, моддий жиҳатдан кам кўмак берса.

Маълумки, усмонийлар империяси даврида эркаклар тўрттагача хотин ҳамда кўплаб канизакларга эга бўлиши мумкин эди. Аммо у ҳар бири билан алоҳида вақт ўтказишга эътибор қаратиши, барчаларига бир хил, нархи ҳам шундай буюмлар, тақинчоқлар, кийимлар ва ҳоказолар сотиб олиши, ҳар бирини турар жой билан таъминлаши шарт ҳисобланган. Агар бирор хотини ёки канизаги унинг устидан шикоят қилса, суд эркакни катта миқдордаги жаримага тортган.

2. Хотинига хиёнат қилиш.

Бу Исломдаги энг даҳшатли ва кечирилмас гуноҳлардан бири саналган. Хиёнат учун эркакка биринчи навбатда қамчи жазоси белгиланган. Лекин худди ҳозиргидек айрим эркакларнинг хотинлари, канизакларидан бири хиёнатга ҳам кўз юмишга мажбур бўлган. Чунки у хиёнати учун жазоланса, қайтиб бу аёлга қарамаслиги, у билан бирга яшамаслигини билган. Атрофида аёллар, қуллар кўплигини идрок этган ҳолда чидашга аҳд қилган. Қолаверса, эркакни хиёнатда айблаш учун тўрт киши гувоҳлик қилиши лозим эди. Агар гувоҳлардан кимдир ёлғон кўрсатма берса, уни ҳам суд ҳайъати қамчи жазосига маҳкум этган.

Усмонийлар қонунига биноан агар эркак бахти кулиб султоннинг қизи ёки синглисига уйланса, у бошқа аёлга уйланиш ҳуқуқини йўқотган. Башарти султоннинг яқинига уйлангунга қадар эркакнинг хотини бўлган чиқса, у билан дарҳол ажрашиши талаб қилинган.

Агар султоннинг қизи, синглиси, опаси, ёки яқин қондоши эридан хиёнатда шубҳалана бошласа, ёки ундан кўнгли тўлмаса, ўзи мустақил тарзда ажрашишига рухсат этилган. Ажрашгач, бу эркак саройдаги лавозимидан, тўплаган бойликларидан ҳам маҳрум этилган.