Аллоҳ билан фойда берувчи тижорат

0

Бир куни сафар асносида самалётда тижоратчи бир йигит билан танишиб қолдим. Юзидан нур таралиб турар, доимо табассум билан саволимга жавоб берар эди. Суҳбатимиз шу даражада самимий бўлдики, гўёки мен у йигит билан, у йигит эса мен билан анча йиллик дўстдай эдик.

У йигитнинг касби қурувчи бўлиб, асосан эски, қадимий масжид ва мадрасаларни тамирлар экан.

Суҳбат асносида мени хурсанд қилган иш шундан иборат эдики. У суҳбатдан тўхташи билан Аллоҳ таолога ҳамд, тасбеҳ ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тинимсиз саловат айтар эди. Шу қадар яқин бўлиб қолганимдан бемалол, ийманмай унга бир кеча кундузда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга неча бор саловат айтасиз деб сўрадим. У менга табассум ила, аслида бу ишимни риё бўлиб қолмасин дея айтишдан ҳаё қиламан. Бироқ, мен ҳам сизни Аллоҳ учун яхши кўрганимдан саволингизга жавоб берақолай. Мен бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга 1000 маротаба саловат айтаман. Ҳар бир намоздан олдин ва кейин 100 тадан деб, бошини эгиб жилмайиб қўйди.

Мен уни ушбу жавобидан сўнг янада Аллоҳ учун яхши кўриб қолиб, зикрдан тўсиб қўймай дея бошқа саволга тутмадим. Шу заҳоти тафаккур қилишга шўнғиб, ўзимга-ўзим ушбу фикрларни айтдим.

Баъзи амалдорлар ёки дунёси кўп тижоратчиларни кўрганимизда уларни дунё ва мол-мулк ортидан қувиб, дунёга қул бўлиб, кунлик саловат, зикрларни айтиш уёқда турсин, намозни тарк қилган ёки ўз вақтидан кечиктириб, парво қилмайдилар. Ёки бўлмасам дунё топаётиб, ҳалол-ҳаромига эътибор бермай на етимга ёрдам қилган ва на охирати учун эҳсон қилганини кўрмайсиз, эшитмайсиз. Демак, дунё, мол-мулк эгалари ҳам икки тоифа бўлар эканда….

Сўнг хулоса қилдим. Эй азиз дўстим! Молингизни ўзингизга подшоҳ қилиб олманг, сиз унга ходим эмас, у сизга ходим бўлсин. Мол-дунёйингизни қалбдан чиқариб чўнтагингизга солинг. Агар молингиз сизга хизмат қилса бу албатта яхшидир. Лекин сиз молингизга хизмат қилсангиз бу ёмондир.

Эй Аллоҳим дунё беру, дунёга муҳаббатли қилма.