СНАЙПЕР… (15-қисм)

0

 

* * *

 

Вақт шомга яқинлашганда, подполковник аниқ манзилни телефон орқали тушунтирди. Мирсоли қўлига қуролни олди-да, такси тутиб жуда тез фурсатда ўша жойга етиб борди. Бу гал ҳам илгаригисидек манзил кўп қаватли уйнинг чордоғида эди. Ҳеч қандай тўсиқсиз чордоққа чиқди-да, яхшилаб жойлашиб олиб подполковникнинг қўнғироғини кута бошлади.

««Худойим, бу ишда ҳар гал менга ҳамроҳ бўлаётганингга шукр қиламан, — ўйларди Мирсоли. — Бирор тўсиқ, қаршиликсиз ишимни битиряпман. Демак, мен тўғри иш тутаётганимга ўзинг гувоҳсан. Қолаверса, ўзинг менга шундай қисматни лойиқ кўрдинг. Кейинчалик ҳам қўллашингни истардим. Мен бегона юртдаман, оналаримнинг жонини олдинг, ёлғиз қолдим, энди ўзинг қўлламасанг, аҳволим жуда оғир бўлади…

Ярим соатча чордоқда ўтиргач, кутилган қўнғироқ ҳам бўлди. Тарасов икки-уч дақиқа ичида рўпарадаги банк биносига келаркан. Машинадан тушганда улгуриши керак…

Қарабсизки, бу иш ҳам хамирдан қил суғургандек осон битди. Мирсолининг бахтига полковник банкка ёлғиз ўзи, қўриқчиларсиз ташриф буюрганди. Ерга чалқанча қулаб, қонга бўялган Тарасовни фақат ўткинчилар ўраб олишди ва «Тез ёрдам» чақиришди. Бу орада Мирсоли аллақачон чордоқдан пастга тушган ва таксида подполковник белгилаган манзил томон кетиб борарди.

— Баракалла, — унинг елкасига қоқди подполковник. — Бопладинг. Мени хавфли ва ёвуз душманимдан халос қилдинг. Қарздорман. Худо хоҳласа, юқори лавозимни эгалласам, сениям ошиғинг олчи бўлади. Биз ҳеч қачон мағлуб бўлмаймиз.

— Мен ўзимдан ўзим нафратланиб кетяпман, — деди Мирсоли ер чизиб. — Қаерга борсам, ким билан гаплашсам, яқин бўлсам, ўша одам ўлиб қоляпти. Шумқадамман мен, ишонасизми, шумқадамман! Ҳозир сиз билан гаплашиб турибман-у, қўрқиб кетяпман.

— Қўйсанг-чи, — деди қўл силтаб подполковник. — Бу эскилик сарқити. Қанақа шумқадам? Ажали етган одам сен-у мендан сўраб ўтирмайди. Жонини жимгина топшираверади худога. Бунақа бўлмағур хаёлларни каллангдан чиқариб ташла! Ундан кўра «Бегун» ҳақида ўйла! Сенга тиш қайраб ўтирганини кўз олдингга келтир!

— Униям полковник каби четдан туриб отиб ташлайманми? Жонга тегди-ку пусиб яшаш, ака!

— У ҳолда тўғри «Бегун»никига кириб бор! — деди подполковник кулиб. — Қўриқчиларига кучинг етадими ўзи? Ҳа-я, сен спортчисан-ку айтганча! Қара, буткул эсимдан чиқибди-я!

— Бу маслаҳатингиз менга маъқул, — деди Мирсоли жонланиб. — Ростданам тўғри кириб бораман.

— Кириб боргандан нима наф? Нимани исботлайсан? Ўзингни турмага тиқишларини хоҳлайсанми?

— Сиз борсиз-ку! Нимадан қўрқаман?

— Йўқ, ошна, бу ишинг тўғри келмайди. Сен у ярамасларни билмайсан. Яхшиси, олдин тайёргарлик кўриб олишинг керак.

— Қанақа тайёргарлик?

— Менинг агентурам кў-п фойдали хабарларни етказган «Бегун» ҳақида. У ифлоснинг бўйнида ўнлаб қотилликлар осилиб турибди. Қолаверса, унинг тунги клублари, «Точка»ларида гиёҳванд моддалар очиқчасига сотилади. Мана шуларни бўйнига қўйиб, ана ундан сўнг тузоққа илинтирсанг ярашади. Хўш, режанг борми биронта?

— Ҳа, бор, — деди Мирсоли бош қашиб. — Сиз менга ўша «точка»лар манзилини аниқ айтинг. Уёғини ўзимга қўйиб беринг!

— Менга қара, ҳақиқатан бир ўзинг кириб бормоқчимисан? Хавфли бу сен учун. Яхшилаб ўйладингми?

— Менинг йўқотадиган ҳеч нимам қолмади. Уларга нисбатан аламзадаман. Юрагимда қанча алам борлигини билсангиз эди…

— Йўқ, барибир хавфли. Сени хавф остида қолдира олмайман. Майли, бир ўзинг бор, аммо ташқарида махсус хизмат аскарлари шай туришади. Қўлингга диктофон бераман. Кирмасдан олдин ёқиб қўясан. Шу йўл билан тилидан илинтирасан. Қўнғироқ қилиш ҳам ўзига хос бўлиши керак. Гўё телефонни ковлаштираётган бўласан-у, менга гудок ташлайсан. Шу заҳоти аскарлар босишади уларни.

— Бу таклифингизга рози бўлолмайман. Аскарларни овора қилишнинг нима кераги бор? Ундан кўра, бир ўзингиз ташқарида пойлаб туринг. Гудок кетиши билан кираверасиз. Хавотир олманг, мен анойи эмасман. Уларнинг қўлида ўладиган аҳмоқ йўқ.

— Уф-ф, қайсарсан-да ўтакетган! — хўрсиниқ аралаш сўз қотди подполковник. — Тутган ерингни кесаман дейсан. Ахир улар…

— Азроил эмасдир? Менга ўхшаган одам-ку! Ё менга ишонмайсизми?

— Бўпти, билганингни қил! Юр, диктофон билан керакли маълумотларни бераман. Қани, кўрай-чи, қандай психолог экансан.

— Гап йўқ, кетдик!..

 

* * *

 

Мирсолига барибир эди. Шу кунгача қотилликка қўл уриш олдидан юраги ғаш тортган бўлса, ҳозир ундай ҳислар қалбига ўрламасди. Жонини тиккан кимса каби дадил юриб борарди. Вужудида қаҳратон ҳукмрон эди. У энди на подполковник, на бошқасига ишонарди. Ҳеч кимнинг кўмагига кўнглида илинж сезмасди. Худди шундай кайфиятда ниҳоят «Бегун» деган зўравоннинг дала ҳовлисига етди. Бу иморатни дала ҳовли деб аташ ҳам нотўғри эди. Чунки уч қават қилиб қурилган ҳовли ўта ҳашаматли ва жозибадор эди.

— Ўғри, каллакесарлар фақат шундай ҳашаматларга эгалик қилишини илгари киноларда кўрардим, — деди ўзига ўзи Мирсоли. — Мана, энди ўз кўзим билан кўриб турибман. Ҳозир шу ҳашамат остонасини ҳатлаб ичкарига кираман. Биламан, бу ерда мени яхшилик кутмаяпти. Балки дайди ўқ зарбидан ер тишлаб ҳам қоларман. Майли, нима бўлса бўлар. Настя энамнинг аламини олмагунча тинчланмайман. Ҳали ўша дўхтирларигаям навбат етади. Улар ҳам ўз насибасини олади…

Худди шундай чалкаш ўйлар гирдобида дарвозага яқинлашди. Йўл чети ва дарвоза қаршисига ярқираган хориж машиналари қўйилган. Кутилганидек остонада икки барзанги ўзаро гаплашиб турарди.

— Сенга ким керак? — дағдаға аралаш сўради улардан бири Мирсолига тик боқиб. — Нима иш билан келдинг?

— Мен «Бегун» билан гаплашишим керак, — деди Мирсоли ерга чирт этиб тупуриб олиб. — Қўйвор мени! Вақтим зиқ.

— Ўзинг ким бўласан?

— Менми? — Мирсоли барзанги ўзини танимаганидан энсаси қотган каби тусга кириб иршайди. — Майли, кўча кўрмаганинг шундан маълум бўлди. Таниб ол, мен Саша Крутой бўламан!

Бу номни эшитгандаёқ икки барзанги баравар сергакланди. Уларнинг бири шоша-пиша телефонини қўлига олди ва нари кетди.

«Буларнинг пайтавасига қурт тушди, — кўнглидан кечирди Мирсоли. — Ҳозир ичкарига олиб кириб ертўлага судраклаш, боплаб калтаклаш, шу йўл билан пулларни тортиб олиш ҳаракатига тушишади. Кўрамиз, ким анқов-у, ким ақлли экан!..»

— Юр, сени кутяпти «Бегун», — ичкарига ишора қилди худди ўша телефонда гаплашган барзанги. — Олдин қўлларингни кўтар! Биз текшириб кўришимиз керак!..

— Дарвозахонага кирайлик, кейин кўтараман қўлимни, — деди Мирсоли тап тортмай. — Жинни эмасман-ку катта кўчада сенларга қўл кўтариб!

Барзангилар индамай дарвозанинг кичик эшигини очишди. Ичкарига кирганлари ҳамоно Мирсоли эпчиллик билан иккала барзангини ҳам ерга қулатди. Бу зарбалардан сўнг улар камида бир соат беҳуш ётишлари аниқ эди.

Мирсоли атрофга ўғринча қараб олди-да, зиналардан юқорига кўтарила бошлади. Шунда ичкаридан яна икки барзанги қўлларида тўппонча тутган ҳолда чопиб чиқишди. Аммо улар ҳам ҳеч бир ҳаракат содир эта олишмади. Улгуришмади. Мирсоли эҳтиёт шарт улардан бирининг қўлидаги тўппончани олди-да, қўйнига тиқди. Ана энди хонага кирса бўларди. У ерда нари борса икки-уч қўриқчи бўлишини тахминларди.

Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. У ичкарига кириб, овозлар келаётган тарафга юрди. Ўша хонага кирди ҳам. Қаердан пайдо бўлишди, билмайди, чамаси саккиз эркак баравар унга ташланди. Бу кутилмаган ҳужумдан Мирсоли бироз эсанкиради ҳам. Лекин бирма-бир барчаларини полга ағанатди. Содир этган ҳаракатларидан ўзининг ҳам кўнгли тўлди. Бахтга қарши тағин каттакон хона тўридаги бошқа бир эшик очилиб, беш нафар барзанги қаршисида пайдо бўлди. Уларнинг барчаси қўлидаги тўппончаларни Мирсолига тўғрилаб олганди. Барзангилар ортидан эса кенг елкали, серсоқол, қиррабурун, калбош, қирқ беш ёш атрофидаги эркак чиқиб келди. Билдики, «Бегун» деганлари худди шунинг ўзи.

— Тиз чўк! — буюрди у Мирсолига нафрат назари билан боқиб. — Кимга айтдим? Тиз чўк, ҳароми!

Шу орада барзангилар югура келиб Мирсолини ўраб олишди. Бири Мирсолининг орқа миясига тўппонча тиради.

— Сен ким бўпсанки, тиз чўксам? — жавоб қилди Мирсоли. — Эркак бўлсанг, қуролсиз гаплаш! Айтганча, мени ҳароми дедингми? Ўв, шу гапинг учун тилингни суғуриб оламан!..

— Шунақами? — қорнини силкита-силкита кулди «Бегун» қўриқчиларига бир-бир қараб олиб. — Бировларнинг ҳақини ўғирлаб тилинг чиқиб қолдими? Зўр бўп қолдингми? Майли, кўрамиз! Ҳали ертўлага тушсанг, тўтидай сайраб менга ёлворсанг, эсингга солиб қўяман шу гапларингни!

Мирсоли нимадир ёдига тушгандек киссасига қўл солди-да, диктофонни текшириб олиб, тахминан керакли тугмачасини босди.

— Олдин бир суҳбатингни олсак ёмон бўлмасди, — деди у зўравоннинг кўзларига тик боқиб. — Сен қандай қабиҳ ишлар қилиб юрганингни яхши биламан. Ҳатто чўнтагимдаги флэшкага ҳаммасини ёзиб ҳам олганман. Адашмасам, ўнтача бегуноҳни қуритгансан. Агар ментларга шу флэшкани узатворсам, камида бир умрга турмага қамаласан. Ё ишонмайсанми?..

Бу гапи «Бегун»нинг ғазабини қўзғади чоғи, барзангиларга ишора қилди.

Улар Мирсолига ташланиб, ертўлага судрашга тушди. Ҳали ўлдирмасликларига амин бўлган Мирсоли ўзининг севимли усулларини ишга солди. Олдин барзангилар ағанади. Кетидан эса «Бегун» ҳам юзтубан полга йиқилди. Мирсоли унинг бошига оёқ тиради-да, шивирлади:

— Ҳозир энамнинг хунини тўлайсан. Тўламасанг, ўласан!.

 

* * *

 

Ўзини кимсан катта бир шаҳарда хўжайин ҳисоблаб юрган «Бегун» тепасидаги бўй йигит қаршисида ростакамига ожиз қолганди. Унинг гап-сўзлари, қаҳр тўла нигоҳларидан аламзадалигини аллақачон ҳис этиб улгурганди. Шу кунга қадар ўзи суяниб, ишониб келган шотирларининг Мирсолига кучи етмаганига гувоҳ бўлгандан бери жуда асабий эди. Шу билан бирга Мирсолига тан берганди…

Бахтга қарши Мирсоли ўз ниятини амалга ошира олмади. Улгурмади. Подполковник сўзида туриб махсус хизмат ташкилоти аскарларига хабар берган экан. Кутилмаганда улар ичкарига бостириб кириб, ҳаммани полга чўзилиб ётишга мажбур этди. Мирсоли ҳам бу кўрсатмадан бебаҳра қолмади. У биларди. Бу иш шунчаки йўлига қилинди. Ҳозир тепасида подполковник ҳозир бўлади-ю, аста ўрнидан турғазади. «Бегун» ва унинг ҳамтовоқлари эса бўлимга олиб кетилади. Фақат… Онасининг ўчини олмагани алам қилади. Ким билсин? Подполковник ортиқча қон тўкилишини хоҳламади чоғи, Мирсолининг илтимосини қондирмабди…

Шундай бўлди ҳам. Подполковник ҳақиқатан аскарлар ортидан хонага кириб келди. Аммо у ёлғиз эмасди. Ёнида баланд бўйли, фуқаро кийимидаги эркак ҳам бор эди. Мирсоли ер остидан уларга тикилиб қаради ва подполковникнинг яқинлашишини, ҳурмат билан ўрнидан турғазишини, бу иши учун аскарларга танбеҳ беришини кутди.

Надоматлар бўлсинки, подполковник буткул терс иш қилди. Шошилмасдан Мирсолининг тепасига яқинлашди-да, ёқасидан ғижимлаб ўрнидан турғазди.

— Ўртоқ полковник, — дея ёнидаги эркакка юзланди у истеҳзо аралаш тиржайиб. — Мана қаҳрамон! Биласизми бу нима иш билан шуғулланади?

Эркак Мирсолига совуқ қараб олди-да, елка қисди.

— Бу қотил, киллер, — давом этди подполковник. — Шу кунгача беш бегуноҳнинг ёстиғини қуритиб улгурди. Биздан қочиб юрганди, мана, бугун қўлга тушди.

— Шунақами? — дея эркак Мирсолига яқинроқ келиб кўзларига тик боқди. — Шу она сути оғзидан кетмаган бола киллерми?

— Ҳа-да, жа нишонни аниқ урадиганлар хилиданакан. Бир кун келиб бизниям нишонга олишдан тап тортмайди бу хунаса!

— Буни тўғри «Сизо»га олиб боришсин, — подполковникка буюрди эркак. — Шахсан ўзим гаплашаман бу рецидевист билан. Қолганларни бўлимга олиб бор-да, ўзинг шуғуллан! Биласан-а нима қилишни?

— Хафа қиляпсиз, ўртоқ полковник, — ялтоқланиб кулди подполковник. — «Бегун»ни жуда соғиниб юргандик. Хайрият, яна кўришдик!

Подполковник шундай деб аскарларга ишора қилди. Улар барчаларини ташқарига судраклашди.

Мирсоли нимадир демоқчи бўлди. Бир неча маротаба оғиз жуфтлади. Нимаям қилсин? Аскарлар турткилай-турткилай уни ҳам ташқарига олиб чиқиб кетишди.

 

* * *

 

Шундагина англади, тушуниб етди. Подполковникнинг сотқинликка қўл урганига сира шубҳаси қолмади. Сўнгги онлардаги аччиқ сўзлари, нафратга йўғрилган нигоҳлари унинг кимлигини, асл ниятини ошкор этиб қўйди. Мирсоли ич-ичдан эзилиб кетаётган бўлса-да, подполковникнинг мақсади яхшилигига ўзини ишонтиришга уринарди. Аммо қалби қарши эди. У ҳис этарди, унсиз фарёд чекарди. Мирсолини интиқомга ундарди.

«Демак, буларга шунинг учун ҳам зўравонлар ишонмас, дўстлик қилмас экан, — ўйларди у милиция машинасида кетиб бораркан. — Пулни ундирди, ишларини мен орқали битирди, энди қамоққа тиқишга аҳд қилибди-да! Лекин нега? Наҳотки, виждони қийналмаётган бўлса? Наҳотки, қўрқмаса? Бе, булар қўрқишни билармиди?!. Ўзларини бек деб ҳисоблайди. Бизга ўхшаганларни оёқ учида кўрсатишади. Мана, бугун шунга амин бўлдим. Хўш, энди нима қиламан? Банкда шунча пулим қолиб кетади. Худо билади, булар мени бир умрга қамаб юборишса-чи? Ким куяди менга? Пулларим-чи? Кимлар эгалик қилади уларга? Анавинга ўхшаган ҳаромиларми? Йўқ, мен қамалмаслигим керак. Нима қилсам бўлади? Шу тахлит ўтираверсам, машина ҳадемай «Сизо»га етиб боради. Ундан кейин эса ҳаммаси тугайди. Йўқ, мен қочаман, нима қилиб бўлсаям, қочиб қоламан. Аммо қандай қилиб? Панжара ортидаман. Нариги тарафимда ментлар қурол қучоқлаб ўтирибди. Буларнинг қўлидан қутулишнинг ўзи бўлмайди. Каллани ишлатишим шарт. Эҳ, нималар бўляпти ўзи? Боягина қўлимни қаерга узатсам, етади деб ўйловдим. Аслида ўша подполковникнинг гапларига лаққа тушмасам бўларкан. Ўғрибоши берган пулларни бизнесга йўналтириб, тинчгина яшайверсам бўларкан. Йўқ, ҳали аламимдан чиқиб улгурмадим. Қиладиган ишларим тиқилиб ётибди. Миямни ишлатсам, бу қафасданам қутулишга йўл топилади… Ҳа, топдим… Ҳозир… Ҳозир…»

Мирсоли хаёлига келган фикрдан жонланиб тилга кирди.

— Камандир, машинани тўхтатмасангиз бўлмайди, — деди ўзини ўта безовталанганга солиб. — Илтимос, тўхтатинг!

— Нима бўлди яна? — нариги тарафда ўтирган милиционерларнинг бири зардали оҳангда сўради. — Тинчликми?

— Ҳожатга чиқмасам бўлмайди, — деди Мирсоли атайин инқиллаб. — Қорин бураб боряпти. Илтимос, тўхтатинг машинани!

— Мумкинмас! — деди милиционер. — Чида, мерган, чида!

— Ахир… Сиз ҳам одамсиз-ку! Тўхтатсангиз ҳеч нима бўлмайди-ку!

— Нима егандинг ўзи? — иккинчи соқчи масхараомуз кулиб савол ташлади. — Намунча тиррақи сигирга ўхшаб инқилламасанг?

— Агар… Тўхтатмасангиз, ўлиб қоламан. Ҳазил ҳаром ҳозир… Ишонинг, чидашнинг сира иложи йўқ. Ҳали йўл олис бўлса… Жон ака, бир дақиқага тўхтата қолинг!

— Уф-ф, — милиционер дарича орқали ҳайдовчига юзланди. — Тўхтатақол! Чор атроф ўрмон-ку, қочиб қаерга борарди? Тағин иштонини ифлос қилиб юрмасин даюс! Тўхтат!..

Машина тўхтади. Соқчи қўллари кишанланган Мирсолини йўл четига бошлади.

— Мен ёнингда тураман, — деди у қалин ўрмонга ҳушёр боқиб. — Тезроқ бўл!

— Э, ака, мен уяламан, — деди Мирсоли норозиланиб. — Ҳалиги… Каттаконига чиқишим керак. Сиз тепамда турсангиз, қандай… Қўрқманг, қочиб кетмайман шу аҳволда!

— Қочиб қаергаям борардинг, — деди соқчи. — Қочсанг, мана шу қалин ўрмонда айиқ, бўриларга ем бўласан. Бўпти, сал нарига борақол! Фақат тезроқ бўл!

Мирсоли учун бу айни муддао эди. Қоронғиликда қалин ўрмон четига — машинадан нарироққа бориб бир муддат милиционерларни кузатди. Улар сигарет тутатганча ўзаро гаплашар, шу орада Мирсоли кетган тарафга кўз ташлаб олишарди.

Мирсоли аста-аста, жуда эҳтиёткорлик билан ичкарилайверди. Хаёлига на айиқ, на бўри келди. Қандай бўлмасин милиционерлардан узоқлашиш илинжида бўлди. Бироқ соқчилар ҳам анойи эмасди. Зум ўтмай, уларнинг қичқириғи атрофни тутди. Қайсидир бири жавоб бўлмагач, осмонга қарата тўппончадан ўқ ҳам узди.

— Вей, мерган, қайдасан, мараз? — дея улар Мирсолини таъқиб қилишарди. — Тўхта! Ўзингга жабр қилма! Майли, кечирамиз сени! Фақат тўхта! Бу ўрмонда ваҳший ҳайвонлар кўп! Тўхта-а-а!!!

Сал ўтиб милиционерларнинг ҳайқириғи тинди. Ҳойнаҳой топа олмасликларига амин бўлибми, Мирсолини таъқиб қилишдан воз кечишди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ