«ТУҚҚАН ЭМАС, БОҚҚАН ОНА!»

0

 

— Бугун ҳаётимдаги энг катта ёлғонга дуч келдим. Мен йигирма беш йилдан бери бағрига талпинадиган, қирдек қанотим дея таянадиган, кўзимнинг нури ота-онам менга мутлақо бегона эканини билиб қолдим. Қанийди, холаларим келмаса-ю, онажоним билан шу ҳақида гаплашмаса…

Туғилган куним муносабати билан қариндошларни чақириб, катта зиёфат уюштирдик. Дадам қариндошларимизнинг ёнида мени бағрига босиб, «Ўринбосарим, эртамнинг эгаси», деб эркалаганида холаларим ва амакиларимнинг энсаси қотганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Зиёфат авжида мени уйлантириш масаласи ўртага ташланди. Шу аснода ота-онам «Ўғлимиз уйланаман деса, мана, уй тайёр. Оёғининг тагига битта тойчоқ олиб берсак, келин бола билан маза қилиб сайр қилиб юрибди-да, а-а, ўғлим?» деб кулиб қўйишди. Гапларидан уялган бўлсам ҳам ич-ичимдан суюндим. Ёлғиз фарзанд бўлганим учун ҳам доим «Топганимиз сеники», дейишади. Лекин бир пайт холаларим билан ойижоним ўртасида «жанг» бошланди. Бири қўйиб, бири бақираётган холаларимнинг ойимга қилаётган муомаласидан ёқамни ушладим. «Сизга ҳам беш кетмадим, опа, умрингизни шу етимчани деб хазон қилдингиз. Тағин бор давлатим сенга, дейишингизга ўлайми!», «Поччам билан ажрашмаслик учун шу тақдирни танладингиз. Этагингиз тўла бола эди, ўзганики ўзингники бўлолмайди ҳеч қачон. Ҳали ўғлим уйланиб, кўчада қолдим, деб йиғлаб келасиз олдимга…»

Англаб бўлмас даражада бошим карахт эди. Инсон сонияларда энг яқин кишиларидан жудо бўлса, жинни бўлиб қолиши ҳеч гап эмаскан. Ота-онам олдимда ўзини айбдордек ҳис қилар, боши эгик ҳолда турар эди. Ўзимни қўлга олиб, уларни маҳкам бағримга босдим. Гарчи мени адоқсиз шубҳа-гумонлар гирдобига ташлаган саволлар қийнаётган бўлса-да, бу гаплар менга заррача таъсир қилмаганига уларни ишонтиришга куч топдим. Кўзию юзи фитнага чанқоқ холаларимга қараб «Туққан эмас, боққан она, дейдилар, холажонларим!» дедим. Йигирма беш йилдан буён сағирлигимни сездирмаган бундай инсонларнинг фарзанди бўлиш катта бахт эканини ўшанда билдим.

Рақам сир тутилган