СНАЙПЕР… (21-қисм)

0

 

* * *

 

Мирсоли Настя холадан қолган квартирада яна икки кун ёлғиз қолди. Ўйлади, ҳашаматли уй сотиб олишни мўлжаллади. Ўзини ўша ҳашамат ичкарисида ҳис этиб кўрди. Лекин негадир юраги ҳовлиқиш ҳиссини туймади, потирламади, Мирсолини ҳаяжонланиш, қўрқиш, хавотирланишга қўймади. У илгаригидек сокин, хотиржамлик билан интернет клубига қатнади, ишларни бошқарди. Барибир кўнглининг аллақаерида безовталик туғён қилаверди. Маша тутган иш ёдига тушганда, жаҳд отига минаверди.

— У жазо олиши шарт, — деди охири. — Хиёнаткор аёлларни ёқтирмаслигимни айтгандим. У эса жонимга қасд қилди. Бу мен учун хиёнатданам ёмонроқ. Демак, у манжалақини қидириб топиб жазолашим зарур!..

Мирсоли қўл остида ишлайдиган қўриқчи йигитлар ёрдамида оҳори кетмаган тўппонча, тўппончага ўрнатиладиган овоз пасайтиргич топди ва курткаси киссасига қуролни жойлаб эрта тонгда ташқарига чиқди. Бемалол янги машина сотиб олса бўларди. Ундай қилмади. Ҳаёти ҳар дақиқа жиддий хавф исканжасидалигини ўйлаб фикридан қайтди. Яхшиси, таксида юришни маъқул топди.

Йўл четидаги автобус бекатига етгач, ўриндиқларга назар ташлади. У ерда фақат бир кампир ўтирар, нуқул пиқ-пиқ йиғлар, қур-қур атрофга кўз ташлаб оларди. Мирсоли кекса кампирнинг аҳволидан таъсирланиб, беихтиёр ўриндиқлар томонга юрди.

— Нима бўлди сизга? — сўради кампирнинг қаршисида тиз чўкиб. — Бирор ерингиз оғрияптими, эна?

— Оғриса яхшийди, — деди кампир Мирсолига жавдираб боқаркан. — Биттагина ўғлимни, паҳлавонимни анави манжалақи ҳийламинан ўлдириб қўйди. Нима қилай? Қариб қолдим, ҳеч кимим йўқ, ундан ўч ололмадим.

— Нимага ўлдиради? Нима айб иш қилибди ўғлингиз?

— Айби ўша мараз қизга илакишгани бўлди. У бир зўравонга хизмат қиларкан. Яқинда бозорда ўғлим ўша зўравонминан муштлашиб қолганакан. Паҳлавоним Володя спортчийди. Унақа зўравонларнинг ўнтасини ер тишлатар кучи бориди. Ифлослар ўша Машани ишга солишибди.

— Маша? Қизнинг исми шунақамикан?

— Ҳа, ер ютсин илойим!

Мирсоли шоша-пиша киссасидан телефонини олди-да, Машанинг суратини топиб кампирга кўрсатди.

— Шу қизмиди? Уни кўрганмидингиз ўзингиз?

Кампир суратга бир қаради-ю, қаттиқроқ йиғлай бошлади.

— Худди шу. Болам, сен… Танийсанми Машани? Қаердан танийсан?..

Мирсоли телефонни қайтадан чўнтагига солди-ю, кампирнинг қўлидан тутиб ўрнидан турғазишга тутинди.

— Дардимиз бир экан, эна, — деди эҳтиёт шарт шивирлаб. — Бу қиз мениям ўлдирмоқчийди, улгурмади. Эна, ҳозир мен билан бирга борасиз, мен ўша қизни жазолайман. Сиз ташқарида турсангиз бас. Ажабмас енгил тортсангиз!

— Мен? Уни… Ўлдирасанми? Йў-ўқ, мен… Қўрқаман, болам. Қўй, мени унақа ишларга бошлама! Ўзим куйикда зўрға ўтирибман. Қўй! Сенам борма! Қизнинг акалари ёмон одамларакан. Тағин..

— Қўрқманг, ҳеч кимни ўлдирмайман. Шунчаки пўписа қиламан, холос.

— Барибир бормайман. Менга тинчлик керак.

— Унда уйингизга боринг! Ҳисоблангки, Маша жазосини олди! Тамом! Ортиқ йиғлаб ўзингизни қийнаманг, касал бўп қоласиз.

— Бўпти, болам, ҳозир уйимга бораман. Сенам уёқларга борма! Ёш экансан.

Мирсоли кампирни таксига ўтқазди-да, ўзи бошқа такси тутиб, ўрмондаги барзангиларнинг бириникига жўнади. Кўнгли негадир Маша ўшаникида бўлиши муқаррарлигини сезгандек бўлаверди.

— Бу гуноҳ эмас, — дея йўл-йўлакай ўзини ишонтиришга уринарди Мирсоли. — Ана, муштипар бир кампирни ҳам зор қақшатибди Маша. Демак, уни ўлдирсам, гуноҳга ботмайман…

Мирсоли етиб келди-ю, биринчи навбатда дарахт панасига ўтиб, тўппончани ўқлади. Сўнгра теваракни обдон кузатди. Яқин орада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, ҳовли эшигини очиб ичкарига кирди. Адашмаган экан. Худди биринчи келганидагидек Маша ва барзанги ҳовли бурчагидаги стол қаршисида чақчақлашиб ўтирарди. Мирсолини биринчи бўлиб Маша кўрди. Ранги оқаринқираб бир Мирсоли, бир барзанги тарафга қўрқув аралаш боқди. Барзанги ҳам ҳайрон бўлиб ортга ўгирилди-ю, даст ўрнидан турди ва югуриб бориб токчадаги узун пичоқни қўлига олди.

— Сен яна бизни боплаб дўппослайман, хумордан чиқаман деб ўйладингми? — дея хезланди барзанги. — Йўқ, бу гал менинг навбатим. Мен хумордан чиқмоқчиман. Аммо сенга қўл теккизмайман. Ҳамма ишни мана бу пичоқ бажаради.

Мирсоли барзангининг пўписасини эшитиб силкина-силкина кулди.

— Аҳмоқ экансан, — деди у Машага совуқ назар ташлаб қўйиб. — Худо шунча савлат берибди-ю, ақлдан қисибди-да! Вей, қўл-оёғимни оғритиб сени дўппосламайман, ишон! Нима қилай? Ифлосликни, сотқинларни сира ҳазм қила олмайман. Тўғрими, Маша? Сени ўлиб кетган севгилимга ўхшатиб, бир умр бахтли яшайман, сенга суянаман, сени севаман деб ўйлабман. Сен манжалақи бўлса, «Смех»нинг ноғорасига ўйнаркансан. Хўш, қани ўша окахонинг? Йўқ, кўрдингми, йўқ! У турмада ўтирибди. Афсуски, ҳали унга «передачка» оборишга улгурмабсан чоғи. Ҳечқиси йўқ. Окахонингнинг югурдаклари кўп. Бири бўлмаса, бошқаси албатта хабар олади. Сен бўлсанг…

Мирсоли гапини давом эттира олмади. Қалби руҳий қийноқдан азобланиб, вужуд-вужудига ўрлаган ёввойи аланга чангалида қолди. Худди шу олов оташи Мирсолини тезроқ қуролини қўлига олишга ундайверди.

Мирсоли қўйин чўнтагидаги тўппончани қўлига олди-да, биринчи бўлиб барзангига тўғрилади.

— Сенга айтувдим-а, — деди у барзанги томон бир қадам ташлаб. — Нина заҳри, сендан еган тепкилар азоби ҳали кетмади. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам ўша оғриқлар менга азоб беряпти, жоним қийналиб кетди, оғайни!

Барзанги қуролни кўргандаёқ жазавага тушиб қолганди. Жонҳолатда олдинга интилиб, қичқирди.

— Отасанми? От! Нега қараб турибсан? Эркакмисан ўзи? От дедим!..

Мирсоли барзангининг сўнгги ҳақоратига бардоши етмай, тўппончадан ўқ узди. Барзанги ерга йиқилгани ҳамоно, кейинги ўқ Машага қарата отилди. Мирсоли ерда қонга беланиб ётган йигит ва қиз тепасига бориб яна бир мартадан уларга қарата ўқ узди-да, тўппончани томорқага ирғитиб, сира шошилмасдан ташқарига йўл олди.

Таксида хомуш кетиб бораркан, хаёлан ўзига ўзи деди:

— Мен ҳаромиларни ўлдиришдан чарчамайман, тўхтамайман, қўрқмайман!

 

* * *

 

Орадан бир кунгина вақт ўтди. Мирсоли Маша ва барзангини тинчитгач, умуман хавотирга тушмади. Подполковникка ишонди, қолаверса, бу галги қотилликни негадир гуноҳга йўймади. Қанча ўйламасин, барибир ўзини оқлаб чиқаверди.

Эрта тонгда эса интернет клуб эшиги олдида тургувчи соқчи йигитлардан бири ташқарида кимдир кутаётганини айтиб қолди. Мирсоли сезди. Кутаётган одам подполковник эканига ишониб, совуқ тиржайиш қилганча унга пешвоз чиқди. Тўғри сезибди. Подполковник телефон орқали айтилмайдиган иш чиққан палладагина ўзи ташриф буюрарди. Мирсоли машина томон шошмасдан юриб бораркан, ич-ичдан ғурурланиб қўйди. Ўзини шундай катта лавозимли, ҳурматли одамлар қидира бошлаганидан мамнун бўлди. Аммо подполковникнинг қовоқлари уйиқ, қандайдир баджаҳл қиёфада эди. Устига устак ҳар сафаргидек у машинадан пастга тушмади. Тек, Мирсоли тарафга ҳиссиз тикилган кўйи ўтираверди.

«Бу жа ҳаддидан ошяпти, — кўнглидан ўтказди Мирсоли ғижиниб. — Мана, машинадан тушмайдиган одат чиқарибди. Ҳадемай кабинетидан туриб буйруқ бера бошлайдими нима бало?..»

— Ука, ишнинг пачавасини чиқарибсан-ку, — дея Мирсоли ёнига ўтиргани ҳамоно зардали оҳангда сўз қотди подполковник. — Мени огоҳлантирмай, маслаҳатлашмай қилиб қўйган ишинг нимаси?

— Нима қилибман? — гўё ҳеч нарсадан хабари йўқдек савол ташлади Мирсоли. — Нима, бугун чап ёнингиз билан турганмисиз келар-келмасдан заҳрингизни сочяпсиз? Нима қилибмиз биз гуноҳкорлар, тақсир?

— Билмайсанми нима қилганингни? Маша, анави Петя… Уларни нега ўлдирдинг? Думингни босволишдими?

— Ҳўв, ока, — подполковник билан танишгандан бери илк бор дўқ аралаш сўз қотди Мирсоли. — Оғзингизга қараб гапиринг! Тилга эҳтиёт бўлинг! Тағин ари чақволмасин!

— Ўша ари сенми? — бўш келмасди подполковник. — Қани, чақ, ёнингда ўтирибман! Нега тек ўтирибсан? Чақмайсанми?

— Мен чақсам пайтини топиб, кейин… Жуда ёмон чақаман, брат! Нега келдингиз? Бизга иш борми? Ўзингизча ўдағайлайсиз!.. Мени ким деб ўйлаяпсиз?

— Бўлди, бўлди, ука, ўзингни бос, — подполковник Мирсолини ҳайратга солиб бир зумда қиёфасини, муомаласини ўзгартирди ва босиқлик билан давом этди. — Ўшаларни ўлдиришдан олдин менга шипшитиб қўйсанг яхши бўларди-да! Ҳар ҳолда одам-ку улар!..

— Менга муддаонгизни айтинг! Ақл ўргатадиганларим аллақачон ўлиб кетишган.

— Бўпти, жаҳлинг чиқмасин, Крутой! Асосийсига ўтаман. Бўлди, ўзингни бос!

— Нима у асосийси?

— Сен бир қонунни яхши билмайсан шекилли-а?

— Қанақа қонун?

— Ҳар бир қарз ўз вақтида узилиши керак. Шуни биласанми?

— Хўш, кимдан қарздор эканман? Тушунмадим.

— Мендан, албатта.

— Сиздан? Йўғ-э, адашмасам, қарзимни тўлаганман шекилли? Ё нотўғрими?

— У бошқа қарзинг учун эди. Анави иккита жасаднинг хунини тўламадинг ҳали. Ҳарқалай, қотилликка қўл ургансан. Бу жиноят. Турмага тушишинг керак аслида.

— Илтимос, турма ҳақида гапирманг! Мен турмага тушмаслигим керак.

— Биламан, чунки турмага тушсанг, тирик чиқмаслигинг тайин. Нега деганда у ерда сенга тиш қайраб турганлар жуда кўп.

— Бу-ку, майли, бошга тушганни кўз кўради. Лекин мен турмага тушсам, сизни тортиб кетишдан қўрқаман. Ахир, биз биргалашиб қанча гуноҳлар қилганимизни биласиз… Ҳа, майли, ўтган ишга саловат. Айтинг, нима қилай? Тушунтириброқ гапирсангиз, яхши бўларди, брат!

Подполковник Мирсолининг сўнгги сўзларини тек туриб эшитди. Кейин эса мажбуран кулимсиради. Жилмайиш сохта экани унинг юзларидан аниқ сезилиб турарди. Шу ҳолатда Мирсолига айёрона ер остидан боқиб, бош чайқади.

— Ёмонсан, сира бўш келгинг йўқ. Нуқул эсимга соласан. Майли, ука, турма икковимизгаям тўғри келмайди. Буёғига аҳил бўлайлик. Одам дунёга бир марта келади. Бизам бошқаларга ўхшаб яшаб қолайлик. Нима дейсан?

— Сиздан гапнинг индаллосини кутяпман.

— Ҳа, шундай эди-а?.. Хуллас, Маша ва барзангининг хунини тўлайсан. Эвазига мен ишни ёпди-ёпди қилвораман. Яъни, иккала жасадни бошқа бировнинг гарданига юклайман. Сен тинчгина ишингни қилаверасан.

— Жа айёрсиз-а, подполковник! Хўп, қанча бўларкан ўшаларнинг хуни?

— Ҳар бири учун эллик мингдан кўкида тўлайсан.

— Ўҳ-ҳў, иштаҳа зўр-ку, брат! Сизнинг-ча, шунча пулни қаердан оламан?

— Буниси сенинг муаммонг. Мен бўладиган гапни айтдим. Бир тийин кам бўлмаслиги керак. Чунки мениям берадиган жойларим бор. Оғзини наҳанг балиқдай каппа очиб ўтирадиганлар бор. Ўшаларни тинчлантиришим керак. Энди тушунгандирсан?

— Яхши, бунисигаям кўндим. Унда, икки соатдан кейин ўша ўзимиз кўришадиган жойга боринг, йигитлардан бири олиб боради пулларни!

— Йўқ, буниси менга маъқул эмас. Бу ишни сен ва мендан бўлак ҳеч ким билмаслиги шарт. Ўзинг борақол, ука!

— Хўп, ўзим бораман. Яхши боринг, омадингизни берсин!

— Крутой, яна бир гапни айтмоқчийдим…

Мирсоли тоқати тоқ бўлиб жаҳл аралаш подполковникка юзланди.

— Нима гап тағин?

— Интернет клубингда кечқурунлари казино йўлга қўйилганидан хабарим бор. Бу иш тақиқланганини биласанми?

— Биламан. Нимайди?

— Демак, бу ишниям мен босди-босди қилиб юришимга тўғри келади. Ҳар ойда беш минг кўкида бериб турасан. Акс ҳолда текширувчилар келса, ўзинг жавоб беришингга тўғри келади. Ҳарқалай, полиция бўлимида ўтириб сўроқ бериш сенгаям ёқмас-а? Ё адашдимми?

— Розиман. Буниям оласиз.

— Жуда яхши. Унда хайрлашмаймиз. Сени икки соатдан кейин ўша жойда кутаман.

Мирсоли подполковник билан хайрлашди-да, қовоғини уйганча офисга кириб кетди.

 

* * *

 

Мирсоли интернет клубдан мўмайгина даромад оларди. Бундан ташқари, «Смех»га тегишли «точка»лар ҳам унга ёмон даромад ҳадя этмаётганди. Тунги казино ҳам миллионлаб пулларни ҳадя этарди. Кейинги кунларда ҳашаматли уй, машина сотиб олиш ҳақида ўйлади-ю, бироқ ҳадеганда иккиланаверди. Негадир кўнгли чопа қолмади. Иккиланишлардан кўнгли ғашланиб, якшанба куни тушга яқин шаҳарни пиёда, ёлғиз сайр қилишни хоҳлади. Шу баҳонада оламдан ўтган икки онаси, Зарина ҳақида ўйлаш, ширин хаёллар денгизига шўнғишини, баҳонада енгил тортишини қалбан сеза олди.

Қишлоқда ўзини кута-кута дунёдан кўз юмган онасини кўз олдига келтириб, ундан хаёлан узр сўрай-сўрай, ерости йўлига тушди. Шу йўл марказий дўконлардан бирига олиб борарди. Ҳеч қурса бир дона ўзига ёққан кийим харид қилиш илинжида олдинга юрди. Ерости йўлининг ярмига етганда, четда тик турган кўйи тиланаётган ўсмирга кўзи тушди. Ўсмир қора кўзойнакда бўлиб, чамаси ўн икки ёш атрофида эди. Мирсоли яқинроқ бориб ўсмирнинг нолали сўзланишларига жим қулоқ тутди.

— Биродарлар, худо бизни сўқир яратди, шу йўл билан қўлингизга қаратди! Нолишимдан ранжиманг, биродарлар! Мендай нотавонга хайр қилинг! Худодан сизларга бахт сўрай!

Мирсоли ўсмирнинг нолалари, ташқи кўринишидан қаттиқ таъсирланиб, унинг қўлига бир дона беш мингталик пул тутқазди. Ўсмир пулни қўлига олибоқ бир неча марта сийпалади-да, негадир бошини у ён, бу ёнга ташлаб безовталана бошлади.

— Сенга нима бўлди, ука? — сўради Мирсоли ўсмирнинг икки билагидан тутиб. — Нега пулни киссангга солмаяпсан?

— Ахир… Бу кўп-ку, — деди ўсмир пул тутган қўллари билинар-билинмас титраб. — Менда… Қайтим йўғиди…

— Сендан қайтим сўрамадим. Киссангга сол пулни!

— Р-раҳмат, оға, — деди ўсмир беихтиёр йиғламсираб. — Умрингиз узоқ бўлсин! Кеннойим билан бахтли бўлинг!

— Мен уйланмаган бўлсам-чи? — Мирсоли ўзи сезмаган ҳолда шу ўсмир билан қизиқа бошлаганди. Шунинг учун атайин гапни чўзишга уринди. — Хўш, унда нима бўлади?

— Кечиринг, оға! Мен… Кўзим кўрмагани панд берди-да!

— Менга қара, — деди Мирсоли ўсмирга бошдан оёқ разм солиб. — Бу… Кўзларинг туғилганингдан бери шунақа… Кўрмайдими?

— Йўқ, албатта, — деди ўсмир эҳтиёткорлик билан қўлидаги пулни киссасига соларкан. — Икки йил бўлди бунга.

— Нима бўлди? Аварияга учрадингми?

— Шундан кўра аварияга учраб ўлсам яхшийди. Унданам баттари бўлган.

— Шунақа дегин? Қани, менга бошидан айт-чи! Айтавер, балки ёрдамим тегиб қолар!?.

— Афсуски, ҳеч ким ёрдам бера олмайди, — дардли оҳангда сўз бошлади ўсмир. — Кўзларим энди ўла ўлгунимча кўрмаслиги аниқ.

— Менга қара, ука, — деди Мирсоли асабий лаб тишлаб. — Нима бўлганини менга айтгин-чи! Ўзингам енгил тортасан, ишон!

— Икки йил бурун ёмон одамларнинг қўлига тушиб қолдим. Ўшандан бери…

— Ота-онанг борми?

— Йўқ, мен болалар уйида ўсганман.

— Тушунарли. Хўш, қандай қилиб ёмон одамларнинг қўлига тушдинг?

— Бу… Ўзимнинг муамммом. Сизга даҳли йўқ, ака.

— Йўқ, ундаймас, — деди Мирсоли. — Бу мениям муаммом. Гапир, ука, қўрқма! Ҳар ҳолда ўзинг манавинақанги тиланчиликни танламагандирсан? Наҳотки, ўзинг танлаган бўлсанг?

— Йўқ, мен болалигимдан милиционер бўлишни орзу қилардим. Ҳозирам орзу қиламан.

— Хўп, нима халал беряпти сенга? Пулинг йўқлигими?

— Йўқ, мен у одамларга қарши бора олмайман.

— Қизиқ, — Мирсоли янада сергак тортиб, ўсмирга қаттиқроқ тикилди. — Отинг нимайди?

— Богдан.

— Менга қара, Богдан, қайси одамларни назарда тутдинг ҳозир?

— Барибир айтмайман. Ҳақим йўқ.

— Шунақами? Майли, олдин менга айт, кўзинг нима сабаб бўлиб кўрмай қолди унда? Бирор хавфли хасталикка учрадингми?

Богдан чуқур хўрсиниб, бир муддат ўйга толди. Сўнгра яна сўз бошлади.

— Мен соппа-соғ эдим. Ўша ярамас Миша кўзимни… Кўзларимни кўрмайдиган қилиб қўйди.

— Қайси Миша? Ким ҳақида гапиряпсан? Тушунмадим.

— Миша жуда ёмон одам. У сўзига кирмаганларни аяб ўтирмайди. Ёмо-он уради.

— Шунақа дегин?!. Хўш, Миша нима қилдики, кўзларинг кўрмай қолди?

— Улар кўпчилик. Адашмасам, олти киши. Мени Миша кўчада кўриб қолиб, ўша ертўлага судраб келган. Боришни хоҳламагандим, роса тепди. Кейин мажбур бўлдим. Ертўлада эса яна менга ўхшаган болалар етти киши экан. Уларниям кўзларини кўрмайдиган қип қўйишган.

— Вой ифлослар-эй! Нима қилишди? Кўзларингга бирор ўткир нарса тиқишдими?

— Йўқ, улар қўл-оёқларимни бойлаб қўйиб… Кейин кўзларимга қизиб турган қошиқни босишган. Мен ҳушимдан кетиб қолганман. Ўзимга келганимда эса… Кўр бўлиб қолгандим. Ҳа, бақир-чақир қилмаслигим учун оғзимни скотчлаб қўйишди… Ундан сўнг Миша ёнидагилар билан бирга мени тиланишга ўргатди. Сиз пул берган вақтдаги сўзларни ёдлатган. Ҳозир эса биз болалар билан саккизта «точка»да туриб тиланамиз. Кечқурун бизни машинада йиғиб ертўлага олиб боришади. Бор пулларимизни тийин-тийинигача олиб қўйишади.

— Овқат-чи? Беришадими?

— Нон ва сув беришади… Ака, қачон иссиқ овқат ичганим эсимдан чиқиб кетган. Лекин жудаям гўштли овқат ейишни истардим…

— Бўлади сенга гўштли овқат, ука, — Богданнинг ғамгин ҳикоясини эшитиб, Мирсоли ғазабга тўлди. Шу лаҳзадаёқ бу сўқир болакайга ёрдам бермаса бўлмаслиги, зўравон, аблаҳларнинг жазосини бермаса тинчлана олмаслигини англаб етди. — Сен ҳеч нарсадан, ҳеч кимдан қўрқма! Мени ҳозироқ ўша ертўланнгга олиб борасан. Қолган болаларниям йиғиб чиқамиз.

— Йў-ўқ, — турган ерида безовта ер тепиб норозиланди Богдан. — Ҳали иш вақтим тугашига анча бор, ака! Қ-қўрқаман!

— Қўрқма дедим-ку! Сенга ёрдам бермоқчиман. Ишон, сен ортиқ ертўлада яшамайсан. Менинг ҳимоямда яшайсан. Сен албатта катта одам бўласан! Сенга сўз бераман.

— Ака, улар ёмон одамлар! Сизниям…

— Мендан хавотир олма! Яхшиси, кўрсат менга уларни! Шерикларингниям ҳимоямга оламан. Сизлар энди ҳеч қачон тиланмайсиз…

Богдан Мирсолининг сўзларидан руҳландими, ортиқ қаршилик қилмади.

Мирсоли унинг қўлтиғидан олиб, ташқарига етаклади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ