ТАБИБ… (6-қисм)

0

 

* * *

 

— Умримнинг охири кўриниб қолди…

— Йўқ. Ҳали менга ўргатадиган нарсаларингиз кўп. Ҳали жуда оз яшадингиз.

— Ўргатадиганимни ўргатиб бўлдим, болам. Битирмаган битта ишим қолганди… Уни ниҳоялаш насиб этмайдиганга ўхшайди.

— Бемалол битирасиз ҳали ҳамма ишларингизни. Ҳозир сизга дори тайёрлаб келайин, бел, оёқ оғриғини тузатишнинг осон йўлини биламан.

— Билимингни бошқаларга ишлат, энди менга ҳеч қандай дори наф бермайди… Ўғлим, тунов куни қишлоққа борганимда сени Норбой сўради. Афтидан, сенга айтадиган жуда зарур гапи борга ўхшайди. Шунча қистасам ҳам, менга гапирмади. «Аслида, сизга айтишим керак, лекин ёнингизда Кошиф ҳам бўлиши шарт», дейди. Ҳозир бошқа ишингни қўйсанг-да, қишлоққа бориб, Норбойни бу ёққа бошлаб келсанг.

— Хўп, — деб бир қўлини кўксига қўйди Кошиф, — аммо олдин сизга малҳам тайёрлаб берайин.

— Йўқ… Айтганимни қил, фақат тезроқ, болам…

Кошифни қўрқув аралаш ҳаяжон босди.

Ташқарига чиқди. Чуқур-чуқур нафас олди. У одамнинг кўз қарашига, афт-ангорига қараб, хаёлидаги фикрини бемалол уқиб оларди. Аммо ҳозир Беназир отани «ўқиш» учун буларнинг бирортаси шарт эмас. Шундоқ ҳам маълум. Шу кунларда жонимни эгасига топшираман, дея, қарийб очиқ-ойдин айтди. Кошифнинг бутун танаси музлади. Устози, бобоси бўлмаса, у қандай яшайди? Одамларни қандай даволайди? Тўғри, бир йилдан бери табиблик қилиб келяпти. Аммо ҳар доим Беназир отани ҳис этиб турар, унга суянар эди. Мабодо бобоси омонатини топширса, унда довдираб қолиши ҳеч гап эмас. «Ҳозир қишлоққа бораман-у, отамга бобом чақираётганини айтаман. Кейин шу заҳоти ортимга қайтаман… Нимага одам қушдай учолмайди? Нимага шамолдан ҳам тез югуролмайди? Қуёш жудаям узоқда, лекин унинг нури у кўриниши билан етиб келади. Нега одам шундай куч-қудратга қодир эмас? Мабодо қодир бўлганида ҳозир Норбой отамнинг ёнида турган ва ҳозирнинг ўзида қайтиб келган бўлардим», дея хаёлидан ўтказди Кошиф ва ҳовлида турган яланғоч отга бир сакраб минди.

— Чуҳ, жонивор! — дея оёғи билан ниқтади.

Тулпор аввалгидай шу заҳоти унинг буйруғига итоат этиб, олдинга интилди. Лекин не ажабки, оёқлари қалтираб кетди. Шундай эса-да, юрди. Юролди. Бироқ чопа олмади.

— Чуҳ, жонивор! Бобомнинг мазаси йўқ! Қишлоққа тезроқ етайлик! — дея Кошиф қайта-қайта отнинг қорнига ниқтади.

Қани, тулпорнинг аввалги кучи бўлса, қани, оёқлари қалтирамаса, тоғни ларзага солиб чопса, қанот чиқариб учса, манзилга кўз очиб-юмгунча етса… Йўқ, сира бундай бўлмади. Беназир отанинг севимли улови уйдан бор-йўғи ўн беш қадамча узоқлай олди. Сўнг бутунлай мадори кетиб, юришдан тўхтади. Тўртала оёғи бараварига қалтирай бошлади. Ҳозир у Кошиф тугул, ўзини ҳам кўтаролмасди. Шу боис секин ётишга чоғланди. Кошиф сакраб ерга тушди-да, отнинг бўйнидан қучоқлади.

— Сенга нима бўлди? Нега бунчалик мазанг қочди?

От секин ётаркан, хўрсиниқ овоз чиқарди. Сўнг бошини ерга қўйди.

Кошиф нима қилишини билмас, ҳали отнинг бошини кўтаришга, ҳали ўрнидан туришига кўмаклашмоқчи бўлар, аммо эплай олмас, чор-атрофга олазарак боқиб, тулпорга ёрдам бериши мумкин бўлган нарсани қидирарди.

Нарироқда иккита одамнинг қораси кўринди. Иккаласи ҳам қишлоқдан. Иккиси ҳам қарийб Кошиф тенги. Норйигит билан Баҳодир. Елкалари кенг, билаклари бақувват, сочлари жингалак.

— Бу ёққа! Бу ёққа! Тезроқ! — дея бақирди Кошиф уларга кўзи тушиши билан.

Йигитлар дарров етиб келди.

— Нега йиқилди?

— Беназир отанинг оти-ку!

— Қандай ағанаб қолди?

— Бирор нима тегдими?

Бири қўйиб бири савол бераётган йигитларга Кошиф бесаранжом қараб:

— Келганларинг яхши бўлди. Мен қишлоққа боришим керак. Бобом отамни сўраяпти. Сизлар отнинг туришига ёрдам беринглар, ётиб қолганини бобом эшитса, хафа бўлади, — деди ва пешонасидаги терни артиб, қишлоқ томон югуришга чоғланди.

— Кошиф, бизнинг қўлимиздан нима келарди? Яхшиси, мен бориб келайин. Ҳеч қаерда тўхтамайман. Сиз биласиз буни қандай тузатишни, — деди Баҳодир.

У отга бирор нима бўлиб қоладиган бўлса, жавоб беришдан қўрқаётганди. Ундаги ўйни Кошиф бир қарашдаёқ илғади.

— Менга айтди. Демак, ўзим боришим керак. Отам мени кўрса, тезроқ келади, — деди у ва катта-катта қадам ташлаганча пастликка эниб кетди.

У қарийб ҳаракат қилмаётганди. Энишнинг ўзи уни тортиб кетаётганди. Бунақа пайтда одамнинг ўзи вақтида секинламаса, кейинчалик умуман гавдасини тўхтатолмай қолиши мумкин. Яна сўқмоқ йўл қинғир-қийшиқ, буталар, тиканлар кўп эди. Улар орасига кириб кетиш, жароҳатланиш ҳеч гап эмасди. Аммо ҳозир буни ўйлайдиган пайт эмас. Тезроқ қишлоққа етиш, тезроқ хабарни етказиш, тезроқ ортга қайтиш зарур. Кошифнинг ичини бошқача бир безовталик кемираётганди…

У қишлоқ яқинида йиқилди. Йиқилганда ҳам гавдасини орқага ташлаб, товонини ерга тираб йиқилди. Шунда ҳам икки-уч одим судралди. Бутазорга кириб кетмай тўхтади. Ўрнидан турибоқ яна югуришга тушди. Бахтига отаси ҳовлида онаси билан Олтойга нималарнидир гапириб турган экан. Норбой Кошифнинг оёқ товушини эшитиб, ўгирилиб қаради ва бирдан кўзи каттариб кетди. Чунки Кошиф шунчаки югурмайди. Кошиф шунчаки ҳовлиқмайди. Шу сабабли «Бир гап бўлган!» деган ўй ўтди Норбойнинг хаёлидан ва у томонга бир-икки қадам ташлаши билан Кошиф етиб келди.

— Тинчликми?! — дея ҳовлиқиб сўради Норбой.

— Беназир отага бирор нима бўлдими?! — деди Лола.

Олтой ҳеч нима демади. Югурган Кошиф, аммо у ҳансирай бошлаганди.

— Тинчлик! — деди Кошиф тупугини ютиб. — Бобом сизни сўраяпти!

— Нега унда бунча ҳовлиқасан одамнинг юрагини ёриб?! — деди жаҳли чиққан Норбой.

— Бобомнинг оти aғанаб қолди. Ўз-ўзидан.

Беназир ота қишлоқ одамларига қанчалик азиз бўлса, оти ҳам шунчалик қадрли эди. Аммо ҳозир Кошиф жонивор ҳақида камроқ ўйлаётган, отаси билан онасининг ортиқча хавотир олмасликлари учунгина шундай деган эди.

— Қаерда?!

— Бобомнинг уйига яқин. Тезроқ бормасак, ўлиб қоладими, деб қўрқяпман.

Лола уйда қолди. Кошиф, Норбой, Олтой кетди. Анча юқорилашганидан кейин қишлоқ кўзга кўринмай қолгач, Кошиф:

— Бобомнинг ҳам мазаси йўқ, отангни чақириб кел, унга айтадиган зарур гапим бор, деб тайинлади, — деди.

Норбойнинг юраги бирдан гупиллаб ура бошлади. Ранги оқарди.

— Нега мазаси бўлмайди? Куни кеча қишлоққа келганди, ҳамманинг уйига кириб чиққанди. Пиёда юрувди. Нега бирдан мазаси бўлмай қоларкан?! — дея сўради Норбой югуриб кетаётган Кошифнинг қўлидан ушлаб.

— Дори тайёрлаб берайин, десам, йўқ, деди. Бунинг ўрнига, сизни чақириб келишни буюрди. Йўлда оти ўз-ўзидан ағанаб қолди, — деди Кошиф ерга нигоҳини қадаб.

Сўнг бирдан югуриб кетди. Норбойнинг, Олтойнинг бўйи, оёқлари Кошифникидан узун, кўринишидан улар чайирроқ эди. Аммо шунга қарамасдан, ортда қолиб кетишди. Ота билан ўғил бир қадам ташлаганларида Кошиф тўрт одим босарди. Ҳаш-паш дегунча у от йиқилган жойга етди. Жонивор тирик, аммо бошини бутунлай ерга қўйиб олган, ҳар-ҳар замонда кўзини очиб-юмганини ҳисобга олмаса, қимирламасди.

— Нима деймиз Беназир отага? — деди Норйигит Кошифга умид билан тикилиб.

Кошиф жавоб бермади. Отнинг ёлини силаб қўйди-да, йўлида давом этди.

Беназир ота бошини ёстиққа қўйганча ётарди. Шогирдининг оёқ товушидан уйга кирганлигини сезди. Лекин эшик томонга қараб ҳам қўймади. Кошиф кира солиб, табибнинг ёнига келди-да, тиззалаб ўтирди.

— Бобо, тузукмисиз?

— Яхши… — Беназир отанинг овози жуда паст чиқди.

— Ҳозир келишади. Мен дамлама тайёрлайман. Ичсангиз, яхши бўласиз, — деди Кошиф ва қўлининг орқаси билан кўз ёшини артди.

От ҳақида гапирмади. Гапиролмади. «Бобомга ёмон таъсир қилади», дея тахмин қилди. Аммо Кошиф айтмагани билан отаси қовун тушириб қўйди. Норбой Беназир отадан ҳол-аҳвол сўраганидан кейин от ҳақида гапирди. «Ўз-ўзидан йиқилиб қолибди, Кошиф шундай деди», дея қўшиб қўйди. Табиб чуқур хўрсинди. Олтойга: «Токчадаги пичоқни ол, қўй сўйганингни, буқа сўйганингни биламан», деди.

Олтой қўрқиб кетди ва дик этиб ўрнидан турди-да, бошини сарак-сарак қилди. Сўнг қалтираган овозда деди:

— Бобо, мен қўрқаман, сизнинг отингизга пичоқ тортолмайман…

— Мен айтдимми, сўясан. Ҳаром ўлиб қолмасин. Жонивор яна бир марта яхшилик қилди. Қийналмасин. Оёғини боғлаб, овора бўлиб ўтирманглар. Гўштини бутун қишлоққа тарқатасиз, — деди Беназир ота.

Ноилож қолган Олтой токча ёнига борди, қўли қалтираганча пичоқни олди ва табибдан яна гап эшитди.

— Бу аҳволингда бечора жониворга жаҳаннам азобини берасан-ку! Дадил бўл! Қўй сўйяпман, деб ўйла, ҳўкиз сўйяпман, деб ўйла! — деди Беназир ота.

Олтой чиқиб кетгач, Кошиф дамлама кўтариб келди-да, устозининг ёнига ўтиргач:

— Бобо, келинг, бошингизни озгина кўтаринг, — деди.

Ичига кирган илиқ суюқликдан табибнинг юзи ёришди. Мамнун бўлиб, Кошифга қараб қўйди. Сўнг тетиклашганини билдириб қўйиш мақсадида оппоқ соқолини силади. Ваҳоланки, у сира тетиклашмаган, қўлини зўрға қимирлатганди.

— Энди гапир, Норбой. Мана, Кошиф шу ерда, мен шу ердаман. Гапир, — деди ота.

Норбой сўзлашдан олдин томоғини қириб йўталган бўлди. Кейин Кошифга бир қараб қўйди.

— Эсингизда бўлса, илгари мен сизга битта гап айтгандим, — деди ва табибнинг юзига нигоҳини қадади.

— Ҳа-а, эсимда. Сен қизингни Кошифга бермоқчийдинг. Улардан туғилажак фарзанд табибликни давом эттиришини истагандинг. Бундай олиб қараса, ниятинг яхши…

Шу заҳоти Норбойнинг юзига табассум югурди. Ҳозир Беназир ота «Савобли ишни бугундан қолдирма. Иложи бўлса, тўйни ҳам тезлаштир. Мен ўзим тўйнинг тепасида тураман», дейди, деган илинж пайдо бўлганди унинг хаёлида.

— Лекин, — гапини давом этказди Беназир ота, — битта нарсани сира эсингдан чиқарма. Аканинг синглисига уйланиши гуноҳлар ичида энг оғирларидан биттаси.

— Кошиф Лолагулга ака эмас-ку! — деди улкан янгилик топгандай кўзи олайган Норбой.

— Улар битта кўкракни эмишган. Улар ака-сингил. Улардан туғилажак фарзанд сен ўйлагандай фаҳм-фаросатли, ақлли бўлмайди. Ногирон бўлади. Бировнинг кўмагисиз юролмайдиган, биров оғзига солиб турмаса, ея олмайдиган бўлади. Сен шуни хоҳлайсанми? Набирангнинг қўл-оёғи ишламаслигини, ақли заиф бўлишини истайсанми?! Шу кунга довур бундай воқеа қишлоқда бирор марта ҳам бўлмаган эди. Ана шунинг учун битта кўкракни эмишганлар никоҳи мумкин эмаслиги ҳақида гап ҳам бўлмаганди… Сен менинг уруғимдан шунақа одам чиқмайди, деб сира қайғурма. Кошиф сенинг фарзандинг… Ундан кўра, оталик вазифангни бажаргин-да, ўғлингга бошқа қиз топиб, уйлантир…

Беназир ота сўзлашдан тўхтаб, Кошифга юзланди. Шўрлик йигит ерга кириб кетгудай бўлиб ўтирарди. Зеро, у Норбой отасидан бундай гапни мутлақо кутмаганди. Агар унинг шундай дейишини билганида қишлоққа бормаган, отасини чақириб келмаган бўларди.

— Ташқарида озгина чала ишим бор эди, — деди Кошиф ва бошини кўтармаган ҳолда уйдан чиқди.

Уни табиб ва Норбой нигоҳлари билан кузатиб қўйишди. Сўнг бир-бирларига қарашди.

— Дилини оғритиб қўйдинг, — деди Беназир ота. — У оддий одам эмас. Ҳали ўзинг гувоҳ бўласан, мендан ҳам ўтиб кетади.

— Нима қилай?! — дея сўради йиғлаб юборишдан бери бўлиб ўтирган Норбой.

— Оталик вазифангни бажарасан. Билмаслик гуноҳ эмас. Аслида, шу пайтгача мен сизларга бу ҳақда айтишим керак эди. Бу ҳам энди Кошифнинг зиммасидаги вазифа бўлиб қоляпти. Лекин сен уни уйлантиришга шошилма. Вақт-соати келиб, ўз-ўзидан ҳаммаси равшанлашиб қолади…

Беназир ота кўзини юмди. Ҳансираши хийла кучайди. Қуруқлашаётган лабини бир-икки марта бемажол ялаб қўйди. Бу пайтга келиб ташқаридан ғала-ғовур эшитила бошлаганди.

Табиб бошини у ёқ-бу ёққа буриб, безовталанди. Ундан кўзини узмай ўтирган Норбой секин ўрнидан турди-да, ташқарига чиқди. Ўн-ўн беш чоғли одам. Бири қўйиб, бошқаси гапиряпти. Ичкарига киришмоқчи. Аммо ботина олишмаяпти. Ҳамма бараварига ташқарига чиққан Норбойга қаради.

— Секинроқ гапиринглар, Беназир ота безовталаняпти, — дея овозини пастлатиб сўзлади Норбой.

Қишлоқ одамлари баттар ваҳимага тушишди. Улар Кошифнинг қишлоққа югуриб борганини, сўнг Норбой, Олтой билан бирга яна чопқиллаб ортига қайтганини кўришган эди. Кошиф бекордан-бекорга ҳовлиқмайди. Бекордан-бекорга отаси билан укасини олиб кетмайди. Бир гап бўлган. Бу хабар қишлоққа яшиндай тарқалди. Аввал беш-олти киши тўпланди. Кейин уларнинг сафи яна кенгайди. Биров у деди, бошқаси бу деди. Борайлик, кўрайлик, билайлик, дейишди. Сўнг йўлга тушишди. Йўлда сўйилаётган отни кўриб, ҳаммасининг бошидан капалаги учди. Нима аҳвол? Шунча йилдан бери садоқат билан авлиёсифат одамга хизмат қилиб келаётган от нега сўйилади? Яна уйдан анча берида, энишда. Қассоб — Олтой. У қўй сўйиши мумкин, мол сўйиши мумкин. Ана боринг-ки, ўзиники бўлса, от ҳам сўйиши мумкин. Лекин Беназир отанинг отини сўйишга унинг қандай ҳадди сиғди? Қишлоқ одамлари жаҳлланишди.

— Ҳой, жинқарча, нима қиляпсан?! — дея бақиришди унинг ёнига келишлари билан.

— Бобом айтди. Бобомнинг ўзи қўлимга пичоқ тутқазди. Бориб сўй, деди, — дея қаддини ростлаб, ҳамқишлоқларига қаради Олтой.

Унинг ранги докадай оқариб кетган, қалтирабгина турарди.

— Нега сен сўйишинг керак?! Қишлоқда сендан ёши улуғ қассоблар озмунчами?! Нега чақирмадинг?! Нега уларга айтмадинг?!

— Мен қаердан билай?! — дея бақириб юборди Олтой. — Бобом сўй деганидан кейин сўяман-да!

У пичоқни улоқтирди. Бир-икки марта ер тепинди. Сўнг ўтирди-да, бошини эгиб, ҳиқиллаганча йиғлай бошлади. Биров сўкса ёки урса, йиғламасди. Бирор жойини кесиб олса ҳам миқ этмасдан тура оларди. Аммо Беназир отанинг отини сўйиш… Ҳақ гап, бундай безиён жониворнинг бўғзига кўпни кўрган, от дови урмайдиганларгина пичоқ тортиши мумкин.

Шу пайт Кошиф кўринди. Унинг ҳам кайфияти йўқ, у-да бўшашган эди.

«Эй, Тангри, — ўйлашди қишлоқ одамлари, — биргина от сабаб, ғамгин кўринса майлийди». Ҳа-а, улар бошқа нарса ҳақида ўйлашга-да қўрқишди. Мабодо Беназир ота билан боғлиқ бундайроқ нарсани ўйлаб қўйишса, катта гуноҳга қолиб кетадигандай сезишди ўзларини ва қўрқа-писа сўрашди. Яна уларни Кошифнинг салобати ҳам босди.

— Нима бўляпти?

Кошиф жавоб беришдан олдин ҳамқишлоқларига бирма-бир қараб чиқди. Фикр… Йўқ, ҳеч кимнинг фикрини ўқимади. Шундоқ ҳам ҳаммаси маълум эди.

— Бобомнинг бир оз мазаси йўқ.

Кошиф бошқа нарса айтмади. Бориб Олтой ерга ташлаган пичоқни қўлига олди-да, секин отнинг терисини шила бошлади.

Одамлар нима қилишни билмай қолишди. Кетайлик, дейишса, кўнгилда не бир ўй бор. Кетмаймиз, дейишса, уйга киришга, Беназир отани кўришга биров ботинолмайди.

— Энди, — деди етмишдан ўтиб, саксонни қоралаб қолган Амин ота, — шундан шу ёққа келдик. Билдик, Беназир отанинг озгина мазаси йўқ экан. Энди от масаласига келсак, жонивор яхши эди. Аммо вақт-соати келибди. Эшитдинглар, Беназир отанинг ўзи сўйишни буюрибди. Олтой тўғри қилган, қишлоққа бориб ёши улуғроқ одамни айтиб келгунича от ҳаром ўлиб қолиши мумкин эди. Энди сизларга айтмоқчи бўлганим, бир табиб отани кўриб кетайлик. Бу ёқларга келмаганимизгаям анча бўлганди. Фақат ҳеч ким ваҳима қилмасин.

Ҳамқишлоқлар бу гапдан сўнг жонланиб қолишди. Жонланишларига шу гап керак эди. Улар бирин-кетин Беназир отанинг ҳовлисига киришгач, «сен бошла, сен бошла» билан бир оз туриб қолишди. Норбой ичкаридан чиқди.

— Бу, гапингга қараганда, табиб отанинг анча мазаси йўқ, шекилли, сал бундайроқ бўлганида сен…

Норбой бошини қимирлатди. Шу билан бирга кўзини юмди. Бу ҳаракати билан ҳамманинг юрагини ёраёзди. Амин отанинг қолган гаплари ичида қолиб кетди.

— Ухлаяпти. Ҳамма киролмайди. Уйғотиб юборишимиз мумкин… Сиз, сиз юринг. Сиз ҳам киринг, — дея Норбой ҳамқишлоқлари орасидан бир неча кишини танлади-да, ортига қайтди.

Беназир ота кўзини очди. Меҳмонлар ҳурмати учун бир амаллаб жилмайди. Кейин:

— Кошиф, — деди.

Бошқа гапиролмади. Тили айланмай қолди. Амин ота бир оз ортга тисарилди. Норбойнинг ранги баттар оқариб кетди.

— Кошифни чақирайми? — сўради у.

Табиб кўзини юмиб очди. Норбой шу заҳоти ташқарига отилди.

— Болам, — деди от терисини минг бир азобда шилаётган Кошифнинг ёнига бориб, — бобонг сени сўраяпти… Бу ишни қўй, бошқалар қилади. Бобонгнинг ёнига бор. Бобонг…

Норбойнинг кўзидан дув-дув ёш оқа бошлади. Унга тикилиб турганлар ҳам титраб кетишди. Ҳамманинг кўзида бирдан ёш пайдо бўлди. Кошифнинг қўлидан пичоқ тушиб кетди. У секин қаддини ростлади.

— Шошма, болам, — дея унинг елкасидан ушлади Норбой. — Ювиниб ол. Қўлларинг…

У бошқа чидолмади. Ўкириб йиғлаб юборди.

Кошиф шу сафар ҳар доимги одатига хиёнат қилиб, идишдаги сувга эмас, оқиб турган булоқ сувига юз-қўлини ювди. Кейин кетди.

Кошиф эшикка тиқилиб келган ҳамқишлоқлари орасидан ўтди. Ҳамма итаришиб, тиқилишиб, унга йўл очиб берди. Ўтаётганида бақириб юбормаслик учун лабларини маҳкам тишлашди. Зеро, улар Норбойнинг тез ўтиб кетганидан Беназир отанинг аҳволи оғирлигини сезишганди.

Кошиф нафас олиши анча секинлашиб қолган, кўзи юмуқ Беназир отанинг оёқ томонига ўтирди. Ундан юқорига ўтишга ҳадди сиғмади.

— Берироқ кел…

Табибнинг овози жуда паст эди. Кошиф зўрға эшитди. Эмаклаб бобосининг бош томонига ўтди. Табибнинг кўкраги устидаги қўлини олиб, кафтлари орасида ушлади.

— Қишлоқ…

Шу сўздан сўнг Беназир ота бир муддат дам олди, сўнг иккинчи сўзни айтди:

— Одамлар…

Яна тўхтади, яна дам олди, кейин сўнгги сўз учди:

— Омонат…

Лаби титраётган, юзини кўз ёши ювган Кошиф бошини қимирлатди. Сўнг нигоҳини қайғуга ботиб ўтирган пойгакдагиларга қаратди. Унинг қарашида «Ҳаммаси тамом бўлди. Беназир ота бандаликни бажо келтирди», деган мазмун бордай эди. Йўқ, аслида, Кошиф чорасиз аҳволда қараганди. Ўтирганлар уни бошқача тушунишди, холос.

— Ота! — деди эмаклаб табибнинг оёқ учига келган Норбой. — Отажон, бизни кимга ташлаб кетдингиз?!

Оёғи музлай бошлаган Беназир отанинг ҳали жони узилмаганди. Унинг кўкраги устидаги ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи қимирлаб қўйди. Ноўрин гапириб қўйган Норбой бирдан тилини тишлади.

— Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! Мендайин ақлсиз бандангни Ўзинг кечир! — деди у дарров ва кескин ортига ўгирилиб, бармоғини лаби устига қўйди-да, Амин отага «жим» ишорасини қилди.

— Кошиф, — деди сўнг шивирлаб, — насиб бўлса, яхши бўп кетади-а, тўғрими?

Кошиф жавоб бермади. У устозининг қўлини силаган кўйи тинмай пичирларди.

Аста-секин Кошиф Беназир отанинг бармоқлари ҳам музлаётганини сеза бошлади. Бунга сари юраги ҳапқириб кетди. Бақириб йиғлаб юбормаслик учун баландроқ овозда илоҳий қўшиқ куйлай бошлади. Норбой сел бўлди, Амин ота сел бўлди. Иккаласи ҳам ўтирган жойига михланиб қолди. Ташқаридагилар ҳам Кошифнинг овозини эшитиб, бирдан ерга чўккалашди. Сўнг сажда қилишгандай пешоналарини ерга қўйишди. Ҳамма йиғларди. Ҳамманинг кўз ёши тупроқни лойга айлантираётганди. Ҳамманинг юраги эзилаётганди. Бироқ бирортаси ҳам овозини чиқармасди. Чиқаришга қўрқарди. Ўкириб юборишса, Беназир ота уларни ташлаб кетиб қоладигандай, ун чиқаришмаса, бир оздан сўнг кулиб ёнларига келадигандай эди.

Кошиф устозининг «Қайғуга ботиб қолиш ўз-ўзини бадном қилиш демакдир», деган гапини эслади ва Беназир отанинг томирига бармоғини теккизди. Юрак уриши тўхтабди. У ҳали-ҳамон кафти орасидаги қўлни аввалги жойига — кўкрак устига секин қўйди. Сўнг кўз ёшини артди-да, падарига юзланиб:

— Ота, овоз чиқарманг, бошқаларга ҳам тайинланг. Бобомдан айрилдик, — деди ва ўрнидан турди.

Айрилиқ ҳақидаги хабар бир зумда қишлоққача етиб борди. Хотин-халаж, бола-чақа, кекса-ю ёш — ҳамма-ҳамма бирдан табибникига «оқиб» кела бошлади.

Кошиф гарангдай эди. Келаётганларга нима дейишни билмас, ҳовлида у ёқдан-бу ёққа бориб келаверарди. Қолаверса, қанча тайинламасин, қанча илтимос қилмасин, аёллар, барибир, уввос тортиб юборишди.

Беназир отани қишлоқнинг шимолидаги тепаликка дафн этишди. Шу ер қабристон. Шу ерга неча юз йилдан бери қишлоқда вафот этганлар қўйилади. Фақат Беназир отанинг аждодлари учун алоҳида жой ажратилган. Авлоднинг сўнгги вакили отасининг оёқ томонига қўйилди…

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ