Хорижда ишлаб қайтган ёшлар қандай фикрда? Улар яна қайтиш ниятидами?!

0

Навоий вилоятининг барча ҳудудларида хорижда ишлаб, яшаш манзилларига қайтиб келган ёшлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Нурота туманидаги “Ибн Сино” МФЙда яшовчи 13 нафар четдан қайтиб келган ёшларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилди.

Шундай ёшлардан бири С.Раҳмонов бўлиб, у 1996-йилда туғилган. Бир муддат Россия Федерациясида ишлаб қайтган. Нуротага келганига 6 ой бўлдики, ҳамон ишсиз. Ўрганишлар натижасида унинг муаммоси жойида ҳал этилиб, маҳаллада жамоатчилик ишига жалб этилди.

– Мен 4 йил давомида Россия Федерациясида ишладим. Охирги марта борганимда паспортимни йўқотиб, қийинчиликлар билан пульсиз ватанимга қайтиб келдим. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй менга далда бўлишди. Лекин эркак киши оилани иқтисодий жиҳатдан таъминлаши керак. 3 нафар фарзандим бор. Афсуски, яқинда томдан йиқилиб, мавсумий ишларга чиқишга ҳам кучим ва соғлигим бўлмаяпти. Бугун шу муаммоларимни айтганимда менга маҳалла томонидан 3 ой давомида ижтимоий ёрдам пули тўланиши айтилди. Соғлигимни тиклагандан сўнг ўз ватанимда, оилам бағрида ҳалол меҳнат қиламан. Ватаннинг, оиланинг соғинчини ҳеч ким мендек ҳис қилмаса керак, – дейди Ф.Хўжамов.

– Мен ҳам Россия Федерациясида 2 йил давомида ишладим. Тўғриси, бир уйда тўртта оила яшаймиз. Шунинг учун ҳар тонг уй-жой қилиш ташвиши билан уйғонаман. Юртимизда кам таъминланган оилаларга уйлар берилаётганидан хабарим бор. Уйнинг бошланғич тўловини тўлашга маблағим ҳам етарли. Лекин ўтган йили янги қурилган уйлардан ололмадим. Менга уй-жой керак. Меҳнат қилиб, кредитини тўлашга қурбим етади, – дейди З.Очилов.

Зафар Очиловнинг муаммоси ҳамкор ташкилотлар томонидан ўрганилиб, 2019-йилда унга ҳам бошпана ажратиладиган бўлди.

Тумандаги “Миришкор” МФЙда яшовчи икки забардаст йигитлар О.Давлатов ва Қ.Фармонов ҳам Қозоғистонда 6 ой ишлаб қайтишди. Улар ҳам банд эмас эди. Йигитларнинг розилиги ва қизиқишига кўра, улар маҳалла посбонига ёрдамчи қилиб бириктирилди.