ТАБИБ… (9-қисм)

0

 

* * *

 

— Менга қара, — деди Неъмат Равшаннинг елкасига қўлини ташлаб, — бунча ваҳима қиласан? Отиш керакмиш. Аввало, эртакларингни боғчадаги болаларга бориб айт. Бу ёғи одамлар Ой тугул, Марс тугул, ундан нарига ўтиб кетаётган бир пайтда сен менга қаердадир одам оёғи етмаган жойлар бор дейсанми? Қарзинг бўйнингда осилиб турибди. Агар…

— Ишонмасанг, икки пул менга. Қарзинг нима? Арзимаган пул. Ана, акам уйини сотади, тамом-вассалом. У ёққа ўзим бораман. Ўзим олиб келаман оригиналини, тозасини. Ана ундан сўнг кўрамиз аҳволингни. Ҳозир мендаги бир-икки сўмингга кекириб келибсан олдимга. Атиги бир-икки сўм. Лекин ҳов нарироқда шундай пуллар уйилиб ётибдики, йиғиб адо қилолмайсан. Бўпти, бўлмаса, ошна, эртагача муҳлат берасан, — дея иржайиб Неъматга муғомбирона боқди Равшан. Сўнг илонбошнинг калласини кўрсатиб, қўшиб қўйди:

— Манави ҳозир одамларнинг уйида ўсмайди. Ўстириб кўришсин-чи, нима бўлади у ёғи? Буни мен сенга далил сифатида олиб келгандим, ошна…

Неъматнинг пешонаси тиришди. У шеригига «Нима қиламиз?» дегандай қаради.

— Қачон? — деди шериги унга жавоб беришдан олдин.

— Нима қачон?

— Қачон бормоқчисан у ёққа?

— Хоҳласанглар, ҳозир. Лекин олдиндан айтиб қўяй, мен пиёда бормайман. Машина ҳам боролмайди. От бориши мумкин. Лекин шундай жойлар борки, от ҳам ўтолмайди. Бундан чиқди, маълум жойгача отда бориб, у ёғига пиёда кетилади. Қайтаётганингда юкинг оғир бўлмайди. Шунинг учун отни бирор жойга ташлаб кетсанг ҳам бўлаверади. Кейин учаламиз озлик қиламизми деб қўрқаман.

— Нима, сен ҳамма бу ҳақда билишини хоҳлайсанми? Каллангга ўйнаб қўйдим. Ҳали темир отларни топишим ҳам катта муаммо. Менга қара, табибинг шунчалик зўрми? — деди Неъмат энсасини қотириб.

— Зўр ҳам гапми? Унақасини умримда кўрмаганман. Ёш, лекин шунақанги қудратга эгаки, — деб дарвозага, унинг тешигидан ҳовлига қараб олди Равшан, сўнг яна шивирлади. — Акам уни авлиё деяпти. Авлиё бўлмаганида сени заҳри қотилдан тузатолмаган бўларди, дейди.

— Аканг содда. Ундан кейин абадайин-шабадайинларга кўп ишонадиган, хотинининг гапидан чиқмайдиган лақмага ўхшайди.

— Ҳов, гўрсўхта! — деди кўзи олайган Равшан. — Мени нима десанг де, чидайман! Лекин акам тўғрисида сал бундайроқ гап чиқса, билиб қўй, уруғингни қуритиб юбораман! Мени биласан!

— Ҳе, — деди Неъмат бир қадам ортига тисарилиб ва Равшанга бошдан-оёқ қараб чиқди. — Бир ҳовуч суяк, бошқа нарсамас. Тўғри, сени кечаси биров кийимсиз кўриб қолса, қўрқувдан юраги ёрилиб ўлиши мумкин. Лекин менга ўхшаганлар скелетдан қўрқмайди.

— Майдалашиб кетдинг. Қарзингни берайинми ёки дангалига борасанми? Мен кимлардандир эшитганимга бориб келдим. Сен бўлсанг менинг чин гапимга ишонмаяпсан. Яна сенлар икковинг бормоқчисизлар, мен эса бир ўзим.

Неъмат бошини қашлади. Бурнини тортиб қўйди. Кейин буруқситиб тутун ютди. Ана ундан кейин худди биродаридек Равшаннинг елкасига қоқиб деди:

— Бўлди, келишдик. Рост айтдинг, ҳақиқатан ҳам майдалашиб кетдик. Бундай ўйлаб қарасам, шунинг учун ҳам биздан катта-катталар чиқмаскан. Эртага эрталабга тайёр бўлиб тур. Келаман. Яхшилаб дам олволгин. Ҳарқалай, бугун йўлдан келгансан.

Улар бир-бирининг кафтига урди. Шундан сўнг Неъмат шериги билан бирга кетди. Равшан ичкарига кирди. У ўзида йўқ хурсанд эди. «Бундан икки ҳафтагина олдин унинг оёғига йиқилгандим. Ялиниб, ёлвориб, қарз олгандим. Ҳа-а, ўша пайти ҳамма нарсага рози эдим. Чунки у пул бермаганида ўлиб қолардим. Ит азобини бошимдан ўтказардим. Бугун ундай бўлмади. Қарздор бўлсам ҳам шердай тутдим ўзимни. Ҳа-а, Равшан, омадинг келиб турибди, қўлдан бой берма», дея хаёлидан ўтказди. Аммо айвонга етар-етмас, акасининг осилган қовоғини кўрди-ю, таққа тўхтади.

— Яна нимани бошламоқчи бўляпсан?! — деди Бердиёр жаҳл билан.

— Ҳеч нима ака. Шунчаки, ўртоқларим келишган экан, шулар билан озгина валақлашдик, — дея иржайди Равшан.

— Ўртоқ? Биламан уларнинг қанақа ўртоқлигини. Мени табиб даволади, энди нашаванд эмасман, деганингда бир қарич ўсган эдим. Онамни ўлдирдинг, ярамас! Отамни қарийб тириклайин гўрга тиқдинг! Шундаям чидадим! Чидадим! — деб қўлини мушт қилди Бердиёр.

— Ака, — дея бирдан бошини эгди Равшан, — ҳаммасини биламан, биламан ҳаммасини!

У бирдан ўзини ерга ташлади. Тиз чўкди. Кўзидан оқаётган ёшни сидириб ташлади.

— Яхшиси, — деди бурнини тортиб қўйиб, — мени йўқ қилинг! Ўлдиринг мени! Шунда ҳамма нарса изига тушиб кетади! Мен қарздорман, сиз эмас. Бундан чиқди, олдингизга биров пул сўраб келолмайди. Дўқ-пўписа қилолмайди. Менгаям яхши бўлади. Раҳматли отам билан онамнинг ёнига бораман. Оёқларидан ўпаман. Берган азобларим учун кечиришларини сўрайман!

Бердиёрнинг ҳар доимгидай ичи эзилди. Ҳар доимгидай жигарига ичи ачиди. Дод солиб юборишига оз қолди. Шунда ёнига хотини келди ва унинг ўрнига гапирди:

— Равшанжон, раҳматли қайнонам билан қайнотамни қўйинг, улар қабрларида тинчгина ётишсин. Сиз у ёққа борганингиздан кейин уларни топа оласизми, йўқми, билмадим. Яхшиси, сиз тирикларни қийнаманг. Кейин анавилар билан қуруқ чақчақлашдик дедингизми? Ҳа, ҳар доим ёлғонни жудаям ишончли қилиб тўқигансиз. Ҳар қандай одам сизнинг гапларингизни эшитса, ишонади. Айбга буюрмайсиз, пойлоқчилик қилмадим. Лекин эшитиб қолдим. Дарвозанинг ёнидан ўтаётгандим. Сиз анави икки турқи совуқ билан бориб ўзингизга ёрдам қилган табибни ўлдирмоқчисиз!

Равшаннинг кўзи қўрқинчли тарзда олайди. Бердиёр юрагининг устига қўлини қўйди. Оғриққа чидаш учун лабини маҳкам тишлади.

— Укажон! — деди жувон ялинчоқ овозда. — Нима десангиз, қилайин, лекин шаштингиздан қайтинг! Мен укамга телефон қиламан. Пул олиб келиб беради. Қарзингизни тўлайсиз, шу билан олам гулистон.

Бердиёр чидолмади. Инграб юборди ва чорпояда ўтирган кўйи бир томонга қийшая бошлади.

Хотини бирдан у томонга ўгирилди-ю, қўрқиб кетди.

— Дадаси! Дадаси! — деди қичқириб.

Шу заҳоти Равшан ўрнидан сапчиб турди.

— Ака! — дея у ҳам бақирди.

— Шерзод! Шерзод! — дея чақирди ўғлини аёл.

Ичкари уйдан ўғилнинг «Лаббай», дегани эшитилди. Жувон шу заҳоти боласини чақирганини унутди. Сакраб чорпояга чиқди. Эрини қучоқлади.

— Дадаси, дадаси, мени қўрқитманг, жон дадаси! — дея кўзидан дув-дув ёш оқизди.

Бу орада ўғил ҳам етиб келди. У ҳам онасининг ёнига чиқди. У ҳам йиғлай бошлади. Шунда жувон унга:

— Бор! «Тез ёрдам»га телефон қил! — дея бақирди.

Шерзод ўрнидан турмай туриб Равшан уйга югурди.

— Мени… — деди жудаям паст ва хаста овозда Бердиёр, — жойимдан қимирлатманглар… Қимирлатманглар…

— Дадаси, ҳозир «Тез ёрдам» келади! Сув, сув! — деди аёл ва чорпоядан тушди-ю, кран ёнига югурди.

Қараса, идиш йўқ. Ошхонага бориб келгунича вақт ўтади. Бу вақт оралиғида у эридан айрилиб қолиши мумкин. Шу боисдан дарров оғзини сувга тўлдирди-да, яна югуриб эрининг ёнига келди ва унинг юзига пуфлади. Бердиёр сескангандай бўлди. Хотинидан миннатдорлигини билдириб қўймоқчи бўлиб, кўзини очиб юмди.

Жувоннинг назарида дўхтирлар кечикишаётган эди. Шу боис икки-уч марта қайниси билан ўғлига: «Нимага қараб турибсанлар? Чоп кўчага, машина ушлаб кел, машина!» дея бақирди.

— Энди нима қиламан, энди нима қиламан?! Агар эримга бир нима бўлса, сен маразни ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман! Нашаванд! Йўқол кўзимдан, нашаванд! — дея чинқирарди жувон жазавага тушиб.

Дўхтир келди. Бердиёрни текширди. Юрагини эшитиб кўрди. Кейин шу ернинг ўзидаёқ укол қилди. Сўнг жувон бесаранжом бўлганлиги боис, гарчи ёши ҳали анча кичкина бўлса ҳам, Шерзодни четроққа тортиб:

— Инфаркт. Инфаркт бўлибди даданг, тез уни дўхтирхонага обориш керак, — деди.

Шерзод, ўз навбатида, бу гапни салкам жинни бўлаёзган онасига айтди.

— Майли, фақат тезроқ, тезроқ олиб боринглар, эримга бир нима бўлиб қолмасин, ишқилиб! — дея пешонасига муштлади жувон.

 

* * *

 

Кошиф кўп йиғлади. Кўп илоҳий қўшиқ куйлади. Қўли ишга бормаётган эди. Орадан бир ош пишгулик вақт ўтганидан сўнг ўз-ўзидан вужудида шижоат пайдо бўлди. Сўнг берилиб гиёҳ тера бошлади ва кутилмаганда кўзи довча юзга тушди. Беназир ота бутун умр қидириб тополмадим, деганди. «Китобда бор. Тахминан қаерларда ўсиши ҳам ёзилган. Лекин ўзи ҳеч учрамади», деганди табиб ота бошини сарак-сарак қилиб. Мана, Кошифнинг олдидан чиқиб турибди. Кутилмаганда. У хурсандлигидан сакраб юбораёзди. Кейин эса авайлабгина, китобда қандай ёзилган бўлса, худди шундай қилиб кавлаб олди. Шу куни ундан бахтли одам йўқ эди. Қишлоққа борди. Ҳамма билан илгаригидан-да очилиб-сочилиб гаплашди. Тенгқурларининг гапларига қулоқ тутди. Ҳазиллашди. Кейин уйига кетди. Дарров китобни очди. Яна бир марта довча юздан қандай қилиб дамлама тайёрлашни ўқиб чиқди. «Юрак қон томирлари ёрилганга даво. Ўн кун тинимсиз ичиш лозим. Зўриқишга, дамлашга ҳам шифо», деб ёзилганди охирида.

Кошиф иштиёқ билан озгина дамлама тайёрлаб кўрди. Сўнг гиёҳни ўраб, махсус идишга солди-да, қоронғи, қуруқ жойга қўйди.

Эртасига эрталаб Беназир отанинг қабрини зиёрат қилди. «Ота, довчаюзни топдим. Бехосдан. Ўзи олдимдан чиқиб қолди. Руҳингиз сира безовта бўлмасин», деди пичирлаб. Сўнг ота-онаси кўмилган жойни зиёрат қилди. Кўз ёшини дарё-дарё оқизди. Сўнг бирдан тиз чўкди-да, иккала кафтини ҳам очди.

— Мен хоҳиш-истагингга қарши чиқиб қўйдим. Шундай бўлиши керак экан, бўлди. Бу Сенинг ироданг. Мени кечир! Кечирмасанг, мангу оловда куювчилардан бўлиб қоламан!

Шундан сўнг узоқ муддат пичирлаб, дилни яшнатувчи сўзларни хиргойи қилиб айтди. Кейин тоққа чиқиб кетди. Узоқроқдаги тоғларга. Хаёл-дарди ноёб гиёҳда. Иситма туширадиган, оғриқ қолдирадиган, қоринга шифо берадиганлари тез-тез учраб туради. Аммо жигар, юракники камёб. Тўғри, уларники ҳам бор. Аммо таъсири унақа кучли эмас. Кўпроқ касалнинг олдини олиш мақсадида ишлатса бўлади. Аммо касаллик қаттиқ хуруж қилганида фойдаси кўп эмас. Шу боис тез таъсир кўрсатадиганини топиш зарур. Шундайлардан биттаси бастон илдизи. У йилда олти ой гуллайди. Биринчи бор гуллаб, гулини тўкканидан кейин илдизини кавлаб олиш керак. Шунда ҳам ҳаммасини эмас. Янги пайдо бўлиб пишишига оз қолган илдизни. Мураккаб томони ҳам шунда. Аммо яна битта муаммо бор. Бу — тайёрланган дорини қўллаш. Чунки қишлоқ одамларининг жуда кам ҳолларда юраклари безовта қилади. Улар кўпроқ шамоллаш ва қорин билан боғлиқ касалликларга дучор бўлишади. Шу боисдан бастондан тайёрланган дамлама, асосан, эскириб қолади. Уни Беназир ота ҳам, Кошиф ҳам ташлаб юборишга мажбур бўларди.

Бугун Кошиф ўзи ҳам билмаган ҳолда бутунлай бошқача кашфиёт қилиб қўйди. Бастон илдизи майдалангач, икки чойгум қайнагулик вақт ўтганидан кейин энг сўнгги шираси ташқарига чиқади. Жудаям оз миқдорда. Бироқ уни сувидан ажратиб олиш зарур. Агар у сувидан ажралмаса, таъсири бўлмайди. Бунинг учун, албатта, иссиқлик керак. Шундай иссиқликки, сувни буғлантириб, ширани қолдирсин. Албатта, ширанинг таркибида ҳам сув бор. Бироқ у бўстон илдизи бутунлай буғланиб кетганидан кейингина парлана бошлайди. Жараён жуда тез содир бўлади. Шу боисдан иссиқлик миқдори унақа кўп бўлмаслиги зарур. Акс ҳолда, ширанинг-да сувини учириб юборади. Кошиф ўша ширани кўриб қолганидан кейин қизиқиши ортиб кетди. Сўнг амалларнинг ҳаммасини беихтиёр бажарди. Ваҳоланки, ширани ажратиб олиш тажрибаси унда йўқ эди. Яна унинг нимани даволашини, қандай даволашини билмасди. Юқорида айтганимиздек, фақатгина қизиқиш уни шундай қилишга мажбур этди.

— Бастон ҳаракатларининг ҳаммаси менга кундай аён. Китоблардан ўқиб билганман. Беназир ота ўргатган. Аммо унинг шираси ҳақида нега шу пайтгача ҳеч ким хабардор бўлмаган. Ёки билса-да, китобга ёзмаган, бир-бирига ўргатмаган. Ўсимлик ниҳоятда шифобахш, илдизи тугул барглари, поясидан ҳам фойдаланса бўлади. Энди унинг шираси нима каромат кўрсатар экан?

Кошифнинг боши қотди. Уни авайлаб идишга солди-да, уйига жўнади.

— Эҳ, — деди йўлда кетаётиб, — бир зумда кулбамда бўлсам, нима қиларди? Ҳозир жуда тез етиб боришим, китобларни бир бошдан кўриб чиқишим керак. Балки, кўзимдан қочган бирорта гап бордир. Ахир… Шунча нарсани кўрган одамлар бастоннинг ширасидан бехабар бўлмасликлари керак-ку. Синаб кўришгандир. Демакки, бирор жойга ёзган бўлишлари ҳам мумкин. Йўқ, ёзмасдан қолдиришмайди. У одамлар бошқача бўлишган.

Бошқача…

Кошиф югурди. Уч-тўрт қадамни бир ҳатлашда босиб ўтаверди. Кўзи ҳеч нимани кўрмай қолди, қулоқлари эшитмади. Югураверди. Югураверди. Ниҳоят, кулбаси кўринди. Ичи баттар ҳапқирди. Янада тезроқ чопди…

Кошиф уйга кириб, китобни олди. Бастон ҳақида ёзилган саҳифани топди ва ўқий бошлади. «Бастон. Гули оч пушти, оқ бўлади. Ердан икки қарич баланд ўсади. Майда баргли. Ҳиди бир оз ачимтир. Баҳор ўрталашидан бир жума бурун гуллашни бошлайди ва кузнинг биринчи ойи якунлангандан сўнг гулларини тўкади. Меваси йўқ. Янги пишган илдизи юрак хуружида тез ёрдам беради. Нафас олишни яхшилайди. Шаҳрибаҳор дарахти мойига қўшилиб, икки кун сақланганидан сўнг қайнатилиб совитилган сувга аралаштирилади. Ўттиз кун, кунига уч мартадан овқатдан олдин ичилади…»

— Йўқ, ҳеч нима ёзилмаган. Эҳтимол, унинг ширасидан ҳеч қанақанги манфаат йўқдир. Шунинг учун ҳам ҳеч нарса ёзишмагандир. Аммо нега кўнглим бунчалик безовта? Ширани кўришим билан ғалати бўлиб кетдим-ку. Эҳ, қандай қилиб аниқласам бўларкан? Таваккал қилиб кўриш керак. Таваккал, — дея Кошиф халтасидан бастон ширасини олди.

Унга ўзининг миқдоридан салгина кўпроқ шаҳрибаҳор мойини аралаштирди. «Икки кун турсин. Кейин бирор нима ўйлаб топарман», деб хаёл қилди-да, ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Кошифнинг вужудида қандайдир чарчоқ бор эди. Бу чарчоқ кўп ҳаракат қилгани, қарийб беш-олти тош наридан югуриб келганида эмас, балки миясида қалашиб ётган саволларга жавоб тополмаганидан эди. Шу боисдан ташқарига чиқиб, худди қариялар каби қўлини орқасига қилди-да, бир-бир қадам босганча ўриндиқ ёнига борди. Ўтирмади. Бошини кўтариб, кўриниб турган баланд-баланд тоғларга боқди.

— Хайрият, уйда экансан.

Кошиф ортига ўгирилди. Эндигина отдан тушган Олтой жилмайиб турибди. Қўлида тугун.

— Йўқ бўлсанг, нима қиламан, деб ўйлагандим, — деди Олтой ва отнинг жиловидан тортиб, у томонга кела бошлади.

— Келганинг яхши бўлди, зерикиб тургандим, — дея Кошиф енгиллашгандай бўлиб, Олтой томонга юрди.

Иккиси бир-бирини бағрига босиб кўришишди. Сўнг ўриндиққа ўтиришди.

— Онам овқат бериб юборди. «У ўз оёғи билан келмайди. Бирор нима обориб бермасанг, очдан-оч юраверади, ичи ҳам ўт-ўланга тўлиб кетган бўлса керак», деди.

— Онам ҳамиша топади. Буни қара, қорним роса очқаганди. Ўзим тайёрлай десам, эринаман. Қишлоққа борай десам, яна танбаллигим тутади. Ҳозир мен чой қўяман. Иккаламиз бирга овқатланамиз.

— Менга эртароқ кел деган.

— Ким? Онам айтдими ёки?.. Биламан, онам ҳеч қачон бор-у, орқангга қайт, демайди. Сенга тезроқ қайтинг, деб тайинлашган бўлса керак.

— Қўйсанг-чи…

— Бўпти, мана шу жой жуда баҳаво, сен ўтира тур, мен бориб, чой дамлаб келаман.

Улар чақчақлашиб, ҳазил-ҳузул қилиб овқатланишди. Чой ичишди.

— Сенга бир гапни айтсамми, айтмасамми, деб турибман, — деди Олтой Кошифдан кўзини олиб қочиб.

— Нима экан?

— Отамнинг айтишига қараганда, Беназир ота отасидан айрилганида етмиш ёшга бориб қолган экан.

— Хўш? — дея Кошиф Олтойнинг юзига тикилди.

— Бундай олиб қарасанг, қишлоқдаги оқсоқоллар ёшига яқинлашиб қолган. Шу ёшгача уни ҳамма бирдай ҳурмат қила бошлаган…

— Фақат етмиш ёшида эмас, ундан олдин, ҳаттоки кичкиналигидаям ҳурматга лойиқ бўлган Беназир ота.

— Балки… Лекин ёши улғайганидан кейин унинг ҳурмати янаям ошиб кетган бўлса керак-да. Шунинг учун унинг гапларига ҳамма қулоқ солган. Қил деган нарсасини қилишган. Қилма деганига қўлларини ҳам теккизишмаган.

— Биламан.

— Беназир ота қазо қилганига кўп бўлмади. Сен эса ҳали анча ёшсан. Қишлоқда сендан катталар кўп. Шунга озроқ…

— Тушунмадим, — дея пешонасини тириштириб, ўткир нигоҳини Олтойга қадади Кошиф.

— Бундай қарама… Бир-икки даврада сал гап чиққандай бўлибди.

— Қанақа гап?

— Муштдай боланинг орқасидан юрамизми, дегувчилар пайдо бўлибди.

Кошиф жилмайди. Сўнг шошилмасдан пиёласига чой қуйди.

— Мен фақатгина қишлоқ табибиман. Йўлбошчи эмас, — дея пиёлани Олтойга узатди.

— Лекин Беназир ота йўлбошчи ҳам эди-да. Ким нима иш қилмоқчи бўлса, ундан маслаҳат сўрарди. Ишинг тўғри, қилавер, деса, қиларди. Бўлмаса… Отам: «Кошиф уйлансин. Қизни биз топайлик. У рози бўлсин. Шунда ҳеч қандай гап-сўз бўлмайди», деяпти. Яна сен бу қишлоқдан эмаслигинг ҳам шунақа гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлаётган эмиш.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ