Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

НИНАЧИ ВА ЧУМОЛИ…

(ёхуд шу номдаги масалнинг замонавий нусхаси)

 

***

 

Йўқ, бизнинг ниначи қачонлардир Крылов тасвирлаган ниначи эмас, замонавийлар хилидан. Бўй чўзиб-чўзмай шоу-бизнесга ўзини урган. Фонограммадагина қўшиқ куйлай олса-да, туриш-турмушига шоу-бизнесчасига зеб бериб қўйган. Уни кўрган чигирткалар тилини тишлайди. Асаларилар ниначидан таралаётган ширин атир ҳидини димоғида туйгач, асал йиғиш-йиғмасликни ўйлаб кўришга тушиб қолади. Ҳатто, афғондан келиб қолган жангари майналар ҳам ниначининг қўшиғи янграй бошласа, бир-бири билан муштлашишдан тўхтаб, маъюс тортиб қолади. Ниначи ана шунақанги машҳур бўлиб кетган…

У ёз бўйи тараллабедод қилди. Тўйма-тўй, зиёфатма-зиёфат юриб яйради. Кузга бориб банкетлар мавсуми дегандай. Саттанга булбулбой оғалар ниначини орқаваротдан мақташди. Бу мақташлардан кейин ниначининг казо-казолардан танишлари кўпайди…

Аммо чумоли аҳён-аҳёнда унга узоқдан боқарди-ю, бош силкий-силкий кетарди. Хаёлан, «Қиш ғамини еса ўлармикан? Бу туришда совуқдан, очликдан ўлади-ку! Пенсия ёшига етганда хор бўлади-ку!», дея койинарди.

Вақт ўтиб қилич яланғочлаганча қиш кириб келди. Чумоли қўрқмайди. Ғамлайдиганини ғамлаб олган. Асосийси бир милёнминан пенсияга чиқди. Умрининг охиригача етади шу пенсияси…

Бир куни ташқарига чиқиб нафас ростлаш ниятида қаддини кўтарганди, қаердандир ниначи учиб келиб қолди. Чумоли унинг эгнидаги қимматбаҳо матоҳларга қараб туриб энсаси қотди.

«Аллақачон пенсия ёшига етган, шарти кетиб парти қолган, — ўйлади у. — Эртаси ҳақида ўйласа, оила қурса, бола-чақа орттирса ўлармикан?..»

Тил қурғур ёмон-да! Ачинганиданми, жаҳли чиққаниданми, билмайди, чумоли ичидагини тўкиб солди.

— Ёзиминан юрдинг тараллабедод қилиб, — деди ниначига. — Мана, қиш келди. Буёғи пенсия ёшидасан. Бу юрганларинг учун ҳеч ким сенга пенсия бермайди, ожиза. Тўғри, мухлисларинг кўп. Қўшиқларингни яхши кўришади. Локигин ўша мухлислар қишда оч қолсанг, битта дон беришга ярашмайди-да, сингил!.. Хўш, унда нима қиласан?..

Ниначи чумолининг гапларини эшитиб турди-ю, кутилмаганда қотиб-қотиб кулди. Кейин эса аста чумолига яқинлашиб банкдан олган омонат дафтарчасини кўз-кўз қилди…

Чумоли омонат дафтарчадаги рақамларни кўриб бақа бўп қолганди.

Ҳа, умрида бунча кўп рақам кўрмаган. Ниначини ишёқмасликда айблаган. Оч қолишини ўйлаб қайғурган, койинган. У эса…

Қандай қилиб?.. Бунча пулни қаердан олди?..

Ниначи эса худди унинг хаёлини ўқиган каби аста қулоғига шивирлади:

— Буни шоу-бизнес деб қўйибди, оға!..

Қиссадан ҳисса шуки, ким бўлсангиз ҳам, булбулмисиз, майнамисиз, шермисиз, барибир, шоу-бизнесга ўзингизни уринг, ока! Пенсия ёшига етганда, дар қолмайсиз. Сиздан фақат бир нарса талаб қилинади.

Фонограммани қойиллатиб айтишни ўзлаштира олсангиз бас.

Омон бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ