ТАБИБ… (10-қисм)

2

 

* * *

 

Бердиёр эртасига ўзига келди. Ўтган вақт мобайнида аёли минг ўлиб, минг тирилди. Қўрқди. Жудаям қўрқди. Кейин қайнисини қарғади. «Илойим, акангдан олдин ўлгин! Аканг кўзини очганида сен кўзингни юмгин! Қайтиб очмагин! Ўлигингни илонлар есин! Қайнотамнинг бошига етдинг, қайнонамни ажалидан беш кун бурун гўрга тиқдинг, энди Бердиёр акамгами навбат?! Билиб қўй, агар унга бирор нима бўладиган бўлса, сени соғ қўймайман, ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман!» деди.

— Шошма, — деди сўнгра ўзига ўзи, — яшшамагурнинг бир ўзи қолди-ку уйда! Катта қизим Шарофат холасиникидан келиб қолса… Уйда нашаванд амакиси… Боришим керак! Бориб, униям олиб келишим керак! Шошма, унинг қўлида телефони бор. Дарров қўнғироқ қилишим лозим.

Сўнг бағридаги ўғлининг сочини силаб қўйиб:

— Сен ўтириб тур, мен Дилдорага қўнғироқ қилайин, бу ёққа келсин. Даданг сўраб қолса, уйда десак бўлмайди, — деди аёл ва бориб навбатчи ҳамширанинг телефонидан қизига қўнғироқ қилди.

Қизининг овозини эшитиши билан йиғлаб юборай деди. Сўнг лаҳзадагина тилини тишлаб қолди.

— Қизим, дадангнинг озгина мазаси бўлмай қолди. Шунга балнисага кел. Уканг Шерзод ҳам шу ерда. Уйга бориб ўтирма.

Аёл шундай деди-ю, дарров гўшакни жойига қўйди. Ун чиқармасдан кўзидаги ёшни артди.

Тун ўтди. Ҳартугул, уларга битта бўш хона беришганди. Шу ерда ухлашди. Тонг отиб, қуёш бир терак бўйи кўтарилганида эса Бердиёр ўзига келганини, уни кўриш мумкинлигини айтишди. Аёл борди, кўрди. Бутунлай қолмаган бўлса керак, деб ўйлаганди. Йўқ, яна кўз ёши бор экан. Тўкди. Унга ўғли билан қизи ҳам қўшилди.

— Энди уйга боринглар. Тирикчилик қолиб кетмасин. Мени яна бир оздан кейин оддий хонага ўтказишаркан. Ҳар-ҳар замон келиб турсанглар бўлди, — деди уларга меҳри янада ошган Бердиёр.

Жувон уйига борди. Ҳамма хоналарга бирма-бир кириб чиқди. Аммо Равшан ҳеч қаерда йўқ эди.

Жувон бошидаги рўмолини ечиб, отди. Ўзининг юзига ўзи чанг солди. Ўкириб юборди. Шу заҳоти икки боласи икки томонидан келиб уни қучоқлашди.

— Ая!

— Ая!

Уларнинг чинқирганларидан жувон чўчиб тушди. Ҳадикли, ҳуркак нигоҳларга қаради. Сўнг оёқлари бўшашиб, секин ерга ўтирди.

— Нима кўргилик бу?! Нима гуноҳ қилгандикки, бошимизда шунча қайғу?! Акаси укаси учун жонини беришга тайёр! Ана, шундоқ бўляпти ҳам. Лекин укаси-чи? Укаси уни вояга етказганларни, атрофида парвона бўлганларни бирма-бир гўрга тиқиш билан овора. Эй, Тангрим, нима қилсам бўлади?!

Ана шу пайтда дарвоза тақиллади. У бундан сал олдин ҳам тақиллаган эди. Бироқ уйдагиларнинг бирортаси ҳам эшитмаганди. Эшитадиган аҳволда эмасди улар. Мана бунисини эса эшитишди.

— Ким экан бемаврид келган? — деди жувон кўз ёшини артиб.

— Ҳозир бориб кўриб келаман. Равшан акам бўлса керак, — деди Шерзод.

— Равшан! Бетингни ит егур! Қилар ишни қилиб қўйиб, энди бизнинг уйда бало борми унга?! Йўқолсин! Қорасини ўчирсин! Қайтиб бизникига қадам қўймасин! — деди аёл яна йиғини бошлаб.

— Ая, — деди юзига сочилган сочларини тўғирлаган Дилдора, — ҳали дадам яхши бўп кетади, кўп куйинаверманг!

— Яхши… Яхши бўлиб кетади. Икки марта инфаркт олди. Энди яна битта қолди. Яна бир марта асабийлашса, яна бир марта укасини кўрса, ана ундан кейин тамом. Тамом бўлади даданг, қизим!

— Опа! Опа! — деган овоз келди кўча эшиги томондан.

Шу заҳоти жувон йиғидан тўхтаб, дарвоза тарафга ялт этиб қаради.

— Тоғанг-ку! Мурод тоғанг! Шерзод, югур, дарвозани оч! — деди аёл шошиб ва ерда ётган рўмолини олди-ю, шоша-пиша ўрнидан турди.

Юз-кўзини рўмолига артди. Кейин рўмолини ўради.

Дарвозанинг кичик табақаси қарсиллаб очилди. Тоға билан жиянининг сўрашгани эшитилди. Унинг яна ўпкаси тўлди. Югуриб бориб, укасининг бўйнига осилгиси, ўкириб-ўкириб йиғлагиси келди.

 

* * *

 

Равшан йўлда эди. От миниб олган, оғзи кўпириб, гапириб кетяпти. Қандай қилиб уларни мислсиз даражада бой қилиб қўювчи ўсимлик ўсиб ётган жойга етиб боргани, Кошифни учратгани ва бошқа таассуротлари ҳақида сўзлар, аввалгиларига қўшиб-чатирди.

— Олдинги сафар ундай эмас, бундай дегандинг, — деди Неъмат.

— У пайтда шошганман, ҳозир хаёлимни бир жойга қўйиб айтяпман-да. Лекин яна бир гап. Мабодо табиб қаршилик кўрсатмаса, унга ҳеч нима қилмайсанлар. Менга ёрдам қилди. Илон чақишидан сақлаб қолди. Аммо кайфсиз қолдиргани ғирт душманнинг иши. Шундай қўмсайман, шундай қўмсайманки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Аммо чекиш, томирни мойлаш тугул оғзимга олиб келишим билан бирдан ўхчиб қоляпман. Эсиз, чатоқ бўлди-да.

— Менга қара, — дея Неъмат отини жиловидан тортиб тўхтатди, — кечадан бери кайф қилолмайман, деб қулоғимизга тепасан. Қани, бир кўрайлик-чи.

Равшан олдинга, орқага, ҳаммаёққа бир-бир қараб чиқди. Яқин атрофда қишлоқ йўқ. Чор-атроф баланд-пастлик, қир-адирлар.

— Бу ер бўлмайди. Яна икки соатча юрайлик. Кеч тушиб қолади. Дам олиш учун тўхтаймиз. Катта битта чинор бор. Ҳайрон қоласан. Биттагина шу чинорга етгулик булоқча бор. Биринчи марта кўрганимда ҳайрон бўлганимдан қотиб қолдим. Булоқ суви кўзга кўринади-ю, яна ер остига кириб кетади. Қаерга кетишини билиш учун кавлаб кўрмоқчи бўлганимда хуморим тутди. Хуморланаман, деб кавлашни эсимдан чиқариб қўйибман, ҳе. Дунёнинг ишлари қизиқ экан. «Хапдори»ни тополмаганимда ўзимни ўзим ўлдиришгаям тайёр бўлгандим. Энди бўлса маза қилолмаётганим учун қийналиб юрибман.

Унга тикилиб турган Неъмат тамаки тутатди.

— Қўй шунингни, ичимдагилар энди-энди ҳазм бўляпти. Охиригача ҳазм бўлиб олсин. Бўлмаса, ҳозир ҳаммасини чиқариб ташлайман, — деди Равшан ва афтини бужмайтирди.

— Бунгаям чидаёлмайсанми?! — деди ҳайратланган Неъмат.

— Кеча акам чекканида зўрға чидаб турдим.

— Унда носвойнинг ҳидиям йўқ, тутуниям, битта отиб кўрмайсанми? — дея мийиғида кулди Неъмат.

— Бир юрак олдириб қўйганингдан кейин тамом экан. Ҳамма нарсадан хавфсирайсан. Кетдик ундан кўра, бўлмаса, шу чинорнинг отигаям ярим кеча бўлмасидан етиб боролмаймиз.

Чинор уларнинг ота-боболаридан ҳам катта эди. Агар махсус одамлар келиб, унга ёш қўйишмаса, уни кўрган-билганларнинг бирортаси ҳам неча ёшда эканлигини билишмасди. Равшан оёғини узатиб ётиб олди. Бу пайтда унинг ҳамсафарлари мия озуқасини бериш билан овора эдилар. Аслида, бошқачароқ бўлиши керак эди. Яъни Равшан «Илон бош»ни тишлаб кўриши ва не кўйга тушишини шерикларига кўрсатиши, ундан кейин улар тўла-тўкис унинг гапларига ишонишлари ҳамда нима деса, ҳаммасига амал қилишлари лозим эди. Бу ўз-ўзидан шундай бўлиб қолди. Яъни сафарга чиқиб, то шу ерга етиб келгунларича Равшан ўзи ҳам сезмаган ҳолда уларга таъсир ўтказиб қўйди. «Ундай қиламиз, бундай қиламиз. Мен манави ишни қилаётганимда сен бунисини қиласан», деб буйруқ берди. Анави иккаласи рози бўлди. Кейин бу учликда Равшан катта эканлигини сездириб қўйишди.

— Ҳов! — деди энди қорни очқай бошлаган Неъмат Равшан томонга бақириб. — Айтганингни исботламадинг-ку!

Равшан бошини кўтариб, у томонга қаради-да, иржайди.

— Мен илгари қанақа эдим? Бир кун чидай олармидим? Йўқ, чидолмасдим. Ўлиб қолардим. Ҳозир эса мана, кўриб турибсанлар, ёнларингга ҳам бормадим. Шунинг ўзи билдирмаяптими тузалганимни? Яна мени ўхчиб, ит азобини тортсин, деяпсанларми? Менга тегинманглар, мен ётибман. Лекин қорин пиёз пўсти бўлиб кетди, — деди Равшан.

— Бизники сеникидан ҳам баттар. Эштурди, — деб ёнидаги йигитнинг елкасига қўлини қўйди Неъмат, — хуржундагиларни ол. Бир маза қилиб, қорин тўйғазайлик. Ана ундан кейин қотиб ухлаймиз.

Дарров дастурхон ёзилди. Пишлоқ, колбаса, нон, пиёз, қовурилган гўшт, маъданли сув қўйилди.

— Ресторан. Ҳақиқий ресторан, — деб кафтларини бир-бирига уриб, бир бўлак нонни қўлига олди Равшан.

— Фақат битта нарса йўқ. Бизга унинг кераги бўлмайди. Сен томоғингни ҳўллаб олсанг, ёмон бўлмасди. Айтишларича, бу ерлар ёздаям совуқ бўларкан. Кечаси. Ҳозир сентябрь бошланиб қолди. Баданингни қиздириб олмасанг, кечаси билан тишларинг бир-бирига урилавериб, такиллайвериб, бизгаям уйқу бермайсан, — деди Неъмат кўзлари сузилганча Равшанга қараб.

— Рост айтасан. Шу пайтгача миямга келмаганини қара. Эштурди, олиб кел. Ҳеч бўлмаса, шу билан каллани пешлаб олайлик, — деди Равшан иржайиб.

Айнан шу нарсага қарши унинг танасида ҳеч нарса йўқ эди. Шу боис ичди. Ўхчимаганидан, азобланмаганидан ўрнидан турди-ю, рақсга тушиб кетди.

— Бор экан-ку! Бўларкан-ку! Ёмон қўрққандим! Энди бўлди, тамом, юравераман ҳамманинг оғзига қараб, деб ўйлагандим! Йўқ, мениям дам олишим учун қолган экан нимадир! — дея қичқирди у ва кейин бирдан жиддийлашди. — Икковинг ҳам бунга қўлингни урмайсан. Сенларники бор. Мен сенларникига кўз олайтирмайман. Келишдикми?

— Бизга алмисоқдан қолган нарса умуман керак эмас. Тўғрими, Эштурди? — деди Неъмат ва ҳиринглаб кулди-да, бир бўлак колбасани олиб тишлади.

Равшан ўзидан кетар даражага келиб қолмади. Ҳушини йўқотиб қўйишга ҳақи йўқ эди. Олдинда ишлари кўп. Биринчи навбатда, чўнтагига тушиши деярли кўриниб қолган бойлик хотиржам бўлишига йўл қўймаган бўлса, иккинчидан, манави иккисига сираям ишонч йўқ. Улар исталган пайтда унинг остига похол тўшаб кетиши мумкин. Булар табибдан-да хавфли. Шуларни ҳисобга олиб, думалаб қолиш ҳолига келмади. Бунинг ўрнига, тўйиб-тўйиб овқатланди. Шерикларига «Мен неча кун туз тотмаган одамман. Терим билан суягим қолган, шунинг учун эт йиғиб олишим керак», деди. Тўйгач эса оёғини узатиб, ётиб олди. «Ишқилиб, ишимиз осон битсин. Ишқилиб, борадиган жойимизда табиб бўлмасин», дея кўнглидан ўтказди ҳамда кўзини юмди. Кечаям у тез ухлаб қолганди. Акасини касалхонага олиб кетишганларидан бир соат ўтар-ўтмас, у хуррак отиб юборганди. Акасини бир оз ўйлади. «Юраги хаста экан, билмасканман. Куни бўлса, яшаб кетар. Лекин ҳозир ўлиб қолса, чатоқ бўлади. Ишим анчагина ортга сурилиши мумкин», деди. Кейин Бердиёр ҳақида бошини қотириб ўтирмади.

Улар эртаси куни йўлга тушишганида тонг энди-энди отиб келаётганди. Ҳаво этни жунжиктирадиган даражада салқин эди. Учаласи ҳам қунишиб олган, бошларини эгиб, миқ этмасдан от устида кетиб боришарди.

 

* * *

 

Кошиф жилмайди. Сўнг Олтойнинг елкасига қоқди.

— Нега бунчалик бемалолсан?! Нега хафа бўлмаяпсан?! — деди ҳайрон бўлган Олтой.

— Нимадан хафа бўлайин, аслида, улар ҳақ. Мен шу қишлоқда улғайганим билан асли бу ерда туғилмаганман. Эртага сен билан бирга борамиз, гаплашамиз. Мен бирорта оқсоқол тайинлашларини сўрайман.

— Нега тайинлашлари керак?! — жаҳли чиқди Олтойнинг.

— Кечки ҳавонинг ўзгача гашти бор. Агар хўп десанг, айланардик. Юр, — дея ўрнидан турди Кошиф.

Дарҳақиқат, айни дамда ўзгача ҳаво ҳукмронликка ўтган эди. Одам симириб тўймайдиган, югурса чарчамайдиган ҳаво.

— Йўқ, мен кетаман. Кетмасам бўлмайди. Ўзи шундоқ ҳам қолиб кетдим. Уйдагилар қараб қолишди.

— Сен ёшлигингдан ёлғон гапиролмагансан. Ҳозир ҳам гапиролмаяпсан, — деди Кошиф ва кулиб қўйди.

Эртасига у қуёш бир терак бўйи кўтарилганида қишлоққа кириб борди. Аввало, отасига дуч келди. Норбой кўринишидан безовта эди. Ҳовлисида у ёқдан-бу ёққа бориб келар, алланималарни гапириб, бошини сарак-сарак қилиб қўярди. Кошиф унинг гапларини эшитмади. Аммо тахминан отасининг нега бундай қилаётганини ич-ичидан сезди ва қадамини тезлатди. Шу билан бирга, отасидан кўз узмади. Йўл-йўлакай иккита ариқчадан ўтди. Ҳар икковининг ҳам эни бир тирсак бўйи келарди. Қарамасдан юрса, албатта, бирига бўлмаса, бошқасига тушиб кетиши ҳеч гап эмас. Кошиф уларнинг оралиғи неча қадамлигини жуда яхши биларди. Бироқ ҳозирги келишида билишнинг ўзи камлик қилади. Агар оёқ остига қараб олинмаса, албатта, униси ёки бунисига тушиб кетиши аниқ. Шунга қарамай, Кошифнинг сезгиси бенуқсон ишлади. У ҳар икки ариқчага ҳам тушмасдан ўтиб кетди.

Норбой ўғли томонга қараб, қўлларини ҳавога кўтарди-да:

— Эй, Парвардигор, буниям келар пайти бор экан-ку! Бунчалик одамни муштоқ қилдинг, болам! — деди ҳамда Кошифнинг истиқболига юрди.

Ота-бола қучоқлашиб кўришиб, ҳол сўрашди.

— Кеча келишинг керак эди, ўғлим. Бу қишлоқнинг одамлари айниб қолишди. Уларнинг гапини эшитса, илон пўст ташлайди… Олтой сенга гапирса, индамабсан. Бу қишлоққа оқсоқоллик қилиш сенга мерос, шундай эмасми?! — деди Норбой ҳовлиқиб.

— Йўқ, мерос эмас. Менга омонат, — деди Кошиф хиёл бошини эгиб.

— Омонат?! Шунинг ўзи мерос дегани эмасми?!

— Йўқ, ота. Қишлоқ одамларининг соғлиқлари омонат. Мен умрим етгунича уларнинг соғлиғидан хабар оламан. Илмим борича даволайман. Тамом-вассалом.

Норбойнинг ранги оқарди. У Кошифдан бутунлай бошқа нарсани кутганди. «Ким шундай деди?! Вақтида Беназир отага бўйсунишарди-ку! Менинг ундан нимам кам, менсиз бирортаси яшай оладими?! Қани, юринг, шундай деган одамни кўрсатинг, бир гаплашиб қўяйин», қабилида гапириши керак эди унинг назарида. Аммо бу бола тушмагурнинг ўзи ҳам қишлоқда алифга ақли етмайдиганларнинг гапини маъқуллаб турибди.

— Кеча Олтой келиб, алмойи-алжойи гапирганида, «Бу боланинг эси йўқ ўзи, оғзига келганини айтаверади», дегандим… Бу нима деганинг, болам?! Бизниям орзу-ҳавасимиз бор. Сен шу даражага етишинггача раҳматли Беназир ота озмунча меҳнат қилдими? Энди бир-иккита оғзига кучи етмайдиганларнинг гапини деб ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетаверадими?! Бу туришда бир кун тинч яшолмайди бу қишлоқ! — деди Норбой алам билан.

Кошиф кулди.

— Гузарга борайлик, ота. Бир-иккитаси келса, гаплашайлик. Балки, ораларидан бирортасини оқсоқол этиб тайинлармиз. Шунда менинг юким анча енгиллашади. Қиладиган ишларим кўп, ота. Ечилмаган муаммолар ҳам бор…

— Йўқ! — дея унинг гапини бўлди Норбой. — Йўқ, бунақаси кетмайди! Қишлоқда юзга кирганлар кўп, аммо уларнинг бирортаси ҳам оқсоқолликка ярамайди.

— Ота, юз ёшлилар бўлмаса, улардан ёшроқлари бордир. Мана, масалан, сиз, эндигина қирқ бешдан ошдингиз, ақлингиз тўлган пайт.

— Мен умуман бўлмайман. Тенгқурларимга зўрлик қиламан, фақат билагим билан. Лекин оқсоқолнинг билаги эмас, калласи ишлаши керак, калласи… Юзимни ерга қаратиб қўйма, Кошиф.

Кошиф отасининг қўлини кафтлари орасига олди. Ўпди. Сўнгра улар қишлоқ гузари томон кетишди.

Гузарда Кошифни кўрганлар дарров унинг ёнига кела бошлашди. Кейин уни-буни чақиришди. Бирпасда ёшу қари эркакнинг қарийб ҳаммаси тўпланди. Суҳбат у ёқ-бу ёқдан эди. Биров юрак ютиб, «Мана, Беназир отанинг вафотига ҳам анча кун бўлиб қолди. Энди унинг ўрнига бирорта одамни тайинлайлик, токи қишлоқнинг жипслигини илгаригидай таъминласин. Ҳамма илгаригидай аҳил бўлиб яшасин», дея олмас, дейишга тили бормасди. Ваҳоланки, йиғилганлардан беш-олтитасининг хаёлида шу гап бор эди. Ана шу сабаб улар суҳбатга қўшилиб кета олишмаётганди. Кошиф уларнинг фикрларини аллақачон уқиб бўлгани боис гапиришларини кутди. Улар тилга киравермагач, табибнинг ўзи сўзлашга мажбур бўлди.

— Мен, — деди у йиғилганларга бир-бир кўз ташлаб, — Тоғдан бери келмаяпман. Қишлоқдан вақтида хабар ололмаяпман. Миямни бошқа бир нималар эгаллаб олган. Яна ёшман. Шунинг учун…

— Шошма, — деди Норбойдан уч уй қуйида яшайдиган Толмас ота.

Унинг касби кўчатчилик. Ёввойи ҳолда ўсадиган дарахтларга пайванд уради, янги нав яратади. Кейин қишлоқ одамларига текинга тарқатади. Умуман олганда, бу ерда олди-сотди деган нарса бегонароқ. Яъни бир парча қоғоз ёки бир ҳовуч темир-терсак унинг чўнтагидан чиқиб, бунинг чўнтагига кирмайди. Аммо алмашиш бор. У битта қўйни бунга берса, бу шунга яраша бирор нима беради. Энди шуни олди-сотди дейиш мумкин бўлса, олди-сотди. Мабодо бошқа ном билан айтилса, айирбошлаш. Аммо бундай айирбошлашлар шунчалик эринчоқлик ва беҳафсалалик билан қилинадики, мол-дунё умидида яшовчилар ёқа ушлашади.

— Мен, — гапида давом этди Толмас ота, — ақлимни таниганимдан бери Беназир отани биламан. Қишлоқнинг ҳамма одамиям билади. Яна шуни биламизки, у одам улуғ эди. Унинг назари тушган одам ҳеч вақт кам бўлмаган. Тўғрими?

Қишлоқ одамлари бараварига «Ҳақ гап, ҳақ гап», дейишди.

— Хўш, шундай экан, — дея мийиғида кулди Толмас ота, — нега энди Беназир отанинг шогирди, Беназир табибнинг назари тушган одам, яъни Кошиф бизга оқсоқоллик қилмаслиги керак? Қани, ораларингда у биладиганларни биладиган одам борми? Бор бўлса, ўрнидан турсин.

Ҳамманинг боши эгилди.

— Манавининг ёши юздан ошган, манави тўқсонга кирган, боринг-ки, манави элликда деганларнинг ақли Кошифники даражасида эмас экан, оқсоқол бўлишга ҳақи йўқ…

— Ота, — деди бир оз ноқулай аҳволга тушганидан қизарган Кошиф, — мендан донишманд одамлар ўтиришибди бу ерда.

— Йўқ, ҳеч ким сенчалик Беназир отадан таълим олмаган, сен ҳам илоҳий, ҳам тиббий илм эгасисан. Фақатгина сен қишлоққа бош бўлишга ҳақлисан. Бунинг учун шу қишлоқнинг қизига уйланишинг, шу қишлоқда туғилган бўлишинг шарт, деган талаб бутунлай ўринсиз. Ё гапим нотўғрими?

Толмас ота ҳамқишлоқларига юзланди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. У «Тушунмадим», дегандек ўрнидан турди. Ҳар бир қишлоқдошига термилди. Қовоғи учди. Киприги пирпиради. Бир-икки марта қулт этказиб ютинди. Кўзига ёш тўлди.

— Нега жимсизлар?! Нимага?! — дея бақирди.

Насим ўрнидан турди. У Норбойнинг тенгқури. Бир пайтлар шароб тайёрлаб, ошналарига ичирган. Норбой ариқчада чўмила-чўмила зўрға «одам» бўлган. Ҳозир Насимнинг-да фарзанди уйланадиган бўлиб қолган. Бироқ у шошилмаяпти. Ичига ҳийла ин қурган. Кошифнинг кимга совчи қўйишини кутиб юрибди. Кимгаки Кошиф уйланаман деса, ундан олдин шу қизнинг уйига хотинини жўнатади. Мабодо кўнмайдиган бўлса, «Нима, келгиндига қизларингни бермоқчимисизлар?! Келгинди биздан устун бўлиб қолдими?!» дея шовқин кўтаради. Кейин нима бўлади? Биринчидан, Кошифнинг обрўси озми-кўпми тушади. Иккинчидан, Насим бемалол шароб тайёрлайди. Беназир отанинг қазосидан сўнг бир-икки марта тайёрлади. Ичди. Йўқ, ҳали қўли унчалик чиқиб қолмаган экан. Ёмон бўлмабди. Жа бир пиёласи эмас, уч пиёласи мияни қиздираркан. Яна беш-олти марта шуғулланиб кўрса, албатта, маҳсулотнинг сифати ошади. Ана ундан кейин секин-секин олдин ўз тенгқурларини, сўнг қўни-қўшниларни, бошқа ёшдагиларни ўз ишига ўргатади. Қарабсизки, кўп ўтмай, Насим ва унинг фарзандлари чорва боқишдан озод бўлишади. Сабаби, қарздорлар уларнинг ўрниларига тоғу тош кезишади. Яна чорвасининг сони ошиб кетаверади. Бутун қишлоқ одамлари унинг қўлида худди қўғирчоқдай ўйнайди.

Аслида, қишлоқда иғвонинг пайдо бўлишига ҳам унинг ўзи бош-қош эди. Фақат бу ишнинг битта чатоқ томони бор. Қизи ниҳоятда кўркам, соҳибжамол бўлиб улғайди. Харидори кўп. Хотини айтиб келди «Қизингиз ҳамманинг оғзида, ҳамма келин қилишни хоҳлаб юрибди. Ажабмас, Беназир отанинг шогирди Кошиф табиб Нафисага уйланишни хоҳлаб қолса», деб. Насимнинг ичида энтикишга ўхшаш бир нима пайдо бўлди. «Эҳ, қанийди шундай бўлса, мен ҳам кўкрак кериб юрардим», деди. Кейин бу ўйини ҳайдаб солди. «Ким бўлибди Кошиф?! Бор-йўғи бир келгинди. Агар Беназир ота бошқа бировнинг боласига ҳам шундай таълим берганида у ҳам сўзсиз қишлоқнинг олди бўларди», деб қўйди ичида.

У Толмас отага еб қўйгудек тикилди. Сўнг бошини сарак-сарак қилди-да:

— Менимча, қишлоқ одамлариям унча-мунча нарсани билишади. Ҳадеб уларга дўқ уравериш, пўписа қилавериш яхши эмас, Толмас ота. Сизнинг гапларингизга қараганда, шу қишлоқда кўкариб чиққанлар аҳмоқ, ҳеч нимага калласи етмайди, шундайми? — деди.

— Мен сенга одамларни ақлсиз дедимми?!

— Шунга ўхшаш гап айтдингиз. Ҳамма эшитди. Бизнинг оримиз бор. Оримизни ҳимоя қиламиз. Уни ер билан битта қиладиганларни…

Кошиф ўрнидан туриб, кета бошлади.

— Тўхта, Кошиф! — бақирди Норбой. — Тўхта!

— Агар, — деди Кошиф ортига ўгирилиб, — кимдир касал бўлиб қолса, чақиринглар, албатта, келаман. Менга қолса, Насим амаки оқсоқол бўлсин.

— Йўқ, болам, сен аразлаб кетиб қолсанг бўлмайди! Шошма, Насимнинг гапи ҳамманинг гапи дегани эмас! Бу ҳар бало деб валдирайверади, — дея у томонга юрди Норбой.

— Мен сенга валдирайдиган бўлиб қолдимми?!

Биров Насимнинг қўлидан ушлади. Биров олдини тўсди. Биров «Ўзингни бос», деди. Норбой эса енгини шимарди. Бурун катаклари кенгайди. Қўлини мушт қилиб, Насим томонга юрди. Муштлашув бўлиши муқаррар. Қишлоқнинг тўрт-беш томони Насим, қолганлари Норбой томон. Жанжалда кимнингдир юзи қонга беланиши ва кимнингдир тиши синиши аниқ.

Кошифнинг кўзи чақнади. Шу пайтгача ҳали бирорта ҳам одам уни бу алпозда кўрмаган, жумладан, Насим ҳам. У Норбойга эмас, Кошифга қараб турганди. «Қани, у энди нима қиларкан?» деган хаёлда эди. Қўрқиб кетди. Ранги оқарди ва иккала қўлини ҳам юқорига кўтариб:

— Тавба қилд-и-им! — дея бақириб юборди.

Ҳеч ким унга қарамади. Зеро, ҳамманинг кўзи Кошифда эди. Ҳамманинг кўнглига ҳадик оралаганди.

Кошиф бошини эгди-да: «Эй, Парвардигор, мен ношуд бандангни Ўзинг кечир!» дея пичирлади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

2 ФИКРЛАР

  1. Дам олиш кунлари купрок эълон килинглар бадиий асарларни.

Comments are closed.