ТОШКЕНТДА ОЛТИ НАФАР ЎҒРИ-ҚАРОҚЧИ ҚЎЛГА ОЛИНДИ…

0

 

Шу йилнинг 17 январида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида олти нафар ўғри-қароқчи бегона ҳовлига кириб босқин ва ўғирлик жиноятларини содир этган.

Расмий хабарларга кўра, улар 36 ёшли Анвар Х. га тегишли уйга юзларига ниқоб тортган, қўлларига қўлқоп кийган, қўлларида пичоқ билан кириб борган. Ҳаммаёқни титкилаб, пайпаслаб, буюмларни дуч келган тарафга отиб, ирғитиб, ниҳоят катта миқдордаги пулни олишган-у, чиқиб кетишган. Лекин 24 ёшли қоровул Элбек Э. уларни кўриб қолган. Бахтга қарши олти босқинчи қоровулга жиддий тан жароҳати етказган-у, қочиб қолган.

Фақат беркинишга улгуришмади. Улардан бири, Чилонзор туманида яшовчи 19 ёшли Амирбек М. ни тунаб кетилган уй эгасининг ўзи тутиб олди. Қолган беш нафари кун давомида қўлга олинди. Улар Чилонзорда яшовчи 21 ёшли Фахриддинхўжа Н., 19 ёшли Абдулазиз К., Навоий вилоятилик 19 яшар Одилжон И., Олмазор туманида яшовчи Ботир Т. ва 19 ёшли Абдуллоҳ Х. лар бўлиб чиқди.

Ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 164- моддаси («Босқин»), 3- қисмига асосан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.