ТАБИБ… (14-қисм)

0

 

* * *

 

— Бундай ўйлаб қарасам, — деди Эгамназар кўзини сузиб, — гапингда жон бор. Биз, шу ерда кўкариб чиққанлар, нега энди қаерлардандир келиб қолган, насл-насабининг тайини бўлмаган жинқарчага бош эгишимиз керак?! Мен бунга қаршиман. Мен Насим томонидаман. Фатхулла ва Чори ҳам.

Улар бошларини қимирлатиб:

— Тўғри, — дейишди.

Маишат яна давом этди. Тоғ одамлари кўп ейишади. Ҳаш-паш дегунча яримта қўй тамом бўлди. Кейин қолган ярмига ўтилди. Ўғил чарчади. Аёл чарчади. Қиз қўлини силтади. Еб тўймаслар деб хонасига кирди-да, ётиб олди. Бироқ аёл билан ўғил тик оёқда эди. Агар кутилмаганда Насим ташқарига чиқиб, уларни ўчоқ бошида кўрмаса, балога қолиб кетишларини жуда яхши билишарди. Ичкаридан эса бақирган, хохолаган овозлар эшитилиб турарди. Энди улар илгаригидай зўр иштаҳа билан ейишмасди. Кўпроқ эзмаликка мойил эдилар. Шу боис Кошифнинг ҳар битта босган қадами, ҳар айтган гапини эринмасдан муҳокама қилишар, бечора табибнинг ҳар қандай ҳаракатидан нуқсон топишарди. Ора-чора Беназир отанинг ҳам номи тилга олинарди. Қўрқа-писа айтишарди унинг исмини. Гўёки у тирилиб қоладигандай, «Кимнинг ғийбатини қиляпсанлар?» деб кириб келадигандай. Унинг айби қишлоқда одам қуриб кетгандай келгиндини ўзининг ўрнига танлагани.

— Менинг болам кимдан кам? Ҳар қандай ишни қойиллатади. Умуман, боламдан олдин ўзимни танлаши керак эди. Ўлгунича анча ёшга кириб қоламан. Оқсоқол деса, оқсоқолдай бўламан. Ана ундан кейин ўғлимни ўзим тарбиялаб, керак бўлса, Кошифдан зўр табиб қилиб етиштирардим. Тўғриси, иккита ўтни майдалаб, қовуриб, қайнатиб, манави фалон касалга даво, дейиш кимнинг қўлидан келмайди, — дерди Насим.

— Ҳақ гапни айтдинг. Ҳаммамизда ўғил бор. Беназир ота болаларимизни уйига обориб ўқитиши керак эди, унинг бўйнидаги қарз эди шундай қилиш, — дея орага ўзини тиқди Фатхулла.

Насимнинг шу заҳоти қовоғи осилди. «Мен нима ўйдаман-у, сен нима дейсан? Ҳаммамизнимиш… Ҳамманг ким бўлибсан, битта қўлимда ўйнатаман барингни», дея хаёлидан ўтказди.

— Мен болангни яхши биламан, — деди Чори бир бўлак гўштни оғзига соларкан, — ақлли. Сендан ҳам ўтиб кетадиган бола. Энди нима қилсак ҳам, табиб бўлолмайди. Лекин оқсоқол бўлиши мумкин. Бунинг учун олдин сен оқсоқол бўлишинг керак. Эртага ҳаммага айтаман, Насим оқсоқол, дейман. Кейин Кошифниям бўғамиз. Агар шу қишлоққа келадиган, шу қишлоқдагилар билан алоқа қиладиган бўлсанг, табибликни ўргатасан, деймиз. Керак бўлса, ундан Беназир отанинг уйиниям тортиб оламиз. Унинг уйда ҳақи йўқ.

Шу заҳоти Чорининг идишини Насим кадидаги суюқлик билан тўлдирди.

— Бу гапинг ўринли, шу ўринли гапинг учун очиғини айтайин, мен оқсоқол бўлишим учун идишдагини ичасан, — деди Насим илжайиб.

— Менинг бир ўзиммас, ҳаммамиз бирга.

Тун ярмидан оғди. Эгамназар оғзини бир-икки марта очиб эснади. Сўнг ёстиққа бошини қўйди. Ухлаб қолди. Қолганлар ўтиришди. Кади бўшади. Насим бошқасини олиб келди. У аввалгидай дадил юрмасди. Ҳар қадам босганида тебраниб кетаверарди. Бироқ бу кади яримламай туриб, учаласи ҳам ухлаб қолди. Дастурхон устида бир талай гўшт, синдирилган нонлар, пиёлаларда совиган чой шундай қолди.

Уй катталари бирор жойга кетса, икки кунгача келмас, биров безовта бўлмайди. Демоқчимизки, хотини, бола-чақаси излаб чиқмайди. Ёзилмаган қонун шунақа. Агар кимнингдир хотини ёки бирорта боласи қидириб келиб қолса, ўша эркакнинг обрўйи тушади. «Уйингдагилар сени менсимаскан. Обрўйинг йўқ экан», дейишади унинг ёнида ўтирганлар. Уларнинг гапларида, албатта, асос бор. Чунки биров бекордан-бекорга бирор жойда қолиб кетмайди. Навбати келиб, чўпонликка кетганларгина қолиши мумкин. Баъзида шундай воқеалар ҳам бўлганки, қўйларни боқиш учун кетганлар бир ҳафта деганда қишлоққа қайтишган. Бугунгидай ўтиришлар ҳали бирор марта бўлмаган. Ким кимникига борган бўлса, бир, кўпи билан икки чойнак чой ичилгач, ўрнидан турган ва уйига қайтган. Фақат тўйлар бундан мустасно, тўй кунлари қишлоқнинг эркаклари тўй қилаётганникида тўпланишар ва тонг отгунча гаплашиб ўтиришарди.

Ҳар уч эркакнинг уйидагилар хавотир олишди. Бироқ қидириб чиқишга ботина олишмади.

Эрталаб, ҳамма уйғонгач, ҳалиги суюқликдан бир пиёладан ютишди. Кейин тарқалишди.

Учови кун бўйи қарийб ўн-ўн беш одамга бўлган воқеани айтишди. Насим яхши одам дейишди. «Унинг уйида бўлдик. Қўй сўйиб, меҳмон қилди. Ҳамма гапни бизга тушунтирди. Аслида, у оқсоқол бўлишга лойиқ. Биз шундай қарорга келдик. Қариндошларимизга, қўни-қўшниларга, ҳаммага айтамиз, ҳамма Насим томон бўлади. Ҳақиқатан ҳам Кошиф бизга бегона. Энди болаларимизга табибликни ўргатади. Бўлмаса, қишлоғимизга келмайди. Келса, қўймаймиз. Толмас отага ўхшаганлар мияси айниб қолган. Нимадир қачондир ўзгариши керак-ку», дейишди.

Ҳамма ҳайратда эди. Чунки куни кеча бутун қишлоқ Кошифнинг ортидан борган, Беназир отанинг қабри ёнида унга ялинган. «Бизни ташлаб кетма», деган. Бугун эса бу гап чиқиб турибди.

Шов-шув бўлиб кетди ҳаммаёқда. Ўша шов-шув айланиб келиб Норбойнинг ҳам қулоғига чалинди. У ёнига ўғлини олди. Насимникига от чоптириб борди.

Ҳовлида уйқусизликдан гандираклаб юрган аёлни кўрди.

— Эрингни чақир! — деди ғазаб билан.

— У ухлаяпти, уйғота олмайман! — дея жавоб берди аёл титраб-қақшаб.

— Унда ҳозир ўзим уйғотаман. Қамчи билан уйғотаман! — деб бақирди Норбой.

Аёл эрининг қамчиланишини кўрса, ўлиб қолади. Эрини зўр деб билади. Бироқ ҳозир у ухлаяпти. То уйғониб қаршилик қилгунича Норбой беш-олти қамчи уради. Норбой бошқаларга нисбатан анча бақувват, унча-мунчага бўй бермайди бировга. Балки, уриб ўлдириб ҳам қўйиши мумкин.

Турғизиш керак. Токи манави зўравон уйга бостириб кирмасин.

Аёл уйга отилиб кирди. Насимни турткилади.

— Туринг, анави зўравон келди. Отининг устида қамчисини ўйнатиб турибди. Тезроқ чиқинг! Уйга кирмоқчи бўляпти, қирғин келгур!

Насим хотинининг гапларини тушуниб-тушунмай, ёстиқдан бош кўтарди. Қизариб кетган кўзини ишқалади. Шундан кейингина ташқарига чиқди.

— Ҳа-а, — деди пешонасини тириштириб, — овга чиққан одамдай турибсан!

Норбой отдан сакраб тушди. Ғазаб билан Насимнинг ёнига келди-да, ёқасидан олди.

— Сен ифлос, одамларга нима дединг?! — дея ўдағайлади.

— Қўйвор! — деб уни силтаб ташламоқчи бўлди Насим.

Бироқ кучи етмади.

— Одамларга нима дединг деяпман?! — янада овозини баландлатди Норбой.

— Нима дебман?! Нега уйимга келиб, дағдаға қиляпсан?! Хотин, ўғлингни чақир! Қилични олиб чиқсин! Мен зўравонга кўрсатиб қўяман!

Норбойнинг от чоптириб кетаётганини аввал Толмас ота кўрди. Кейин яна беш-олти киши. Ҳаммаси унинг ортидан югурди. Билишарди. Эшитишганди. На Эшмирзадан, на Чоридан ва на Фатхулладан. Улар айтган одамлардан эшитишганди. Норбойнинг қайнаб кетишини, камида Насимни ўлдиришини ич-ичларидан сезишганди. Шу боисдан Насимнинг уйига югуришди.

— Тўхта! — бақирди Толмас ота. — Қўйвор уни, Норбой!

Норбой елкаси оша орқасига ўгирилиб қаради. Беш-олти одамни кўрди. Алами баттар қўзиди.

— Сиз аралашманг, Толмас ота! Мен буни ўлдираман! Бунинг, — деб у Насимга юзланди, — оғзи сасияпти. Бу бир пайтлар менга ичирганидан бошқаларгаям ичирган. Улар энди бутун қишлоққа сасиб юришибди. Ўзи бўлса бутини осмондан қилиб ётибди.

Толмас ота тез-тез юриб, уларнинг ёнига келди. Норбойнинг қўлидан ушлади.

— Агар мени ҳурмат қилсанг, ёқасини қўйиб юбор, — деди.

Шунда Норбой Толмас отанинг кўзида жуда бошқача қаҳр кўрди. Ҳайиқди. Уриши ёки бирор нима қилиб қўйишидан эмас, балки орига, ғурурига тегиб кетадиган гап айтиб юборишидан ҳайиқди.

Насимнинг ёқасидан қўлини олди. Ўзининг оёғига ўзи қамчи билан урди.

— Насим, гузарга юр, — деди Толмас ота паст овозда, — гузарга. Ўша ерда гаплашамиз.

У ўзи билан бирга Норбойни, кейин бошқа одамларни олиб кетди. Норбой: «Кетмайман, бир ёқли қилмасам, кетмайман», деб оёқ тираб туриб олди.

— Бормасанг, бизданмассан, — деди Толма ота ва унинг ёнидан ўтиб кетди.

Шундан сўнггина Норбой отининг жиловини Олтойдан олди. Отга минмади. Етаклади уни.

Толмас ота Насимнинг уйидан ҳали кўп узоқлашмасдан тўхтади.

— Олтой, болам, қишлоқнинг эркакларини айтиб чиқ. Гузарга келишсин, — деди.

Унинг ичида жуда қаттиқ оғриқ бордай қийналиб, афтини буриштириб гапирди. Яна унинг ранги оқаринқираган эди.

Бироқ ҳамманинг хаёли бошқа нарсалар билан банд бўлганлиги сабабли биров эътибор бермади.

 

* * *

 

Аёлнинг қалбида умид шуъласи уйғонди. У уйидаги бор масаллиқдан овқат пиширди. Ўғли Шерзодни уйда қолдириб, Дилдора билан йўлга чиқди. Бир нима ич-ичидан сапчиб чиқаётгандай туйилаверар, ичидагисини кимгадир айтгиси келаверарди. Шу боис тез-тез, чуқур-чуқур нафас оларди.

— Ойи, — деди Дилдора Мақсад опадаги ўзгаришдан безовта бўлиб, — дадам тузалиб кетади. Бунча қайғураверасиз. Ҳозир шу аҳволингизни дадам кўрса, яна сиқилади.

Мақсад опа қизига қараб жилмайди. Дилдоранинг оппоқ юзидан чимдиди. Кейин кўзини қисиб қўйди-да:

— Дадангга ичимдагини кўрсатарканманми? Ҳеч ҳам кўрсатмайман. Лекин мен ҳозир ташвишдан хўрсинмаяпман. Қандайдир ёруғликни туйяпман, — дея лабини тишлади.

— Менгаям айтинг, нима у?

— Билмадим. Ўзимниям ақлим етмаяпти. Аммо, барибир, бир нарса бор. Нимагадир дадангнинг бутунлай тузалиб кетишига ишоняпман. Нега шундай бўляпман, ҳайронман. Ана, бизнинг автобус келяпти, тезроқ юр, қизим.

Она-бола югуришди. Оч яшил автобус эндигина жойидан қўзғалаётганида етишди. Аввал Мақсад опа, ундан кейин Дилдора чиқди.

Одам сийрак. Бунақа пайтда ўзи ҳар доим шунақа бўлади. Иш вақти яқиндагина бошланган. Талабалар дарсда ўтиришибди. Йўлда фақатгина юмуш юзасидан юрганлар учрайди. Дилдора бугун ўқишга бормади. Онаси жўнатмади. «Бугун бормай қўя қол. Дадангнинг ёнига бир ўзимнинг оёғим тортмаяпти», деди. Дилдоранинг-да кўнглига охирги икки кунда ўқиш сиғмаяпти. Боради, ўйга чўмиб ўтиради. Дугоналари ҳар ёқдан нима бўлганини суриштиришади. Бирига бўлмаса, бошқасига ростини айтиб қўяди. У ачиниб қарайди. Унинг қараши ёқмайди. Ёқмаганидан йиғлаб юборади.

Мақсад опа бўш жойга ўтирди. Қарийб ўзи тенги аёлнинг ёнига. Дилдора унинг қаршисида тик туриб кетаверди. Иккита бекатдан сўнг онаси ўтирган ўриндиқнинг орқасидаги ҳам бўшади. Дераза томонда бир йигит ўтирибди. Кўринишидан ундан бир-икки ёш катта. Дилдоранинг кўзи унга бир-икки марта тушди. Ҳар доим йигитнинг деразага термилиб ўтирганини кўрди. Эътибор бермади. Унинг ёнига ўтирганидан кейин эса беихтиёр:

— Кечирасиз, — деб юборди.

Йигит унга юзланди. Дилдора кўз ости билан унга нигоҳ ташлади. Мўйлаби сабза уриб қолибди.

— Нега кечирарканман? — деди йигит паст овозда.

Дилдора дув этиб қизарди. Нима дейишини билмай қолди. Дарҳақиқат, нега у кечирим сўради? Йигит кечириши мумкин бўлган бирон иш қилдими? Йўқ. Шунчаки ёнига ўтирди. Жой бўшади, ўтирди. Кейин ўз-ўзидан кечирим сўради. Қиздан садо чиқмагач, йигит яна гапирди.

— Шу сафар майли. Аммо кейингисида шунчаки кечирмайман.

— Нега? — деб унга қаради Дилдора.

Йигит елка қисди. Сўнг:

— Мен фақат бир марта кечираман-да, — деди.

— Мен ҳеч нима қилмадим-ку.

— Нима? Қилмадиммиш. Агар санаб чиқсам, биласизми, бармоқларим етмайди. Кейин сизникиниям қўшиб санашимга тўғри келади. Мана, бир, икки… Ўн, — деб йигит тишини шимиб қўйди.

Оғзидан ҳуштак овози чиққандай бўлди. Дилдоранинг кулгиси қистади. Аммо овоз чиқармади. Шунчаки жилмайиб қўйди. Бундан руҳланган йигит гапиришда давом этди:

— Сизнинг бармоқларингизни учинчи ўринга қўяман. Ҳозир навбат рангларга, яшил. Нега яшил биринчи, биласизми?

Дилдора йўқ, дегандай бошини қимирлатди.

— Мана, яна битта хато. Яшилнинг нега биринчилигини билмаслик жуда қўпол, кечириб бўлмайдиган хато, — деб йигит юзига ўта жиддий тус берди, — қўлингизни беринг.

— Нега?

— Чунки сиз хатога йўл қўйдингиз.

— Яшил ранг нега биринчи ўриндалигини билмаслигим хатоми?

— Аста айтасизми? Бунинг учун автобусни тўхтатиш керак. Бошланишига сизни жаримага тортиш лозим. Ана ундан сўнг бармоқ изларингизни олиш зарур. Ҳозир мен хатоингизни ҳайдовчига айтсам борми, бирдан тормозни босади. Ҳаммани тушириб юборади. Битта сизни ва гувоҳ сифатида мени олиб қолади, — деб йигит автобус деразасидан ташқарига қараб қўйди. — Аммо бахтингиз бор экан. Агар бахт қуши айнан сизнинг бошингизга қўнганини кўриб қолмаганимда аввал маъмурий жазога, кейин каттароғига тортилган бўлардингиз. Энди туринг ўрнингиздан.

— Нега?! — ажабланди Дилдора.

— Чунки менинг бекатим келди.

Дилдоранинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлиб, енгил тортди. У ўрнидан туриб, нотаниш йигитга йўл бўшатди. Йигит унинг олдидан ўтаётиб, негадир қалқиб кетди ва агар Дилдора бўлмаганида, тўғрироғи, бола унинг сумкасидан ушлаб қолмаганида йиқилиб тушарди.

— Вой! — деб юборди қиз ва йигитнинг қўлидан тутди.

Ҳаммаси жуда тез, кутилмаганда рўй берди. Кейин олдинги ўриндиқда ўтирган Мақсад опа қизининг овозини эшитиб, ортига ўгирилиб қарагунча йигит ўзини ўнглади.

— Раҳмат. Ҳаммасидан қутулдингиз, ажойиб қиз экансиз, — дея олдинга қараб юриб кетди.

Унинг гапидан Дилдора баттар ўнғайсизланди. Айниқса, онасининг қараганидан янаям уялиб кетди ва шоша-пиша ўтириб олди.

Автобус тўхтади. Йигит тушди. Дилдоранинг эса боши эгик эди. Шунингдек, у лабини тишлаб олганди.

Орадан икки дақиқача вақт ўтди. Мақсад опа унга қаради.

— Телефонингни бер, тоғангга қўнғироқ қилиб олайин, — деди.

Дилдора сумкасини оёқларининг устига қўйди. Унинг оғзи очиқ эди. Бирдан юраги шув этиб кетди ҳамда сумкасини кавлади. Телефони йўқ эди. У қалтираганча бошини кўтариб, Мақсад опага қаради-да:

— Ойи, телефоним йўқ! — деб йиғлаб юборди.

 

* * *

 

Эштурди Неъматнинг пичоқ олаётганини кўрди. Демак, манави одамхўрга ўхшаган нарсани чавақлайди. «Тоғликларнинг жони қаттиқ бўлади, унча-мунча нарсага ўлмайди», деб эшитганди у бир вақтлар. Агар ҳозир Неъмат мўлжални аниқ ололмаса ёки пичоқни тўғри урса-ю, бу ернинг эгаси ўлмай қолса, ҳамма иш расво бўлади. Бу одам кўринишидан жуда бақувват, буларнинг эса ичлари тамом бўлган, чеккан, ичган, жигарининг ҳам, ўпкасининг ҳам абжағини чиқарган, икки қадам у ёққа, икки қадам бу ёққа тез ҳаракат қилишса, нафаслари бўғизларига тиқилади. Демак, менсимай турган манави ёввойи бир ҳамлада уларнинг суробини тўғрилаб қўйиши аниқ. Шунинг учун вақтида Неъматга ёрдам бериш зарур. Шундай ўйлар гирдобида бўлган Эштурди ҳам бирдан ёнидан пичоқ чиқарди. Сўнг Неъмат билан бирга энди ҳамла қилмоқчи бўлиб турганида, аксига олиб Кошиф уларга қараб қолди. Эштурдининг ҳам, Неъматнинг ҳам жон-пони чиқиб кетди. Уларни шунчалик кучли титроқ босдики, иккови ҳам қўлидаги ўткир тиғни ташлаб юборди. Чунки бунақанги ёнадиган, одамни қотириб ташлайдиган кучга эга бўлган кўзни умрларида биринчи марта кўришлари эди. Ҳар иккови ҳам беихтиёр тиз чўкди.

— Тавба қилдим, — деди Неъмат.

— Тавба қилдим, — деди Эштурди.

Ҳа, Кошиф уларнинг иккиси ҳам қўрқаётганини кўрди. Қалбларида қўрқувдан ўзга нарса йўқлигини сезди. Бироқ у шуни аниқ билар эдики, ҳозир буларни шундай қўйиб юборса, нарироққа бориб яна асл ҳолларига қайтарди. Мана, бунга Равшан яққол мисол. У нималар деб ялиниб, тиз чўкмаганди. Аммо, барибир, билганидан қолмабди. Гарчи илонбош мойини ея олмаса-да, келибди. Бундан чиқди, қаерлардадир буни хуш кўрувчилар бор ва улар илонбош мойини ўша ёққа олиб боришади. Қизиқ, эвазига нима олишаркин? Қўйми, сигирми, отми? (Кошиф пул ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасди).

У секин Неъматнинг ёнига борди.

— Йўқ! Йўқ! Айб менда эмас! Мен бу ерларни билмасдим! А-а…

Унинг уни ўчди. Орқага тисарилди. Шундай қилиб Кошифдан қочмоқчи эди. Йиғлаб унинг раҳмини келтирмоқчи, йигитнинг қаҳрини бошқаларга қаратмоқчи эди. Бироқ ҳийласи ўтмади. Табиб томоғининг остидан ўтувчи томирдан сал тепароққа бармоғини босди. Неъмат шундай ёнига қулади. Кўзи олайди. Қимирламай қолди. У ўликдай қотганди.

Равшаннинг ўзи ҳам аввал шу кўйга тушганди. Аммо у пайтда Кошиф нима қилганини сезмаганди. Шу боис унчалик ваҳима босмаганди. Қолаверса, ўшанда уни хумор тутаётган, яъни «ломка»да эди.

Кошиф Эштурдининг қўлидан ушлади.

— Қўйвор! Қўйвор деяпман! — деди Эштурди кўзидан дув-дув ёш оқизиб.

Агар… Агар у шаҳарда, ошналари ёки бошқа бировларнинг олдида йиғлаганида ўзини ниҳоятда паст кетган ҳисобларди. Бироқ ҳозир у ёш боладай чин кўнгилдан йиғламоқда эди.

Кошиф қўйиб юбормади. Қаттиқ силтаб тортди ва шу тортишда ишини битирди. Энди навбат Равшанга келган эди.

— Мен соғман. Эсингда бўлса, ўтган гал келганимда мени шунақа ухлатиб қўйиб, дори ичиргандинг. Шундан бери кайф қилолмай юрибман. Ҳатто папирос тутунигаям чидолмайман. Мен ўзи соб бўлдим. Манавилардан, — дея Равшан қалтираганча шерикларини кўрсатди, — қарзим бор эди. Сира қўйишмади. Ўлдирамиз дейишди, шунга бу ёққа олиб келгандим. Мени…

Унинг қолган гапи ичида қолди. Тили билан бирга бутун танаси ўзига бўйсунмай қўйди.

Кошиф шошилмасдан ҳар учовига ўткирроқ қилиб дори тайёрлади. Ичиришга шошилмади. Узоқ ўқиди. Яна сеҳрланди. Илоҳиёт ўзига мафтун этди. Қушларнинг чуғур-чуғурини, ҳашаротларнинг чириллаб қўйишларини, офтоб қиздираётганини, юз-кўзига урилаётган шамолни ва ёнгинасида ўзларини билиб-билмай ётганларни унутди. Кўнгил — юрак китобини яримлатди, ундан сўнг кафтини очди. У тушунмайдиган бойлик илинжида юрганларга инсоф сўради, имон сўради. Ана шундан кейингина ичирди. Неъматдан бошлади, Равшан билан тугатди. Сўнг навбатма-навбат ўзларига келтирди.

Учовлон қўй мисоли ювош тортишган, бир-бирларига ёпишиб, бошларини эгганча ўтиришарди.

— Энди кетасизлар ва бошқа бу ёқларга келмайсизлар, — деди Кошиф уларга ачиниш билан тикилиб.

— Ҳа, кетамиз, қайтиб қорамизни кўрсатмаймиз, — деди Неъмат бошини кўтармай.

— Кетамиз, кетамиз! — деди Эштурди.

— Отларинг изларига қайтишган. Уларга кеча тунда бўрилар ҳамла қилди. Бирини еб қўйди. Иккиси омон. Юракларини олдириб қўйишган. Манзилга етганларингда ҳар икковиям ўлади.

Қўй мисол ўтирганлар бирдан унга қарашди.

— Сен, — деди Равшан қалтираб, — буни қаердан биласан?!

Кошиф жавоб бермади. Жилмайиб қўйди ва шифобахш гиёҳлар билан тўлаёзган қопини елкасига олиб, аста-секин кета бошлади.

— Кимга дуч келдик? — деди Эштурди.

— Билмайман. Авлиё бўлса керак. Милтиқларимиз отилмай қолди. Отларимиз юрмади. Ҳаммамизни осонгина таслим этди. Яна битта отимизни бўрилар еганини айтди… Яхшиям майиб-мажруҳ қилиб қўймади, — дея бурнини тортиб қўйди Неъмат.

— Ҳеч қачон бунақа одамга дуч келмаганман. Олдинги сафар келганимда қандай қўрққан бўлсам, ҳозир ундан икки ҳисса ошиб тушди, — дея Равшан ўрнидан турмоқчи бўлди.

Аммо унинг оёқлари ўзига бўйсунмади.

— Вой! — дея қичқириб юборди у бирдан. — Мени шол қилиб кетди-и-и!

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ