ТАБИБ… (17-қисм)

0

 

* * *

 

Кошиф «Хўп, ҳозир бораман», дейишга-да улгурмади. «Элчи» худди қаршисида бирорта ёввойи махлуқ пайдо бўлгандай ташқарига отилди. Бўлмаса, сўроқсиз кирган, ҳаттоки эшикни тақиллатиб ҳам қўймаган эди. Албатта, қишлоқда бундай одобсизлик йўқ. «Бировнинг уйига бостириб кирма. Ташқарида туриб, отини айтиб чақир, ундаям чиқмаса, эшигини тақиллат», деб ўргатишади. Аммо «элчи»га Насим бошқача дарс ўтган эди.

Пешин тугаганидан кейин Кошиф узоқ дуо қилди. Кейин кўзини очди. У худди ўтган сафардагидек қишлоқ яқинида пайдо бўлган эди. Атрофига қаради. Ҳеч ким йўқ. Бир-бир қадам босганча Насимнинг уйи томон кетди.

Насим ҳовлисига, ерга жой қилиб олибди. Ўзиям икки қават пўстак устида оёғини чалиштирганча оғзини тўлдириб овқат ерди. У табибни кўриб иржайди. Ўрнидан турмади. «Кел, узр, безовта қилдим», демади. Умуман, бунақа дейиш нияти ҳам йўқ эди.

— Ҳов бола, — деди оғзидаги луқмасини ютиб, лаб-лунжини сочиққа артаркан, — мен сенга кеча нима дегандим?

— Болаларни ўқитасан, дегандингиз.

— Нега унда ўқитмаяпсан?

— Пешиндан кейинга мўлжаллагандим.

— Пешиндан кейинмиш. Эрталабдан ўқитиш керак, — деди Насим у ёқ-бу ёққа кўз ташлаб қўйиб. — Бошқаларни номига ўқитсанг ҳам бўлаверади, лекин бизнинг ўғил ҳамма нарсани билиши керак. Керак бўлса, ўзингдан ҳам ўтиб кетсин! Уқдингми?!

 

* * *

 

— Дадангга ёлғон гапирдик, — деди Мақсад серқатнов йўл бўйига етганларидан кейин. — Энди даданг касалхонадан чиққунича тоғанг билан гаплашиб, бирор нима қилишимиз керак. Қилолмасак, даданг жудаям қаттиқ хафа бўлади.

— Ойи, телефоним нима бўлади? — деди киприклари пирпираган Дилдора қовоғини осилтириб.

— Телефонинг… Телефонинг. Ҳа, анави автобус ҳайдовчиси топиб бераман, деб ваъда берди-ку. Ажабмас, топиб берса. Лекин топиб бермаганидаям майли. Унчалик қиммат телефон эмасди-ку. Аммо у ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилиб туришга яхши эди-да, эсизгина. Мана, ҳозир ҳам тоғангга қўнғироқ қилардик. Бўпти, юр, эртароқ уйга борайлик, келиб қолар, балки.

Дилдоранинг шусиз ҳам осилган қовоғи баттар осилди. Кўзи ёшга тўлди. Яна икки оғиз гап айтилса, кўзидаги шўр сув тўкилиши аниқ.

Бекатга боришди. Яшил автобус келди. Чиқишди. Икки дақиқа ўтар-ўтмас, Мақсад бошини чангаллаб:

— Вой, ўлмасам, идиш қолиб кетибди! Эртага нимада овқат олиб келамиз? — деди Дилдорага. Кейин ҳайдовчи томонга юзланди: — Тўхтатиб юборинг, илтимос, тўхтатинг!

Ҳайдовчининг кўзи йўлда, қулоғи мусиқада эди. Ҳафта олдин автобусга бир жувон чиққанди, бир жувон чиққандики, ҳали-ҳамон унинг қадди-қоматини, чиройли табассумини унутолмаяпти. Бундан икки йил муқаддам ҳайдовчининг аёли бандаликни бажо келтирди. «Энди бўлди, ҳеч қачон уйланмайман. Хотинимнинг хотираси билан яшайман. Менга қолдирган икки нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказаман. Бахтини кўраман», дея ўйлаган эди. Шу боисдан бегона қиз-жувонларга умуман эътибор қилмасди. Бироқ ўша жувонни кўрди-ю, юраги шиғ этиб кетди. Турса ҳам, ўтирса ҳам, уни ўйлайдиган бўлиб қолди. Аввал ўзига ўзи берган ваъдаларини эса умуман эсидан чиқарди. Ҳозир уни мусиқа ширин энтиктиряпти. Умуман, у шу битта қўшиқни эрталабдан бери эшитиб юрибди. Ҳар эшитганида янгича лаззат олади.

— Тўхтатинг! — бақирди Мақсад.

Шундагина ҳайдовчининг қулоғига нимадир чалингандай бўлди. У кўзгу орқали салонга қаради. Бир аёл келяпти у томонга. Газдан оёғини олиб, тормозни секин босди. «Адашиб чиқиб қолганга ўхшайди», деган ўй ўтди хаёлидан.

— Тўхтатинг деяпман!

— Минишдан олдин автобуснинг пешонасига қараб қўйиш керак эди. Кўрга ҳасса қилиб ёзиб қўйибди йўналишини. Савод борми ўзи?! — дея тўнғиллади ҳайдовчи ва автобусни йўл четида тўхтатиб, эшикни очди.

Аввал Мақсад, унинг ортидан Дилдора тушди. Дарвоқе, улар тушиш асносида битта-иккита йўловчининг аччиқ гапини ҳазм қилишга мажбур бўлишди.

— Ойи, бекор иккаламиз ҳам тушиб қолдик. Биттамиз борсак ҳам бўларди дадамнинг ёнига. Биттамиз уйга бориб турардик. Қўшниникидан тоғамга қўнғироқ қилардик, — дея Дилдора жавдирабгина онасига термилди.

— Эй-й, шундай пайтда одамнинг калласи ишлармиди? Юр тезроқ. Мен касалхона ҳовлисида тураман, сен кириб чиқасан. Дадангга автобусга чиқиб тушдик, дема. Бўлмаса, шунга ҳам сиқилади. Бекатга етишимиз билан эсимизга тушиб қолди. Ойим бекатда. Мен югуриб келдим, де, хўпми, қизим?

— Хўп, — дея бошини қимирлатди Дилдора.

 

* * *

 

Бердиёрнинг қўлидан телефон тушиб кетди. Лаби титради.

— Нима деди? Дилдоранинг телефонига бошқа қўнғироқ қилманг, дедими? Ким у? Қизимнинг телефони унда нима қиляпти? — дея у секин каравотига ўтирди.

— Эй-й, бошқа жойга тушиб қолгансиз. Ҳозирги пайтда компанияларниям мазаси қочган, — деди Шомансур хонадошини чалғитиш учун.

— Бошқа жойга тушсам, у қизимнинг исмини айтди-ку. Қизимнинг исмини қаердан билади, Шомансур?

Бердиёрнинг қўли қалтирай бошлади.

— Ўзингизни босинг, унинг исмини ўзингиз айтдингиз. Ана ундан кейин у сизга Дилдорага қўнғироқ қилманг, деди. Менимча, қизингиз қаердадир телефонини қолдириб кетган. Ҳозир ўзи қўнғироқ қилиб қолади. Ёки умуман бошқа рақамга тушиб қолдингиз. Яна тез-тез рақам алмаштириш ҳам мода бўлган. Мана, мен бир ой деганда уч марта рақам алмаштирдим. Бундан олдингисини мендан аввал бошқа биров тутган экан. Ҳали қўнғироқ қилиб, униси сўрайди фалончи борми, деб, ҳали буниси сўрайди. Жонимга тегиб кетди. Сим-картани майда-майда қилиб ташладим. Сиз бир оз ётинг, — деб Шомансур Бердиёрни хотиржам қилишга уринди.

«Эҳ, ёшлик даври яхши эди-да. Роса маза қилиб чўмилардик. Анҳорнинг лабида мажнунтол бўларди. Ўшанинг устига чиқиб, калла ташлашни хуш кўрардим. Эсимда, бир марта худди спортчилардай бир айланиб, кейин каллам билан сувга шўнғимоқчи бўлгандим. Лекин эплай олмадим. Бир марта айландимми, йўқми, қорним билан сувга шунақанги урилдимки, кўз олдимда учқунчалар пайдо бўлди. Анҳордан чиқиб қарасам, қорним қип-қизил бўлиб кетган экан. Ошналарим қотиб-қотиб кулишяпти устимдан. Аммо кулганлардан биттаси бопланди. Эртасигаёқ аввал оёғи шохга қисилиб, осилиб қолди. «Ўламан! Ўламан!» деб қичқирди. Кейин сувга тушиб кетди қорни билан. Мен ҳам роса унинг устидан кулдим. Лекин бечора кейин касалхонага тушиб қолди. Бир ҳафта ётди. Мен эса кулганим учун афсусландим. Эҳ, ёшлик даври бошқача бўлган экан. Куннинг ўтиши қийинлигини айтмайсизми?» дея хаёлга берилди Бердиёр.

— Тинчликми шерик? — деди шеригининг жим бўлиб қолганидан хавотир олган Шомансур.

— А-а, тинчлик. Бир нима ёдимга тушиб қолди, шуни эслаётгандим…

Бердиёрнинг кўзи қўлига тушди. Узоқ йиллар мунтазам спиртли ичимлик ичган одамникига ўхшаб тинимсиз қалтираётганди қўли. «Табибгача етиб боролмайдиганга ўхшайман. Ўзимни чалғитишга шунча уриняпман, ҳеч бўлмаяпти. Қизимнинг телефони қандай қилиб бегона йигитнинг қўлига тушиб қолди? Наҳотки қизим болалар билан гаплашиб юрган бўлса… Йўғ-э, Дилдора унақа қиз эмас. Йўқ, у мени, онасини ўйлайди. Бизнинг шаънимизни ўйлайди. Қанчалик қийналганимизни кўрди, кўра била туриб бундай қилмайди».

Шу пайт Бердиёрнинг юраги санчди. У қўлини кўксига қўйди-да, ўйлади: «Ундай қилма. Ҳали вақти бор. Ишлаб тур ҳали. Кераксан. Ҳеч бўлмаганда шу қизгинамнинг бахтини кўриш учун ҳам кераксан. Ҳозирдан ҳунарингни кўрсатсанг, кўпчилик қийналиб қолади. Шунинг учун ўзингни босиб, ишингни қил. Айтганча, яхши нарсалар ҳақида хаёл суришим керак…»

— Кўринишингиз яхши, — дея унинг хаёлини бузди Шомансур, — лекин шундай бўлса ҳам, ҳамширани чақириш керак. Мен бориб чақириб келаман…

— Йўқ, сизга мумкин эмас. Менга ҳеч нима бўлмади. Ҳозир озгина ётай, чўмилганларимни эслай, ўтиб кетади. Ҳозир сиз турсангиз, яна мазангиз бўлмай қолади… Лекин чарчаяпман, чарчаяпман, — деди Бердиёр ва секин каравотга ёта бошлади.

Худди шу пайт эшик очилиб, Дилдора кўринди. Бердиёр аввалига «Шунчаки у тўғрисида безовта бўлдим, шунинг учун кўзимга кўриняпти», деб ўйлади.

— Дада, сизга нима бўлди? — дея Дилдора отасининг ёнига югуриб келиб, каравотнинг бир четига ўтирганидан кейин билдики, ўнги экан.

Бердиёрнинг кўзидан ёш сизиб чиқди.

— Қизим… — деди паст овозда.

 

* * *

 

Кошиф мийиғида кулди. У аллақачон Насимнинг ниятини англаб бўлганди. Фақат одам ўша ниятни ошкор қилаётганида қандай аҳволга тушаркин, дея ўйлаб юрганди. Мана, гувоҳи бўлиб турибди. Насим гўёки шаҳаншоҳ, чек-чегарасиз қудратга эга. Ҳамма унинг пойида бўлишини истайди. Тобелар, малайлар, хушомадчилар кўп бўлсин. Қўллари кўксида, икки букилиб туришсин. «Шаҳаншоҳ, олампаноҳ, биз сиз учун истаган майнавозчиликларни қиламиз. «Думала!» деб буюринг, биз нақ тоғнинг энг тепасидан думалаб тушамиз. «Думалаётганда ҳамма ёғингнинг пачоғи чиқиб кетсин», денг, қиламиз. Яна қанча пасткашлик бўлса, кўз очиб-юмгунингизча бажарамиз. Керак бўлса, осмондаги юлдузларни бўйнингизга маржондай териб қўямиз. Мабодо бирор киши сизнинг амрингизга қарши чиқса, туғилганига пушаймон едириш у ёқда турсин, бутун уруғ-аймоғи билан қуритиб, ўша нобакор яшаган жойнинг вайронасини чиқариб, иморати ўрнидаги етти қават тупроқни олиб ташлаймиз. Бизга сиз омон бўлсангиз бас, биз учун сизнинг роҳат-фароғатингиз ҳар нарсадан устун», дейишсин.

— Бажонидил бажараман. Аммо сен фалончининг боласисан, сен пистончиникисан, деб ажратмайман. Ҳаммасига бир хилда ўргатаман. Ўзида бори тортиб кетади. Кесакдан фарқи бўлмагани шундайлигича қолаверади. Ахир ҳамма табиб бўлиб кетса, қўй-қўзини ким боқади, тирикчиликни ким қилади? Шундай экан, ҳурматли оқсоқол, сеники-меники, деган гап бўлмайди. Ундан кейин тоғ-тошларни кезаман, дегани марҳамат қилиб менинг кулбамга борсин, — деди Кошиф ва секин ортига бурилиб кета бошлади.

Насимнинг кўзи олайди. Ер муштлади.

— Нима деди?! Сеники-меники бўлмайди, дедими?! Ҳали сен менга қарши чиқяпсанми, бутун бошли қишлоқ оқсоқолига, каттасига-я?! Биз Беназир ота нима буюрса, қулоқ қоқмасдан бажарардик. Малол келган тақдирда ҳам йўқ демасдик. Ана, бир сафар не бир азобда тайёрлаганим узум сувини тўкиб ташлагандим. Жоним чиқиб кетганди ўзиям. Ўшанда сенинг ўгай отанг Норбой, яна унга ўхшаган биттаси қовун тушириб қўйган, — дея пичирлади у ва чойини охиригача ичмасдан, ерга тўкиб ташлади.

Ўғлини чақирди. Унга «Бор, Фатхуллани, Эгамназарни, Чорини айтиб кел. Оқсоқолнинг муҳим гапи бор экан, де!» дея амр қилди. Ўзи яна ёстиғини қўлтиғи остига олиб суянди.

Ошналарга Насимнинг «Оқсоқол чақиряпти» деб айттиргани кўп-да ўтиришмади. Ҳар учаласининг ҳам жаҳли чиқди. Зеро, илгари Беназир ота ўзини қишлоқнинг каттаси, оқсоқоли дейишларига сира йўл қўймасди. «Менинг сизлардан фарқим йўқ, бунақа деманглар», дерди. Фалон жойга келсин, пистон жойда кутаман, деган гаплар эса умуман ишлатилмаган. Табибнинг кимда, нима иши бўлса, ўзи борган. Насим ўзини ўзи катта қилиб олганига бир кун ҳам бўлмай, буйруқ беришга ўтибди. Қани, боришсин-чи, нима деркин? Улар узум суви мазасини унутолмай юришганди. Насимнинг яна чақириб, меҳмон қилишидан умидвор эдилар. Шу боисдан ҳам унинг буйруғи оғир ботса-да, дарров йўлга чиқишди.

Насим ошналарининг кўнглидаги ишни қилди. Роса етилган бир кади узум ачитқисини дастурхон ўртасига қўйиб, пойлаб ўтирди. Ҳамтовоқлари кўриниш беришлари билан пиёлага қуйишни дилига тугди. Сўнг шундай ҳам қилди. Учовлон у ўтирган жойга етишларига бир-икки қадам қолганида ичди. Қулт-қулт этказиб ютди. Келгувчиларнинг ҳам кўзлари олайиб кетди.

Насим пиёлани дастурхон устига қўйди. Лаб-лунжини иржайганча артди. Сўнг:

— Қани, келинглар, — деди ўтирган жойида.

Илгари у сакраб турарди. «Келинглар, келинглар», дерди қўлини кўксига қўйиб. Ҳозир бундай қилмади. Чунки у катта. Яна мусалласи бор. Бунақанги пайтда юзга кирган одам келса ҳам турмайди. Керак бўлса, келувчининг ўзи букилиб у билан кўришсин. Кўришаётганида қўлини берса ҳам катта гап. Насим шундай қилди. Уч эркак орли, ғурурли, обрўсини биладиган, ўзини хафа қилдириб қўймайдиганлардан эди. Аммо улар ҳозир буларнинг барини эсидан чиқаришди. Тўғрироғи, чиқаришга мажбур бўлишди.

— Қанақа ошнасизлар? — деди Насим учовлон ёнма-ён ўтирганларидан кейин. — Эрталабдан бирров хабар олмайсизларми? Ё ҳурматим йўқми?

— Нималар деяпсан, Насим? Ҳозир сен қишлоқнинг улуғларидан бирисан, — дея хушомад қилди кўзини кадидан узолмаётган Чори.

— Нима, улуғлар тиқилиб ётибдими қишлоқда? — деди шу заҳоти қовоғини осилтирган Насим.

— Ҳа, энди анча-мунча чоллар бор…

Насим бошини сарак-сарак қилди-да, ачитқидан пиёлаларга тўлдириб-тўлдириб қуйди.

— Қарасам, ичларинг ёниб кетяпти. Аввал бир пиёладан олинглар, ана ундан кейин гаплашамиз.

Учала эркакнинг ҳам бараварига кайфияти кўтарилди. Иржайишди. Яна мутелашишди. «Қани, хўжайин, энди гапиринг» қабилида Насимга боқишди.

— Бу Кошиф деганлари, барибир, бегоналигини қилади, шекилли. Келмасингиздан олдин шу ерда эди. Эсларингда бўлса, куни кеча у бутун қишлоқнинг боласини ўқитишни бўйнига олганди. Келганидан кейин «Бошла ўқитишни, вақтни ўтказма. Болаларнинг саводи эртароқ чиқсин», дедим. Ишонасизларми, «Йўқ», деди.

Насим гапиришдан тўхтаб, ҳамтовоқларига бирма-бир қараб чиқди. Бировининг пешонаси тиришди. Иккинчиси бошини эгди. Учинчиси қаншарини қашлади.

— Менимча, сизларни маслаҳатга чақириб, бекор қилганга ўхшайман. Гапларим сизларгаям маъқул келмаганга ўхшайди, — дея қовоғини солди Насим.

— Ошна, нима деганинг бу, биз ҳайрон бўлиб қолдик. Илгари Кошиф сира қулоғини қимирлатмаган. Ҳамманинг олдида бошини эгди. Ҳатто отаси Норбой ҳам миқ этолмай қолди. Шунга кўра, у сенинг оғзингдан гап чиқар-чиқмас югуриб кетиши керак эди. Нимага йўқ дейди? Йўқ дейишга умуман ҳақи йўқ, — деди Чори ва кадига кўз ташлаб қўйди.

Насим унинг хоҳишини сезди. Бироқ атайин ўзини билмасликка олди.

— Мен сизларга бирор марта ёлғон гапирганмидим? Келди. «Бошла!» дедим. «Йўқ», деди. Менсимади. Мени менсимадими, демак, бутун қишлоқнинг юзига оёқ босди. Чунки куни кеча мени ўзларингга оқсоқол қилиб сайлагансизлар. Бундай олиб қараса, ўша катталикнинг менга умуман кераги йўқ. Ўйлаб қарасам, фақат бошимни оғритганим қоларкан. Мана, сен айт, Эгамназар, мен ҳали унинг уйига борсам, ҳали бунинг уйига борсам-да, манави қилаётган ишинг нотўғри, бунинг ўрнига манавинисини қил, десам, мени яхши кўрадими?

— Энди тўғрисини айтганингдан кейин нимага ёқмаскан? Ёқади, — дея елкасини учириб қўйди Эгамназар.

— Бекор айтибсан! Мени итидан баттар ёмон кўради. Энди шу менга керакми, масалан, сенга ўхшаб маза қилиб ётсам яхшимасми ҳаммага ёмон кўриниб юргандан кўра?

— Қўйсанг-чи бунақа гапларни. Бутун қишлоқ одамларининг олдида сени танладик. Энди ўзинг бу ёғига Беназир отадан ҳам ўтказиб оқсоқоллик қиласан-да, — деди Чори.

— Унда менга ёрдам беринглар. Битта Кошифга тишим ўтмаса, қолганлар нима дейди? Аввал анавини йўлга солиб ол, ана ундан кейин бизга гапирасан дейишмайдими? — деди Насим ўзини хафа бўлган кўрсатиб.

— Қилади айтганингни. Қилмайдиган бўлса, қишлоққа қадамини босмайди. Босса, оёғини уриб синдирамиз! — дея кўкрагини керди Фатхулла ва эгасидан сўрамай, кади томонга бамайлихотир қўлини чўзди.

— Бундай қилишингга бир хиллар қараб туролмайди. Ундан кейин Кошиф — табиб. У бўлмаса, қийналиб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас, шунинг учун олдин болаларимизни табибликка ўргатиб олайлик. Сўнг у ёғини биргалашиб ўйлаб кўрармиз. Балки, ўлдириб юбориш керакдир. Норбойга, Толмас чолга ўхшаганлар оз-моз оҳ-воҳ дейди. Аммо бора-бора улар ҳам кўникиб қолишади.

Ҳамтовоқлари унинг гапини жон қулоқлари билан тинглаётганлари хуш ёқди. Ҳатто ичи ёниб, куйиб кетаётган бўлса-да, қўлидаги кадининг ичидаги суюқликни идишларга қуя олмай термилиб қолган Фатхулланинг туриши руҳлантирди. «Мен шунақа ҳеч ким кутмайдиган, ҳаммадан зўр гапларни биламан. Яна тўрт-беш кун, ана ундан сўнг бутун қишлоқ худди манавилардай анграйиб қолади. Ўл десам, ўладиган бўлишади», кўнглидан ўтказди Насим ва иржайди. «Қуй, тўлдириб-тўлдириб қуй, анграйма», деди Фатхуллага. У эса гўё уйқудан уйғонгандай бўлди ва томоғини қириб қўйиб, ишга киришди.

— Биттадан ютганимиздан кейин кадини гузарга олиб кетасизлар. Ўтган-кетганга ичиринглар, бошқалар ҳам бунинг лаззатини билсин, бизнинг қўлимиздан қандай ишлар келишидан хабар топишсин.

 

* * *

 

Кошиф кулбасига бормади. Одатдагидай устозининг, кейин ота-онасининг қабрини зиёрат қилди. Сўнг тоққа чиқиб кетди. Гиёҳ терди. Шу билан бирга қуёшнинг ҳолатини кузатди. Яқин-яқинлардан бери, Беназир ота ҳақ дунёга рихлат қилгач, унда шундай одат пайдо бўлганди. Ҳар куни тонгда угина идрок этадиган, кўра оладиган, ҳис эта оладиган фаришталарнинг сафарлари қаригач, лозим амални адо этади-да, қуёшга юзланади. Ёруғликнинг ёрқинлашиши, нур пайдо бўлиши ва олам чироғининг кўриниши унинг руҳини тетиклаштириб юборади ҳамда шу заҳоти майсалар, ўсимликларга диққатини қаратади. Сўнг англайдики, ҳамма-ҳаммаси бир кечада офтобни соғинибди. Интиқлик билан тунни ўтказибди. Мана, қуёш жамолини кўрсатиши билан шу томонга баравар юзланишди. Албатта, оддий кўз билан қараганда жараённи илғамаслик мумкин, аммо ички сезгиси юқорилаб кетган Кошиф сезади. Шундан завқ олади. Ишга киришади. Иштиёқ кучли бўлганида бор неъмат юзага чиқади, деган ўйда юради у доим. Қолаверса, китобларда ҳам кўпгина гиёҳларни тонг чоғида териш ҳақида ёзилган.

Унда мана шундай одат пешин палласи ва ундан кейинги вақтларда ҳам бор. Баъзида дилхиралигини унутиш, чалғиш учун ҳам у атайин дарахтлар, ўсимликлар ҳолатини кузатади.

Елкасидаги қоп гиёҳга қарийб тўлаёзганди. Энди уларни бир-бирига аралаштириб, дори тайёрлаш керак эди. Шу боисдан ҳам пастликка энаётганди. Бирдан кўзи тоғ эчкисига тушиб қолди. Жонивор жарлик томонга осилиб турган тош устида ётарди. Ҳар-ҳар замон ўрнидан турмоққа уринар, эплаёлмас ва яна ётишга мажбур бўларди. Кошиф секин қадам ташлаб, тош ёнига борди. Тоғ эчкиси унинг келаётганини сезди. Бошини кўтариб, қулоғини дикрайтирди. Аммо қочишга ҳаракат қилмади.

— Бечорагина, сенга нима бўлди? — деди Кошиф ва унинг ёнгинасига ўтириб, бошини силади.

Шўрлик жонивор жони кўп қийналганидан роса йиғлабди. Кошиф унинг пешонасини силаётганида кўзидан яна ёш оқди.

— Ҳечқиси йўқ. Дардинг ортда қолади. Касалингни топамиз, даволаймиз, ҳеч нима кўрмагандай бўлиб кетасан, — деди табиб тоғ эчкисининг бутун танасини назаридан ўтказа туриб. Сўнг орқа оёғидаги косадай келадиган шишга кўзи тушди.

Одам танасида пайдо бўлган шишни қайтарадиган мой бор. Лекин у икки кун давомида қайтаради. Шу вақт оралиғида эчки бу ерда қоладиган бўлса, албатта, бирорта йиртқичга ем бўлиши тайин. Кошиф уни кўтариб олиб кетиши ҳам мумкин. Бироқ йўл давомида жонивор яна азоб чекади. Демак, энг қулай йўли шу ернинг ўзида қисқа вақтда даволаш.

Кошиф иккала кафтини ҳам очди. Дуо қилди. Тоғ эчкисининг кўзи юмилди. Унинг дарди ортга чекиниб, вужуди ором топганга ўхшарди. Кошиф бастон ўсган далада пайдо бўлишни истади ва сал ўтмай унинг истаги амалга ошди. Табиб шошилганча пиёлада танга ботгулик бастон ширасини йиғди. Унга тарвузталоқ уруғини майдалаб аралаштирди. Кейин ички истак таъсирида аввалги жойида, тоғ эчкиси ёнида пайдо бўлди.

Олдин шиш усти, атрофи юнгдан тозаланди ва малҳам сурилди. Бир чойнак чой қайнагулик вақт мобайнида Кошиф шиш устини силади. Сўнг кутди. Шиш бир оз каттариб, кейин ёрилиб кетди. Шу заҳоти тоғ эчкиси бошини енгил кўтарди. Атрофига аланглади ва оёғини қимирлатди.

— Бир оз ёт, жонивор, яна озгина. Мадданинг ҳаммаси чиқиб кетсин. Ана ундан кейин турасан, — деди Кошиф худди тоғ эчкиси унинг гапини тушунадигандек.

Ўша бироз вақт ўтди. Кошиф ярани бошқа мой билан тозалади. Кейин боғлаб қўйди.

Жонивор бир типирчилаб жойидан турди. Турганига ишониб-ишонмай секин-секин юриб, осилиб турган тошдан беш-олти қадам узоқлашди. Тўхтади. Ортига ўгирилиб, Кошифга қаради. Гўё шу билан раҳмат айтган бўлди. Сўнг югуриб кетди.

«Бундан чиқди, бастон ширасининг тарвузталоқ уруғи билан аралашмаси йирингли шишни қайтараркан-да. Жароҳатдан кейин пайдо бўлган шиш тезда пишиб ёрилади. Аммо ўзи пайдо бўлганлари-чи, уларда ҳам шундай жараён кечармикан? Яна битта савол бор. Одамнинг ичида пайдо бўладиган ўсимта… Табиийки, унда фақатгина қора қон тўпланган бўлмайди. У бамисоли сариқ чирмовуқ. Одам билан озиқланади ва ўсади. Кейин одамнинг ўзини ҳам нобуд қилади. Китобда шундай ёзилган. Бироқ даволаш йўллари айтилмаган. Менинг умидим бастондан эди… Шошма, унинг намозгул билан ҳам қариндошчилиги бор. Бугун-эрта унинг гули, пояси ва илдизини аралаштириб кўраман. Аммо менга ичида ўсимта ўсган касал керак», дея ўйлади Кошиф ва қопини елкасига илди-да, уйи томонга кетди.

Кулбасига етишига ярим чақиримча масофа қолганида ҳовлида кимнингдир юрганини кўрди. У шунчаки юрмаётганди. Югурарди. Уйга югуриб кирар, ниманидир олиб чиқиб ерга ташлар ва яна ичкарига кириб кетарди. Кошифнинг кўнглига хавотир оралади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ