Карина Капур Болливуднинг энг чўрткесар хоними

0

Болливуд оламида «Энг дангал актриса» мукофоти жорий этилганида эди, шубҳасиз, бу ютуқни Карина Капур Хон олган бўларди. Ваҳоланки, кино саноатида «Бебо» тахаллуси билан шуҳрат қозонган актриса очиқ-ойдин гапиришни яхши кўрадиган энг чўрткесар хонимлардан бири саналади. Бугунги мақоламизда бунинг исботини келтириб ўтамиз.

«KAHO NAA PYAAR HAI» ФИЛЬМИ ҲАҚИДА…

— Фильм айнан Ритик учун яратилган. Отаси Ракеш Рошан ўғлини ҳар томонлама мукаммал кўрсатиш мақсадида уни керак бўлса, 5 соатлаб суратга олган. Аммо ушбу фильмда унинг севган қизини ўйнаган актриса Амиша Пателга эса атиги 5 сония ажратган, холос. Картинани кўриш мобайнида Амишанинг кўз остидаги шишларни ҳамда ҳуснбузарларни бемалол кўриш мумкин. У иштирок этган саҳналар жуда ҳам сифатсиз чиққан.

Аммо Ритик худди тушдаги шаҳзода каби намоён бўлган. Агар фильмда Амишанинг ўрнида мен бўлганимда, у яхшироқ чиққан бўлар эди. Чунки биз Ритик билан жуда чиройли жуфтликмиз. Бироқ бир нарсани айтишим керакки, ушбу картинада ўйнамаганимдан жуда ҳам хурсандман.

МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИККА УЧРАГАН
ДЕБЮТ РОЛИМ

— Хўш, менинг иштирокимдаги фильмлар муваффақиятсизликка учраётган экан, лекин нега Амишадан кўра кўпроқ мен ҳақимда гапиришяпти? Чунки менда қобилият бор. Мен аниқ биламанки, ролларимни ҳеч қачон унутишмайди. Амиша Пателникига ўхшаш омадли фильмларим бўлишини хоҳламайман. Тезда унутиладиган омадли фильмлардан кўра, ҳамиша эсга олинадиган омадсиз картиналарда иштирок этишни афзал биламан.

«DEVDAS»
ФИЛЬМИГА ЧАҚИРИЛМАГАНДА…

Маълум бўлишича, картинадаги бош қаҳрамон аёл Паро роли учун синов жараёнида Карина иштирок этган. Аммо Санжай Лила Бхансали ролга Айшрвария Рай Баччанни тасдиқлаган. Шундан сўнг машҳур нашрлардан бирига берган интервьюсида актриса шундай деган: «Санжай Лила Бхансали — аравани қуруқ олиб қочадиган иккиюзламачи одам. Унда на ҳаётий қоидалар ва на ўз сўзининг устидан чиқиш бор. Агар у кейинчалик иккинчи Раж Капур ва мен энг охирги актриса бўлиб қолган тақдиримда ҳам у билан ишлашга рози бўлмайман».

АЙШВАРИЯ
РАЙ БАЧЧАН ҲАҚИДА…

Каринадан «Қаҳрамон аёл» картинасидаги ролини Айшвария ўйнаганда фильм қандай чиққан бўларди?» дея сўрашганда актриса «Мен билан Айшварияни солиштириш адолатли иш эмас. Чунки биз бошқа-бошқа авлод актрисаларимиз», дея жавоб берган.

ҚОБИЛИЯТИ
ХУСУСИДА…

— Режиссёрлар менинг қобилиятимни ва устунликларимни билганлиги учун ҳам ўз фильмларига таклиф этишади. Мадхури Дикшитнинг биринчи омадли картинаси кино оламига кириб келганидан тўққиз йил ўтиб содир бўлган. Шридевининг эса битта ҳам картинаси хит даражасига кўтарилмаган. Аммо шунга қарамасдан улар энг қобилиятли актрисалар қаторида туришади. Мен ҳам айнан улар кабиман.

«МИЛЛИЙ МУКОФОТ» ҲАҚИДА…

— «Миллий мукофот»ни олишни истамайман! Чиндан ҳам менга бундай совринларнинг кераги йўқ. Мен фақат томошабинлар кинотеатрларга боришини ва мен иштирок этган фильмларни томоша қилишини хоҳлайман. Шунинг ўзи менга етарли.

САЛМОН ХОН
ТЎҒРИСИДА…

— Мен унинг мухлиси эмасман. У менга ёқмайди. Актёр сифатида эса унда ҳеч қандай қобилият йўқ, деб ҳисоблайман. Салмон жуда ёмон актёр. Мен бу гапларимни унинг ўзига ҳам айтганман!..

БИР КУН ТОНГДА ВИДЯ БАЛАН БЎЛИБ
УЙҒОНСАНГИЗ…

— Ўзимдан нафратланган бўлардим.