ЮНИСЕФ Европани мигрант болаларни ҳимоя қилишга чақирди

0

БМТ болалар жамғармаси ЮНИСЕФ Европа иттифоқига аъзо давлатларни ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб Европа қирғоқларига чиқишга ҳаракат қилаётган мигрант болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича жиддийроқ бош қотиришга чақирди.

“Фақатгина ўтган ҳафтанинг ўзида Ўрта ер денгизида икки марта рўй берган фожиали воқеада 170 та одам вафот этди ёки беадарак йўқолди. Уларнинг орасида болалар ва ҳомиладор аёллар ҳам бўлган”, деб ёзилган ЮНИСЕФ тарқатган ахборотда.

ЮНИСЕФ бундай фожиали ҳолатларнинг олдини олиш, мигрант болалар ҳимоясини таъминлаш учун ЕИни бу борада ягона ҳудудий чоралар ишлаб чиқишга чақирган.

“Ҳар куни мигрант болалар ҳаётларини хавф остига қўйиб, қишнинг совуқ кунларида Европа томон оғир йўлчиликни амалга оширмоқда. Ягона ҳудудий стратегиянинг ишлаб чиқилиши бу болаларнинг турли қийинчиликлардан сақлаб қолишга ёрдам беради” дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий осиё бўйича ҳудудий директори Афшан Хон.

Islom.uz