ТАБИБ… (24-қисм)

4

 

* * *

 

Шомансур пулни бергунча терлаб кетди. Олдин Бердиёр: «Олмайман», деди. Ахир ноқулай-да. Аммо олмасдан ҳам бўлмасди.

— Унда, бундай, мен сизга табибнинг дорисидан топиб бераман. Укам қаерда яшашини билади. Икки марта бориб келди. Биринчисида ўзини, иккинчисида мени тузатди. Энди сиз учун ҳам бориб келади. Бу пулни тўла қайтаришимдан ташқари, — деди у.

— Хўп, — деди Шомансур ва гап ўзанини бошқа томонга буриб кетди.

Орадан кунлар, кейин йил ўтди. Равшан беш марта табибни қидириб борди. Ҳар сафар қуруқ қўл билан қайтди. «Уйини билмайман. Роса кутдим, келмади», дейди. Бердиёр афсус билан бош чайқайди, «Ваъдамда туролмадим-да», дейди. Шомансур у ёқда турсин, Дилдоранинг ҳам, ҳа, ҳа, худди шундай, ўз қизининг ҳам кўзига қаролмай қийналади.

— Дада, — деди шундай кунларнинг бирида кечки пайт уйига келган Дилдора. Отанинг назарида у улғайиб қолгандай эди. — Мен қарзнинг ҳаммасини йиғиб бўлдим. Бугун, мана, яна ишхонамдан уч юз беришди. Шу билан беш минг бўлди.

Бердиёр ҳангу манг эди. На хурсанд бўлишини билади ва на хафа бўлишини.

— Яхши, — деди у зўрға, — эртага эрталаб обориб бераман. Лекин ўзинг меҳнат қилганингдан кейин бирор нима олишинг керак эди-да.

— Ҳали мукофот пулларим ҳам бор, дада. Ўтган ойлар мобайнида роса фойда кўрибмиз. Шомансур амаки яна битта дўкон очяпти. Мениям ўзларига шерик қилиб олишди. Йигирма беш фоизга. Шундай экан, дадажон, мендан хавотир олманг.

Бердиёрнинг эти музлади. «Эй-й, қизим, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Улар сени келин қилиб олишмоқчи, шунинг учун ҳам улушга киритишган. Агар бундай ниятлари бўлмаганида эди, кўп ойлик беришса беришардики, асло улушга киритишмасди. Манфаат. Хоҳла, унақа, хоҳла, бунақа манфаат бор ҳамма жойда», дея хаёлидан ўтказди. Бироқ хаёлидагини айтмади.

— Қизим, ҳалолликда гап кўп. Сен бундай мартабага ҳалоллигинг орқасидан эришдинг.

Кейин Шомансурнинг оиласи ҳам яхши экан, — деди.

Сўнг қизим хурсанд бўлсин деб кулди. Дилдоранинг пешонасидан ўпди. Эртасига эса пулни олиб, Шомансурнинг ёнига борди. Иккаласи у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Кейин Бердиёр пулни чиқариб, столнинг устига қўйди. «Ўлмай шу кунга етиб келдим, шунисига шукр», деди. Гапи бир оз дағалроқ чиқди. Ўзи ҳам дарров сезди.

Кейин раҳмат айтишга тушиб кетди. Энди ноқулайлик Шомансурга тушди.

— Ака, менга жуда зарур бўлмаганди. Сизга ёрдами тегибди, шунисига хурсандман. Савоб олганимдан мамнунман, — деди.

Кейин пулни стол тортмасига соларкан қўшиб қўйди:

— Очиғи, бу пулнинг борлиги баъзан оёққа тушов бўларкан. Айнан мана шу сабаб уйингизга боролмай, юрак ҳовучлаб юргандим.

— Шомансур, қизиқсиз-а, эшигим ҳамиша сизга очиқ. Бемалол боравермайсизми? Борсангиз, қайтанга хурсанд бўлардим.

— Йўқ, совчиликка бормоқчимиз. Дилдорани бизга бермасангиз бўлмайди. Назира билан шунақанги она-бола бўлиб кетишганки, сира бир-биридан ажралгиси йўқ. Яхши ишни энди кечиктирмайлик, — деди Шомансур.

Тўғри, Дилдора Назира билан она-боладай бўлиб кетганди. Аммо Акром билан яқинлиги бутунлай бошқача эди. Гули қорасини кўрсатмайдиган бўлиб кетди. У ўша Дилдора арзанда телефонни синдирганидан кейин ҳам бир марта кўриниш берди ва шу заҳоти «ҳақи»ни олди. Дилдорадан олди. «Сенга бу ерда пишириб қўйибдими? Нарса керак бўлса, ана, растада. Йўқса, қилпанглаб ўзингни кўрсатиб, бу ерда санғима. Сенинг қилпанглашингга кўзи учиб турганлар йўқ бу дўконда», деди. Гули нажот истаб Акромга қаради ва бир қучоқ қовоққа кўзи тушди. Билдики, обрўси битибди. Астагина жуфтакни ростлади ва шу бўйи қайтиб қорасини кўрсатмади.

— Қойил, оғиргина, босиққина, меҳрибонгина, ширингина қиздан шундай гаплар чиқади, деб сира ўйламагандим, — деди Акром жилмайиб.

— Агар сиз ҳам ҳаддингиздан ошадиган бўлсангиз, ана шу ойимчангизнинг орқасидан кетасиз! — деди ҳали жаҳлидан тушмаган Дилдора қовоқ уйиб.

Акром шу заҳоти иккала қўлини кўтариб:

— Таслимман, — деди.

Дилдора кулиб юборди. Шу билан Гулининг келиб-кетгани унутилди.

Уларнинг муҳаббати аста-секин аланга олди. Ахийри тўй қилмаса, иккиси бир жону бир тан қилиб қўйилмаса бўлмайдиган ҳолга келди. Буни қизни ўғлидан кам яхши кўрмайдиган Назира сезди. Сезган заҳоти қўрқди. «Тезлатиш керак, дўст-душманнинг олдида уятга қолмайлик», деди. Икки гапнинг бирида эрига «Совчиликка борайлик, совчиликка борайлик», деяверди, деяверди. Шомансурнинг эса Бердиёрникига боришга сира оёғи тортмасди. Иккаласининг ўртасида олди-берди баланд девордай туриб олганди. Эр-хотин маслаҳатлашишди. Ҳали ундоқ қилсак, ҳали бундоқ қилсак, нима бўларкан, дейишди. Бироқ анча вақтгача тайинлироқ ечим топишолмади. Ахийри Дилдорага мукофот берадиган бўлишди…

Ниҳоят, енгил тин олган Шомансур хотинини етаклаб Бердиёрникига борди. Шунда ҳам қарзини олганидан икки кун ўтиб. Дарров «Совчиликка келдик», демади. Мақсад опа пишириб келган ошни ейишди. Яна узоқ муддат у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Ана ундан кейингина ёрилишди. Аниқроғи, Назира ёрилди. Ана кутди эридан садо чиқармикан деб, мана кутди, аммо Шомансур сира лақиллашдан нарига ўтмади. Аслидаям бунақа маҳали аёллар: «Сизнинг уйингизда бир гул бор экан, бизникида бир булбул бор»ни қийиб юборишади. Тангри бунақанги гапни айтишни аёлларга берган.

Бердиёр ҳам, Мақсад опа ҳам аввалдан маълум бўлган нарсага, олдиндан тайёр бўлиб турган нарсага ундоқ эди, бундоқ эди, қизимизнинг ўзидан сўрайлик, маслаҳатлашайлик, қавми-қариндошнинг ҳам олдидан ўтайлик», деб ўтирмади. Рози бўлди. «Ёшлар шуни хоҳлаб турган бўлишса (Дилдора онасига «Шунақа, шунақа, агар Акром акамникилар келишса, юмшоқроқ муомала қилинглар», дея шипшиганди), бизнинг қўлимиздан нима келарди? Бахтли бўлишсин», дейишди эр-хотин.

Унаштирув, бошқа расм-русумларга бир ойдан зиёдроқ вақт кетди.

Аммо… Аммо иккала оила ҳам интиқиб кутган набира сира дунёга келай демасди. Бир йил, икки йил, беш йил ўтди. Сўнг, ниҳоят, Дилдора ҳомиладорлигини сезиб қолди. Лекин бу пайтга келиб бошқа бир ташвиш яқинлашиб келмоқда эди. Шомансур. Унинг аҳволи оғирлашиб қолди. «Набирамни кўролмайманми? Анча-мунча маблағ тўпладим. Тўй қиламан дедим. Уй қураман дедим. Лекин ҳар иккови ҳам насиб қилмаскан-да», дея умидсизликка берилган пайтда келинининг ҳомиладорлиги ҳақида хабар келди. Дўхтирга югурди.

— Ростини айтинг, қанча умрим қолди? Ҳар хил асбоб-ускуналарингиз билан яна қанча яшашим мумкинлигини тахминан айта оласиз-ку, — деди.

Дўхтир бирдан жиддий тортди. Ўткир нигоҳини унинг юзига қадаб:

— Тахминан олти ой, — деди.

Унинг оғзидан шу гап чиқиши билан Шомансур ўзини шифокорнинг оёғи остига ташлади.

— Нима десангиз, қанча десангиз, бераман. Бирор йилга чўзиб беринг умримни! — деди ёлвориб.

— Авлиёмидимки умр чўзаман? Балки, ундан ҳам кўп яшарсиз. Ўзингиз яна қанча яшайман деб туриб олдингиз? Мен айтдим.

— Унда набирамни кўролмайманми? Суйиб-эркалолмайманми? Тўйлар қилолмайманми?

 

* * *

 

Кошиф ерга ўтирди. Иягига муштини тиради. Томоша қила бошлади. Ғалати нарсалар. Жудаям ғалати. Тутун чиқяпти баланд-баланд мўрилардан. Темир-терсакларнинг турли-тумани у ёқдан-бу ёққа югуриб юрибди. Яна ора-чора ундан-да катталари осмонда учиб қолади. «Нега биз буларни билмаймиз? Нега ота-боболаримиз бу ёқларга келишмаган? Бу темирлар нима? Нега бунақа тез югуради? Буларга бирорта ҳам от етиб ололмайди. Бориб, яқинидан томоша қилсаммикан?.. Йўқ, булар қандайдир пул учун бир-бирини қувиб юришибди. Ана, нечтасини учратган бўлсам, ҳаммаси шу ҳақда гапирди. Пул дегани нима ўзи? Наҳотки шунчалик азиз бўлса? Наҳотки унинг учун бемалол бир-бирининг жонини қурбон қилиб юбораверишса… Бормаганим маъқул. Тўрт-беши мени иблисга менгзашди. Бошқаси олдига солиб қувиши, тош отиши ҳеч гапмас», деб хаёлидан ўтказди.

Дуо уни бутунлай бошқа тоғларга олиб борди. Ҳавоси нам, иссиқ. Буталар жудаям тиқилинч. Дарахтлар баланд. Улар ҳам поёнсиз. У маймунларни учратди. Бир неча турини. Аммо уларнинг маймун эканлигини билмасди. Ўзича ном қўймади. Кейин филларни ва қишлоғида мутлақо учрамайдиган ранг-баранг қушларни кўрди. Ҳаммаси ажойибу ғаройиб. Сезгисига эрк берди. Кошиф майсани ушласа ҳам, бунисини ушласа ҳам, қандайдир касалликка даво бўлиб чиқаверди. Хурсандчилигининг чегараси йўқ эди, гиёҳ йиғиб, дори тайёрлаб чарчамасди. Шундай ажойиб кунларнинг бирида одамларни учратиб қолди. Паст бўйли, кўзлари қисиқ одамлар. Ҳаракати чаққон, бош кийими қозондай. Одамзотдан хийла кўнгли қолган Кошиф беш-олтитаси бир бўлиб, тўрт уйнинг ўрнича келадиган майдонни икки бўлиб олиб, сершох ҳўкизга омоч тақволишиб, ер ҳайдаётганлар ёнига борди.

Анавилар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Бир-бирига шақир-шуқур қилиб гапирди. Гапларига Кошиф мутлақо тушунмади. Бироқ юз-кўзидан, лабларининг қимирлашидан, сўзлаётганида қилаётган имо-ишораларидан мазмунини билди.

«Адашиб қолган сайёҳ. Сўнгги пайтларда буларнинг кўпига дуч келяпмиз. Яхши одамлар. Жонини хатарга қўйиб, чангалзорда юрибди. Бунга бу ерлар жудаям хавфли, йўлбошловчисиз юриб бўлмаслигини тушунтириш керак», дейишди улар. Кошифга яқин келишди. Биттаси «сайёҳ»нинг кийимини ушлаб кўрди.

«Йиртқичга дуч келдингми? Анча сарсон кезганга ўхшайсан. Хвон Сю, бориб, кийим олиб кел», деди. Унинг гапи шу мазмунда эди. Кошиф жилмайди.

— Афсус, — деди овозини чиқариб, — мен сизларнинг тилингизни билмайман. Бажонидил гаплашган бўлардим.

Улар бир-бирига қаради. «Бутунлай бошқача сўзлаяпти. Инглизча эмас», деди. Кошиф «инглизча» деганига тушунмади. Шунга қарамасдан, тахмин қилди. Оламда шундай бир халқ бор. Умрини саёҳатда ўтказади. Саёҳатлари давомида кўп бора буларнинг ёнига келишган. Булар Кошифни уларга ўхшатмади.

Бири Кошифнинг кўйлагидан ушлади. Боши билан «юр» ишорасини қилди. Кошиф юрди. Бошқалар ҳам эргашишди. Бир тоғ ошиб ўтишгач қишлоққа дуч келишди. Кошифнинг қишлоғидан фарқли ўлароқ, томларига ёғочдан шийпон қилишган, эшигу деворларга ҳам ёғочни беармон ишлатишганди. «Семирмаган халқ, — деди Кошиф қишлоқ одамларини кўриб бораркан. — Меҳнатнинг энг оғирини қиладиган, кам дам оладиган, фарзанд бунёд қилишдан жуда эрта қоладиган халқ».

У атрофни кузатиб кетаркан, маймунни ерга ётқизволиб, қўл-оёғини боғлаётганларга кўзи тушди. Олдида кетаётган йигитнинг елкасидан ушлаб тўхтатди. «Нима қилмоқчи у?» деди маймунни чийиллатаётганларни кўрсатиб. Йўлбошловчи илжайди. Сўзлади. Ҳар битта сўзини томоғи ёрдамида талаффуз этарди у. Англаш ниҳоятда мураккаб. Бироқ ҳамма бир хил ўйлайди ва фикр юритади. Ана шу нарса кўзларда акс этади. «Маймуннинг мияси тансиқ таом. Тириклайин бошини ёришади. Жонивор ўлиб-ўлмай мияси қўл билан суғуриб олиниб, шу ернинг ўзидаёқ ейилади. Сени ҳам шу билан меҳмон қиламан. Уйимда иккита маймуним бор», деди йўлбошловчи. Унинг гапига Кошифнинг ортидан келаётганлар, ёнига ўтганлар ҳиринглаб кулишди. Бир-иккитаси лабини ялаб қўйди. Табиб титраб кетди. Кўз олди қоронғилашди.

У бундай шафқатсизликка ҳали дуч келмаганди. Маймун ўлиб-ўлмай туриб унинг миясини ейиш… Ким буни ўйлаб топган? Жониворнинг нима гуноҳи борки, шундай шафқатсизликка дучор бўлса? Барҳам бериш керак. Токи Тангри яратган бирорта ҳам махлуқ жаҳаннам азобини шу дунёнинг ўзидаёқ тортмасин.

Бирдан кутилмаган ҳодиса юз берди. Албатта, томошани мириқиб кўриш истагида бўлганлар назарида… Маймун боғланган ип узилиб кетди. Маймун икки думалаб жаллоддан узоқлашди. Кейин жони борича қочишга тушди ва ҳаял ўтмай кўздан йўқолди. Томоша иштиёқмандлари бирдан қаҳқаҳа отишга тушиб кетишди. Тансиқ таом умидида бўлган «жаллод»нинг кўзи ёшга тўлди. Бечора маймуннинг орқасидан қувди, аммо етолмади. Чунки йиқилди. Уч марта йиқилди. Оёғи сирпаниб кетди ҳар сафар. Роса кулгили чиқди ўзиям. Бошқаларга қўшилиб Кошиф ҳам кулди. Фақат жа қаҳқаҳа отмади.

Қишлоқнинг ўртасига етганида Кошиф кичкинагина ҳайкалча ясаб олиб, олтин рангга бўяб, қаршисида кафтларини жуфтлаб пешонасига теккизиб турганларни кўрди. У билан бирга кетаётганлар ҳам ўша ҳайкалча тўғрисида тўхташди. Улар ҳам кафтларини жуфтлаштириб, пешоналарига теккизишди ҳамда бир нарса-бир нарсалар дейишиб, бошларини эгиб қўйишди. Кошиф уларнинг гапларини мана бундай тушунди — «Ҳар балойи, ҳар қазодан ўзинг сақлагайсан».

Кошиф ҳайкалча олдидаги столга эътиборини қаратди. Унга турли егулик ва мевалар қўйилганди. У ҳамроҳларидан имо-ишоралар билан «Ҳайкал шуларни ейдими?» дея сўради. Унга йўлбошловчилик қилувчилар бошларини қимирлатиб, иржайганча тасдиқ ишорасини қилишди. Шу заҳоти Кошиф мевалардан бирини ҳайкалнинг оғзига тутди. Ён-атрофдагилар чинқиришди. Унинг қўлини уриб ташлашди.

— Ҳозиргина ейди, дегандинглар-ку. Шунга мен оғзига тутиб кўряпман, — деди Кошиф жилмайиб.

Ҳамроҳлар ҳеч вақо тушунишмади. Унинг қўлидан тортқилашди.

Кошиф жуда қадимда одамлар одамнусха, ҳайвон нусхаларни тахтадан, тошдан ясашгани ва «Ўт балосидан, сув балосидан сақлагин, эвазига биз сизни таомлантириб турамиз», дегувчилар кўп бўлганини ўқиганди. У ёнидагиларга бирма-бир қараб чиқди. Гапирди. Аммо сўзларини тушунадиган одамнинг ўзи бу ерда йўқ эди. Шунда лаблари «Менга ваколат берилмаган», дея пичирлади ва у кетди. Ортидан бақиришди. Чақиришди. Бироқ у тўхтамади. Бошини хам қилганча кетаверди…

 

* * *

 

Роса олти йилни изланиш, ўрганиш билан ўтказган Кошиф бир дунё маълумот тўплаб, изига қайтди. Ошиқиб, соғиниб, интиқиб қайтди. Тез қайтди. Бир зумда уйига етди. Масофа унинг учун қисқартирилди.

Ўша-ўша уй. Бир жойида ўзгариш бўлмабди. Фақатгина ҳовлисини ҳар хил бегона ўтлар босиб кетибди. Кейин ўриндиқ чирибди. Кошиф елкасидан қопини олди. Чириган ўриндиқнинг ёнгинасига — ерга ўтирди. Бир муддат ёшлигини, Беназир отани хотирлади. Кафтини очиб, узоқ дуо ўқиди. Сўнг кафтидаги дуру гавҳарни юзига суриб, ўрнидан турди. Ишга киришди. Ҳаш-паш дегунча ҳовлини бегона ўтлардан тозалаб чиқди. Энди уйга кирмоқчи бўлиб турганида:

— Кошиф! — дея биров бақирди.

У шу заҳоти овоз келган томонга қаради. Отаси Норбой. Ўн қадамча нарида. Соқоли оқарган, кўзида ёш. Қўлида асо.

— Болам! — деди у инграб. — Бормисан, болам?!

Кошиф отасининг ёнига югурди. Қучоқлашиб кўришди.

— Юрагимни ёрдинг, болам! Ҳар куни келаман, ҳар куни кутаман! Лекин сендан дарак йўқ. Қаерларда юрибсан, болам?! Шунчалик ҳам бўладими?!

— Кечиринг, ота. Кечиринг, — деди Кошиф.

Табибнинг-да кўзидан ёш оқмоқда эди. Улар бир муддат бир-биридан ажрала олишмади.

— Болам, бевақт кетдинг, — деди охири Норбой ота уни бағридан бўшатиб. — Қишлоғимизда етмишдан ошганлар қолмади ҳисоб. Яна ёшлардан ҳам бир қанчаси ўтиб кетди.

— Нега?! — деди бирдан ҳаяжон босган Кошиф.

— Одамлар сенинг қарғишинг урди де-йишди. Сен норози бўлганинг сабаб шунақа бўляпти, дейишяпти, — дея Норбой ота иягини ҳассасига тиради. — Чарчадим. Ёшлик ўтиб кетибди. Илгариги чоллар тоғма-тоғ югуриб юришарди. Улар бошқача бўлишган экан-да.

Кошиф уйи томонга шошди. Кирибоқ ҳеч нарсага эътибор бермай, кўрпача қўлтиқлади-да, ташқарига чиқди. Отасининг ёнига келиб, кўрпачани ерга ёзди. Падарини ўтқазди. Кейин ўзи ҳам рўпарасига ўтирди.

— Кошиф, қишлоқ одамларини кечир… Агар… Майли, мени қарға, розиман, лекин одамларни кечир. Бунақада тирик зот қолмайди. Ёш болалар…

— Ота, — деди титраб кетган Кошиф, — мен ҳеч кимни қарғамаганман! Ҳеч кимга хусуматим ҳам бўлмаган. Қайтанга одамлар олдида қарздорман. Улар касалланаётган экан, улар нобуд бўлишаётган экан, демак, мен ваъдамда турмабман.

— Энг олдин Насим ўлди. Ўша, сенга тиғ кўтарганидан сўнг уйига келди-ю, ётиб қолди. Ҳар нима қилиб кўрдик. Сира нафи тегмади. Кейин омонатини топширди. Ортидан у билан тил бириктирганлар кетишди. Сўнг ажал аста-секин бошқа уйларга кўчди. Қарияларни бирма-бир олиб кетаверди. Кейин ёш болаларга ўтди. Ҳар ойда қишлоғимизда таъзия бўлиб турибди, болам… Агар ҳақиқатан ҳам, қишлоқдан аразламаган бўлсанг, мен билан гаплашиб ўтирма. Ҳозироқ қишлоққа жўна. Менинг отим бор, аста-секин етиб олавераман. Сен шошил.

— Хўп, — деди Кошиф бошини қимирлатиб ва кўзидаги ёшни артиб ўрнидан турди.

Сўнг энди кетмоқчи бўлганида Норбой ота уни тўхтатиб:

— Энг аввал Эшонқулникига бор. Набираси жудаям оғирлашиб қолганди, — деди.

Норбой ота ўрнидан туриб, отининг ёнига етмасидан Кошиф қишлоқда эди. Отаси айтганидай тўғри Эшонқул аканинг уйига борди. Эшонқул ака қайғуда, ўғли Пўлат қайғуда. Келин қайғуда. Ичкаридаги бола қайғуни унутган, унда қайғу йўқ. Унда дард бор. Вужуди ёниб кетаман деяпти. Суяклари қақшаб оғрияпти. Ҳар-ҳар замон инграйди. Ёнгинасида кўзида ёш билан ўтирган момоси пешонасини ҳўл сочиқча билан артган бўлади. Дуо қилади. «Дардингни мен олай, болагинам! Мен ажалнинг чангалига тушай. Сен соғайгин. Сен яшагин, болагинам», дейди.

Кошифни Пўлат кўрди. У узум сўрисига суянганча турарди. Қўлидан ҳеч вақо келмайди, чорасиз. Аламидан лабини тишлаб олган. Қаттиқ тишлаган. Қон сизиб чиққан лабидан. Дабдурустдан унинг кўзи Кошифга тушиб қолди. Аввалига ишонмади. «Кўзимга кўриняпти», деди. Кўзини ишқалади. Йўқ, ўнги. Ўнги.

— Табиб! — дея бақириб юборди у.

Ота чўчиб тушди. Жувон… Ҳолсизланган, умидсизлик еб, адойи тамом қилган жувон ялт этиб эрига қаради. Кейин ҳамма бараварига кўча томонга юзланди.

— Эй, Тангрим! — дея бирдан жар солди Эшонқул ака. — Ноламни эшитдинг, Тангрим!

Ҳамма Кошифнинг истиқболига югурди. Ҳамманинг кўзидан ёмғирдай ёш оқди. Бутунлай дармони қуриган жувон Кошифнинг оёқлари остига ўзини ташламоқчи эди. Бўлмади. Илгарироқ йиқилди. Сўнг шу ҳолида қайтиб турмади. Ётган жойида:

— Ёрдам, ёрдам, ёрдам… Болам, болам, болам, — деяверди.

Кошиф ҳеч ким билан кўришмади. Эшонқул ака унинг қўлларини юзига сурмоқчи эди. Бағрига босиб, ўкинганча, «Биз қарғишингга қолдик. Дилингни оғритиб, охири йўқ дардга йўлиқдик. Бизни кечир, Кошифжон, бизни кечир», демоқчийди. Аммо Кошиф унинг ёнидан шиддат билан юриб ўтиб кетди. Уйга кира сола энди шайтонлай бошлаган саккиз ёшли болакайнинг пешонасига қўлини қўйди. Қўли куяёзди. Дарров қопини очди. Кичкинагина идишчадаги суюқликни олди… Кампир уни Тангрининг ўзи етказгани, набирагинасидан айрилишига оз қолганини айтар, «Дунё тургунча тургин, асло қайғу кўрмагин», дея дуо қиларди. Кошиф: «Уйдан чиқинг, халақит беряпсиз», деди. Гап Кошифнинг ортидан ёпирилиб уйга кирганларнинг ҳаммасига тегишли бўлди.

Орадан бир пиёла чой ичгулик вақт ўтар-ўтмас, боланинг иситмаси тушди ва кўзини очди. Уч кундан бери бирор марта ҳам очмаганди. Кошиф навбатдаги дорини ичирди. Шундан кейин бола бошини кўтарди.

— Бўлди, отдай бўлиб кетасан, — деди Кошиф ва ўрнидан турди-да, ташқарига йўналди.

У ҳовлида ҳўкизнинг ипидан ушлаб турган Пўлатга, Эшонқул акага, қайнона ва келинга дуч келди.

— Кечгача ўйнаб кетади, — деди уларнинг кўнгилларини хотиржам қилиш учун.

— Умрингдан барака топ! — деди энди қувонганидан йиғлаб юборган Эшонқул ака ва ўғлига юзланди. — Ҳўкизни оғдар, сўй, оёғининг остига сўй авлиёнинг!

Келин бўшашди. У секин ўтира бошлади. Пўлат ҳўкиз билан овора бўлди. Ота унга ёрдамлашишга ошиқди. Қайнона ичкарига, набирасининг ёнига шошди… Ҳеч ким келиннинг бўшашганини сезмади. Биргина Кошиф кўрди.

— Керакмас, — деди у шошиб ва келинга ёрдам беришга ошиқди.

Шу куни Кошиф бутун қишлоқни айланиб чиқди. Қишлоқда у кирмаган бирорта хонадон қолмади. Билдики, Эшонқул аканинг набирасидан-да оғирроқ касаллар бор экан. Даволади. Яқин кунлар мобайнида тузалиб кетишидан умид қилди. У ҳориганча кун ботар маҳали сўнгги кирган уйидан чиққанида қишлоқнинг қарийб ҳамма одамлари гузарда тўпланишганди. Пўлат ҳўкиз гўштини гузарга олиб келган, улкан қозонга майдалаб босганди. Қолганлар ҳам биттадан жонлиқ сўймоқчи эди. Норбой ота қўймади. «Исроф бўлади. Кошифнинг кўнглини оламиз, деб ранжитиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Ҳозирча битта ҳўкиз етади. Жудаям қаттиқ хоҳласанглар, табибнинг рухсати билан кейинги кунларда сўяверасизлар», деди.

Қопи елкасида, боши эгилган Кошиф бир-бир қадам босганча гузарга яқинлашиб келаётганида ҳамма одам бирдан тиз чўкди.

— Гуноҳимиздан ўтинг, авлиё! — дея бақирди Шодмон ота.

У Норбой отанинг тенгқури. Дард доримаганлардан биттаси.

Кошиф юришдан тўхтади. Бошини кўтариб, улар томонга қаради. Ҳамқишлоқларининг бошлари эгик, қўллари кўксида. У титраб кетди ва шу заҳоти тиз чўкди.

— Ҳаммаси мен туфайли бўлди. Нима бўлган тақдирда ҳам узоқ муддатга кетиб қолмаслигим керак эди. Яратган гувоҳ, ҳеч кимдан хафа бўлмаганман. Ҳеч кимни қарғамаганман. Кўрганларим шунчаки касалликлар экан, ҳаммаси даволаниши муқаррар бўлганлар. Мени авф этинг. Мен устозим, маънавий падари бузрукворим Беназир отанинг ўгитларини унутиб қўйдим. Ваҳоланки, қишлоқдаги ҳар битта одамнинг соғлиғини таъминлаш менинг зиммамда эди. Истасангиз, ҳар қандай жазони беринг. Истасангиз, авф этинг, — деди.

Кошиф титрарди. «Сиз бермасангиз, Тангри менга жазо беради», дея хаёлидан ўтказмоқда эди.

Норбой ота чидолмади. Унинг кўз ёши оқара бошлаган соқолини ҳўл қилиб ташлаганди. Ўзи боролмади. Эшонқул акани туртди. «Қўлтиғидан ушлаб турғаз, биз ношудларни деб азоб чекяпти», деди. Эшонқул акага Пўлат эргашди. Олтой эргашди. Раҳматли Темур муаллимнинг ўғли Ўроз эргашди. Улар Кошифнинг қўлтиғидан олиб, ўрнидан турғазишди. Эшонқул ака маҳкам қучоқлади.

— Ким-кимларнинг гапига кирганлар кўп бўлди. Йўқ жойдан иғво тарқатганлар кўп бўлди. Буларнинг бари сенга таъсир қилмасдан қолмаслиги аниқ-ку. Майли, Кошифжон, ҳаммамиз ҳамма нарсани унутайлик. Муҳими, сен келдинг, орамиздасан. Ана шу бизга бахт. Юр.

Эшонқул акадан кейин бошқалар ҳам қучоқлашиб кўришишди. Гузарнинг чорпоясига чиқаришди. Тўрга ўтқазишди. Ёнини кексалар эгаллади. Худди шу пайт тўда-тўда бўлиб хотин-халажлар кела бошлади.

— Ҳаммадан кўп шулар кутди келишингни, энди кўришмасанг бўлмайди, — деди Норбой ота.

Бу қишлоқда ҳар не бўлган тақдирда ҳам эркак билан аёл орасидаги масофа сақланарди. Ваҳоланки, кампирлар тугул бошқаларнинг-да Кошифни қучиш, юз-кўзидан, қўлидан ўпиш нияти бор эди. Аммо улар бундай қилишмади. Қилишолмасди ҳам. Шу боисдан бари навбатма-навбат унинг елкасини ўнг қўллари билан силаб, қўлларини юзларига суришди. Кейин узоқ дуо қилишди ва Кошифдан бошқа кетиб қолмаслик ваъдасини олганларидан кейин ортларига қайтиб кетишди. Ҳа, Мастон кампир билан Холдор кампир ярим ҳазил, ярим чин гап ҳам айтди:

— Бошингни боғлаб қўйганимизда бунчалик узоққа кетиб қолмаган бўлардинг. Қишлоғимизнинг бўй қизлари ёнингга келишга, сен билан кўришишга уялишди. Тушундинг-а? Эртага пешингача Лола бирорта уйга совчиликка чиқмаса, Норбойнинг уйига совчи боради. Қишлоқда нечта бўй қиз бўлса, ҳаммасидан боради. Биттасини танлайсан. Танламасанг, мажбурлаб, ўзимиз танлаганимизга уйлантириб қўямиз. Норбой отанг ҳам, Лола энанг ҳам ёрдам беролмайди. Уқдингми?!

Кошиф қизарди. Бошини қимирлатиб, «хўп» ишорасини қилди. Ана шундан кейин хотин-халаж уй-уйига кетди.

Кампирлар тўғри айтишганди. Бўй қизларнинг бари гузардан юз қадамча берида қолишганди. Ораларида Кошиф тенгиларнинг қизлари ҳам бор эди. Уларнинг барини шу кампирлар қолдиришганди. Кампирлар, Мастон кампир билан Холдор кампирдан бўлак яна учтаси ҳаммадан илгари йўлга чиқишган ва шу ерда тўхташганди. Улардан бири Эшонқул аканинг кампири эди. Эшонқул ака деяпмиз-у, аслида, у жа ака эмасди. Бемалол уни-да ота ёки бобо дейиш мумкин эди. Сабаби, етмишни уриб қўйганди. Биз Кошифнинг ёшига нисбатан уни «ака» дедик.

Эшонқул аканинг кампирининг исми Намуна. У набираси соғайиши билан уйдан чиқди. Чолининг ҳайҳайлашига жавобан «Кошифнинг бошини иккита қиламиз. У келди, набирам тузалди. Сизнинг ҳеч нима билан ишингиз бўлмай, ҳўкизингизни сўяверинг. Мен уч-тўртта кампирни йиғаман», деди. Кейин эса ўша кампирларни йиғиб, дилида борини тўкиб солди. Кампирлар «Кўнглимиздаги гап бўлди», дейишди. Бу вазифани уддалашни эса юқорида номлари тилга олинган кампирлар зиммаларига олди. Аввалига бўйи етган қиз борки, тўхтатишди. «Бўйдоқ одамнинг елкасини силашларинг уят бўлади. Шу ерда ҳамманг йиғил, нима гап бўлса, ҳаммасини ўзимиз етказамиз», дейишди. Тагдор қилиб, ним жилмайиш билан гапиришди. Қизларнинг юзи ним қизарди. Бир-бирларини туртиб қўйганлар ҳам бўлди. Кампирлар Кошиф билан кўришгани кетганларидан кейин эса «Сен тегсанг керак, сен тегсанг керак. Момонг сенга айтди, сенга айтди» бошланиб кетди қизларнинг орасида. Аслида, ҳамма қизнинг кўнглида «Қанийди, менга уйланса, қанийди, мен шундай одамнинг хизматини қилсам», деган ўй бор эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

4 ФИКРЛАР

Comments are closed.