БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

 

НЕВРОЗ

 

Оила даврасида

 

— Уф-ф-ф!!! Уф-эй-й-й-й!!! Қандай кунларга қолдим ўзи? Кимларга учрадим? Қанақа фаросатсиз хотин ўзи бу? Ёстиғимни чап тарафга қийшайтириб қўйибди-ку! Мен қийшайтир деганмидим-а-а? Ўладими сўраса?..

Худо-о-о-о!!! Буларнинг дастидан уйда ўтирмас бўлдим! Дайдиб кетар бўлдим, дайдиб! Бошимни олиб бир ёқларга кетаман, қутуласан-қоласа — ан-н-н!!!

Ҳай, хотин, деразаларни қора мато билан ёп!

— Ёпиб қўйдим-ку, дадаси! Намунча нолийверасиз?

— Қани ёпганинг? Ана, ёруғ тушяпти-ку тангадай жойдан! Нервимга ўйнаб кетяпти! Ё-ё-ёп дедим, ярамас, ёп!..

 

 

Ҳовлида

 

 

Анавини қаранг! Ҳовлидаги чойдишни токчагамас, ерга қўйишибди! Қўли йўқми ё ҳаммасининг? Ш-ш-шундай-й-й чойдишни қўлига оли-иб токчага қўйса бўларди-ку-у!!!

Ие, анави сигир нега менга кўзини лўқ қилиб қараб турибди? Вей, қисир-р-р, пишириб қўйибманми бирор нимани-а? Нимага менга кўзингни ўйнатасан? Мен буқамас, одамман, одам-м!!!

Вой-дод, ўлар бўлсам ўлиб бўлди-им! Энди қаёқдаги қисир сигирлар менга кўз сузадиган бўлибди-и! Йў-ўқ, чидолмайман! Сираям тоқат қилолмайман! Ҳозир… Ҳозир юзимни ёстиққа босаман-у, бўғилиб ўламан! Йўқол кўзимдан! Ҳе итга ем бўлгур малла мушук! Йўқол!

 

 

Йўналиш таксида

 

 

— Ҳўв шопир, бу катта холангни мошиними-а? Нимага индамайсан? Гапир, ярамас, гапир!

— Амаки, сизга нима ёмонлик қилдим? Нега бақирасиз?

— Абраткага нимага чиқармайсан? Нимага ҳаммага тўхтайсан-у, менга тўхтамайсан? Ярим соат кутдим! Тўхтамадинг-ку! Ҳозир бир уриб абжағингни чиқариб қўяйми?

— Э, эсингиз жойидами? Мана, тўхтадим-ку!

— Амаки, манави пулларни шопирга узатворинг!

— Нима? Нега узатарканман? Нима, мен сенга передатчикмидим? Узат ўзинг, узат!

— Ҳурматли йўловчилар, йўл ҳақини вақтида узатамиз!

— Вей, пулни қачонгача сиқимлаб ўтирасан ўзи? Бермайсанми менга? Бер дедим тезроқ! Вей, булар қанақа одамлар ўзи-а? Атайин нервга ўйнайдими ҳаммаси? Пулни сиқимла-аб ўтиради-я! Ҳа-а, атайин шундай қилади, атайин! Пул тўламай тушиб кетсам дейди-да, пасткашлар!.. Ҳай, фаросатсиз, пастга тушишга тушдинг, эшикни секинроқ ёпмайсанми? Миямни тешворай деди-ку! Тавба, тавба-а! Қанақа одамлар ўзи-а булар? Манавини қаранг! Буни кўринг! Вей, овсар, эшикни қаттиқроқ ёпиб чиқ маршўтга! Куч борми ўзи? Эркакмисан?..

 

 

Ишхонада

 

 

— Ҳурматли бошлиқ, адо бўлдим! Ҳаммаси тугади! Бундан баттари бўлмайди! Бўлмайди, тамом! Етмиш иккита томирим баравар тортишиб кетяпти! Кўзимдан ўт чиқай деяпти!

— Нима бўлди, фалончака? Ким сизни бу аҳволга солди? Ким?

— Томорқани торайтиришди, томорқани! Тирикчиликнинг мазаси қочди, билдингизми? Вей, тушунасизми ўзи бунинг нималигини? Ҳа-а, биз сизларга ўгаймиз-да-а, ўгаймиз!?. Хоҳласалар томорқамизни тортиб олишади, хоҳласалар сўкиб қочишади ё пастга уришади!

— Тортиб олган бўлишса, янги томорқа (саҳифа) очиб берамиз, ака! Шуям муаммоми? Ёзаверасиз! Қалам ўтмаслашмаса бўлди!

— Ҳа-а, доим шундай! Устимдан куласиз, куласиз! Тўғри-да, биз ким бўпмиз? Бегонамиз, ҳалигидай… Беқадрмиз, беқадр, ҳа!..

Вой, ана… Томирларим қаттиқроқ тортишяпти! Ҳозир… Ҳой бошлиқ, ўлиб қоламан ҳозир, эшитяпсизми, ўлиб!?. Қани бояги чилвирингиз, қани? Тўйиб кетдим! Агар томорқам кенгайтирилмайдиган бўлса, ўша чилвирга ўзимни осаман, ҳа, осаман! Томорқасиям, ишлариям, кўчалариям, нервлариям жонга тегди!

 

 

Врач қабулида

 

 

— Хўш, дўхтирча, нега кўзингни лўқ қиласан? Мана, биз келдик! Кўриб қўймайсанми?
— Нимадан шикоятингиз бор, амаки?
— Сенга нима? Кўрмаяпсанми ўзинг? Кўзларим қийшайиб, бармоқларгача ўйнаб боряпти-ку! Қанақа дўхтирсан ўзи? Қайси ўқишда ўқигансан ўзинг касалимни тополмасанг? Ие, бу нимаси? Торт қўлингни? Болғангни нари ол дедим! Қайт орқангга, қайт! Ҳақинг йўқ мени болға билан уришга, ҳақинг йўқ!.. Вой-дод, ёрдам беринглар! Манави ярамас мени болға билан урмоқчи! До-од!.. Худоё шу хоналарингни елкамнинг чуқури кўрсин! Йў-ўқ, бу ишни шундай қолдирмайман! Қолдириб бўпман! Ҳали кўрасан, устингдан каттаконларга шикоят қиламан, каттаконларга! Менга болға ўқталди дейман!.. Дўхтир эмиш-а бу!..

 

 

Хотима ўрнида

 

 

Ҳурматли ўқувчи, бу неврознинг энг кичик кўриниши эди холос. Ҳойнаҳой, бу беморни баннисадан ҳам қувиб солган бўлишса керак. Акс ҳолда бунчалик қайсарланиб кетмасди.

Илтимос, башарти у билан тўқнаш келиб қолсангиз, кўнглига қаранг, унга тенглашишга уринманг, барака топкур! Йўқса, аниқ таъбингизни тирриқ қилади.

Шу сизга керакми?

Олимжон ҲАЙИТ