ЮЛҒИЧЛАР… (ёхуд «Тук-тук-тук! Биз «Бало… Пардон!» ташкилотиданмиз») (ярми ҳазил, ярми сатирага қоришиқ ҳажвия)

0

 

Ҳормасбой Толмасбоев шундоғам зўрға кунини кўради. Юрак баччағар инжиқланаверади. Инжиқликда янги келинданам ўтаман дейди. Аммо бу ҳолва экан. Юраги фаришта экан. Янги ой бошланиб, яна худонинг берган куни эшик тақиллатиб келувчилар урчиб кетди. Ўшаларнинг ташрифларидан шундоқ ҳам касалманд юрагини олдириб қўйди, ҳа! Ишонаверинг, эгачи!

Ана, эшакни эсласанг, қулоғи кўринади. Яна тақиллатишяпти. Чиқмаса, тақиллатиб тураверишади. Ҳаммасининг дарди бир. Тўлов қилиш керак. Алламбало ташкилотларни айтворишади. Бермай кўринг-чи, асфаласофинга жўнатиб юбораман деб қўрқитишади…

Ҳормасбой Толмасбоев олдириб қўйган юрагини ташқарисидан бўлса-да чангаллаганча чиқиб ташқари эшикни очди.

Қаршисида алламбало формалар кийган икки барзанги пайдо бўлди.

— Келинглар, — дея олди зўрға Ҳормасбой Толмасбоев. — Хуш кепсизлар!

— Биз «Табиий офатларга қарши кураш ташкилоти»данмиз! — деди барзангиларнинг бири қўлидаги жилдни гоҳ очиб, гоҳ ёпиб. — Тушунгандирсиз-а, тоға?

— Т-тушундим. — деди тутилиб Ҳормасбой Толмасбоев. — Бўладиганини гапираверинг! Қанча тўлов қилишим керак?..

— Олдин квартирангизни бир кўздан кечирсак, — деди барзанги уй эгасига совуқ боқиб. — Ҳов анави чироқ симлари уланган қутичанинг нега оғзи очиқ? Болаларингиздан бири тегиб кетиб ток тортса, биз жавоб берамизми, тоға?

— Айбдормиз, — деди Ҳормасбой Толмасбоев. — Ҳозир тўғрилаймиз.

— Унда эшитинг. Ҳар ойда бизнинг табиий офатларга қарши кураш ташкилотимизга 80 минг сўмдан пул тўлаб турасиз. Эвазига биз тез-тез келиб сизни ва оилангизни табиий офатлардан ҳимоя қип турамиз!..

Ҳормасбой Толмасбоев билади. Кўравериб кўзи пишган. Истамайгина бўлса-да, айтилган пулни берди-ю, ўзини ичкарига олди…

Келишиб олишганми, нима бало, сал ўтмай келди-келди, бер-берлар авжига чиқди.

Нимаймиш, кейинги келганлар «Уришган эр-хотинларни яраштиришга қарши кураш ташкилоти»дан экан. Айтишдики, эр-хотиннинг ўртасига аҳмоқлар тушади. Уларни яраштираман деб ўртага тушиш балансни издан чиқараркан.

Юз минг сўм ҳақ олишди.

Орқасидан яна икки қориндор эркак келиб эшикни тук-туклади. Улар «Газбаллон. уз» ташкилотиданмиз деб айтди. Нимайкан, агар уйда газ баллон бўлмаса, ойига ўттиз минг сўмдан товон пули бериб бориш керак эмиш…

Бир соатча ўтиб яна икки хўппа-семиз аёл келди. Улар «Пенсия ёшига етмай касалга чалиниб қўйганларга қарши кураш ташкилоти»дан эмиш. Улар ҳам Ҳормасбой Толмасбоевнинг эллик минг сўм пулини суғуриб олишди. Нимаймиш, ҳали пенсия ёшига етишига ўн йил бўла туриб, балансни издан чиқаргани учун ойига 50 минг сўмдан тўлаб бориши керакмиш…

Кейинги келганларни санашнинг ўзи қийин. «Картошка. уз» ташкилоти, «Саримсоқ. ком» корхонаси, «Маҳалла кўчасидан ўтин теришга қарши кураш» ташкилоти, «Хизматга туҳмат» ташкилоти, «Фолбин. Жодугар. Жоду. Ёвуз жинларга салом. уз» ташкилоти, «Тўлов қилаётганда қўл қалтирашига қарши кураш» ташкилоти, «Бор-будини турли хизматларга тўлаб қўллари акашак, ўзи кар-соқовга айланганларни масхаралашга қарши кураш» ташкилоти, «Бизга мурожаат этинг, маҳаллақўмни топиб берамиз!» ташкилотлари…

Охиргиси Ҳормасбой Толмасбоевга ортиқчалик қилди-ёв! «Бало… Пардон!..», деган ташкилотданмиз дейишганди. Уларни кўрдими, ё кўришга улгурмадими, билмайди. Юраги ушлаб қолди. Пуллари турадиган қутича бўшаб қолганини кўргач, қўллари қалтир-қалтир қилиб, хиқичоқ тута бошлади…

Аммо афсусланмади. Негаки, тўлов қил деб келадиганларнинг қадами узилди. Қутича бўшади. Энди келаси ой бошигача маза қилиб дам олади. Бундан ортиқ бахт борми, ахир, эгачи!..

Олимжон ҲАЙИТ