Ярқ этиб ёнганча бошқа порламаган ўзбек футболчилари (+Фото)

0

Юртимизда ёшлар футболи яхши ривожланган. Турли ёш тоифасидаги жамоаларимиз мунтазам равишда катта турнирларда ўзларини кўрсатиб келишмоқда. Афсуски ҳамма ёш иқтидорларимиз ҳам терма жамоа даражасига чиқа олишмаяпти.

Акобир Тўраев

Эрон давлатида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан сўнг ўзбек мухлисларимиз юртимиз футболига яхши марказий ҳужумчи кириб келаётганидан ҳурсанд бўлишганди. Афсуски, Акобирнинг катталар футболида омади келмади. Шахсан ўзим унинг Осиё чемпионатидаги ўйинларидан завқланган эдим. Сабаби, у чинакам 9-рақамга муносиб ҳужумчи позициясида ишончли кўринганди.

Марказий ҳужумчилар ўзбек футболининг сўнгги йиллардаги оғриқли нуқтаси эканлигини ҳисобга олсак, у айнан биз кутаётган ўйинчи эди.Ички чемпионатимиздаги ўртамиёна жамоаларда ўйнаган Тўраев, афсуски, ўсишдан тўхтаб қолди ва ўз тенгқурларидан ортда қолиб кетди. У билан Эронда ўтган турнирда қатнашган Отабек Шукуров, Жавоҳир Сиддиқовлар аллақачон терма жамао даражасига чиқишди. Акобир эса Олий лигамиздаги жамоаларда ҳам муқим жой ола олмади.

Жамшид Искандаров

Ўзбек футболидаги энг кучли плеймекер бўлиши кутилаётган ўйинчи ҳозирги кунда ўртамиёна футболчига айланиб қолди. Ҳар-хил ёш тоифадиги терма жамоаларимиздаги ўйинлари билан Европа клубларини ҳам қизиқтириб қўйганди. «Пахтакор» мутасаддиларининг у учун талаб қилган суммаси керагидан ортиқроқ бўлгани сабаб трансфер амалга ошмаган эди. Кейинчалик жароҳатлар Искандаровни узоқ муддатга сафдан чиқишига олиб келди. Кейин заҳира ўриндиғидаги жойини ҳеч кимга бергани йўқ. Арвеладзе клуб мураббийига айлангач Жамшидга деярли имконият бермади. Асосий таркибда Гонсалвеш( гарчи бунга лойиқ бўлмасада) унинг ўрнини тўлиқлигича эгаллади. Ўзбек футболидагияна бир иқтидорни айрим инсонлар ўз нафси йўлида қурбон қилишди.

Жамшид Болтабоев

Нуралиевнинг ёшлар терма жамоаси ўзбек футболи учун илк қитъа чемпионлигини тақдим этган эди. Айниқса 2013-йилда БАА да бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида термамиз жуда ҳам мазмунли ўйин кўрсатишган эди. Ўша таркибдаги бир нечта футболчилар терма жамоа даражасига чиқишга улгуришдию, айрим ўйинчилар сувга тушган тошдек «чўкиб кетишди».Чўкканлар орасида энг ачинарлиси Жамшид Болтабоев ҳам бор эди…

Жамшид майдон марказида универсал ўйинчи эди. Исталган нуқтада ҳаракат қила олар, ҳимойда ҳам ҳужумда ҳам бирдай фойдали эди. Кейинчалик Жасур Абдураимов қўл остида «Пахтакор» клуби сафида ҳам яхши ўйинлар ўтказаётган эди. Афсуски, жароҳат ва ёшлар имкон бермайдиган янги мураббий уни тўлиқ сафдан чиқарди… Жамшид БАА да бўлиб ўтган мундиалда Ален Ҳалиловичнинг Хорватия термасига қарши учрашувда Ўзбекистоннинг иккинчи голини урганда Осиё журналистлари уни иккинчи Аҳмедов дея таърифлашган эди. Дарҳақиқат, кўпчилик бу футболчининг ёрқин келажагига шубҳа қилмаган эди. Афсуски ўзбек футболи яна бир иқтидорини йўқотди.

 

Манба: stadion.uz