Айбдорлар жазосиз қолмайди. ЎФА Азиз Турғунбоев машмашаси юзасидан баёнот берди

0

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячиси Азиз Турғунбоевнинг «Навбаҳор»дан «Пахтакор»га трансфери можароси юзасидан баёнот билан чиқди.

Аввал хабар қилинганидек, «Пахтакор» томонидан ПФЛ бош директорига йўлланган шикоят аризаси ЎФАнинг Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасига оширилган. «Комиссия тез кунлар ичида бу масала юзасидан иш бошлайди. Ушбу масала қонуний тарзда кўриб чиқилади ва ҳал этилади», – дея таъкидланган баёнотда.

«Ҳозирда ижтимоий тармоқларда баъзи мухлислар томонидан Азиз Турғунбоев масаласи бўйича турли видеомурожаатлари эълон қилинмоқда. ЎФА бу видеомурожаатларни кўриб чиқди ва у ердаги мухлислар фикрини ҳурмат қилишини маълум қилади.

Шу билан бирга футболчининг трансфери билан боғлиқ ҳуқуқий масала видеомурожаатлар асосида эмас, қонуний йўл билан ҳал қилиниши кераклигини ҳам эслатиб ўтади.

Томонлар бир стол атрофида ўтириб, юзма-юз ҳолда футболчи ва унинг агенти иштирокида муҳокама олиб боришади. Агар бу масалада бирор клуб айбдор бўлиб чиқса, тегишли тартибда жазоланади. Агар айб футболчида бўлса, футболчи дисквалификация қилиниши мумкин», – дейилади расмий билдиргида.

Ассоциация ўз баёнотида «мазкур масала тегишли тартибда ҳал қилингунга қадар мухлислардан турли гап-сўзларга учмай, оқилона йўл тутишни ва ЎФАнинг якуний қарорини кутиш ҳамда ўша қарорни ҳурмат қилишни» сўраган.

ЎФА мазкур иш кўриб чиқилиши муддати тўғрисида маълумот бермаган.

 

tribuna.uz