ЭРКАКЧА ТИЛЛАШУВ… (ҳазил шеър)

0

Истироҳат боғинда бир санамни учратдим,

Учратдим-у, «Оҳ» дедим ва сигарет тутатдим,

Юрак қурғур депсинди. Уни аранг юпатдим.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

Тор шим санам қоматин кўз-кўз қилиб қўярди,

Камина дод солишдан зўрға ўзни тиярди,

Эҳ, янганг билса борми, нақ кўзимни ўярди.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

Оврўпача кўйлакнинг тугмачаси қайдадир,

Қурмағур оппоқ сийна кўзга яқин жойдадир,

Ўйловдимки, кўркамлик осмондаги ойдадир.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

Илло, бундай санамнинг кўпин кўриб ўтгандим,

Бодом қовоқ деганин кўп бор кўзга сургандим,

Ғунча лабни бир қошиқ сутга солиб ютгандим.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

Хаёл кетди… Саҳронинг ўртасинда чодирмиш,

Шундоққина теграмда ўн беш чоғли шотирмиш,

Санамжон кўз сузганча нақ қўйнимда ётурмиш.

Қизлар масаласинда қани, биздан ўз, жўра,

Ҳали қариб қолмадик, бизда ҳам бор кўз, жўра.

Йўқ, йўқ… Ҳар бир йигитни ҳалолидан қўймасин,

Кўчадаги санамлар бегонани суймасин,

Бизни билган-билмаган девонага йўймасин.

Олимжон ҲАЙИТ