БОЛАМ… (Бўлган воқеа)

0

 

 

* * *

 

Қурвонали ўттиз йил қушхонада ишлади. Аммо бир кун ҳам ҳозиргидек тўшакка михланиб ётмаган. Елиб-югурган, рўзғор тебратган, бола-чақа қилган. Раҳматли завжаси Тўлғоной оламдан ўтди-ю, каравотга михланди-қолди. Қўл-оёқ ишламаса бир бало экан. Ётган ерида ўнг қўл-у оёғини ушлаб-ушлаб кўради. Баччағарлар миқ этмайди. Худди тошга айланган каби қотган-у қолган. Баъзан ўзининг аҳволидан куйиб кетганда, йиғлаб олади. Гоҳида эса шифтга тикили-иб ётади-ю, гўё ёлғондакам ётгандек, ҳаммани алдаётгандек бўлади. Фақат деярли кесакка айланаёзган ўнг қўли ва оёғини қайта силаб кўргандагина қайтадан хасталанганига гувоҳ бўлади. Хаёлан худога ёлворади.

Атайин товуш чиқармайди.

Қўни-қўшнилар эшитса, масхаралайдигандек, гап-сўз қиладигандек туйилади.

«Яхшики, мана шу Дўлта ўғлимни худо бериб қўйган экан, — ўйларди Қурвонали ётган ерида. — Мана, ётиб қолганимгаям бир йил бўлди. Уйинг донга тўлгур ўзидан орттириб қўлимга пул тутқазади, егим келган таомларни келтириб беради. Мижозим айниброқ турганини сезса, овқатимгача едириб, соч-соқолимни олиб қўяди. Жуда мўмин-қобил-да шу болам…»

Хаёл олиб кетибди чоғи, эшик очилганини сезмабди. Нимадир тарақлагандек бўлди-ю, сесканиб бошини кўтарди.

Дўлтабой экан.

— Ие, шер болам, келдингми? — дея аста қаддини кўтариб, соғ қўлини сўрашиш учун узатди Қурвонали. — Эрталаб келгандинг-ку, болам! Овора бўлиб яна келдингми?

— Ундай деманг, ота, — Дўлтабой шоша-пиша қўлидаги майда-чуйдалар солинган халтани хонтахта устига қўйди-да, каравотнинг бир четига чўкди. — Мана, ҳозир эрталабдагидан анча яхшисиз. Рангингиз оқаринқираб қолганди. Ҳозир қизарибди.

— Э, болам, хастанинг кўрган куни қурсин, — деди юзини терс буриб Қурвонали. — Бир жойда ётавергандан кейин ранг ҳам тусланаркан-да! Кел, сени бир бағримга босай, ўзимнинг аскар болам! Оҳ, оҳ, ҳидларингдан сенинг! Худо берганим, меҳрибоним!..

— Бўлди, ота, бас, — Дўлтабой кулиб отасининг икки елкасидан тутди. — Мени жа талтайтирворманг! Индамасам, тағин йиғлаворасиз. Ундан кўра, келинг, ўтқазиб қўяй, қўлбола ош пишириб келганман. Совимасдан икки қошиқ ейсиз!

— Ҳалиги… Иштаҳам йўғроғиди-да, болам, — дея ёш боладек қайсарланди Қурвонали. — Кейинроқ ерман!

— Йўқ, сизнинг кейинингизни яхши биламан. Қани, ўзим ҳозир едириб қўяман! Аста-а, эҳтиёт бўлиб қаддингизни кўтаринг-чи! Ў, айтдим-ку, ҳозир анча дадилсиз. Худо хоҳласа, эрта-индин чопқиллаб кетсангиз ҳам ажабмас, ота!..

— Бўладиган гапдан гапирсанг-чи, — деди Қурвонали ўғлининг кўмагида буғ таратиб турган паловни иштаҳа билан еркан. — Шол одамнинг чопиб кетганини қачон кўргансан?

— Сиз шолмассиз, — деди Дўлтабой бирдан жиддийлашиб. — Унақа деб кўнгилни чўктирманг! Қўл-оёғингиз пича увишиб қолган, холос. Насиб бўлса, тарқайди тез орада…

Ҳар гал Дўлтабой келса, Қурвонали вақт қандай ўтганини пайқамай қолади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Бирпасда икки соат ўтиб кетибди. Одатига кўра, Дўлтабой кетар палласида отанинг яктаги киссасига бир даста пул солиб қўйди.

— Дуо қилиб ўтиринг, ота, — деди Қурвоналининг елкасига бош қўйиб. — Менам худодан кеча-ю кундуз сизга шифо сўраяпман. Илойим кўрмагандай бўлиб кетинг! Шундай кунлар келсинки, яна ўзингиз мени етаклаб тоғларга олиб чиқинг, биргалашиб қулинг ўргилсин кабоблардан пиширайлик!..

Фарзандининг дардли тилаклари, сўзлари юрагини эзди. Беихтиёр ўпкаси тўлиб келди-ю, аранг ўзини босиб, мажбуран Дўлтабойга тикилиб жилмайди Қурвонали. Қалбининг туб-тубидан отилиб чиқаёзган меҳр туйғуси вужудини ларзага келтирди.

— Борингга шукр, — деди лаблари пулкиллаб. — Ҳа-а, ўша кун албатта келади. Сен айтган ўша кабоблар биздан қочиб қутулиб кўрсин-чи қани! Қутулиб бўпти! Ўзи-чи, гўдаклигингдаям кабобни хуш кўриб ердинг. Онанг икковимиз билан талашиб ҳам қўярдинг.

— Ота, телефонингиз ишлаб турибдими?

Дўлтабой сўрашга сўради-ю, ёстиқнинг ёнига ташлаб қўйилган телефонни қўлига олди.

— Ие, пули тугабди-ку! Айтмайсиз ҳам-а, ота!

— Мен тушунмасам бу матоҳингга, — деди Қурвонали соғ қўлини силтаб. — Тек ётсаям пул еявераркан-да баччағар!

— Майли, ташвишланманг, кетаётиб пул ташлаб қўяман. Кейин қўнғироқ қилиб сўрайман… Ҳа-я, сиз тушунмайсиз-ку! Майли-да, барибир қўнғироқ қиламан. Ҳалироқ анави шарбатдан ичинг, мана, ёнингиздаги курсига қўйганман. Сархил мевалар бор. Улардан ҳам енг! Майли, энди мен борай, ота! Бир дуо қилинг!

Қурвонали ҳали гапириб улгурмай, эшик тақиллай бошлади. Дўлтабой югуриб бориб эшикни очди. Қўшни подъездда турадиган Тилаволди завжаси билан чиқибди.

— Ока, яхшимисиз энди? — Тилаволди қўшниси энгашиб Қурвонали билан кўришди. — Бе, зўрсиз-ку, ока! Рангингизга гап йўқ!..

— Болам кўргани келди-да, — мақтангиси келиб Дўлтабойга ишора қилди Қурвонали. — Шунинг учун рангимга қон югурган, қўшни!..

— Ока, кўнгилни чўктирманг! Мана, ўғлингиз гувоҳ, ҳадемай отдай бўп кетасиз.

— Илойим умрингиз узоқ бўлсин, — беихтиёр йиғламсираб дуо қилишга тутинди Қурвонали. — Келиним билан қўша қаринглар ишқилиб!

— Ока, очиғини айтсам, мана шу ўғлингизга жуда ҳавас қилдим, — деди Тилаволди завжасига бир қараб олиб. — Фарзанд мана шунақа пайтда керак экан-да! Барака топкур эринмай ҳолингиздан хабар олади. Гузардагилар ҳам бугун шу масалада гапиришди. Дўлтабойни роса алқашди, дуо қилишди.

— Ҳа-а, менинг Дўлтабойимга қанча ҳавас қилишса, дуо қилишса кам. Жаннати бу болам, жаннати!..

Қўшнилар яна бирпас ҳангома қилгач, узр сўраб чиқиб кетишди. Дўлтабой эса хонани синчиклаб кўздан кечирди-да, дафъатан қўлига супурги олиб кўз очиб юмгунча супур-сидир қилди. Шу орада Қурвоналининг соқолини олиш, елкаларини авайлабгина уқалашга ҳам улгурди. Аммо дарҳол кетгиси кела қолмади. Отанинг кафтини қўллари орасига олди-ю, ўйга толди.

— Ҳа, болам, нега ғамгин тортиб қолдинг? — сўради Қурвонали фарзандининг меҳр тўла нигоҳларидан кўнгли янада тўлиб. — Бирор еринг оғрияптими ё?

— Йўқ, отажон, — деди ер чизиб Дўлтабой. — Сукут сақлаб худодан сизга шифо сўрадим.

— Шифо бермас-ов энди, — деди Қурвонали. — Берса шу кунгача берарди-да!

— Йўқ, ота, — деди Дўлтабой жонланиб. — Бераркан. Яқин орада отанг кўрмагандай бўп кетади деди. Шундоқ руҳимдан ўтди шу!..

— Умринг узун бўлсин! Майли, бергиси келса берар, йўқса… Биз ожиз бандалармиз. Мана, худога шукр сен ташлаб қўяётганинг йўқ. Иссиқ-совуғимга қараяпсан. Борингга шукр!..

— Ота, энди мен борай, — истар-истамас Қурвоналининг қўлини қўйиб юборди-да, аста ўрнидан қўзғалди Дўлтабой. — Эрта тонгда келаман. Ўзим нонуштангизни едириб қўяман.

— Хўп, болам, — деди аранг ўрнидан қўзғалиб Қурвонали. — Хавотир олиб жа ўзингни уринтириб қўймагин! Мана, яхшиман, тузукман.

— Айтганча… Ота, — Дўлтабой нимадир ёдига тушгандек қайтадан каравот четига ўтирди. — Бир гапни сизга айтишни унутаёзибман.

— Нима гапакан? Тинчликми?

— Эсингиздами, ўтган ойда замонавий аравача гаплашиб қўйгандим.

— Ҳ-ҳа-а, анави… Нимайди… Тугмачасини боссанг ўзи зипиллайдиган аравамиди?

— Худди ўша. Хуллас, аравача эртага ҳузурингизга келади, мана кўрасиз! Бугун танишим қўнғироқ қилиб тайинловди. Ҳозир йўл-йўлакай ола кетаман. Худо насиб қилса, буёғига қийналмайсиз. Ўзингиз мустақил ҳовлига чиқиб келаверадиган бўласиз. Бегоналарга ялиниб ўтирмайсиз. Бўпти, энди кетдим. Кеч бўлмай ўша ёққа ўтай!..

Шундай деб Дўлтабой отанинг икки юзидан ўпиб қўйди-да, чиқиб кетди…

Қурвонали эса ўйга толганди.

Фарзандидан беадад рози бўлиб, хаёлан Яратганга миннатдорчилик изҳор қиларди.

Овоз чиқариб-чиқармай, ўзи паноҳида асрашини сўраб ёлворарди. Бир маҳал яна нимадир тарақлаб кетгандек бўлиб Қурвонали илкис бошини кўтарди…

Ўтирган ҳолда мудрабдими, ё хаёл олиб қочибдими, англай билмади.

Бошини кўтаргандаёқ тепасида маъюс жилмайганча турган қўшни аёл Моҳинисага кўзи тушди.

— Ие, сизмидингиз, қизим, — деди Қурвонали бош чайқаб. — Уйқу элтибди чоғи, пайқамай қолибман! Дарвоқе, Дўлтабой ўғлим ҳозиргина кетувди. Кўзингиз тушдими?

— Қанча бўлди кетганига? — сўради Моҳиниса кулимсираб. — Ё эрталаб…

— Йўғ-э, нари борса ўн дақиқа ўтгандир-да! Ўғлим кетибди-ю, кўзим илинибди шекилли.

— Эҳ, отагинам-эй-й, — деди чуқур хўрсиниб Моҳиниса. — Тағин ширин хаёлга берилибсиз-да-а?

— Нега хаёл бўлсин? Ана, майда-чуйдалар опкелувди… Қанийди-я ўшалар?..

— Дўлтабойингиз бир йил бўлди қорасини кўрсатмай қўйганига, ота, — деди Моҳиниса куйиниб. — Нуқул ширин хаёлга бериласиз-у, кейин ўзингиз қийналиб юрасиз. Хонтахта устида фақат телефонингиз турибди. Оберайми ё?

— Майли, — деди ҳафсаласи пир бўлган каби бўшашиб Қурвонали. — Оберсангиз обера қолинг!..

Моҳиниса телефонни қўлига тутқазгани ҳамоно Қурвонали қўнғироқлар журналини очди…

Шундагина Моҳинисанинг гапида жон борлигини англагандек бўлди. Чунки бугуннинг ўзида Дўлтабойга эллик икки марта қўнғироқ қилибди. Аммо жавоб бўлмабди.

Демак, Моҳиниса айтганидек, ширин хаёлга берилибди. Хаёлан ўғли билан тиллашибди.

Қурвонали журналга афсус билан тикиларкан, лаблари пулкиллаганча сўзлашга тутинди.

— Болам-а, болам! Қайлардасан? Ҳеч бўлмаса, мана шу Моҳиниса қўшнимчалик бўлмадинг-а, болам! Ишқилиб… Йўқ, йўқ, худойим, Дўлтабойимни паноҳингда асра! Фарзанд куйигида ўлдирма мени!

Шуларни тилига кўчираркан, кўзларидан томчилаган аччиқ ёши енгига томиб Моҳинисага жавдиради ва шивирлади:

— Қизим, сизам дуо қилинг, илтимос! Дўлтабойимни худонинг ўзи балолардан асрасин!

Олимжон ҲАЙИТ