ДАРДИМИЁНА… (10-қисм)

0

 

РУСТАМ ҳикояси

 

***

Келсам, Зоҳид чалқанча ётганча хуррак отиб ухлаяпти. Хонани аччиқ, бадбўй ҳид босиб кетган. Нафас олиб бўлмайди. Афтимни бужмайтириб, эшик-деразани очдим-да, ташқарига чиқдим. Асабим бузилганди. Зоҳидни уйғотиб, обдан обориб-опкелишим мумкин эди. Аммо ўзимни босдим. Майли, агар шу билан ичидаги ҳамма аламлари чиқиб кетган бўлса, индамаганим бўлсин, дедим. Қолаверса, бундан бир неча соат муқаддам ўзим ҳам худди унинг аҳволида эдим. Бирон жойга бориб, тўйгунимча ичмоқчийдим. Лекин Любага дуч келиб, у билан гаплашганимдан сўнг бирдан хоҳиш сўнди. Люба бошқача қиз. Тўғри, ота-онаси ҳақида айтиб бўлмайдиган гапларни айтиб юборди. Лекин, барибир, бошқача.

Мен у ҳақда хаёл сура-сура икки соатча вақтни ўтказиб, қайтиб новвойхонага кирдим. Бояги ачқимтир ҳид йўқолибди.

Кунлар бир зайлда ўта бошлади. Ҳар куни умид билан Любанинг келишини кутаман. Бироқ ундан дарак йўқ. Ота-онаси уни бирон нима қилиб қўйишдими? Бечора қиз қандай аҳволда экан, деган хавотирга бора бошладим. Ҳаттоки унинг уйини қидирмоқчи ҳам бўлдим. Шунча гаплашибмиз, дардлашибмиз, бироқ бирор марта бўлсин унинг уй манзилини сўрамабман. Шуниси алам қилди. Катта кварталда, олдинма-кейин, ёнма-ён қурилган кўп қаватли иморатлардан аниқ манзилни билмасдан бировни қидириб топиш игна билан қудуқ қазишдай гап.

Шундай кунларнинг бирида ўз-ўзидан хўжайин келиб қолди. Машинадан ҳам тушмабди. Мени чақириб келишга йигитларини жўнатибди. Борсам, эшикни очиб:

— Ўтир, — деди.

Қоп-қора «Жип»нинг орқа ўриндиғига чиқиб ўтирдим. Хўжайиннинг қовоғи осилган, юзи қизарган эди. Шунинг ўзиёқ нимадандир сиқилаётганидан дарак берарди.

— Битта жойга борамиз, — деди у мен билан кўришгач.

Машина елдай учиб кетди. Шеф жим. Хўжайинники доим юқувчан бўлади. Кулса, куласан. Йиғласа, ундан баттар ўкирасан. Кайфиятим тушиб кетди. Қайғули ўйлар хаёлимни чулғаб олди. Айни чоғда Руслан Нагаевга нимадир дейиш истаги пайдо бўлди. Бироқ ўша «нима»ни топишим қийин эди. Алал-оқибат, манзилга етгунимча миқ этмадим.

«Чёрный лес» ресторани ёнида машина тўхтади. Тушдик. Қоп-қора костюм-шимдаги иккита йигит кутиб олди. Ҳар икковининг ҳам мўйлови бор. Ҳар икковининг ҳам бурни узун эди. Улар Руслан Нагаевга ўзгача эҳтиром кўрсатишди. Мен эса гўё у билан бирга келмагандай эдим. Агар шеф: «Юр, ёнимда юр», демаганида, эҳтимол, ташқарида қолиб кетардим.

Ресторан ташқаридан оддийгина, кичкинагина кўринса-да, ичкариси бошқача экан. Кенг, ёруғ, яна алламбалоларнинг суратлари туширилган.

Олдиндан буюртма қилинган, шекилли, алоҳида хона (кабина) га кирсак, стол устига ичимликлар қўйилган экан. Руслан Нагаев ўтириши билан официантни ҳам кутмасдан қўлини ичкиликка чўзди.

— Ўзим бу ёғини эплайвераман. Сен егуликларингни олиб келавер, — деди у қўлидагини олмоқчи бўлган официантга.

Руслан ичди. Кетма-кет икки қадаҳ. Сўнг менга юзланди-да, савол берди:

— Сен нега бунча ҳалолсан?

Дабдурустдан берилган бунақа савол довдиратиб қўйди. Шу боис ҳайрон бўлганча унга тикилдим.

— Мен, — деди у ликопчадан бир бўлак помидор олиб, оғзига солгач, — ҳаммасини текширдим. Нонингнинг граммини, битта қопдан нечта нон чиқишини. Кейин қаерга нечтадан нон тарқатишингни, неча пулдан сотишингни… Хўп, энди саволимга жавоб бер. Айтайлик, дўкондан ўзинг ун олиб келишинг, қўшимча ёпишинг ёки ноннинг граммини камайтириб, сонини кўпайтиришинг ва шунинг орқасидан қўшимча даромад қилишинг мумкин эди-ку! Нега қилмадинг?

— Яратгандан қўрқаман.

Руслан Нагаевни ток ургандай бўлди. Кўзлари олайиб, киприклари пирпиради. Кейин секин бошини эгди. Ва шу кўйи талай муддат жим ўтиргач деди:

— Ичасанми?

— Йўқ.

— Нега? Ҳа, тушунарли, Худодан қўрқасан. Билсанг, мен ҳам қўрқаман. Лекин қанчадан-қанча ишларни қилаётганимда Яратганни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Сен билан динимиз бошқа-бошқа. Лекин Яратган битта. Аммо ҳозир айтганимни қиласан. Балки, шуниси охиргисидир. Албатта, олдин татиган бўлсанг. Йўқса, биринчи ва охиргиси. Биласанми, Менделеев нима деган?

Мен «йўқ» дегандай бошимни қимирлатдим.

— Ҳар куни тозасидан озгинадан олиш керак. Кечки пайт, овқатдан олдин. Кейин ундан нега шуни ҳаммага ошкор этмайсиз, деб сўрашганда, «Одамлар озгина билан қаноатлана олмайди. Бир бошландими, йиқилгунча ютишади. Эртасига эса шубҳасиз бошни жойига келтириш керак. Қарабсизки, тинкаси қуриган одам тайёр. Демак, мен жамиятнинг янада бузилиб кетишига сабабчи бўлганлардан биттаси бўлиб қоламан», деган экан.

 

 

***

 

У гапириб бўлиб, менга ҳам қуйди. Салқин ичимлик ичиладиган стаканни тўлдириб. Худди шу пайт официант қовурилган гўшт олиб келди.

— Бахтинг бор экан, мана, гўшт ҳам келиб қолди. Қани, битта ол, — деди Руслан Нагаев.

— Жуда кўп, — дедим мен қизариб-бўзариб.

— Ҳеч нима қилмайди. Мана, мен ҳам шериклик қиламан.

Ичимга олов кирди гўё. Кўзларим олайиб кетганини ҳатто ўзим сездим. Хўжайин аҳволимни кўриб кулди-да, қўлини силтади:

— Ана энди гапимиз гапимизга қовушади.

— Руслан Владимирович, одатда, катта хўжайинлар қўлларида ишлайдиган хизматчилари билан битта ресторанда ёнма-ён ўтириш тугул, ҳатто сўрашишмайдиям, лекин сиз мени бу ёққа чақирдингиз. Нега? — дедим.

— Во, ана, забон битди. Бўларкан-ку. Буни айтишим учун яна озроқ…

— Йўқ, — дея унинг гапини бўлдим, — менга шу ёғи ҳам етади. Агар яна озгина бўлса, ағанаб қоламан. Илтимос.

— Бўпти, ўзинг биласан. Қани, сен гўштдан олавер.

У ичди. Чекди. Шундан кейингина тановулга киришди. Биз бир оз у ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлдик, шундан сўнггина Руслан Нагаев мақсадга ўтди.

— Мен сени ўзимга ёрдамчи қилиб олмоқчиман.

Фикрлашим тиниқ эди. Кулгим қистади, аламдан. Нега ичдим? Бунча иродасизман. Хўжайин бўлса, ўзига. Шунинг учун ичишим керакмиди?

Ўзимни ўзим яниш билан овора бўлиб, шефнинг гапини эшитмай қолибман.

— Нега индамайсан? Ёки мен билан ишлашни, ёнимда юришни хоҳламайсанми?

— Сиз билан ишлаш яхши, — дедим унинг кейинги сўроқларидан сўнг ўзимга келиб.

— Жуда яхши, ҳозир маза қилиб ўтирамиз. Давоми янаям зўр бўлади. Эртага эса фақат иш, иш.

Мен жилмайиб қўя қолдим.

Шу пайт ресторан хизматчиларидан бири Руслан Нагаевнинг ёнига келди-да, қулоғига бир нималар деб пичирлади. Шефнинг ранги оқарди. Қўлини мушт қилиб, лабини тишлади.

— Бунақаси кетмайди. Нима бўлса, бўлсин, аммо менинг оромимни бузадиган одам бу шаҳарда йўқ. Чунки мен бировларникини бузмайман. Рустам, тайёр тур, биринчи имтиҳондан ўтгансан, энди иккинчисига рўбарў бўлиб турибсан. Жанжалга, муштлашишга, темир-терсак ишлатишга тобинг қалай?

— Кимгадир кучим етади. Кимдир суробимни тўғрилаб қўяди. Ҳар қалай, четда қараб турадиганлар тоифасиданмасман, — дея жилмайиб жавоб бердим.

Руслан Нагаев елкамга қоқиб:

— Афсус, сенга ўхшаганлар кам-да. Билаги зўрнинг ақли йўқ. Калласида ғиж-ғиж ақли бўлганнинг жони чумчуқникидай, — дея тўппончасини столга қўйди-да, иштаҳа билан овқатланишга тушди.

Тўғриси, унинг ейишига қараб туриб, ҳавасим келди. Овқат мазали, бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Аммо бу тахлит ейиш менинг қўлимдан келмайди. У бир ҳафта оч қолиб кетганга ўхшарди. Роса яхши пишган Кавказ кабобини сихнинг ўзидан тиши билан узиб олиб чайнар, ортидан қайноқ чой ичиб қўярди. Мен бўлсам, ҳали ҳам бир бўлак гўштни ютолмай ўтирибман.

— Бунақа қилма, — деди у менга бир қараб қўйиб. — Бўлмаса, сен билан овқатланишга чиқмайман. Е, мендан кўпроқ е! Керак бўлса, ким кўпроқ еяри ўйна. Мени ют. Мен сенга пул тўлай. Кўп пул. Чунки бойваччаман, ҳа-ҳа-ҳа.

— Ютқазиб қўйсам-чи. Унда мен қандай қилиб кўп пул тўлайман? — дедим ундан кўзимни узмай.

Руслан Нагаев оғзидагини ютди. Кейин лаб-лунжини сочиқча билан артиб, шарбат ичди.

— Сенми? Сен тўламаслигинг мумкин. Лекин қарздор ҳам бўлиб қолмайсан. Мен сенга ниманидир айтаман ва сен айтганимни бажарасан, олам гулистон.

Шу пайт унинг қулоғига яна шивирлашди. Ва икки сония ўтар-ўтмас кўзи чақчайган, бурни узун, қалин мўйловли, қотмадан келган, узун бўйли бир одам хонага кирди. Меҳмон қучоқ очиб:

— Руслан, оғайни! — деди.

Руслан Нагаевнинг бирдан чиройи очилди. Аммо у кўришишга шошилмади. Бир бўлак помидорга санчқи тиқди. Оғзига солиб чайнади. Ана ундан кейингина ўрнидан туриб, келгувчига юзланди.

— Альберт, мен сени ўлдириб ташласам ҳам ҳақим кетади, — деди ва шундан сўнг келгувчи билан ачомлашиб кўришди.

— Сал бўлмаса, пешонангдан эшикча очиб қўярдим. Кейин кириш-чиқиш учун айланиб ўтирмасдан ўша эшикчадан ўтиб қайтаверардик, мана, кўрдингми? — деб у стол устидаги тўппончани кўрсатди ва яна чўнтагига солиб қўйди.

— Руслан, аввалгидайсан, сира ўзгармагансан. Шунинг учун қаттиқ ҳурмат қиламан. Шу ердалигингни эшитиб, рости, теримга сиғмайдиган даражада қувониб кетдим. Очиғи, мендан ўтиб кетдинг. Биз танланган, сараланганларданмиз. Биздан олдинда юрадиган бўлмаслиги керак эди, аммо сен ўтиб кетдинг. Лекин сенга жоним садқа бўлсин, ажойиб одамсан, — деб Альберт деганлари ҳам ўтирди-ю, қўлини шишага чўзди ва менга юзланди. — Бу қорача болани танимай турибман.

— Қорача йигит менинг қадрдонларимдан, — деб Руслан Нагаев бурнини тортиб қўйди-да, яна ейишга тушиб кетди.

— Ошна, қўйсанг-чи расмиятчиликни. Агар биров бизнинг мана шундай гаплашиб турганимизни кўрса, аниқ, бегоналар, деб ўйлайди. Ахир сен билан мен синфдошлармиз, битта қизни севганмиз, демакки, таъби бир хил одамлармиз. Қара, синфдошларингдан қайси бири сенинг даражангга етди? Ҳеч ким. Ҳатто мен ҳам орқадаман. Ваҳоланки, Эйнштейннинг китобларини саккизинчи синфда ўқиётганимдаёқ ёд олганман.

 

 

***

 

У гапира туриб, қадаҳини тўлдирди, менга қараганча ичиб юборди. Шунда сездимки, кўзи ўйнар экан. Биламан, бунақалардан асло яхшилик чиқмайди. Эҳтимол, шунинг учун Руслан Нагаевнинг ҳам гаплашгиси келмаётгандир.

— Эшитдингми-йўқми, Иванов вафот этибди, — деди қадаҳдагини ичиб бўлган Альберт.

Руслан Нагаев ейишдан тўхтади. Ликопчага термилиб бир муддат ўтирди. Сўнг қўлидаги санчқини столга қўйиб, Альбертга юзланди-да:

— Ташқарида қанча одаминг бор? — деб сўради.

Альберт кулиб:

— Мен санашни ёқтирмайман. Бордир бирор йигирма чоғли, — дея жавоб берди.

— Менинг эса биттаям одамим йўқ. Ҳайдовчимгаям жавоб бериб юбордим. Биргина Рустам… Буям ҳозир меҳмоним.

Мен Руслан Нагаевнинг гап оҳангидан вазият кескинлаша бошлаганини сездим. Альберт унга нафақат синфдош, балки душман ҳам. Душманки, хавфлилардан хавфлиси… Буни менга биров айтгани йўқ. Шунчаки, ўзим шундай деб ўйладим.

— Қизиқсан-а, Руслан, менинг одамларим — сенинг одамларинг. Биз қадрдонмиз. Ва бир умр шундай бўлиб қоламиз, — деб Альберт санчқини икки марта столга урди ва ўзи шишага қўл узатди.

Шу заҳоти иккита йигит эшик ёнида пайдо бўлди. Улар белларидаги отқич темирларини ошкора шимларининг олдига — камарларига тақиб олишганди.

Руслан Нагаев уларга қаради. Хаёлидан нималар ўтди, билмайман. Аммо менинг кўнглимга қандайдир ҳадик оралади.

— Сенинг бемазалигинг ҳалиям қолмабди, — деди Руслан Нагаев. — Ўзингга қуясан, бошқалар билан ишинг йўқ.

— О-о-о, ошнагинам. Хотира. Ҳа, хотира охирги пайтларда панд беряпти. Исроилга бордим. Ярим йил даволандим. Ўша ёқдаги қариндошлар тавсия қилишганди. Лекин, барибир, жойига келмаяпти. Менимча, бу ёш билан боғлиқ бўлса керак. Мана ҳозир, — деб Альберт унинг идишини ҳам тўлатди.

Иккиси баравар қадаҳ кўтарди.

Йигитлар ҳали кетишмаган. Қандай кириб келган бўлишса, худди шундай туришибди. Ҳаттоки киприк қоқишмайди. Тирик ҳайкалнинг ўзгинаси. Манқурт. Ҳа, бошқа нарса эмас. Қизиқ, манқуртнинг ҳам шакли, тури кўп бўларкан. Ҳозир бу бечораларнинг жони қил устида турибди. Билишмайдими? Билишади. Айтайлик, мен ёки Руслан Нагаев тўппонча чиқариб, тарс-турс этказиб бирортасини отиб қўйсак. Кейин нима бўлади? Альберт унга қайта жон ато этиб қўядими? Ачиндим. Ўзимгаям ачиндим. Мен-да ҳозир булардан қулай аҳволда эмасман.

— Қорачанг гап қўшмаётганига қараганда, иккаланг муҳим масала юзасидан гаплашиб ўтиргансизлар-у, мен бевақт келиб қолганман. Бунинг учун минг бор узр. Яна битта узр, сабаби, сенинг бу ердалигингни билмагандим. Одатда, мен борадиган жойларда ўзимдан бошқа ҳеч ким бўлмайди. Буни қара, ресторанда ёлғиз сира зерикмайман, — деб керилиброқ ўтирди Альберт.

Руслан Нагаев кулди. Бошини қашлади. Столни бармоқлари билан уриб куй чалди.

— Қойилман сенга, супер услубда ҳайдаяпсан. Билсанг, сен тўғрингда китоб ёзмоқчиман. Номи… Номи, вў-ў, зўр, оригинал: «Шайтонлик хусусиятлари ва унинг илмий асослари», тадбиркор, бой Альберт Немая услуби асосида.

Альбертнинг афти бужмайди. Ўрнидан турди. Хайрлашмасдан индамай чиқиб кетди. Унинг ортидан қўриқчилари ҳам жўнашди.

Руслан Нагаев эса столга бир даста юзталик пулни ташлади ва туриб, менга «кетдик» қабилида имо қилди.

Биз негадир ҳожатхона томонга юрдик.

Альберт катта залнинг ўртасидаги стулда ўтирар, телефонда ким биландир бошқа тилда гаплашарди. Руслан Нагаев қадамини тезлатди. Мен ҳам унинг ортидан илдамладим. Биз ҳожатхонага кирмадик. Унинг ёнида эшик бор экан, шу эшикни очди Руслан Нагаев. Узун йўлакка чиқдик. Ним қоронғи. Поли тахтадан. Бироқ унинг усти гилам билан бекитилган. Менимча, атайин юрган одамнинг оёқ товуши бошқа жойга эшитилмасин деган мақсадда қилинган.

Руслан Нагаев тўппончасини қўлига олиб ўқлади.

Менга ўгирилиб, «тезроқ юр» қабилида қўли билан ишора қилди. Биз қарийб югура бошладик. Ва дарров йўлакнинг охирига етиб, чиқиш эшигини очдик. Муздай ҳаво юзимга урилди. Руслан Нагаев қўл телефонидан ҳайдовчига қўнғироқ қилиб, ресторан эшиги ёнидан МКАД томонга юришини буюрди.

Телевизорда кўриладиган детектив фильмнинг ўзгинаси. Фақат ҳеч ким қувмаяпти. Аммо қочаётганлар бор. Эҳтимол, қочмаётганмиздир. Шунчаки, эҳтиёт шарт ресторандан яширин йўл орқали чиқиб кетаётгандирмиз.

Йўлга чиққанимизга икки сония бўлмасдан «БМВ» келиб, ёнгинамизда тўхтади. Аввал Руслан Нагаев, кейин мен машинага ўтирдик. Ана шундан кейингина хўжайин тилга кирди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ