Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

«ҚОРБОБО»

(ҳажвия)

 

 

Тадбиркор

 

 

Мени Тилаволди тиланчи деб қўйибди. Тадбиркорман. Шаҳарнинг катта кўчаларини кезиб, икки қўлимни баланд кўтарган ҳолда ўтган-кетганни дуо қиламан. Дуо кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Одамлар ҳимматига яраша атаганини қўлимга тутқазиб кетишади. Аммаларим раҳматлилар айтишганди. Ота-онам менинг ўзимни ҳам тилаб-тилаб олишган экан. Исмим жисмимга мос тушдими, билмайман, эсимни таниганданоқ тиланчиликдек ажойиб тадбиркорликка қўл урдим. Кам бўлганим йўқ. Уйимдаги ҳайҳотдай гаражни ям-яшил «Мерседес» безаб турибди. Еганим олдимда, емаганим орқамда. Маҳаллада ҳурматим ёмонмас. Нега дейсизми? Чунки ақлли бўри ўзи яшайдиган маҳаллани тунамайди. Қўни-қўшнилар гоҳида «Мерседес» ҳайдаб кетганимни кўриб, «Тилаволди фалон жойларда ишлармиш. Шунинг учун уйига кеч қайтармиш» деб қўйишаркан. Бу гапни эшитиб бир кулгим келди, бир кулгим келди… Одамлар содда-да шунақа! Қанақа фалон жой? Шаҳар марказидаги ерости йўлида тураман. Ўша ер менинг «точкам». Тиланчининг иши айни кеч тушганда қизийди-да!..

Очиғи, тиланчиликни тадбиркорлик деб бекорга айтмаган эканман. Одамнинг тажрибаси ошгани сайин ҳисоб-китобдаям учар отдай тезлашиб кетаркан. Охирги вақтларда қўлимга тушган пулга яраша аниқ ва «точний» дуо ўқийдиган бўлганман. Оширмайманам, кам ҳам дуо қилмайман. Ахир эскилар «Экканингни ўрасан» деб шунга айтишган-да!..

Фақат… Бир аламим бор. Ҳар йили бир хил гап, иш такрорланади. Айниқса, янги йил кунлари биз тадбиркор тиланчиларга кун йўқ. Солиқчилар тергайвериб, судраклайвериб ҳолни қуритишади. Мен, айниқса, Соли солиқчидан безиб қолганман. Ярамас, пойлаб юрадими, билмайман, айни янги йил кунлари йўлимга тўғаноқ бўлади.

— Ҳай, иним, мен тадбиркорман, кўрмаяпсизми? Биздаям бола-чақа бор. Уларни боқиш керак, рўзғорнинг камини тўлдириб туриш лозим! — деявериб жағим толган. Тушунмайди баччағар. Шу болани кўрсам, рангим оқариб, тишларимгача такиллайдиган бўлган. Узоқдан кўриб қолдим дегунча, «думимни тугадиган» бўлганман… Чунки Соли фақат бир гапни такрорлайди.

— Тадбиркор бўлсангиз, солиқни тўлаб қўйинг!

Очиғи, шу янги йилда нима қилишни билмай гарангсиб юргандим. Ҳамкасблардан бири… Умуман айтганда, уни душманим десам тўғрироқ бўларди. Мўмин кал. У жудаям серодам метро бекати рўпарасида иш қилади. Ярамас бир-икки ўша ёққа мўралаганимда, қўймаган. Хотинчалишдан баттар экан. Ҳамманинг олдида аёлчасига қарғаниб берган. Жуда кўнглим қолувди калдан. Куни кеча ажойиб бир гапни айтиб қолди. Янги йилда Қорбобо бўлволиш тинчроқ экан. Нима қилиш зарур, «Қорбобо» ўзини қандай тутиши шарт… Ишқилиб, ҳаммасини ипидан игнасигача айтиб, тушунтирди. Мундай мулоҳаза қилсам, калнинг гапида жон боракан. Соли солиқчига ўхшаган безбетларга йўлиқмасдан, тинчгина бизнес қилиб оларканман. Мўмин калнинг гапи маъқул бўлди-ю, пайтавамга қурт тушди. Ахир… Эртаси куни янги йил эди!..

 

 

«Қорбобо»

 

 

Ҳозирги замонда Қорбобо кийимини топиш иш бўптими!?. Арзимаган пул тўлаб «пракат»га олдим. Оҳ, кийимларни кийиб, оппоқ соқолларни ёпиштиргандим, ўзимни ўзим танимас бўлдим. Худди тўқсон яшар қарияга айландим-қўйдим.

Ақлли тиланчи тадбиркор биринчи ўринда яхши «навар» чиқадиган жойни топа билиши керак. Мен Ўнқўрғонни танладим. Билардим, уёқларда саттанг-а катта пулдорлар яшайди. Ҳовли-жойларига яқин боришга қўрқади одам…

Хуллас, оппоқ пахтага бурканган узун ҳассамга таянганча маҳалли ичкарисига кириб бордим. Кун шомга яқинлашганди. Кеча ҳамма байрам қилиб чарчаган, эркакларнинг боши оғриган. Ҳозир қайси хонадонга кирсам ҳам қуруқ чиқмаслигим тайин. Жа хоҳлашмаса, одамлар «тезроқ даф бўлсин», деган хаёлдаям ул-бул берворишларига ишонаман. Қолаверса, менинг «репертуар»им бошқача. Темирниям эритворадиган сўзларни туни билан ёдлаб чиққанман.

Ўтган йили байрам эртасига нақд беш юз минг сўм ишлагандим. Ишқилиб, бу сафаргиси кўпроқ бўлсин-да!..

Бахтимдан айланай, биринчи ҳашамдор дарвозани тақиллатишим билан қаршимда ёши саксонни оралаб қолган кампир ҳозир бўлди. Мени — «Қорбобо»ни кўрди-ю, кўзлари ёниб кетди.

— Вой, келинг, Қорбобожон, — деди кампир ҳовлига бир аланглаб олиб. — Хуш кепсиз! Мен ҳозир… Невараларимни чақирай…

— Тўхтанг, ойи, — дедим ясама йиғламсираб. — Шошилманг! Сизга… Бир гапни айтмасам бўлмайди!..

— Нима бўлди? — менга яқинроқ келиб сўради кампир. — Тинчликми? Ё… Чарчадингизми? Чой-пой опчиқайми олдин?

— Мен ҳў-ўв Қамаристон деган жойлардан келдим, — дедим кўзларимни худди ёшини артаётган каби ишқалаб. — Водийда яшайдиган болажонларни бир хурсанд қилмоқчийдим. Қаранг, ойи, йўлда безорилар совғаларимниям, пулларимниям тортиб олишди. Энди… Нима қилишни билмай ҳайрон бўлиб қолдим. Болажонларнинг олдида юзим шувут бўладиган кўринади, ойи!

— Вой шўри-им, — тиззасига шапатилаб, икки кафтини юзига босди кампир — Худоё ер ютсин ўша безориларни! Келиб-келиб Қорбобониям тунашадими тешиб чиққурлар! Энди нима қиласиз, Қорбобо?

Мен бошимни қуйиб солганча, худди ёш боладек бурнимни тортдим ва елка қисдим. Аммо бу туришим билан бир чақа ололмаслигим мумкин. Кампир раҳми келгани билан пул ҳақида ўйламаслиги, битта нон олиб чиқиши мумкин эди. Шуларни ўйлаб қўрқиб кетдим ва илкис бошимни кўтардим.

— Ойи, — дедим лабларимни атайин пулкиллатиб. — Менга пича пул қарз бериб турсангиз, водийлик болаларнинг кўнглини олиб қайтардим. Қарзимни эса…

— Қанақа қарз, Қорбобожон? — дея кампир елкамга қоқиб қўйди. — Ҳозир опчиқаман! Фақат-чи, тисс! Болаларим уйғониб қолишса, минғир-минғир қилишлари мумкин. Мен ҳозир…

Қаранг, кампир мардлик қилди. Нақд икки юз минг сўмни чўнтагимга солиб қўйди. Шундан сўнг яна бир нечта дарвозаларни тақиллатдим. Худо бераман деса, ҳеч гапмаскан. Ҳаш-паш дегунча ўтган йилдаги ишлаган пулимнинг уч бараварини топдим. Ана энди аста жуфтакни ростлайверсам ҳам бўлади. Лекин… Нафс қурсин. Маҳалладан чиқаверишдаги серҳашам дарвозага етганда оёқларим ўзимга бўйсунмай, таққа тўхтадим. Ахир, тешиб чиқармиди ортиқча пул? Шу уй эшигиниям қоқиб кўрай, ажабмас…

Афсус, шу ерда хато қилибман. Дарвозани тақиллатганимдан кейин ҳеч қанча ўтмай, қаршимда ўша… Кўришга кўзим бўлмаган Соли солиқчи пайдо бўлди. У мени кўрди-ю, ҳайратданми, севинчданми, кўзлари олайиб кетди.

— Ие, сиз? — деди у икки елкамдан маҳкам сиқиб. — Қорбобога айланиб қолдингизми? Қаранг-а, учрашган жойимизни кўринг! Хуш кепсиз, Қорбобо!..

Солиқчидан осонликча қутулиб бўлмаслигини ўша лаҳзадаёқ сезгандим. У яхшиликчасига, мулойимлик билан мени идорасига олиб борди-ю…

Уйимниям, машинам, хуллас, боримни хатлаб ташлади. Бир зумда тарвузи қўлтиғидан тушган кимсага айландим-қолдим…

Жон Қорбобожонлар, худо йўлига хайр қилинг! Баҳоргача етиб олай-й!!!

Дуо қиламан, дуо!!!

Олимжон ҲАЙИТ