71 ёшли Адвокат яна клубини ўзгартириши кутилмоқда

0

«Утрехт» бош мураббийи Дик Адвокат Нидерландиянинг бошқа клубига ишга ўтиши мумкин.

Voetbal International хабарига кўра, 71 ёшли мутахассис «Фейеноорд»дан таклиф олган. Роттердамликлар клуби Жованни ван Бронкҳорстнинг истеъфосидан кейин унинг ўрнига бош мураббий излашмоқда. Таъкидланишича, Адвокат – ягона номзод.

Қайд этилишича, Адвокатнинг «Фейеноорд» бошқарувига келиши бугун ёки эртагаёқ ҳал этилиши мумкин. Клубнинг таклифи мураббийни молиявий жиҳатдан қаноатлантирган, аммо у раҳбарият томонидан қандай вазифалар қўйилишини тушуниб олиши зарур.

Таниқли мураббий 2018 йилнинг январь ойида «Утрехт» бошқарувига келган, бу унинг охирги 6 йилдаги 8-иш жойи бўлганди.

Дик Адвокат турли йилларда Нидерландия, БАА, Жанубий Корея, Бельгия, Россия, Сербия каби терма жамоалардаги фаолияти билан футбол жамоатчилигига яхши таниш. У, шунингдек, ПСВ, «Боруссия М.», «Зенит», «Сандерленд», «Фенербахче» каби клубларни ҳам бошқарган. Адвокат 2012 йили Россия термасидаги фаолиятини якунлагач, ҳеч қайси жамоада 1 йилдан ортиқ ишлагани йўқ. У ўтган мавсумни Роттердамнинг «Спарта» жамоаси бош мураббийи сифатида ўтказган, аммо клуб Эредивизияда 17-ўринни олиб қуйи лигага тушиб кетган эди.

Нидерландия чемпионатида 20-турдан кейин «Утрехт» 6-, «Фейеноорд» 3-ўринда бормоқда.

 

tribuna.uz