ДАРДИМИЁНА… (12-қисм)

0

 

* * *

 

— Нима гап? — деди улардан бири бўғиқ овозда.

Шу заҳоти шундоғам жағи очиқ кампирнинг оғзи бундан баттар очилиб кетди.

У шундай гапирардики, гўё мен сотувчи қиз билан бирга беш-олти одамни ўлдириб, катта-катта супермаркетлар, банкларни ўмариб чиққандай.

Йигитлар икки қўлимдан ушлади. Темир, ҳа-а, худди шундай, уларнинг қўллари темирдай қаттиқ эди.

Тўғри хўжайиннинг хонасига олиб киришди. Муштдеккина, қаттиқроқ пуфлаб юборсанг, ағанаб тушадиган одам ўтирибди катта стол ортида. У биз кириб келганимизда юзимизга қараб ҳам қўймади.

— Нима гап?! — деди олдидаги компьютердан кўз узмай.

Ёқимсиз чийилдоқ овоз. Бирдан нафратингни қўзитади. Югуриб бориб, башарасини бежаб ташлагинг келади. Ҳа, худди шундай. Тузукроқ бирон нима демасидан ургинг келади. Тавба, шунақангни одам тоифаси ҳам бўларкан-да. Ўлай агар, бунақаларга биринчи бор дуч келишим.

— Тўполон кўтарганни келтирдик, — деди ёнимдаги бўғиқ қўпол овоз.

Чийилдоқ бошини кўтарди. Ижирғаниб, паст назар билан қарагач:

— Ипирисқи, қаерга кирганингни билмадингми?! — деди.

Қоним қайнаб, сочларим тикка бўлиб кетди. Еб қўйгудек қарадим чийилдоққа. Ўлай агар, «Ҳозир манави иккита гўрсўхтагаям қараб ўтирмайман. Янчиб ташлайман», дея хаёлимдан ўтказдим.

— Сендан сўраяпман, ёввойи овсар!

Олдинга юрмоқчи, чийилдоқнинг ёнига бормоқчи, ёқасидан ушлаб, оёқларини ердан узмоқчи, кейин деразадан улоқтирмоқчи бўлдим. Аммо мени ушлаб турганлар юришга қўймади.

— Тушунмадим. Сен менга шундай деяпсанми? — дедим соф рус тилида.

У ҳайрон бўлди. Кўзойнагини олиб, стол устига қўйди. Иржайди.

— Сен ҳали бизнинг тилимизни ҳам биласанми?

Мен инглиз тилида гапирдим.

— Яхши, лекин бу сенинг тўполон қилганингни оқлолмайди, — деди у қовоғини осилтириб. — Шунинг учун бу ярамасни яхшилаб адабини беринглар-да, орқасида оёқ кийимларингнинг изини қолдириб, қўйиб юборинглар.

У бир вақтнинг ўзида ҳам менга гапирди, ҳам шотирларига буйруқ берди.

— Кечириб қўясан. Мен ёввойи кампирнинг гапини эшитмай қулоғингни бекитиб ол, деганимга шунақанги жазо бермоқчимисан? — дедим овозимни баландлатиб.

— Ёввойи кампир. Ҳали у ёввойи бўлиб қолибдими?!

— Адашмасам, ҳамма ёққа камерани қўйиб ташлагансан. Дўконингда нима бўлаётганини кўриб ўтирибсан. Нега ўзингни гўлликка соласан? Менга қара, тўрт метр квадрат келадиган дўконингга кирибманми, демак, нимадир сотиб олишга имконим бор. Демак, яхши жойда ишлаяпман. Демак, хўжайиним обрўли, бой одам. Демак, ғуруримни бировга топтатиб қўймайман! — дедим ва бир силтаниб мени ушлаб турган гўрсўхталарнинг қўлидан чиқиб кетдим.

— Шошма, — дея лабчасига тутатқи қистирди чийилдоқ, — ким экан ўша обрўли хўжайининг?

— Руслан Нагаевни биларсан. Билмайдиган бўлсанг, телефон рақамини бераман, танишиб оласан. Балки, ўпкангниям босиб оларсан.

— Ия, Руслан Нагаевнинг қўлида ишлайсанми ҳали? — дея ажабланди чийилдоқ.

— Қўлидамас, ёнида. У билан бирга. Ўзи бир муштлик жонинг бор экан. Манави ҳўкизлар, — дея нафрат билан ёнимда турганларга қарадим, — кучига таяниб…

«Буқа»лардан биттаси елкамни сиқди.

— Ол қўлингни! — деб уни силтадим.

 

***

 

 

Бу сафар кучим етмади. Қаттиқроқ ушлаган экан.

— Мен-ку, мен, агар ҳеч қандай айби бўлмаган сотувчи қизга озгина зуғум ўтказадиган бўлсанг, сен билан бошқа жойда гаплашаман, ўшанда манави мени ушлаб турган молсавлатларинг ҳам ёрдам беролмайди. Керак бўлса, мана шулар сени эркаклар сафидан пастга тушириб ташлайди. Ана ундан кейин рўмол ўраб юришингга тўғри келади. Балки, умринг ўтиб, бир куни кампир бўлганингда, сен ҳам худди анави миллатчи момога ўхшаб икки букилганча кимгадир шаллақилик қилишинг мумкин. Лекин юз фоиз кафолат бериб айтманки, унинг ёшига етмайсан!

Ўзимга ўзим ҳайрон қолдим. Гап ичимдан қайнаб чиқар, ҳеч қанақанги қўрқувни ҳис қилмас эдим. Қайтанга чийилдоқнинг ранги оқариб кетганди.

— Мен, — деди у овозини пастлатиб, — камера орқали кўрдим, ҳақиқатан ҳам, буларда айб йўқ. Қўйиб юборинглар. Наргис, ишингга бор.

Шунчаки кетмадим. Навбатсиз, битта-иккитасининг шақиллашига ҳам эътибор бермай, беш-олтита нарса харид қилдим. Наргисдан (Наргиза бўлса керак унинг исми) шошилмасдан, атайлаб бошқаларнинг жиғига тегиб, олганларимнинг ҳаммасини оппоқ-оппоқ қоғозларга ўратиб, тарозига торттириб, сотиб олдим. Бир марта ҳам рус тилида гапирмадим. Ўзбекча сўзладим. Қани, бирортанг қаршимдан чиқ, нима қиларканман, дедим-да. Кейин кетар чоғимда:

— Наргис, ўзингни хўрлатиб қўйма, ким нима деса, узиб ол. Манави менинг телефон рақамим, жа ҳаддидан ошганлар бўлса, қўнғироқ қиласан. Келиб, онасидан туғилганига пушаймон едираман, — дедим.

— Раҳмат, ака, раҳмат. Ҳар куни келиб туринг, — деб қолди бечора қиз.

Йўлда кета туриб, ўйлайман: «Чиройлисан. Муомалангга гап бўлиши муминмас. Қадди-қоматинг келишган. Нима қиласан бировларнинг юртида қаердаги қаланғи-қасанғилардан гап эшитиб. Сенга ўзимизда ҳар қандай дўкон эшигини очади. Сени ўзимизнинг ҳар қандай йигит жон-жон деб хотин қилади!» Йўқ, адашибман, кейинроқ билдим. Қизгинанинг феъли енгилгина экан.

Эртаси куни эди, Рустамдан дарак бўлмади. Қўл телефонига беш-олти марта қўнғироқ қилдим, кўтармади. Кайфият расво бўлди. Бир хил пайти қариндошинг йўқолсаям, кўнглинг кўпам оғрийвермайди. Энди бунақаси менда бўлмаган-у, битта-иккитасини кўрганман. Уканг қани, десанг, билмайман, деб елка қисиб қўяди. Фалон жойда фалон ишни қилиб юрган экан-ку, десанг, «Менга нима, баттар бўлсин. Бир кун ўлади-кетади», дейди. Акасисан, насиҳат қилсанг, йўлдан қайтарсанг бўлмайдими, десанг, «Насиҳатни оладими шу? Менга нима? Ўлгани билан ишим йўқ», дейди. Аввало, мен шунақаларга ўхшамайман. Кейин, Рустам ҳам яхши бола, бекордан-бекор бир жойга бормайди. Бекордан-бекор ошначилик қилмайди. Ҳамма жойда муомаласи, меҳнаткашлиги, соддалиги, одамгарчилиги билан ютиб кетади. Шунга қарамасдан, барибир, кўнгил душман экан. Мияга ҳар хил ўй келаверади. Кейин қўлинг ишга бормайди. Бўлмаса, усиз ҳам бемалол нон ёпишим, обориб сотишим мумкин.

Эртасига новвойхонага катта қулф осдим-да, яна кўчага чиқиб кетдим. Таппа-тайёр «дадар»ман. Юришимдан на бир мақсад бор ва на бирон нимани ўйлайман. У ёққа бораман, битта музқаймоқ оламан, ейман. Бу ёққа бораман, иморатларни томоша қиламан. Яна бир жойларга кетаман. Ўтган-кетганни кузатаман. Гўёки шу билан бирон нимали бўлиб қоладигандай. Бир маҳал кечаги қизни кўргим келиб қолса денг. «Мендан нима кетди. Вақтим бемалол, ёниб турган ишим йўқ. Баҳонада шу қиз билан икки оғиз гаплашиб оламан», деган ўйда йўлга тушдим. Аммо у иш жойида йўқ экан. Сотувчилар кечаги қилиғимдан кейин мени жуда яхши таниб қолишган экан, ўшалардан сўрадим. Хавотир олдим-да. Чунки мен кетганимдан кейин уни ишдан бўшатиб юборган бўлиши мумкин эди. Дам олиш куни, дейишди сотувчилар. Биттаси ҳатто яшаш манзилини берди.

Бешинчи уй, иккинчи қават, ўн еттинчи хонадон. Яхши. Ҳар қалай, ертўлада яшамас экан.

Шартта ташқарига чиқиб, такси ушладим. Манзилни айтдим. Ўрисча айтибман мен бечора. Ҳа энди, ҳайдовчи йигит сариққина экан-да. Шунга ўрисча гапирувдим. У эса кулиб:

— Ўзимизнинг тилда гапираверинг, — деди.

— Ия, бу ёғи зўр бўлиб кетди-ку! — дедим хурсанд бўлганимдан.

 

***

 

 

Дарров унинг ёнидаги ўриндиққа ўтириб олдим. Таксичи яхши суҳбатдош экан. Қайси мавзудан гап очмайин, бирдан илиб кетади. Ўзиям, билмагани, кўрмагани қолмабди ҳисоб. Лекин битта чатоқ томони бор экан. Беш йил бўлибди келганига. Шундан бери бор-йўғи уч мартагина ота-онасини кўргани борибди. Ундан ҳам биттаси тўй баҳонаси билан экан. Акаси уйланибди. «Ота-онам ҳали ёш, элликка эндигина етишди. Менсиз ҳам ҳамма нарсани ўзлари эплаб ташлаяпти. Пул жўнатиб турсанг, бўлди. Яна уч-тўрт йилдан кейин келсанг, уйлантириб қўямиз, дейишган», дея жавоб қайтарди. Кейин мендан нима кароматлар кўрсатиб юрганим ҳақида сўради. Нима дердим, мен ҳам унинг қўшиғини сал чўзиброқ, классикага яқинроқ қилиб айтиб бердим. Шу билан манзилга етганимни билмай қолибман. Таксичи: «Бир жойнинг боласи эканмиз, иккимиз ҳам ўзга юртда юрибмиз, қўйинг пулни», демади. Одатдагидан қимматроқ олди. Индамадим. Сўраганини бердим-да, тушиб қолдим.

Иккинчи қават, ўн еттинчи хонадон қўнғироғини босдим. Бир оёғи гўр лабига бориб қолган кампир очди. Аёл зоти кексайгандан кейин бошига рўмол ўраб юрсин экан-да. Тўрттагина сочини ёйиб олса, бирам хунук кўринарканки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Шу боис истар-истамас Наргизани сўрадим.

— Кир, — деди.

«Қаердансан, кимсан, Наргизада нима ишинг бор?» демади кампир. Ҳайрон бўлдим ва секин остонадан ўтишимни биламан, димоғимга гуп этиб бадбўй ҳид урилди. Беихтиёр бурнимни бекитдим.

— Манави ерга ўтириб тур, — деди кампир йўлакдаги эски, синиқ стулни кўрсатиб. — Олдида мижози бор. Ишини битириб чиқсин, кейин сенинг навбатинг. Лекин ҳозирдан менга икки юз рубль бер. Ичкарида қандай ҳисоб-китоб қиласизлар, ўзларинг биласизлар. Бир-бирингни ўлдириб қўймасанглар, бўлди.

Бақа бўлиб қолдим.

 

РУСТАМ ҳикояси

 

 

***

 

Улар аста-секин ёнимга яқинлашиб кела бошлашди. Муштлашай десам, кўпчилик, қочай десам, Руслан Нагаевнинг ёлғиз ўзи қолиб кетяпти… Ўзимни ўзим овутдим. Булар шунчаки келишган. Балки, қандайдир туғилган кун бордир. Келишиб бир хил кийиниб олишгандир. Учинчими-тўртинчими қаватга чиқишади. У ерда стол безатилган. Меҳмонларнинг келишига ҳамма нарса тахт…

— Кимсан? — деди улардан бири ёнимга келиб.

— Ҳеч ким?

— Йўқол бу ердан!

— Хўп, — дедим-да, Руслан Нагаев кириб кетган йўлак томонга юрдим.

Менинг бахтим, Руслан Нагаевнинг машинасидан тушмагани, шеф билан бирга юрганимни кўрмагани. Йўқса (машинанинг ҳали у ёғидан, ҳали бу ёғидан ўтиб, обдан кўздан кечиришаётганди плашлиларнинг шериклари), энг кўп меҳр кўрсатишганида пешонамдан дарча очишарди.

Йўлакка етай деганимда «Сотиб қўяман-ку», деган ўй келди миямга. Шунинг учун уйнинг нариги томонига ўтишим керак. Дарров йўлни сўл томонга бурдим-да, қадамимни тезлатдим. Ҳаш-паш дегунча уйнинг охирига етдим. Ва бинонинг ортига ўтишдан олдин ортимга қараб олдим. Ваҳима билан келганларнинг ҳаммаси қодрайиб туришарди. Англадимки, Нагаев қайси йўлак ва қайси хонадонга кирганини билишмайди.

Ҳамма йўлакларнинг эшиклари берк, кодланган, шу боис мажбур бўлдим, тутқичга оёғимни қўйиб, унинг тепасидаги деразача орқали ичкарига киришга. Яна омадим чопди. Қайсидир барака топкур деразани очиқ қолдирган экан. Ёки шунчаки очиб қўйган. Балки, шамол айланиб юрсин, дегандир. Хуллас, ичкарига кирдим. Тепага кўтарилдим. Энди қани Руслан Нагаевнинг қайси хонадонга кириб кетганини билсам. Ҳали у эшик ёнига бораман, ичкарига қулоқ соламан, ҳали бунисининг ёнига бораман. Бировида жимжитлик. Бошқасида маст эркак хотинини сўкаётган бўлади. Яна бошқасидан телевизорнинг овози эшитилиб турибди. Ҳойнаҳой, футбол бўляпти. Чунки «Ура! Штанга!» деган ҳайқириқ эшитиларди-да.

Хуллас, топмадим. Ва энг охирги қаватдан икки қават пастга тушдим-да, зинага ўтириб олдим. Шу пайт хаёлимга бирдан лоп этиб Руслан Нагаев йўлакка кириб кетганидан сўнг бироз ўтиб, учинчи қаватдаги уйнинг чироғи ёнгани келди. Пешонамга муштлаб қўйиб, ўрнимдан турдим-у, пастга ўрмаладим. Орада деразадан ташқарига қарадим. Қора плашлилар кўринмайди. Э, тавбангдан кетай, тополмасликларига кўзлари етиб кетворишдими, деган ўйда яхшилаб термилдим. Кўрдим, аввал уларнинг машиналарини, кейин биттасининг машина ёнида турганини илғадим. Бирдан ҳафсалам пир бўлиб, пастга юришда давом этдим.

Мана, учинчи қават. Мана, эшик. Манглайига «қирқ тўрт» деб ёзиб қўйибди. Эшик қўнғироғини босишдан олдин ичкарига қулоқ тутдим. Ҳеч қанақанги сас-садо йўқ. Ишқилиб, адашиб кетмадимми? Ҳақиқатан ҳам шумиди? Учинчи қават, чироқ ёниши… Йўқ, ҳали хотирам бирор марта панд бермаган. «Мабодо, бегона одам чиқсаям, кечирим сўрайман, адашганимни айтаман», дедим ўзимга ўзим ва дадил қўнғироқни босдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна босдим. Жимжитлик. Яна босдим.

— Ким? — деди, ниҳоят, аёл киши.

— Мен Руслан Нагаевнинг одамиман, — дедим таваккалига.

Аёл келиб эшикни очади, деб ўйлагандим. Лекин очмади у. Назаримда, Руслан Нагаевнинг ёнига кетган. Ухлаётган бўлса, уйғотаётган, уйғоқ бўлса, менинг келганимни айтаётган бўлса керак.

— Исминг нима?

— Рустам.

Қулф шарақ-шуруқ қилиб, эшик очилди.

Қаршимда… Йўқ, мен таърифини келтиролмайман. Ҳақиқатан ҳам, жуда гўзал аёл. Сариқ сочлари ёйилган. Ички кийимда. Эркак зотини жунбишга келтирадиган жойлари манаман деб кўриниб турибди. Ғалати бўлиб кетдим. Нима деяримни билмай қолдим.

— Нега келдинг? — деди у қошларини чимириб.

— Ҳалиги, ҳалиги…

Овозим қалтираб кетганидан уялиб, бошимни эгдим. Қиз қиқирлаб кулди. Кейин қўлимдан ушлаб ичкарига тортди-да, эшикни ёпди. Унинг ёнидан ўтаётганимда хушбўй ҳиддан маст бўлаёздим. Яна елкам унинг бир жойига урилиб кетиб, баданим жимирлаб кетди. Шу заҳоти калима келтириб, тавба қилдим ҳамда Руслан Нагаевни сўрадим.

— У маст уйқуда, роса чарчаган экан шўринг қурғур. Кирди-ю, ухлаб қолди.

— Уйғотинг. Пастда бемазалар туришибди. Уни пойлашяпти. Эртароқ орқа йўл билан чиқиб кетмаса, аҳвол чатоқ, — дедим.

Жувон жиддийлашди. Ва шиппагини шапиллатиб дераза ёнига бораётганида:

— Тўхтанг, илтимос, қараманг. Сезиб қолишади, — дедим.

Жувон тўхтади. Ортига ўгирилди. Жилмайди.

— Қуёнюракмисан, нима бало? — деди.

— Мен ўзимни ўйлаётганим йўқ. Руслан Нагаевнинг ҳаёти хавф остида.

— Унда ўзинг кириб уйғот. Менинг балога қолиб кетиш ниятим йўқ, — деб жувон бошқа хонага кириб кетди.

Энди бунақа маҳали манави ётоқ, манави бошқа хона, деб қараб ўтирмайсан. Шунақанги қиладиган бўлсанг, вақтни бой бериб қўясан.

Руслан Нагаев дунё бехабар ётибди хурракни отиб. Бечора ечинишга ҳам улгурмабди. Кирган. Шундоқ кийим-пийими билан ўзини тўшакка ташлаган, қотган. Ҳатто белидаги тўппончаси ҳам олинмабди. Демакки, анави жувон унинг яқинига ҳам келмаган.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ