ҚАМОҚХОНАДА КЕЧГАН КУНЛАРИМ… (17-қисм)

0

 

* * *

 

Эртаси куни Серсоқол билан то кечгача гаплашмабмиз. У ўзи билан ўзи овора, менинг ҳам ишларим уникидан кам эмасди. Шом маҳали камерага кирганимиздан кейин Серсоқол жилмайганча ёнимга келиб ўтирди-да, елкамга қоққанча гап бошлади.

— Табриклайман, Мурод, сен яна бир синовдан яхши ўтдинг.

— Тушунмадим, синов? Қанақа синов?

— Тунда Болта қиморбоздан қарз сўрашни мен илтимос қилгандим.

— Сен?.. Нега? Тинчликми? Тушунмадим…

— Анатолий сени яна бир марта текшириб кўришимни айтганди.

— Шунақами? Хўш, текширувингдан ўтдимми ишқилиб?

— Ўтгандаям аъло даражада ўтдинг. Баракалла! Энди бемалол ёруғ юз билан эллигинчи камерага борсак бўлади.

— Бугунми? Мен… Нима қиламан у ерда?

— Анатолий икковлашиб боришимизни тайинлабди. Ярим соатлардан кейин борамиз.

— Борсак бораверамиз-да! — дедим хотиржам тортиб. — Охири бахайр бўлса, бас!

— Зўр бўлади! Мана кўрасан!

— Айтганинг келсин!

 

* * *

 

Бу гал Анатолий бизни негадир совуқ қарши олди. Ҳар сафаргидек кириб борганимизда ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймади. Қовоғини уйган ҳолда қўли билан ётган ерида курси томон ишора қилди, холос.

— Хўш, ишлар қалай? — сўради у ҳамроҳимга аламли боқиб.

— Яхши, — жавоб қилди Серсоқол.

— Яхши дегин?.. — Анатолий истар-истамас ўрнидан туриб тепамизга келди. — Лекин менга айтишларича бутунлай тескариси эмиш-ку!

Кутилмаган гапдан сўнг шеригим бир сесканиб ўғрибошига қўрқув аралаш тикилиб қаради-да:

— Тушунмадим, Толя!.. — дея олди зўрға.

— Нимани тушунмайсан?.. Қарзинг бор экан-ку қартадан!.. Нима, мени алдамоқчи бўлдингми? Братвалар қаршисида юзимни ерга қаратиб маза қилмоқчимидинг?..

— Қарз?.. Бўлиши мумкинмас!.. Ҳаммасини ҳал қилиб бўлганман!

— Ёлғон гапирма! Ана, ўттизинчи камерадаги Маймоқдан қарзинг бор экан. Менга шундайдейишди.

— Маймоқ Мишадан-а?.. Йўқ, мен ҳеч қачон қарзимни узмасдан кетмаганман.

— Бу ёғини энди ўзинг ҳал қил! Ҳозир тўғри унинг олдига бор-да, гаплашиб, туҳмат қилаётганини исботла. Лекин Маймоқнинг гапи рост чиқса, ўзингдан кўр! Энди бор, сени кўрсам, асабим бузилиб кетяпти.

 

* * *

 

Серсоқол камерага кирибоқ назоратчидан Маймоқ билан учраштиришини илтимос қилди. Албатта, илтимос қуруқдан қуруқ бўлмайди. Назоратчи тегишли улушини қўлига олгач, кўз очиб юмгунча иккаламизни сайр майдончасига олиб чиқди.

Маймоқ деганлари баланд бўйли, кўзи ғилай, калбош, ёши қирқларга борган бир эркак эди. У бизни кўриши билан ёнидаги шеригига кўз қисиб қўйди-да, деворга суяниб олди.

— Сендан қачон қарз бўлгандим қартада? — сўради Серсоқол дағдағали оҳангда. — Нега Толяга ёлғон гапирдинг?

— Ким ёлғон гапирибди? Менми? — Миша лаби учиб Серсоқолга яқин борди. — Вэй, Серсоқол, сен-чи, қариб, эсингни еб қўйибсан! Сўнгги марта ертўлада қарта ташлаганимиз ёдингдан чиқдими? Ўшанда тўлашга ҳеч вақонг қолмай, оёғимни ўпгудай бўлиб ялиниб, муддат сўрагандинг!.. Хўш, эсладингми?

Серсоқол бир муддат жим туриб қолди-да, бош чайқаб қўйди.

— Ҳа, Миша, узр! Ташвишлар билан бўлиб бутунлай унутиб қўйган эканман… Айб ўзимда!

— Энди қачон узасан қарзни?.. Ё кутиб юраверайми?

— Йўқ, — деди Серсоқол, — қарзни бугуноқ узаман. Тунги бирларда қўлингга тегади ўша пуллар.

— Ана энди ўзингга келдинг. Хўп, кетдим унда!

 

* * *

 

Камерага қайтгандан сўнг Серсоқол баттар безовталана бошлади. Чамаси, ёнида Маймоққа беришга етгулик пули йўқ эди. Ўзича нималарнидир хомчўт қилиб, ҳисоблаган бўлди. Сўнгра секин менинг тепамга келди.

— Мурод, — шивирлади бошқа аристонлар томон ўғринча кўз ташлаб, — менга ёрдаминг керак.

— Нима ёрдам? — гарчи нималигини сезиб турсам-да, атайин сўрадим.

— Пул керак эртагача. Қўллаб юбормасанг бўлмайди, оғайни.

— Обшакнинг пулига тегиниб бўлмайди, — бош чайқаб терс ўгирилдим. — Буни ўзинг ҳаммадан яхши биласан.

— Қўй, қийин ҳолатда турганимда сен ҳам эзма! — унинг овози бу гал титраб чиқди. — Агар шу кеча муаммони ҳал қилмасам тамом бўламан. Илтимос, бир кунга мен айтган пулни бериб тур, эртага кечқурун жойига қўяман!

— Беҳуда овора бўлаяпсан. Барибир бу пул берилмайди. Ана, пул керак бўлса, қимор уюштир! Қиморда мендан ўтадигани йўқ дегандинг-ку!

— Шунақами? — қўлларини мушт қилди Серсоқол. — Сен мени қаттиқ ранжитяпсан, Мурод. Бор умидим сендан эди.

— Бу гапларни қўй! — дедим унга совуқ тикилиб. — Ўзинг ошни пиширдингми, ўзинг еявер! Мени шерик қилма!

— Яхшиликни билмас экансан!

Серсоқол столга алам билан бир муштлади-да, оёғи остидаги курсини тепиб юбориб каравоти томон кетди.

 

* * *

 

Кўзим илинган экан, кимдир туртгандек бўлди. Серсоқол экан.

— Юр, Мурод, менга ҳамроҳ бўл ҳеч қурса! — ялинганнамо сўз қотди у. — Қимор ташкил этилган, бирга борайлик.

— Қимор? Қайси камерада?

У лабини асабий тишлаб бирпас жим қолди-да, жавоб қилди:

— Ментларнинг ўзлари чақиришаяпти, афтидан маош олишган кўринади.

— Нима? Эсингни еганмисан? Келиб-келиб ментлар билан қимор ўйнайсанми, бошқалар сезиб қолса нима бўлишини биласанми?..

— Бу ёғидан кўнглинг хотиржам бўлсин! Сен сотмасанг, бошқа ҳеч ким бу ишни қилмайди.

— Нима, бир ўзинг қўрқаяпсанми?

— Гап қўрқишдамас. Биласанми… Ментлардан ҳар балони кутса бўлади. Башарти ютсам-у, пулни беришмаса, расво бўламан. Сен ёнимда турсанг, бундай қила олишмайди. Ҳар ҳолда гувоҳдан чўчишади.

— Майли, чақир назоратчини, кетдик!

Бу гапимдан сўнг Серсоқол енгил тортиб камера эшиги томон пилдиради.

 

* * *

 

Бу таклифга нега розилик билдирганимни ўзим ҳам билмасдим. Турманинг ним қоронғи йўлакларидан юриб бориб, ертўлага тушарканмиз, беихтиёр юрагим ғаш тортиб, вужудим увиша бошлаганини ҳис этдим.

Ахир нима қилаяпман ўзи? Ментлар билан қарта ўйнашни ким қўйибди бизларга? Уларда на меҳр, на шафқат бор. Ютиб олган тақдиримизда ҳам тан олишармиди улар? Кетимизга бир тепишади-ю, ҳайдаб солишади.

— Балки, фикрингдан қайтарсан-а? — ёнимда хотиржам кетиб бораётган Серсоқолга юзланиб сўрадим. — Бу жуда қалтис иш. Ҳеч ким сезмаган тақдирдаям, барибир, қалтис.

— Намунча қуёнюрак бўлмасанг? — уришиб берди Серсоқол. — Еб қўйишармиди бизларни? Ўзлари таклиф қилишди-ку! Ҳали қараб тур, бу ярамасларни шундай боплаб ютайки…

— Ўзинг биласан! — қўл силтаганча олдинга ўтиб олдим. — Пушаймон бўлиб бошингни чангаллаганингда кеч бўлади.

— Тўхта! — деди чанг босиб ётган эшикка етганимизда назоратчи. — Мана шу хонага кирасанлар! Айтиб қўяй, жанжал-панжал қилиб юрмаларинг, нақ карцерда чиритаман-а!

Назоратчи ҳали узоқ кетиб улгурмай эшик очилиб, ичкаридан узун бўйли, озғин йигит чиқиб, бош ирғади.

— Киринглар, кутишаяпти!

Озғин йигит ташқарида қолди, биз ичкарига кирдик. Хона тор эди. Икки ёнбошга каравот, ўртага кичик бир стол қўйилибди. Чапдаги каравотда икки сержант, ўнгда эса ўрта бўйли, мушаклари туртиб чиққан, чайир бир лейтенант ўтирарди.

Бизни кўришгач, улар бир-бирларига маъноли қараб олишди.

— Ҳа, қария, — сўради лейтенант ўтирган ерида — кексайиб қўрқоқ бўлиб қолдингми, дум етаклаб келибсан? Бунақасига келишмагандик-ку!

— Бу ишончли йигит, — деди шеригим ўтиришга шошилмай сержантларни бир-бир кузатаркан. — Ўзинг ҳам манавиларни нега ушлаб ўтирибсан?

— Булар манавимас, турма ходимлари, — таҳдидли оҳангда жавоб қилди лейтенант. — Тилингга кўпам эрк бераверма!

— Бу менинг ишим, — деди Серсоқол ҳам бўш келмай. — Мусорлар билан бир стол атрофида ўтиришга рози бўлганим учун хурсанд бўлсанг-чи!.. Бир умр братвалар билан қимор ўйнаганингни ҳаяжон билан эслаб юрасан.

— Бўпти, бас қил гап-сўзни! — тоқати тоқ бўлди чоғи, лейтенант бизни ўтиришга чорлади. — Қани, ўтирларинг! Фақат билиб қўй, ўн мингдан зиёд пул ютқизсанг, менга қул бўласан!..

— Тушунарли, — Серсоқол унинг гапига парво ҳам қилмай қарталарни қўлига олиб чийлай бошлади.

Умримда бунчалик ҳаяжонли ўйинни кўрмаганим учун бутун диққатимни жамлаб, унинг ҳаракатларини кузатдим.

Хуллас, қарталар сузилди. Лейтенант стол устига бир даста юзталик пулларни ташлаб, устини елим халта билан ёпиб қўйди. Демак, ютган одам шу пулларга эгалик қилади. Аммо Серсоқол ютқазиб қўйса-чи?.. Унда нима бўлади? Наҳотки бир умр лейтенатга қул бўлиб қолса? Шуларни хаёлимдан кечириб, бир четда ўйинни кузата бошладим.

Лейтенант ёш бўлишига қарамай, қиморда анча тажрибага эга экан. Ярим соатча вақт ўтмай Серсоқолнинг бўйнига анча-мунча пул илиб қўйди. Аммо у парво қилмас, афтидан, омад фариштаси ўзи томонда бўлишига ишончи комил эди. Лейтенант бўлса (унинг исми Дмитрий экан), ютган сайин кайфияти кўтарилар, тинмай беҳаё латифалар айтиб сержантларни кулдирарди.

Ўйин шу тариқа икки соатча давом этди. Кейин эса Серсоқолнинг қўли баланд кела бошлади ва ҳаш-паш дегунча Димани анчага туширди.

— Бунақада эрталабгача ҳам ўйин тугамайдиганга ўхшайди, қария, — дея сўз бошлади бир маҳал лейтенант. — Кел, ундан кўра, яхшиси, бор пулни ўртага тикамиз, кимнинг омади чопса, пул ўшаники бўлади.

— Розиман, — деди Серсоқол рақибига синчковлик билан тикилиб. — Таклифни сен киритдинг, қарталарни ҳам ўзинг чийлаб, ўзинг тарқат.

Бу гапдан кейин сержантлар ҳам ҳушёр тортиб қолишди. Лейтенант шошилмасдан қартани чийлаб, аввал Серсоқолга, кейин ўзига тарқатди. Серсоқол олдидаги уч дона қартани кўксига босганча бир-бир қараб чиққач, масхаралаган каби баланд овозда кулиб юборди.

— Ҳамма пулни ўртага қўямиз, дегандинг. Бунинг устига, пули йўқ одам билан қарзга ўйнашга ҳам рози бўлдинг. Мен сенинг бу мардлигингни ҳурмат қиламан. Лекин бировдан, айниқса, ментдан қарз бўлишни ёмон кўраман. Ўртадан истаганингча пул ол, мен розиман, — деди у маза қилиб кулиб бўлгач.

— Мени понтга олмасдан аввал қарталарингни яна бир бор яхшилиб кўриб ол, қария, кейин сенда бундай имконият бўлмайди, — бўш келмади лейтенант.

— Шогирдларинг ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб қолишди, лейтенант! Кел, яхшиси, менинг айтганимни қил!

— Аввал қўлингдаги қарталарни столга қўй! — буюрди лейтенант ютқазганини бўйнига олгиси келмай. — Нега жим бўп қолдинг? Қўймайсанми?

— Мана! — Серсоқол кула-кула қўлидаги уч дона «Туз»ни стол устига ташлади. — Хўш, бўлдими?

Серсоқолнинг чиндан ҳам омади чопиб, қиморда камдан-кам одамга насиб қиладиган юқори очко — 33 ни қўлга киритганди. Буни кўриб барча, шу жумладан, камина ҳам қотиб қолдик. Лейтенатнинг пешонасида лаҳзанинг ўзидаёқ йирик-йирик тер томчилари пайдо бўлди. Сержантлар эса столга тушган учта тузни кўриб, ўринларидан туриб кетишди. Вақтдан фойдаланган Серсоқол эндигина пулларга қўл чўзганди сержантлардан бири унинг билагидан маҳкам ушлаб қолди.

— Пулларни жойига қўй! — бақирди у оғзидан тупук сачратиб. — Ҳали ўйин тугамади!

— Ғирромлик яхши эмас! — бош чайқади Серсоқол. — Ютқазгандан кейин тан беринглар, хунасалар!

Унинг бу гапи иккинчи сержант билан лейтенантнинг ғазабини тоширди, шекилли, бирин-кетин бақира кетишди.

— Нима?.. Кимни ҳақорат қилдинг? Қани, яна бир қайтар-чи?!

Вазият кескин тус олаётганини кўриб индамай ўтира олмасдим. Даст ўрнимдан туриб Серсоқолга қараб ўдағайлаётган сержантни елкасидан чангаллаб юқори кўтардим-да, бурчакка итқитиб юбордим. Шу пайт осмондан тушгандек яна икки-уч офицер хонага бостириб кирди ва Серсоқол иккимизни таппа ерга босиб чарм таёқлар билан роса дўппослашди. Кейин қўлларимизга кишан солишди.

— Буларни алоҳида-алоҳида карцерга ташла! — буюрди лейтенант — Майорга ўзим жавоб бераман!

— Хўп бўлади!..

 

* * *

 

— Ифлос экансан! — аламли шивирладим ортимда ҳеч нарса бўлмагандек кетиб бораётган лейтенантга. — Ҳали шошмай тур, ғирромлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!

— Мени беҳуда айблаяпсан! — деди у. — Ўртага катта пул тикилган, бу пулларнинг бир қисми меники эмас. Шундай экан, ютган тақдирингда ҳам, барибир, пулни сенларга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ.

— Лейтенант, сен бу ишинг билан жуда катта хатога йўл қўйдинг. Шуни биласанми?

— Нима, нима? Келиб-келиб, сен — турмадан чиқиш-чиқмаслиги номаълум ипирисқи мени қўрқитмоқчи бўляпсанми?

— Катта кетма! Турмадан чиқмасам ҳам, унча-мунча жойда сўзимни икки қилишмайди. Бу ерга келишдан аввал керакли одамларга шипшитиб қўйганман. Борди-ю, бирор ишкал юз берса, тамом бўлдим деявер, жавоб бераман!

Бу гапимдан сўнг лейтенантнинг дами ичига тушиб кетди. Буни титраб нафас олишидан билса бўларди.

— Майли, гапни калта қил! — йўлакни деярли бир айланиб ўтиб карцерга етганимизда лейтенант сержантларга тўхташни буюрди. — Мана шу ерда дам оласан энди, ланъати!

У эшикни очиб, овозининг борича қичқирди:

— Ҳов одамхўр! Меҳмонни қабул қилиб ол!

 

* * *

 

Эшик ташқаридан ёпилгач, карцернинг бир бурчидан бўйи мен каби баланд, йўғон билакли, сочлари қириб ташланган, кўп уришганидан бўлса керак, юзлари ўйдим-чуқур, оғзи бир тарафга хийла қийшайган, бадбашара аристон қаршимда пайдо бўлди. У менга янада яқин келди-да, қаддини эгиб, икки қўлини орқага қилганча совуқ тиржайди.

— Ҳа-а, — бақирди у оғзидан тупук сачратиб, — келдиларми? Ҳозир, ҳозир сенинг қулоғингни тишлаб узиб оламан! Ҳа-а-а-а!

Ундан заррача қўрққаним йўқ. Фақат эгнидаги кийимларнинг ифлослиги, тупук оқаётган оғзининг беўхшовлиги кўнглимни айнитиб, ўзимни нари олдим.

— Қўрқиб кетдингми-а, қўрқдингми? Ана шунақа-а!.. — бақиришда давом этди аристон тобора менга яқин келиб. — Қулоғинг мазалими? Мазалими деб сўраяпман!? Нега индамайсан? Ё соқовмисан?

Шундай деб бақираркан, уни йўтал тутди. Ё ажаб! Бунақасини умрим бино бўлиб кўрмагандим! Аристон ҳар йўталганда оғзидан тупук ўрнига қон отилиб полга тушарди. Бир зумда унинг томоқларидан тортиб кийимининг ёқасигача қонга бўялди.

«Ахир бунинг ажали яқин экан-ку!» деган фикр ўтди хаёлимдан ва жонҳолатда уни суяб бетон супачалардан бирига ўтқаздим-да, четда ётган латтани қўлимга олиб ҳўллаш мақсадида кранга чопдим.

Ҳўл латта билан яхшилаб юз-кўзини артганимдан сўнг аристон сал ўзига келиб, бошини орқага ташлади.

— Нима, касалмисан? — сўрадим ундан. — Нега санчастга ётмайсан, хумпар? Бу туришда ўлиб қоласан-ку!

Саволимга жавобан аристон қўл силтади.

— Қўявер, — деди у ҳамон қур-қур йўталишда давом этиб, — бир бошга бир ўлим. Аллақачон пишганман. Энди… даволаниб қаерга ҳам борардим?

— Нега мусор сени одамхўр деб чақирди?

Аристон маъюс кулди.

— Сабабини айтайми?

— Айт!

— Бир куни ментнинг қулоғини тишлаб узиб олганман.

— Йўғ-э! Нимага?

— Калтаклашлари жонимдан ўтганди.

— Ўшандаям касалмидинг?

— Қаёқда?.. Соппа-соғ эдим. Шу сабаб бўлди-ю, карцердан чиқармай қўйишди. Олдинига билинмаганди. Кейинги икки ойда касал кучайиб кетди. Тушларимда қандайдир арвоҳлар оёғимдан тортадиган бўлиб қолишди. Касал қўзигандан-қўзиса, кўзимга қора кийган махлуқсифат жонзотлар кўринади. Мени ғажийман деб ташлана бошлайди. Э, тағин нимасини айтай…

Уни яна йўтал тутди. Иккинчи марта латта ҳўллаб келиб қонларини артдим. Аммо бу сафар унга фойда бермади, қайтанга нафас олиши оғирлашиб, ўзини бетонга ташлаб юборди.

Югурганча бориб карцер эшигини тепа бошладим.

— Ҳой, ким бор?.. Врач чақирларинг, врач! Одам ўлаяпти!

Эшик туйнуги шарақлаб очилиб, назоратчининг қип-қизил юзи кўринди. Алдамаётганимга ишонч ҳосил қилди, шекилли, бироздан кейин эшикдан хомсемиздан келган бошқа бир назоратчи билан ичкарига киришди.

— Нима бўлди? Ким ўлди? Қани?

Мен бурчакда хириллаётган аристонга ишора қилдим.

Хомсемиз назоратчи унга яқин бориб қўлидаги чарм таёқ билан аристонни туртиб кўрди.

— Эътибор қилма! — деди у эшик томон йўналиб. — Бор, нарироққа бориб ўтир! Ҳозир санчастдагиларни чақираман. Олиб кетишади!

 

* * *

 

Кўз очиб юмгунча карцер ичи тўполон бўлиб кетса керак деб ўйлагандим. Афсуски, ундай бўлмади. Фақатгина орадан бир соатча вақт ўтгандан кейин келган врач аёл деярли жон таслим қилиб бўлган аристоннинг юрагини тинглаб кўрган бўлди. Шундан сўнг ўрнидан турди ва бош чайқаб ташқарида турган санитарларга аристонни олиб кетишни буюрди. Бу орада карцерга Серсоқол билан қарта ўйнаган лейтенант кириб келди-да, вазиятни текширган бўлиб назоратчини қошига чорлади.

— Буни стаканга ташла! — буюрди у мен томон ишора қилиб. — Карцер бунақалар учун меҳмонхонадай гап!

— Стаканга?.. — тутилиб сўради назоратчи ва лейтенантнинг важоҳатини кўриб қўшиб қўйди. — Ҳа-я, сиз ўзингиз жавоб берасиз-ку! Қани, олдимга туш!

«Ана энди адойи тамом бўлдим! — ўйлардим ўзимча. — Стакан нима эканини биламан. Тағин касалим қўзғолон қилади. Башарти, анавининг касалидан юқтириб олган бўлсам, ҳаётдан умидимни узверсам ҳам бўларкан».

Шу кўйи гўё бу шўрлаган деворларни, панжаралардангина иборат узундан-узун йўлакни, бири супурги, иккинчиси челак кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтаётган «баланда»даги аристонларни сўнгги бор кўраётгандек, суқ билан боққанча назоратчининг ортидан эргашдим.

 

* * *

 

Мана, уч кундирки, стаканданман. Тобора тасаввурим торайиб, теваракдаги овозларни, ўзимни ўраб турган бетон деворни ҳам идрок эта олмайдиган бўлиб бораяпман. Очиққаним худди хаёлимдан кўтарилгандек туюлади. Оғзим қуруқшайди. Шу лаҳзаларда тупугимни ютиб чанқоқ қондираман. Ҳар йўтал тутганда ичимнинг аллақаери узилиб кетгандай бўлади. То навбатдаги йўтал келгунча ичакларим бураб-бураб оғрийди. Афтидан, тахминларим тўғри, раҳмдиллигим туфайли касалга чалинганга ўхшайман. Лекин карцердаги аристон каби оғзимдан қон келмаяпти, шунисига ҳам шукр. Демак, менинг касалим унчалик қўрқинчли эмас, ҳарқалай, эртанги кундан умид қилсам бўлади. Мени кўриб бошқалар бурун жи-йиришини, жирканиб терс ўгирилишларини хоҳламайман. Майли, нима бўлса бўлсин. Бироқ тоза, орасталикда ўлиш тарафдориман.

Тушга бориб вужудим ёна бошлади. Нафас олишим тезлашиб, қалтироқ тутди. Қизиқ, ичим куйиб бораяпти-ю, аммо танамнинг устки қисмидаги туклар азбаройи совуқ ўтганидан тик турган…

Шу тобда чўзилиб ётишни шунчалик кўнглим тусадики…

Афсуски, бунинг сира иложи йўқ. «Стакан» да фақат чўнқайиб ўтириш мумкин, холос. Аламим келиб бошимни муз деворга босдим-у, кўзларимни юмдим. Бироқ бу ҳам фойда бермади. Борган сари ичим аланга олаяпти. Ҳализамон қўл-оёғимни қимирлатишга ҳам ҳолим қолмаса керак. Бора-бора ҳушимни йўқотаман. Ана ўшанда жоним ҳаловат топади. Совқотмайман, йўталмайман, куймайман, аламзадалик қалбимни тирнамайди. Ҳеч кимни, ҳеч нарсани ўйламайман…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ