ҚАМОҚХОНАДА КЕЧГАН КУНЛАРИМ… (18-қисм)

0

 

* * *

— Ана, ўзига келяпти! Кўзини очяпти!..

Кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товушлари қулоғимга кириб базўр кўзимни очдим-да, атрофга алангладим. Йўқ, мен стаканда эмас, кичик бир хонада, каравотда ётардим. Тепамда оқ халатли, оғзини дока билан ёпиб олган кексароқ бир аёл, унинг ёнида ўзим билган майор турарди.

— Хўш, қалайсан, йигит? — сўради аёл пешонамдаги терларни сочиқда арта-арта. — Хайрият, ўткирига йўлиқмабсан! Омадинг бор экан! Худо хоҳласа, тез орада тузалиб кетасан!

Гапиргим, нималарнидир сўрагим келарди. Аммо тилим сўзга айланмас, оғзимни очдим дегунча йўтал тута бошларди.

— Уринмасдан жим ёт! — менга далда берган бўлди аёл. — Ҳозирча иссиғинг тушмади. Сенга қимирлаш мумкин эмас. Жим бўл!..

— Ҳали биз сен билан кўп ишлар қилишимиз керак, Мурод! — дея менга ачиниш билан боқди майор. — Сен ўлмаслигинг керак! Татьяна Геннадевна, бу аристонни нима қилиб бўлмасин тузатишингиз шарт! Тузатмасликка ҳақингиз йўқ, билдингизми?!..

— Мен қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан! Мен…

Кейинги гап-сўзларни англай олмадим. Тағин йўтал тутди. Беш-олти марта жоним чиқиб кетгудек кучли йўталганимдан сўнг кўз олдим қоронғилашаётгани, хона чир айлана бошлаганини ҳис этдим ва қўрққанимдан кўзларимни юмиб олдим…

Йўқ, ҳали ўлишга эрта! Ўзимни қўлга олишим, чидашим лозим. Шу кунгача бундан баттар кунларни кўрган одамга касал нима бўпти? Чидайман. Нафас олиб турсам бас, бардош бераман! Шунда бош айланишим тўхтади. Аммо кўнглим айниши босилмади. Уч-тўрт ўқчидим…

— Тағин ҳушидан кетаяпти! Ҳушидан кетаяпти! — деган товушларни эшитдим.

Ажабланарлиси, ҳаммаси қулоғим остида жарангларди-ю, ҳеч нарсани идрок этмасдим.

 

* * *

 

Роппа-роса бир ой деганда врачлар мени деярли аввалги ҳолимга қайтаришди. Энди ҳадеганда йўталавермайдиган бўлдим. Кўнгил айниши, ўқчишлар барҳам топиб оз-оздан овқат ея бошладим. Кунларнинг бирида палатага Анатолий кириб келди.

У айланиб мени бошдан-оёқ кузатгач, қўлтиғимдан олиб каравотга ўтқазди.

— Хайрият, ўлимга сўз бермабсан, Бургут! — деди у елкамга қоқиб.

Ҳайрон бўлдим. Нега мени Бургут деб атади? Исмимни биларди-ку! Ё биров билан адаштираяптими?

— Тушунмадим, — тилга кирдим унинг кўзларига тик боқиб, — нега мени бундай атаяпсан? Ё исмимни унутиб қўйдингми?

Анатолий кулиб юборди.

— Сени унутиб бўларканми? — деди кулгидан ўзини тўхтата олмай. — Братвалар сенга аллақачон янги исм қўйиб бўлишган. Энди сен фақат қариндош-уруғларинг учун Муродсан, биз учун эса Бургут, ҳеч қачон мағрурлигини ташламайдиган Бургутсан! Бу ном сенга бошқа турмаларга тушиб қолганингдаям асқотади. Номингга бундан кейин ҳам муносиб бўлишга ҳаракат қил, бизларни уялтириб қўйма, тушундингми, йигит!

— Бургут! — янги номимни қайта-қайта такрорлаб жилмайдим. — Яхши исм экан! Раҳмат сенга, Толян, раҳмат!

— Майли, гапни чўзмайлик. Ҳализамон кетадиган вақтим бўлиб қолади. Энди гап бундай: тезроқ бу ердан чиқиб, Серсоқол масаласини ҳал қилмасанг бўлмайди.

— Серсоқол? Унга нима бўлди?

— Сени фақат касалга чалинган десам, томинг ҳам кетиб қолганми, дейман? Бирга ментлар билан қимор ўйнаганларинг ёдингдан чиқдими?

— Ҳа-а!

Ҳақиқатан бу воқеа умуман хаёлимдан чиқиб кетган экан. Эсладим-у, ичимга муз югургандек бўлди.

— Мен илтимос қилиб туриб олгани учун борганман, — дедим совуққонлик билан. — Ёлғиз ўзи боришга қўрққанди.

— Ҳаммасидан хабарим бор. Ёнида турганинг чатоқ бўлибди. Бир ўзи бориб ментларнинг қўлида ўлиб кетиши керак эди.

— Энди уни нима қилмоқчисизлар?.. — сўрадим ўғрибошидан.

— Тўхта! — дея кутилмаганда ўрнидан туриб кетди Анатолий. — Серсоқолни қўйиб турайлик, шундоғам адабини еб юрибди. Сен-чи, тезроқ бу ердан чиқиб бошқа иш билан шуғулланасан.

— Қанақа иш? Қалтисми?

— Қалтис бўлмаса сенга айтармидим?

— Гап йўқ, Толян! — дедим елка қисиб. — Доимо яхши инсонлар хизматига тайёрман!..

— Қойилман сенга! — деди Анатолий мамнунлигини яшира олмай. Кейин мени маҳкам қучоқлаб олди. — Шунақанги дангалчилигинг учун сенга ҳайкал қўйсам арзийди. Энди қулоқ сол. Гапнинг индаллоси шуки, уч-тўрт кундан кейин бир иложини қилиб сени санчастдан чиқариб юбораман. Танишларим бор. Ўшалар орқали пул, ҳужжат, майда-чуйдалар билан ҳам таъминлайман. Бир-икки кунга озодликка чиқиб келишингга тўғри келади. Дўстимнинг қасосини олиш вақти етди. Хўш, нима дейсан?

— Озодликка дедингми? — шу биргина сўз қулоқларим остида жаранглади-ю, кўз олдимда яна Еленанинг сиймоси гавдаланиб, юрагим ҳапқирди ва «Еленамни бир кўрсайдим!» дея оҳ тортдим.

— Елена? Ким у? — сўради Толя ҳеч нарсага тушунмай. — Танишингми?

— Ҳа, танишданам азизроқ. СИЗОда ишлаб кетган.

— Ёмонса-ан, Бургут! — кўрсаткич бармоғини силтади суҳбатдошим. — СИЗОдаям тинч юрмабсан-да!

Шу тобда турмамиз назоратчиларидан бири ичкарига мўралаб, йўталиб қўйди-да, деди:

— Толян, кетмасак бўлмайди! Ҳализамон бошлиқлар обходга чиқиб қолишса гап тегиши мумкин!

— Майли, қариндош, — Толян ўрнидан туриб елкамга қоқди, — тезроқ тузал! Қолганини хатада гаплашамиз!

 

* * *

 

Ниҳоят, буткул тузалиб, қадрдон камерамга қайтдим.

Камерага бегона аристонларни жойлаштиришибди. Серсоқол негадир кўринмади.

Барчалари билан бир-бир танишиб чиққач, ўзим учун ажратилган биринчи қаватдаги каравотга чўкдим. Шу ондаёқ кимдир эски газета тўшаб дастурхон солди. Кўз очиб юмгунча дастурхон усти егуликка тўлиб кетди. Ҳатто, кимдир кўрпаси остини ковлаштириб, бир шиша ароқ ҳам чиқарди. Менга қарама-қарши томондаги каравотда ўтирган Мишиқи лақабли аристон эса югура келиб оёғимдаги пойабзални ечиб олди.

«Ҳа, Толяннинг гапида жон бор, — хаёлимдан ўтказдим елиб-югуриб хизмат қилаётган аристонларни кузатарканман. — Ростакамига обрўм ошган кўринади. Шундай бўлиши керак эди. Бу даражага етиш учун озмунча азоб чекдимми…»

Қўлим билан имлаб паст бўйли, ёши ўттизлардан ошган аристонни ёнимга чорлаб, сўрадим:

— Серсоқол қайси камерада?

Бу сўроғимни эшитган бошқа аристонлар ҳам ҳаракатдан тўхтаб, тепамда ҳозир бўлишди.

— У йўқолиб қолди, — жавоб қилди Мишиқи.

— Қаерга йўқолади? Игнамиди йўқолиб?

— Билмадим, карцерда дейишганди. Аммо у ерда йўқ, мен суриштириб кўрдим. Айтишларича, уни турма машинасида қаергадир олиб кетишибди. Шундан бери йўқ…

Ҳали у гапини тугатиб улгурмай камера туйнуги очилиб, назоратчининг овози келди.

— Шарипов, тез эллигинчи камерага борармишсан! Сени кутишаяпти!

Назоратчининг гапини эшитдим-у, кўз ўнгимда малла сочларини ёйиб олган Елена ҳозир бўлди. Хаёлга толдим. Қарашлари ғамгин, йиғлаганми, юзларида ёш томчилари йилтилларди. У бир зум менга тикилиб туриб, аста бағрига олди. Елена мени қаттиқ қучар, «Ўзимнинг бахтсизим! Омадсизим! Дайдигинам!» дея алқарди.

— Топшириқ эсингдами — сўради Толян мен билан қучоқ очиб кўришиб.

— Албатта эсимда. Мен тайёрман.

— Яхши. Баҳонада озодликка чиқиб бироз нафас ростлаб қайтасан.

— Бу ишинг учун сенга қанча миннатдорчилик билдирсам арзийди, Толян!

— Лекин бироз қалтис ишга қўл уришинг зарур бўлади.

— Э, бу нима деганинг? Мен учун қалтис иш қолибдими бу дунёда? Айтавер, дўстим, айтавер! Нима бўлгандаям, сенга йўқ демайман.

— Биласанми… — Толян бироз ўйлаб тургач, давом этди, — бир савдогар хотин бор. Ўша ярамас менга улуш бериб турадиган универсал дўконни тафтишчиларга чақибди. Тафтишчилар ҳисоб-китоб ишларини ағдар-тўнтар қилиб, дў-кон директорига қўшиб, икки сотувчини ҳам қамаб қўйибди. Шу тафтиш баҳона менга ўлпон берадиган бошқа дўконларни ҳам муҳрлаб кетишибди, аблаҳлар! Хуллас, ўша қанжиқ мен билан рақобатлашмоқчи бўлибди.

— Уни танирмидинг?

— Албатта, танийман. Ишонсанг, бир пайтлар оддий бозорчи эди. Эски-туски кийим-кечак сотиб кун кўрарди. Қачон қарама, мендан қарз сўрагани-сўраган эди… Энди бўлса, яхшиликни билмаган мегажиннинг ишини кўрсанг-чи!

— Шунақа дегин? У ҳолда бу ишни шундай қолдириб бўлмайди, аёл кишилигига ҳам қарамасдан уни жазолаш керак!

— Фақат эҳтиёт бўлгин, Бургут! — уқтирди Толян. — Братваларнинг айтишларича, у мансабдор ментлардан бирининг жазмани эмиш. Биласан-ку, ундайлардан ҳар балони кутса бўлади.

— Ташвишланма! — дедим ишонч билан. — Шундай қиламанки, туғилганига пушаймон бўлади.

— Баракалла!.. Насиб бўлса, Бургут, сен билан ҳали буюк ишлар қиламиз. Бехавотир ишлайвер, яқинда сени турма бўйича масъул этиб тайинлайман.

— Нима? Мени?..

Бундай гапни кутмаганим учунми, кўзларимни катта-катта очиб, Толянга ҳайрат аралаш тикилиб қолдим.

— Серсоқол-чи? У…

— Унут ўша Серсоқолни!.. — Толян афтини бужмайтириб тескари қаради. — Унинг бир-иккита ишкали бор экан. Адабини еб юрибди!

— Толян, унга нима бўлди ўзи?.. Йўқолиб қолганмишми?..

— Ҳа, — Толян бир керишиб олиб стол устидаги коньякдан қадаҳларга қуйди, — беркитиб қўйганмиз… Яхшиси, бу ҳақда камроқ суриштир. Сенинг ишинг бошқа. Серсоқол қилмишига яраша жазоланаяпти. Кел, соғайиб кетганинг учун олайлик!..

 

* * *

 

Толян икки кун ичида мени яширинча озодликка чиқаришга ваъда берди. Фақат қисқа муддатга. Уч кунгина шаҳарга бориб келарканман, холос. Ўйлаб кўрсам, бу муддат Еленани қидириб топишим учун ҳам етаркан. Эҳ, кошкийди, уни атиги бир кўрсам. Бирпасгина жамолини томоша қилиб ўтиришга-да, рози эдим.

Шундай ширин ўйлар оғушида камерага қайтдим.

Камерадошлар Вася деган пакана, малла аристонни ўраб олганча тек туришарди. Вася курсида ўтириб, кираверишдаги каравотда ётган касалманд, кекса аристонни ўтқазиб қўйиб, оппоқ қоғозга унинг суратини чизарди.

Дарвоқе, Вася чўнтаккесарлик қилгани учун етти йилга қамалган эди. Ўзи турмага яқиндагина келган. Аммо тез кунда ҳамма билан тил топишиб кетди. Фақат маҳмадоналиги менга ёқмагани сабабли тез-тез камерани тозалашга, ярим тунгача оёқларимни уқалашга мажбур қилардим.

Мен ҳам бошқалар қаторига туриб унинг ишини кузата бошладим. Ҳақиқатан Вася суратни боплаб чизар экан. Қариянинг ҳар бир жиҳати қоғозда худди ўзидагидек акс этди. Вася ишини тугатгани ҳамоно аристонлар бараварига қарсак чалиб, уни олқишлай кетишди.

Мени яна ўтмиш хотираларим шамоли қаерларгадир олиб кетди… Ҳа, мен ҳам бир вақтлар машҳур одам бўлишни орзу қилардим. Ким бўлишни фаҳмлай олмасдим-у, аммо ҳамма мени олқишлашини хоҳлардим. Афсус… Маш-ҳурлик тугул бирор арзирли ҳунарнинг бошини тута олмадим. Қўлимдан муштлашиш-у, одам ўлдиришдан бўлак ҳеч вақо келмайди. Манави йигитча эса одамнинг ҳаваси келадиган суратларни чиза оларкан. Қизиқ, нега унда чўнтаккесарлик қилди? Сурат чизиб пул топса, тинчгина оиласи даврасида яшайверса бўлмасмиди? Билмадим… Билмадим…

Йигитга қанчалар ҳавас қилмай, тан бермай, иложим йўқ, аммо зўрлигимча қолишга мажбур эдим.

— Айт-чи, рассом, яланғоч аёлнинг суратини чиза оласанми? — сўрадим Васянинг елкасидан босиб.

— Албатта, — деди Вася бош эгиб, — Чиза оламан.

— Унда чиз! — буюрдим унга. — Қани, ҳамманг жой-жойингга бор! Рассомга халал берма!..

Аристонлар итоат билан жой-жойларига тарқалишди. Мен бўлсам, Васянинг иштиёқ билан сурат чизишини кузата бошладим.

Орадан ярим соат ўтиб, ниҳоят Вася қўлимга яланғоч аёл сурати туширилган оппоқ қоғозни тутқазди. Ажабо!.. Бу аёл эмас, балки бир малакнинг сурати эди!

— Қара, — тепамга биринчи бўлиб келган мишиқига суратни кўрсатдим, — рассом фариштанинг суратини қоғозга туширибди. Тўғрими-йўқми?..

— Ҳ-ҳа… Гапинг тўғри, Бургут! — оҳ тортди Мишиқи. — Бу суратда чиндан ҳам илоҳий гўзал қиз акс этган!.. Вася, ўзини танийсанми бу қизнинг?

Вася ерга боққанча бош чайқади.

— Ҳа, танийман… У севган қизим эди.

— Нима?.. Тушунмадим, — дедим Васянинг икки елкасидан тутиб.

— Ҳа, шундай, — деди Вася хўрсиниб. — Мен уни севардим.

— Уни шунчалик севган экансан, нега уйланиб қўя қолмадинг?

— Истамади… Менга ўхшаган ўғрига тегишдан ор қилармиш.

— Ўзи шунақа дедими?

— Ҳа.

Бу гапларни эшитгач, Васяни маҳкам қучиб олдим.

— Сен хафа бўлма, — дедим унинг кал бошини силаб, — яқинда ўша севган қизингнинг васлига етасан. Мен сенга ваъда бераман.

— Албатта! — бараварига қичқиришди аристонлар.

 

* * *

 

Толян айтган сўзида турди. Орадан икки кун ўтиб, у тақдим этган ҳужжат ва пулларни қўлимга олиб, турманинг оғир дарвозасидан катта кўчага чиқдим. Шубҳасиз, мени кузатиб чиққан хомсемиз назоратчи ҳам улушини олган. Шу сабабли остона ҳатлаб ташқарига чиққанимданоқ, у атрофни тез кузатиб олди-да, дарвозани ичкаридан ёпди.

Шу тобда хавф таъқиб этиши муқаррарлигини, бу ерда узоқ туриб қолиш мумкин эмаслигини билсам-да, негадир нари кетишга шошилмадим. Озодликнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Тиззага етиб қолаёзган оппоқ қордан бир ҳовучини олиб юз-кўзларимга ишқаладим. Қандай тотли бу онлар! Бу ҳаяжонмиди, қувончмиди, идрок этмасдим! Нуқул йиғлагим, овозим борича дод солгим келарди. Лекин тез орада ўзимни тутиб, бир-икки бош силкиб олдим-да, йўл томон кетдим.

Турмадан унча кўп узоқлашмай туриб қора «Волга»га дуч келдим. Бу машина Толянга тегишли. У мени кутиб турибди. Кавказлик узун бўйли мўйловдор ҳайдовчи мени кўрди-ю, машинанинг орқа эшигини очди. Ўтирдим. Танишдик. Исми Давид экан.

— Сени, оғайни, ўша Настянинг уйига олиб бориб қўяман-у, кетаман, — деди Давид. — Толян шундай тайинлаган. Мана буни эса олвол. Асқотиб қолади.

У қўлимга тўппонча ва яна бир қора сумка тутқазди. Қуролни биринчи марта қўлимга олишим эди. У ёқ-бу ёғини айлантириб кўрган бўлдим. Очиғи, умрим бино бўлиб бунақа қуролни ушлаб кўрмаганман. Ҳатто, қандай фойдаланишни ҳам билмайман.

— Устидагини ўзингга бир тортсанг, ўқланади, — уқтирди Давид ҳолатимни пайқагандек кулимсираб. — Кейин нишонга тўғрилаб тепкини босасан. Тамом-вассалом! Овоз пасайтиргич сумканинг ичида.

— Очиғини айтсам, — дедим тўппончани ён чўнтагимга жойлаб, — мен тиғ билан тиллашишга одатланганман.

— Бу сенинг ишинг. Айтганча, Настяни қай йўл билан жазоламоқчисан?

— Бу менинг ишим, — жавоб қилдим қайсарлигим тутиб.

— Ҳа-я, кечир!.. Анави… Сумкада барча керакли асбоб-ускуна бор. Ҳарқалай, сенинг ишингда улар, албатта, асқотади.

Билардим, Давид ҳам мен билан олдиндан ғойибона таништирилган. Кимлигимни, нималарга қодирлигимни яхши билади. Шунинг учун ўзини камтар тутаяпти. Акс ҳолда бу каби ўғри, босқинчилар унча-мунчасига сўзини бериб қўядиганлар хилидан эмас…

Елдек учиб бораётган машина ойнасидан ташқаридаги милтиллаган чироқларга, ғиз-ғиз ўтиб турган турнақатор машиналарга беписанд кўз ташлаб олиб, бошимни орқага ташладим. Бир зумда кўзимни уйқу босди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ