ҚОРА ДОРИНИНГ ҚУЛИ… (Бўлган воқеа)

0

 

 

* * *

 

Собир эрталаб уйқудан хумор тутиб уйғонди. Томирлари тортишиб, кўзлари қизара борган сари юрагини ваҳм босди. У биларди. Агар тушликкача битта «доза» топмаса, адойи тамом бўлади. Чунки, қора дорининг хумори ҳазилакам эмас. Ўлимга олиб боради.

Вужуди титраб базўр телефонгача етиб борди-да, ҳамтовоқларидан бири Мўминнинг рақамини терди.

Хайрият, уйида экан. Дарров гўшакни кўтарди.

— Оғайни, мен ёмон бўп кетяпман! — деди қалтираб Собир. — Ёрдам бермасанг, мендан ажраб қоласан!

— Нима бўлди? Тағин хуморми? — кулги аралаш сўради Мўмин.

— Билиб туриб сўрайсанми? Томирларим тортишиб кетяпти, ахир! — бақирди Собир. — Ундан кўра, бирор чорасини топ!

— Чекадиган сен-у, мен чора топайми?

— Хўп, ўртоқ, жаҳлинг чиқмасин! Мендаям қолиб кетмас!

— Пулинг борми ўзи?..

— Ўзинг-чи, ғирт таъмагир бўлиб кетибсан! Шунча йил битта турмада, бир камерада ўтириб оқибат шу бўлдими?

— Вей, турмани гапирма! — дағдаға қилди Мўмин. — Ўша ёқдаям сени мен «пакриват» қиб юрганман. Йўқса ўлиб кетардинг. Ё эсингдан чиқдими?

— Бўпти, тушундим. Ҳозир… Бу гапларнинг мавриди эмас. Жон ўртоқ, ёрдам бер! Раҳминг келсин менга!

— Менга қара, хотинларга ўхшаб минғирлайвермагин-да, тез «точка»га бор! Ўша ерда гаплашамиз!

— Раҳмат, раҳмат! — гўшакни қулоғига янада маҳкамроқ босиб қуллуқ қила кетди Собир. — Бу яхшилигингни унутмайман! Кўрасан, бир кун сениям «вручат» қиламан! Кўрасан!

— Гапни калта қил! — койинган бўлди Мўмин. — Бу тахлит ўтираверсанг, тил тортмай ўласан.

— Мана… Мана, чиқиб кетяпман.

— Пулларингнинг борини олволгин! Ҳеч бўлмаса, ярмисиникини тўлаб қўймасанг бўлмайди.

— Биламан, биламан! — деди Собир ҳовлиқиб. — Ҳозироқ уйни ағдар-тўнтар қилиб бўлсаям топаман пулни!

 

* * *

 

Собир хоналарни титкилаб, пул топа олмади. Сўкина-сўкина ташқарига чиқиб, бошини чангаллади. Титроқ, бошида пайдо бўлган оғриқ тобора зўрайиб борарди.

— Ўғирлик қилсаммикан? — кўнглидан кечирди у аланг-жаланг атрофга боқиб. — Қаерга бораман? Кимни ўмараман?.. Йўқ, Мўминнинг олдига бораман. Ажабмас,

қарз бериб турса!..

Келишилган жойда Мўмин сигарет тутатганча уни кутиб турарди. Ранги докадек оқариб кетган Собирни кўрди-ю, масхараомуз тиржайиб икки қўлини чўнтагига солган кўйи тек тураверди.

— Нега туриб қолдинг, ўртоқ? — бетоқатланиб сўради Собир. — Бера қолсанг-чи зормандангни!

— Пули қани? — пинагини бузмай ҳамтовоғига савол назари билан боқди Мўмин. — Олдин соққани чиқар!

Собир айбдорона бош эгди.

— Тополмадим. Уйдагилар пулларни ўзлари билан олиб юрадиган бўлишганга ўхшайди… Лекин… Топаман, ишон!.. Хуморни босволай, албатта топиб бераман пулни!

— Э, жа опқочасан-да ўзингам! — қўл силтаб қўйди Мўмин. — Ҳозир тополмаган пулни кейин қаердан олардинг! Хуморинг босилса, бир қоп ваъдани берасан-у, думингни тугасан.

— Айт, нима қилай? Нима десанг розиман! Фақат чўзмасдан битта «доза» бер! Ўлиб қоламан, ўлиб!

— Шунақами? Яхши… Унда эшит. Иккита-учта дозага харидор топасан. Фақат «дори»ни пуллар қўлимга теккандан кейин оласан. Топган харидорингминан шундай келишгин! Айтганча, қимматроққа пулласанг, қарзингданам қутулиб кетардинг!

— Гап йўқ! — Мўминнинг қўлига умидвор термулди Собир. — Топаман харидорни! Қани, дозани чўз, оғайни!

Мўмин яна бирпас титраб-қақшаб кетаётган Собирни масхаралагандек кузатиб турди-да, чўнтагидан целлофанга ўралган қора дорини тутқазди.

— Ма, ол, ўлиб-нетиб қолсанг, мен айбдор бўлиб юрмай тағин!

Собир дорини қўлига олди-ю, целлофанни очиб оқ кукунни тишларига милклар аралаш сурта бошлади.

 

* * *

 

Собир кайфи таранг тортиб танасидаги оғриқлардан халос бўлгач, ўйланиб ўтирмай, икки мавзе нарида яшайдиган таниши Комилни қидириб топди. У яқинда турмадан қайтган, машиналарни ювиш билан шуғулланадиган фирмага ишга жойлашиб олган экан. Анча озибди.

Қатор машиналар орасида Комилни кўриб қувониб кетди. Икковлашиб ўтган кунларни, биргаликдаги кайф-сафоларни эслаб бироз кулишишди.

Гап орасида Комилнинг ўзи ёрилди.

— Қанийди, ҳозир «оқи»дан бўлса! Жуда хумор тутяпти-да!

— Муаммо йўқ! — Собир чеҳраси очилиб дўстининг елкасига қоқди. — Топамиз! Фақат… Қимматроқ-да!..

— Жинни бўлганмисан? — уни уришиб берди Комил. — Мен қачон нархини сўраганман?.. Тиллага тенг-ку бу нарса!..

— Унда пулини бер, мен олиб келаман!

— Нега?.. — Комил ишонқирамай Собирга сирли боқди. — Нима, ёнингда йўқми?

— Дори бошқа танишимда. У пулини аввал олиб борсамгина бераркан.

— Шунақанги хасисми танишинг? Қочиб кетмаймиз-ку!

— Ишонмаяпти-да! Сал қўрқоқроқ!

— Ҳаёт кўрганми?

— Йўқ. Уйдан кўчага чиқмаган.

— Тушунарли. Янгилардан экан-да! Майли, қанча экан?

Собир нархни айтди.

Шундан сўнг Комил уни эргаштириб уйига олиб борди ва керакли дозаларнинг ҳақини бериб юборди.

Бир соат ичида тайин этилган манзилда учрашадиган бўлишди.

 

* * *

 

— Ў, зўрсан-ку-а!?. — катта кўча бўйида Собир тутқазган пулларни санаб кўраркан, унга менсимагандек назар ташлади Мўмин. — Бирпасда топдингми харидорни?

— Сенга нима фарқи бор? — деди Собир афтини бужмайтириб. — Шарт қўйдинг, бажардим. Энди дориларни чўз! Бир соат ичида етказишим керак.

— Намунча шошиласан? Кел, икковлашиб биттадан урамиз!

— Текингами?

— Шунақа десаям бўлади. Фақат айтган куним «мол»ларимни сотиб келиб турсанг бас!

— Яхши, ол унда! Урсак урибмиз-да! Бизни биров уришармиди…

Бу гал Мўмин шприцда суюлтирилган дори узатди. Биринчисининг кучи анча енгиллаб қолган бўлса-да, шприцдаги дори Собирга яхши кайф бериб, кўзлари сузилди. Кайфияти кўтарилиб, оғзининг таноби қочди.

— С-сен ўзи ҳақиқий эркаксан-да! — Мўминнинг елкасига шапатилади Собир. — Ҳар доим ғамимни еб келгансан! Вей, агар бирор марта сенга панд берсам, одаммасман! Ишонавер, «мол»инг ҳеч қачон харидорсиз қолмайди.

— Кўрамиз! — айёрона кўз қисди Мўмин. — Башарти алдаган тақдирингдаям барибир бир кун ёнимга қуллуқ қилиб келасан.

— Ўртоқ, дориларни берақол! У одам ҳам кутиб тургандир.

— Йўқ, — деди Мўмин жиддий тортиб. — Бу ерда бермайман. Биласан-ку, униси-буниси ўтиб турибди.

— Қаерда берасан?

— Ўзинг билган қаҳвахона рўпарасига борамиз.

— Хўп, қаҳвахона бўлса қаҳвахона. Кетдикми?

Мўмин бир муддат уёқ-буёққа кўз ташлаб олиб, чўнтакларини текширган бўлди.

— Тўхта, — деди негадир тоқатсизланиб. — Уйга кириб дориларни олиб чиқай! Баҳонада пулларниям жойлаб қўяман.

— Фақат тезроқ бўл! Кечикиб юрмайлик тағин!

— Кечикмайсан. Ўша одаминг беш дақиқа ортиқ кутса ўлмайди.

 

* * *

 

Мўмин айтганидек, қаҳвахона рўпараси бегона кўзлардан ҳийла панароқ эди. Фақат сал нарида икки йигит уларга тескари ўгирилганча пиво ичишарди.

— Мана, — икки-уч ўрам дорини Собирга тутқазди Мўмин. — Фақат эҳтиёт бўл! Мабодо кимлардир хитланса, мени танимайсан!

Собир шоша-пиша дориларни чўнтагига тиқиб ҳамтовоғининг икки билагидан тутди.

— Мен сотқин эмасман. Кўнглинг тўқ бўлсин. Фақат ваъда бер! Кечқурун яна битта доза берасан!

— Аҳмоғинг йўқ. Янгисига харидор топсанг, ўшанда оласан. Ё манавилардан пича-пичасини уриб қолавер!

— Ҳа-я, каллам ишламаганини қара! Бир чимдимданини олсам, ким билиб ўтирибди. Майли, кўришгунча!

Икковлари икки тарафга тарқалишди. Комил билан учрашадиган жой ҳам бу ердан унча узоқ бўлмагани боис, Собир пиёда йўлга тушди. Лекин эллик қадамча йўл юрмай, боя бир четда пиво ичиб турган йигитлар унга етиб олишди. Бири келибоқ Собирнинг йўлини тўсди ва чўнтагидан ҳужжат чиқариб кўрсатди.

— Қани, оғайни, ҳужжатларни кўриб қўяйлик-чи!

Собир бу йигитлар милиция ходимлари эканини билгач, адойи тамом бўлаёзди. Тили калимага келмай, дудуқлана-дудуқлана жавоб қилди:

— М-менда ҳ-ҳужжат йўқ…

Шу аснода орқада тургани эпчиллик билан унинг чўнтакларини ковлаб, ўрам-ўрам дориларни чиқариб олди.

— Манавилар кимники?

— Б-булар… Ўзимники… Ч-чекишга олиб қўйганман!..

Афсуски, баҳона қидиришга, ўзини оқлашга Собирнинг имкони қолмаганди. Милиция ходимлари қўлларига кишан уриб диконглатганча бўлимга олиб кетишди.

 

ЭСЛАТМА:

 

Собир тергов жараёнида шериклари кимлигини ҳам осонгина айтиб берди.

Жиноятчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Олимжон ҲАЙИТ