Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик талаба бошига улкан муз бўлаги қулаши туфайли ҳалок бўлди…

0

 

Санкт-Петербург шаҳридаги кимё-доришунослик академияси талабаси 23 ёшли Бобурбек Очилов куппа-кундуз куни бошига улкан муз бўлаги тушиши оқибатида ҳалок бўлди. Ёнида шериги ҳам бор эди. У жиддий жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди.

Академия жойлашган Петроград туман маъмуриятидагилар бу фожиани бахтсиз тасодифга йўйишди. Маъмурият матбуот котибининг гапига кўра, бино ва муз кўчган жой оралиғи 10 метр келаркан. Қолаверса, ўша ерда газон, кейин девор бор. Кўчиб тушган муз бўлаги деворга урилиб, сакраб кетган ва оқибатда талабанинг бошига тушган бўлиши мумкин.

Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари жароҳат олган йигит ўзини яхши ҳис этаётганини айтишди. Фақат дўстининг ўлимидан шок ҳолатига тушибди холос. Ўзи бир неча жойидан жароҳатлар олиш билан чекланган.

Ҳудудий тергов қўмитаси ушбу факт юзасидан жиноий иш қўзғатган. Терговчилар айтиб ўтдики, бино томини қор ва музликлардан тозалаш академия раҳбарларининг мажбурияти ҳисобланади.